muslim.uz

muslim.uz

Шаъбон ойи ҳам ўтиб, Рамазон ойи кириб келишига саноқли кунлар қолмоқда. Саҳобалар розияллоҳу анҳум Рамазон ойи рўзасини тутиб бўлганларидан сўнг ярим йил мобайнида тутилган рўзалари қабул бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилсалар, кейинги қолган ярим йил давомида эса яна муборак Рамазон ойига етказишини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўрашарди.

Рамазон ойи бошқа ойлар ичида энг улуғидир. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирги кунларида хутба ўқиб: “Эй инсонлар сизларга улуғ, муборак ой яқинлашиб келяпти. У бир ойдирки унда минг ойдан ҳам кўра яхшироқ бўлган бир кеча бор . Аллоҳ таоло у ойнинг кундузларини рўза ҳолда ўтказишни фарз қилди ва кечаларида қоим туриб ибодат билан ўтказишни нафл қилди. Кимки бу ойда бир нафл ибодатни қилса, бошқа ойларда фарз амални қилган савобга эга бўлади. Кимки бу ойда бир фарз амални адо этса, бошқа ойларда етмишта фарз амалини адо қилган кабидир. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти эса жаннатдир . Бу ой инсонпарварлик ойи. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки бу ойда рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳи кечирилиб, дўзахдан гарданини озод қилган бўлади ва рўзадорнинг савобидан бирор нарсани камайтирмасдан унга ҳам рўзадорга бериладиган савоб мислича ажр берилади”, дедилар. Шунда саҳобалар розияллоҳу анҳум: Ё Аллоҳнинг Расули ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир ҳўплам сут билан ёки бир дона хурмо билан ёки бир қултум сув билан бўлса ҳам рўзадорга ифторлик қилиб унинг оғзини очса ҳам, Аллоҳ таоло ўша кишига ифторлик қилиб берганнинг савобни бераверади. Ким рўзадорнинг қорнини тўйдирса Аллоҳ таоло унга ҳавзи кавсаримдан бир ҳўплам сув ичиради ҳатто жаннатга кирганича чанқамайдиган бўлади. Бу ой шундай ойки унинг аввалги ўн куни раҳмат, ўртасидаги ўн куни мағфират, охирги ўн куни эса дўзахдан озод қилиш кунларидир. Кимки бу ойда қўл остидагиларга енгиллик ва шароит яратиб берса, Аллоҳ таоло гуноҳини кечиб, уни дўзахдан озод қилади”, дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойи кирмасдан аввал Шаъбон ойида Рамазон ойини нечоғли улуғ ой эканини хабарини беришларидан, биз бу ойлардан ғафлатда қолмаслигимиз, ҳар бир мусулмон киши бу ойга тайёргарлик қилиши ва уни сабрсизлик билан кутиши лозимлиги келиб чиқади ҳамда Рамазон ойи бошланишидан аввал Аллоҳ таолога кўплаб истиғфор айтиб, гуноҳларга тавбалар қилиш, кимнидир кўнглини оғритганлар бўлса узр сўраши, хақдорлари бўлса хақларини бериш, кўплаб яхшиликларни қилиб, қариндош уруғлар ҳолларидан хабар олиш каби ишларни тушинишимиз, айтилган ажр ва савоблардан умидвор бўлиб, кундузлари рўза тутишга, кечаларини хатми Қуръон ва таровиҳ намозлари ҳамда дуо ва бошқа ибодатлар билан ўтказишга, хайр ва саховат кўрсатиб, кам таъминланганлар ҳолларидан хабар олиш, ифторликлар қилиб, савобларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли ишларга тайёрланиб бориш кераклиги маълум бўлади. Яна шуни алоҳида айтишимиз лозимки, Рамазон ойларига тайёргарлик ўлароқ Рамазон рўзаси ҳақидаги илмларимиз, рўзани бузувчи амаллар, таровиҳ намозини ўқиш тартиби, фитр садақа, фидя, махсус дуо ва тасбиҳлар каби бу ойга тааллуқли масалаларни ўрганишимиз ҳам юқорида келтирилган Рамазон ойларига тайёргарликлар сарасига киради. Зеро, улуғ ойни яхши ният ва пухта тайёргарлик ила қарши олиш мақсадга мувофиқдир. Азалдан ота боболаримиз ҳам бу тавсияларга амал қилиб келганлар.

Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда деярли бутун дунёни забт этаётган коронавируси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмаганлиги сабабли бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан ҳам барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар намозхонлар беш вақт намозларни ва жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқишларини ҳамда жаноза намозларини ҳам вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларида ўқиш ҳақидаги фатво эълон қилинди.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёноти ҳам чиқарилди. Унда Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар таровиҳ намозлари ва хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказишлари, хатми Қуръонлар онлайн тарзда амалга оширилиши, саховатпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказилиши, барча мўмин- мусулмонлар карантин талабларига риоя қилишлари, закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини Вақф хайрия жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари кабилар эълон қилинган.

Бу баёнотдаги кўрсатмаларга амал қилишимиз бугунги кун ва динимиз талабидир. Зеро, динимизда зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқдир. Агар биз ҳамжиҳат бўлиб, барча талаб ва кўрсатмаларга амал қилиб, муборак Рамазон ойларида Аллоҳ таолодан балоларни даф этишини сўраб дуолар қилсак бу балолар биздан кетиши аниқ.

Барчамизга яқинлашиб келаётган Рамазон ой муборак бўлсин!

 

Зиёуддин МИРСОДИҚОВ,
Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги
“Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби

السبت, 18 نيسان/أبريل 2020 00:00

“Масжидун Набавий” ҳақида

1-чи мақолани давоми

Масжидун Набавийни кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари:

  1. Ҳижрий 654 – йил Рамазон ойида жума кечасида Масжидун Набавийда ёнғин чиқди. Ёнғин масжид томини барчасини, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарлари, эшикларни, жавонларни, хоналарни ва сандиқларни қамраб олди. Одамлар уни ўчира олмадилар. Аббосий халифа Мустаъсим Биллаҳ ҳижрий 654 – йилда (милодий 1257) масжид қурилишини бошлади, лекин мўғуллар Боғдодни истило қилишлари сабабли қурилишни охирига етказа олмади. Миср ва Яман султони бу муборак ишга бошлиқ бўлди. У султон Зоҳир Бийбарс. Бу ишда унинг ҳизмати беқиёс эди. Масжид томи ёнишдан аввал қандай бўлса шундай ҳолатда қурилиш якунланди.
  2. Султон Ашраф Қайитбой ҳижрий 886 – 886 йиллар (милодий 1481 – 1483) оралиғида масжидни кенгайтирди. Масжиднинг кўп қисмларини қайтадан қурди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари устига гумбаз қурди. Ҳужрайи саодатни ўз ичига оладиган шарқий томонни 2,25 зиро (1,12 м)га кенгайтирди. Масжид баландлигини 22 зиро яъни 11 м га етказди.

Усмоний халифалардан бўлган султон Маҳмуд ИИ милодий 1813 – йилда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳужралари устига қўрғошиндан янги қубба қурдирди ва уни яшил рангга бўятди.

 

 

  1. Усмонийлар ҳижрий 923 – йилда (милодий 1017 – йил) Мисрдаги Мамлукийлар султонлиги тугатилганидан сўнг Масжидун Набавийни барча ишларига бошлиқ бўлдилар. Султон Ашраф Қайитбой масжидни кенгайтирганидан кейин масжиднинг баъзи жойларида деворларни ёрилиш ҳолати кузатилти. Уша пайтдаги Масжидун Набавий Шайхи Довуд Пошшо Султон Абдулмажид[1]га Масжидун Набавийни таъмирлаш ҳақида хабар юборди. Султон Абдулмажид И ҳижрий 1265 – йилда(милодий 1848 – йил) муҳандис Рамзи Афанди ва Усмон Афандилани масжид биноси учун нималар керак бўлишини аниқлаш учун юборди. Мадина аҳли масжид қурилиши ва таъмирлаши учун керак бўлҳан нарсаларни аниқлашда ёрдам беришди. Рамзи ва Усмон афандилар Истанбулга қайтиб, Султон Абдулмажид И га Масжидун Набавийни қайта қуриш ва таъмирлашга эҳтиёж борилигини айтишди. Султон Абдулмажид И Ҳалим афандини масжид қурилишига бошлиқ қилиб жўнатди. Ҳалим афандига қўшиб масжид қурилиши учун керакли бўлган муҳим иш қуроллари, пуллар, мутахассислар, тош терувчи усталар ва ишчиларни юборди. Мутахассислар етиб боргач тош терувчи усталарни бошлиғИ Иброҳим Ўга улардан бир қанчасини уша атрофдан мармар ва тош минералларини излаш учун юборди. Улар масжид қурилишига керак бўлганини топа олишмади. Мадина атрофидаги тоғларни қидиришаётганида Абяр Алини рўпарасидаги Ақийқ водийсидаги тепаликдан керакли тошларни топишди. Улар тоғ этагига тош терувчи усталар учун чодирлар қуришди. Улар ўзлари билан болғалар ва керакли асбобларни олдилар ва тоғни тепасига кўтарилдилар. Аллоҳнинг номи билан ишни бошлаб, ёмон тошларни пасга ота бошладилар, ҳатто ҳақиқий маъдан чиққунича. Тош йўнувчи усталар ҳақиқий маъданни устига туриб искана билан маъданларни қазишни бошлашди. Ундан тош қотишмаларни чиқариб олишди. Ушбу тоғни ёнига: “Ушбу тоғда Ҳарами Шариф учун тош олинган” – деб ёзиб қўйилган. Ушбу қизил тошлардан масжид устунлари ва қуббаларини қуришди. Ушбу тошлар ўймакорлик учун осон ва ранги чиройли эди. Тўртта деворни қора ўйиб ишлов берилган тошлардан қуришди. Масжидга Қуръондан бир қанча суралар, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламнинг исмлари “Сулс” хатида ёзилди. Ёзилган ёзувлар устидан олтин сув юргизиб чиқилди. Султон Абдулмажид И Масжидун Набавийга Қуръон таълим олиш учун мактаб очтирди.

