muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги пандемияси даврида қатор хорижий мамлакатларда Рамазон ойи ибодатларини қандай ўтказилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқди. Натижада барча давлатларда карантин талабларига хос жиддий ва қатъий чора-тадбирлар жорий этилганига гувоҳ бўлинди.

Қозоғистон
Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай қози Тағанули Президент ҳузуридаги Марказий коммуникациялар хизматида 14 апрелда бўлиб ўтган интернет матбуот анжуманида мамлакатда фавқулодда ҳолат даврида диний маросимларни ўтказиш тартибини эълон қилди.
Бош муфтийнинг таъкидлашича, фавқулодда ҳолат туфайли мамлакатда карантин даврида Рамазон ойида эпидемия тарқалишининг олдини олиш мақсадида, таровиҳ намозлари масжидларда ўтказилмайди. Ҳамма ўз уйида оила аъзолари билан бирга ибодат қилишни талаб қиланади. Диний идора эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун масжидлар, кафелар, жамоат жойлари ва бошқаларда ифторлик фаолиятини вақтинча тўхтатишга чақирди.

Қирғизистон
Қирғизистонда фавқулодда ҳолат жорий йилнинг 30 апрелига қадар узайтирилгани муносабати билан Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси Мақсатбек ҳожи Токтомушев халққа мурожаат қилди. У мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойининг бошланиши карантинга тўғри келишини таъкидлаб, фуқароларни фавқулодда ҳолат тартибини бузмасликка чақирди.
“Рўза бир неча кундан кейин бошланади ва бу йил фавқулодда ҳолат муносабати билан ифтор ва таровеҳ ибодатлари уйда, оилада ўтказилади”, деб таъкидлади муфтий ҳазратлари.

Иордания
Иордания “Вақф” ишлари вазири Муҳаммад ал-Халилий ўз мамлакати янги коронавирус касаллигининг кенг тарқалишига қарши кураш чоралари доирасида Рамазон ойида масжидларда жамоат бўлиб, намоз ўқишни тақиқланишини эълон қилди. Таровиҳ намозлари уйларда ўқилади, масжидларда эмас, бу тадбирлар Ислом шариатига мувофиқ бўлганини тушунтирди.

Россия
Россия Федерацияси мусулмонлари диний идорасининг марказлашган диний ташкилоти Уламолар Кенгаши 2020 йил 16 апрелда 3/20-сонли фатвосини эълон қилди. Унга кўра, 2020 йил Рамазон ойининг биринчи куни 24 апрель, охирги куни – 23 май деб белгиланди.
Ушбу фатвонинг 5-бандида коронавирус касаллигининг кенг тарқалиши билан боғлиқ ҳозирги вазият, шунингдек Москва ва Россиянинг бошқа минтақаларида оммавий йиғинларнинг тақиқланиши муносабати билан Кенгаш таровеҳ намозини уйда ўқишни мақсадга мувофиқ ва зарур деб ҳисоблаган.

Покистон
CNN телеканали хабар беришича, Покистон президенти Aриф Aлавий Покистоннинг етакчи руҳонийлари билан маслаҳатлашгандан сўнг, Aлави масжидларда ниқоб кийишни мажбурий қилиш ва ижтимоий масофани таъминлаш учун масжидларга полиция ходимларини жалб этиш каби тадбирларни ўз ичига олган 20 банддан иборат режасини ишлаб чиқди.
Покистон президенти, агар ушбу тартибларга риоя қилинмаса ёки ҳолатлар кескин кўпайиб кетса, ҳукумат Рамазон ойида масжидларга нисбатан сиёсатининг ҳар қандай қисмини кўриб чиқади ва ўзгартиришини маълум қилди.

Демакки, барча мамлакатларда бутун дунёга катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги туфайли Рамазон ойи давомида жиддий ва қатъий эҳтиёт чоралари қўлланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

الأربعاء, 22 نيسان/أبريل 2020 00:00

Қутлуғ ойнинг гўзал фазилатлари

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозосига кўра ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир - биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратди. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйди. Бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг бандаларига марҳаматли зот эканлигидандир. У кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилади. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган кунлардир. Булар Аллоҳ томонидан бандаларга ато этилган раҳмат шаббодаларидир. Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша ҳақиқий бахтиёр кишидир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бир умр яхшилик қилинг ва Аллоҳнинг раҳмат шаббодаларига йўлиқинглар! Албатта Оллоҳнинг раҳмати жумласидан бўлган шаббодалари борки, уларни бандаларидан хоҳлаганига насиб қилади".

 Рамазон ойи шундай раҳмат шаббодалари эсадиган қутлуғ ой саналади.  Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади.

Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Ҳадиси шарифларда айтилишича, бошқа пайғамбарларга ҳам айнан шу муборак кунларда муқаддас китоблар ва саҳифалар нозил қилинган экан. Бу ой тавба ва мағфират ойидир. Рамазон ойларининг шарофати ила мўмин бандаларнинг кичик гуноҳлари ўз - ўзидан кечириб юборилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Кимки, рамазонни (унинг фарзлигига) ишониб ва савоб умидида тутса, аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Аҳмад ва Сунан соҳиблари ривоят қилишган).

Бу ой дўзахдан озод бўлиш ойидир. Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган. Яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган баъзи бандалар Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинадилар. 

Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Чунки, бу ойда жаннатга кириш учун сабаб бўлган хайрли ишлар ва солиҳ амаллар кўпроқ бажарилади, дўзахга кириш учун сабаб бўлган гуноҳ - маъсиятлар ва ярамас, жирканч, уятли ишлар камроқ содир этилади.

Бу ойда итоатсиз жин - шайтонлар занжирлар билан боғлаб қўйилади, қўл - оёқларига кишанлар солинади, натижада, инсонларни васваса қилишолмайди, ғаразли мақсадларига етишолмайдилар.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор” (Имом Аҳмад, Баззор ва бошқалар ривояти). Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси” (Ибн Можа, Термизий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Байҳақий, Ибн Ҳиббон, Таёлисий, Ибн Хузайма ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти).                                

 

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани

“Абу Бакр Қаффол шоший” жоме масжиди

имом хатиби Қурбонали ТУРСУНОВ

Top