muslim.uz
Фаришталар сизга салавот айтишини истасангиз
- Қуръони карим тиловат қилинг. Шунда фаришталар сизни қуршаб оладилар.
وَمَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ في بَيت مِنْ بُيُوتِ اللهِ تَعَالَى ، يَتْلُونَ كِتَابَ اللهِ ، وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إلاَّ نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَغَشِيتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمُ المَلاَئِكَةُ وَذَكَرَهُمُ الله فِيمَنْ عِندَهُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
- Мусулмон биродарингиз ҳаққига ғойибона дуо қилинг. Шунда фаришталар сизнинг ҳаққингизга дуо қиладилар.
دعوةُ المرءِ المُسْلِمِ لأخِيهِ بِظَهْرِ الغَيْبِ مستجابةٌ، عِنْدَ رأسهِ مَلَكٌ موكلٌ، كُلما دَعا لأخِيهِ بخيرٍ، قالَ المَلَكُ الموكلُ بِهِ: آمِينَ، وَلَكَ بمثلٍ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир мусулмон биродари ҳақига дуо қилса, фаришталар унга: “Сенга ҳам шу бўлсин, омин!” деб туришади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
- Беморларни зиёрат қилиб туринг. Шунда фаришталар сизнинг ҳаққингизга салавот айтадилар.
مَا مِنْ مُسْلِم يَعُودُ مُسْلِماً غُدْوة إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ ألْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِي وَإنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلاَّ صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ ألْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبحَ وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ في الْجَنَّةِ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир мусулмон бошқа бир бетоб мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечқурунгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кечқурун касални кўрса, албатта унга 70 минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Яна унга жаннатда бир боғ яратилади” (Имом Термизий ривояти).
- Жамоат намозининг биринчи сафида туришга интилинг. Шунда Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари сизнинг ҳаққингизга салавот айтадилар.
إنّ الله وملائِكتَهُ يُصَلُّونَ على الصَّفِّ الأَوَّلِ
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ва унинг фаришталари биринчи сафдагиларга салавот айтади”, дедилар (Имом Можа, Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).
- Ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлинг. Шунда фаришталар сизни ўраб оладилар.
إِنَّ لِلَّهِ مَلاَئِكَةً يَطُوفُونَ فِي الطُّرُقِ يَلْتَمِسُونَ أَهْلَ الذِّكْرِ، فَإِذَا وَجَدُوا قَوْمًا يَذْكُرُونَ اللَّهَ تَنَادَوْا: هَلُمُّوا إِلَى حَاجَتِكُمْ قَالَ: فَيَحُفُّونَهُمْ بِأَجْنِحَتِهِمْ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб зикр қилувчилар (аҳли зикр)ни излаб юрадилар. Қачон улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар “ўзингиз истаган нарсага келинглар” деб нидо қиладилар. Бас, уларни қанотлари билан ўраб олиб, дунё осмони баробар бўлиб турадилар» (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ислом олами уюшмаси Покистонда Қуръон мусобақаси ўтказди
Ислом олами уюшмаси Покистон Ислом Республикасида ўтказилган Қуръони карим мусобақасида ғолиб бўлган ёш қори ва қориялар мукофотлар билан тақдирлади.
Шу муносабат билан Ислом олами уюшмасининг Исломободдаги минтақавий ваколатхонасида ташкил этилган тадбир Покистон Ислом Республикаси Президенти Доктор Aриф Aлавий раҳбарлигида ўтказилди.
Тадбирда Покистоннинг Дин ишлари бўйича вазири Нурулҳақ Қодирий, Ислом олами уюшмаси котиби ёрдамчиси, доктор Aбдурроҳман бин Aбдуллоҳ аз-Зайд ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Покистон ислом Республикасидаги элчиси Наввоф бин Саид Aл-Маликий ва Уюшманинг Покистондаги минтақавий ваколатхонаси директори Саад бин Масуъд Aл-Ҳарсийлар қатнашди.
Покистон Ислом Республикаси Президенти Доктор Aриф Aлавий Ислом олами уюшмаси Қуръони каримни ёд олиш бўйича мусобақаларни Покистонда ташкиллаштираётгани учун миннатдорчилик билдириб, мусобақа ғолибларини самимий табриклади.
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
“Илмга кўмак” акцияси якуний босқичи: Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси талабаларининг ҳам шартнома пуллари тўлаб берилди
Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида, “Илмга кўмак” акциясининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Азалдан юртимиз дунё аҳлига устозлик қилган уламолар ватанидир. Бу эса аждодларимизнинг илмга, олимларга ва толиби илмларга бўлган чексиз муҳаббатидан нишонадир.