Ҳижрий 1277 – йилда (милодий 1861) масжид қурилиши ўз ниҳоясига етди. Масжидга умимий 1293 м2  майдон қўшилди. Масжиднинг умумий майдони 10303 м2 га етди. Эшиклар сони 5 тага, миноралар сони 5 тага етказилди. Ҳижрий 1326 – йилда Масжидун Набавий тўлиқ электирлаштирилди. Бу ислом оламидаги биринчи тўлиқ электирлаштирилган иншоот бўлди.

Шайхонтоҳур тумани “Эшон 

 Бобохон” жоме масжиди имом

 ноиби Абдулаҳадов Абдулмўмин

 

 

 

[1] Sulton Abdulmajid I ibn Sulton Mahmud II. Hijriy 1238 – yil (milodiy 1823 – yil) tug’ilgan. Hijriy 1255 – yilda (milodiy 1839 – yil) sulton bo’lgan. Hijriy 1277 – yilda (milodiy 1861 – yil) vafot etgan.

السبت, 18 نيسان/أبريل 2020 00:00

Шукроналик ҳақида

 Мирзамақсуд Алимов | Андижон вилояти бош имом-хатиби

السبت, 18 نيسان/أبريل 2020 00:00

Бугунги жаноза намози

Зайниддин домла Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

السبت, 18 نيسان/أبريل 2020 00:00

Ҳар-бир экинда садақа бор

Аллоҳ таоло ерни бандаларига қароргоҳ қилиб оёқ остиларига ёйиб қўйгани, ердан анҳорларни ва булоқларни чиқариб боғу бўстонларни яратгани ва осмондан ёмғирларни ёғдириб ўт-ўланлар ва дарахтларни ўстириб қўйгани унинг энг буюк неъматларидандир.

Маълумки Аллоҳ таолонинг ҳар бир ишида ҳикмат бор. Аллоҳ таоло бандаларини бекорга бу кенгликларда яратмади, бандаларини барча махлуқотлардан афзал қилди ва бандасига бу ерни бўйсундириб қўйди. Бақара сурасида марҳамат қилиб айтадики: “... сизларга ер юзида қароргоҳ ва бир муддат ҳузур қилиш бордир ...”.

Аллоҳ таоло бандасини ер юзида ўзига ҳалифа қилиб қўйган экан ер юзини обод қилишни ва Аллоҳ таоло кафил бўлган ризқини топиб ейишга масъул қилиб қўйди. Ояти карималарда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам руҳни озиқлантириш баробарида жасадни эхтиёжларини ҳам мукаммал озиқлантириш кераклигини баён қилинган. Олдимизда турган таомга ибрат назари билан қарашимиз ва унда Аллоҳ таолонинг қудратини эътироф қилишимиз учун Қуръони каримда жуда гўзал услубда баён қилган.

