Ўзбекистон янгиликлари

“Илмга кўмак” акцияси якуний босқичи: Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасаси талабаларининг ҳам шартнома пуллари тўлаб берилди

Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида, “Илмга кўмак” акциясининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Азалдан юртимиз дунё аҳлига устозлик қилган уламолар ватанидир. Бу эса аждодларимизнинг илмга, олимларга ва толиби илмларга бўлган чексиз муҳаббатидан нишонадир.
Толиби илмга моддий ва маънавий кўмаклашиш, оғирини енгил қилиш мусулмонларнинг энг улуғ, савоби улкан қадриятларидандир. Олимлар бизнинг йўлбошчиларимиз, тараққиёт сабабчиларидир.
Юртимиздаги диний таълим муассасаларида Ислом дини илмларини чуқур ўрганаётган талабаларга моддий ёрдам бериш Вақф хайрия жамоат фондининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Шу сабаб Вақф фонди томонидан жорий йилнинг 14 январь куни мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний таълим муассасаларидан саралаб олинган 20 нафар талабаларнинг тўлов шартномалари учун “Илмга кўмак” акцияси эълон қилинди. Акцияга 101 миллион 562 минг 408 сўм маблағ зарур эди. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, қисқа муддат ичида саховатпеша, илмга муҳаббатли халқимиз томонидан, 22 январь соат 16:30 ҳолатига кўра 109 миллион 757 минг 715 сўм яъни (8 миллион 195 минг 307 сўм) ортиғи билан хайриялар қилинди.

Бугун, мазкур акциянинг якуний босқичида, Мир Араб олий мадрасасининг 1 нафар талабасига 4 миллион 28 минг 610 сўм ҳамда Тошкент Ислом институтининг 9 нафар талабаларига 58 миллион 777 минг 348 сўм шартнома пуллари тўлаб берилганлиги ҳақида сертификатлар ва ҳар бир талабага биттадан Қуръони карим нусхалари топширилди.

Тадбир давомида Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов сўзга чиқиб толиби илмларга қилинадиган яхшиликнинг мукофоти улуғ эканлиги ва бу йўлда хизмат қилган, хайрия қилган, далолат қилган инсонларнинг ҳар бирига, шу талабалар умри давомида қилган савоб амаллари, тарқатган илмлари миқдорича ажр берилиши умидворлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.
Аввал хабар қилганимиздек, акциянинг биринчи ва иккинчи босқичларида, Хоразмдаги “Фахриддин ар Розий” ва Андижондаги “Саййид Муҳиддин махдум” ислом билим юртларининг 5 нафардан жами 10 та талабага 38 миллион 756 минг 450 сўм шартнома пуллари тўлаб берилган эди.

Ўтган қисқа вақт давомида биз билан яхшилик йўлида ҳамкорлик қилган, хайрия қилган, далолат қилган азиз ватандошларимизнинг барчаларидан, мусофир юртдошларимиздан ҳам Аллоҳ таоло рози бўлсин, Ўзи мукофотласин!
Мазкур акцияни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишда яқиндан ёрдам берган Kun.uz ахборот сайти таҳририяти, Muslim.uz портали таҳририяти, Аzon.uz сайти таҳририяти ва Islom.uz сайти ходимларига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз!
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўладиган иш – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритиш, қорнини тўйдириш ва машаққатини енгиллатишдир”, – дедилар” (Ҳорис ибн Абу Умома ривояти).
Ҳиммати баланд халқимизни кейинги акцияларимизда фаол иштирок этишга чақириб қоламиз. Хайрияларингизни ўз эгаларига етиб боришида шаффофликни таъминлаймиз!
“Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” (Ар Раҳмон сураси, 60 оят).
“Илмга кўмак” акциясига хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Payme орқали хайрия қилиш учун шу ерни босинг:

Нақд пул ёки пул ўтказмалари учун:

ҳ/р : 20212000900881753008
МФО 00837, СТИР: 207276595
АТИБ “Ипотека банк” Юнусобод туман филиали

Вақф хайрия жамоат фонди
Матбуот хизмати

Read 1890 times

Янгиликлар

Top