Толиби илмга моддий ва маънавий кўмаклашиш, оғирини енгил қилиш мусулмонларнинг энг улуғ, савоби улкан қадриятларидандир. Олимлар бизнинг йўлбошчиларимиз, тараққиёт сабабчиларидир.
Юртимиздаги диний таълим муассасаларида Ислом дини илмларини чуқур ўрганаётган талабаларга моддий ёрдам бериш Вақф хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Шу сабаб Вақф фонди томонидан жорий йилнинг 14 январь куни мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний таълим муассасаларидан саралаб олинган 20 нафар талабаларнинг тўлов шартномалари учун “Илмга кўмак” акцияси эълон қилинди. Акцияга 101 миллион 562 минг 408 сўм маблағ зарур эди. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, қисқа муддат ичида саховатпеша, илмга муҳаббатли халқимиз томонидан, 22 январь соат 16:30 ҳолатига кўра 109 миллион 757 минг 715 сўм яъни (8 миллион 195 минг 307 сўм) ортиғи билан хайриялар қилинди.
Бугун, мазкур акциянинг якуний босқичида, Мир Араб олий мадрасасининг 1 нафар талабасига 4 миллион 28 минг 610 сўм ҳамда Тошкент Ислом институтининг 9 нафар талабаларига 58 миллион 777 минг 348 сўм шартнома пуллари тўлаб берилганлиги ҳақида сертификатлар ва ҳар бир талабага биттадан Қуръони карим нусхалари топширилди.
Тадбир давомида Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов сўзга чиқиб толиби илмларга қилинадиган яхшиликнинг мукофоти улуғ эканлиги ва бу йўлда хизмат қилган, хайрия қилган, далолат қилган инсонларнинг ҳар бирига, шу талабалар умри давомида қилган савоб амаллари, тарқатган илмлари миқдорича ажр берилиши умидворлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.
Аввал хабар қилганимиздек, акциянинг биринчи ва иккинчи босқичларида, Хоразмдаги “Фахриддин ар Розий” ва Андижондаги “Саййид Муҳиддин махдум” ислом билим юртларининг 5 нафардан жами 10 та талабага 38 миллион 756 минг 450 сўм шартнома пуллари тўлаб берилган эди.
Ўтган қисқа вақт давомида биз билан яхшилик йўлида ҳамкорлик қилган, хайрия қилган, далолат қилган азиз ватандошларимизнинг барчаларидан, мусофир юртдошларимиздан ҳам Аллоҳ таоло рози бўлсин, Ўзи мукофотласин!
Мазкур акцияни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда яқиндан ёрдам берган Kun.uz ахборот сайти таҳририяти, Muslim.uz портали таҳририяти, Аzon.uz сайти таҳририяти ва Islom.uz сайти ходимларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз!
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўладиган иш – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, қорнини тўйдириш ва машаққатини енгиллатишдир”, – дедилар” (Ҳорис ибн Абу Умома ривояти).
Ҳиммати баланд халқимизни кейинги акцияларимизда фаол иштирок этишга чақириб қоламиз. Хайрияларингизни ўз эгаларига етиб боришида шаффофликни таъминлаймиз!
“Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” (Ар Раҳмон сураси, 60 оят).
“Илмга кўмак” акциясига хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:
Payme орқали хайрия қилиш учун шу ерни босинг:
Нақд пул ёки пул ўтказмалари учун:
ҳ/р : 20212000900881753008
МФО 00837, СТИР: 207276595
АТИБ “Ипотека банк” Юнусобод туман филиали
Вақф хайрия жамоат фонди
Матбуот хизмати
Хушхабар: Қорақалпоғистонда янги масжид очилди!
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан “Муҳаммад Бахий ийшан” масжиди рўйхатдан ўтказилиб, бу тўғридаги гувоҳнома жоме ходимларига топширилди.
Янги масжид мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди, Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳар, “Жеке терек” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган.
Масжид номи қорақалпоқ элининг атоқли уламоси, марҳум Муҳаммад Бахий ийшон ҳазратлари номига қўйилди.
Маълумот учун, ушбу масжид очилиши билан Мамлакатимиздаги масжидлар сони 2080 та, Қорақалпоғистон Республикасида эса 52 тага етди.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни “Жеке терек” овул фуқаролар йиғини аҳли ва халқимизга муборак қилсин. Унинг фаолиятини йўлга қўйишга ҳисса қўшганлардан Ўзи рози бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
МУСУЛМОНЛАР ВА ШИФОХОНАЛАР
Мусулмонларнинг тиббиётга қўшган энг катта ҳиссаси биринчи бўлиб шифохоналар ташкил этганлигидир. Қарийб 900 йил олдин мусулмонлар диёрида касалхона очилган.
Биринчи шифохона халифа Валид ибн Абдулмалик даврида фаолият юритган. Бу шифохона моховлар учун эди (Табарий. “Тарихи умам вал мулук”).
Орадан 900 йилдан кўп вақт ўтгачгина Парижда биринчи Европа касалхонаси очилди. Ислом ўлкаларида шифохоналарнинг баъзилари кўчма, баъзилари муқим фаолият кўрсатган.
Шифохоналар "бемористон” деб номланган, улар медицина университети вазифасини ҳам бажарган. Барча шаҳарларда шифохоналар бор эди, кўчма шифохоналар чекка ҳудудларга хизмат кўрсатган. Уларни туяларга ортиб юришган. Султон Маҳмуд Салжуқий (ҳижрий 511-525 йилларда) ҳукмронлик қилган даврда қирқталаб туялар шифохона асбоб-ускуналари ортилган юкларни кўтариб юрган. Кўчма шифохонада бир нечта тажрибали табиблар ишлаган (Ибн Қафтий. “Тарихи ҳукамо”).
Катта шаҳарларда жойлашган шифохоналар юқори савияда бўлган.
Машҳур шифохоналар сирасига Бағдоддаги “Азудия” (ҳижрий 371 йил), Дамашқдаги “Нурий" (ҳижрий 549 йил), Қоҳирадаги “Мансурий" шифохоналарини (ҳижрий 683 йил) киритиш мумкин. Қуртуба (Кордоба) шаҳрининг ўзида уларнинг сони элликдан ортиқ бўлган (Маҳмуд Хож. “Мусулмонлар тиббиёти”).
Шифохоналар турли бўлимлардан: жарроҳлик, тери касалликлари, кўз касаллиги, суяк синиши каби бўлимлардан ташкил топган. Табиб шогирдлари билан касалларни кўриб, ташхис қўйган, талабалар бевосита даволаш жараёнида иштирок этган. Сўнгра устоз катта хонақода уларга маъруза ўқиган. Шифохоналарда кутубхоналар мавжуд бўлиб, тиббиёт адабиётлари билан бирга, фиқҳ китоблари ҳам бўлган. Қоҳирада жойлашган “Ибн Тулун” шифохонасида 100.000 дона китоб бўлган экан. Шифохона атрофидаги катта экин майдонида муолажалар учун зарур гиёҳлар экилган.
Шифохоналарда касаллик юқишининг олдини олиш учун тартиб жорий қилинган. Келган беморнинг кийими ечилиб, унга махсус либос берилган. Бемор ўзига хос палатада даволанган, унинг бошқа палаталарга кириши таъқиқланган. Ҳар бир касалга алоҳида идиш-товоқ, кароват, кўрпа-тўшак берилган. Бу ҳозирги “Гигиена қоидалари”га аслида мусулмон ўлкаларида асос солинганига ишора.
Парижда биринчи очилган шифохона мусулмонларникидан тубдан фарқ қилган. Касаллар дарди ҳар хил бўлса-да, битта палатада даволанган. Бир неча бемор битта кароватда ухлаган. Хона шу даражада ҳидланиб кетар эканки, табиб ва ҳамширалар хонага бурунларини беркитиб киришган. Бемор ўлиб қолса, бир кунгача хонада қолиб кетар экан ҳатто! (Мустафо Сабаий. “Мин равонъ ҳазоратина").
“Азудия” шифохонаси ҳижрий 371 йил Бағдодда Азудуддавла ибн Бувайҳ томонидан бунёд этилган бўлиб, дастлаб 24 нафар табиб хизмат кўрсатган. Кейинчалик улар сони кўпайиб, катта кутубхона ташкил қилинган. Шифохонада 24 соат давомида хизмат кўрсатилган.
Ибн Жубайр ажойиб бир ҳолатни ҳикоя қилади: у ҳижрий 580 йилда Бағдодга қилган сафарида боғ-роғлар билан ўралган маҳалланинг марказида гўзал бир қаср бўлиб, касалларга вақф қилинганди. Булар келиб бемалол истиқомат қилар, қасрнинг барча харажатлари давлат хазинасидан ва бойлар вақф қилган сармоядан қопланар экан (Мустафо Сабаий. “Мин равовъ ҳазоратина").
"Ислом ва Олам" китобидан