فَلْيَنْظُرِ الْإِنْسَانُ إِلَى طَعَامِهِ  أَنَّا صَبَبْنَا الْمَاءَ صَبًّا  ثُمَّ شَقَقْنَا الْأَرْضَ شَقًّا  فَأَنْبَتْنَا فِيهَا حَبًّا  وَعِنَبًا وَقَضْبًا  وَزَيْتُونًا وَنَخْلًا  وَحَدَائِقَ غُلْبًا  وَفَاكِهَةً وَأَبًّا  مَتَاعًا لَكُمْوَلِأَنْعَامِكُمْ (سورة عبس/24-32

яъни: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз  (осмондан)  сувни  мўл  ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)”. (Абаса сураси 24-32 оятлар).

Демак Аллоҳ таолонинг берган бу Ер неъмати ўзимизга ҳамда чорва ҳайвонларимизга истеъмол манбаъи экан.

Яна, Аллоҳ таоло Ясин сурасида шундай марҳамат қилади:

  1. Улар учун ўлик ер оят-белгидир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар.
  2. Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик.
  3. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукр қилмайдиларми?!

Ибн Касир айтадилар: Аллоҳ таолонинг чексиз қудратидан бири ўлик ерни тирилтирганидир. Яъни: бутунлай ўлиб бирон бир ҳўл новда қолмаганидан кейин Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирди ер ёрилиб ундан ўсимликлар чиқди шунинг учун Аллоҳ  таоло: Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар. Яъни: уларни ва чорваларини ризқларини чиқардик демоқда. Яна айтяптики: Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик. Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Улар муҳтож бўладиган жойлардан булоқларни чиқардик, Агар биз ерни тирилтирмаганимизда, ундан дон, боғ-роғлар ва сув чиқармаганимизда инсонлар унинг мевасини ҳам тановул этолмас, қўллари билан турли таомлар тайёрлай олмас эдилар. Шуни кўра билиб туриб ҳам: ...Шукр қилмайдиларми?!.

Аллоҳ таоло бизларни шукр қилишга чақираётган экан, нима қилмоғимиз даркор? Ояти каримада айтилганидек: “ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун” ҳа ўзимиз ўз қўлларимиз билан экин экиб, бир парча ер бўлса ҳам ўзимиз ва чорва ҳайвонларимиз ейдиган нарсаларни етиштиришимиз Аллоҳнинг шунча бериб қўйган неъматларига шукримиз бўлар экан.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда марҳамат қиладилар:

عَن أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:"مَا مِن مُسلِمٍ يَغرِسُ غَرْسًا أَو يَزرَعُ زَرْعًا فَيَأكُلُ مِنهُ طَيرٌ أَو إِنْسَانٌ أَو بَهِيْمَةٌ إِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدقَةٌ" (رواه الامام النسائي).

яъни: “Бир мусулмон бирон бир дарахтни ёки экинни экса, ундан бирор қуш, инсон ёки бирор ҳайвон еса у инсонга садақа ёзилади” (Имом Насоий ривояти).

Бу ҳадис, деҳқончилик қилган инсонга катта башоратдир. Чунки ерга дон қадаган ёки ўсимлик эккан инсон бу дунёда ҳам охиратда ҳам фойда олади. Бу дунёда ватнига, ҳалқига, мусулмонларга фойдаси тегиб, аввало фарзандларини қолаверса барча инсонларни ризқини мўл-кўл бўлишига сабабчи бўлар экан бу қилган меҳнатига Аллоҳ таоло битмас тугамас савобларни беради охиратда садақа қилувчилар қаторида туради. Яна бир неча ҳадислар борки уларни ўқиган инсон, бир парча ерим бўлса-ю бир дона дарахт эксам ёки озгина уруғ қадасам деб орзу қилади.

 Жобир ролзияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир дарахт экса, ундан қанча ейилса унга садақа ёзилади, ўғирланса ҳам садақа ёзилади, қушлар еса ҳам унга садақа ёзилади ва бирор киши дарахтга нуқсон етказса ҳам унга садақа ёзилади” дедилар.(Имом Муслим ривоят қилганлар).

Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом биз умматларини фойдали ишларга буюриб, дунё ва охиратимизни обод бўлишини хоҳлаб: “Кимни ери бўлса унга (экин) эксин, агар ўзи қилолмаса ва қўлидан келмаса, бирор мусулмон биродарига берсин, ундан ижара олмасин” деб марҳамат қилганлар.

Синовли кунларда турар эканмиз, уйда бекор ўтирмасдан аввало оиламиз учун қолаверса ҳалқимиз учун хонадонимизда бир парча ер бўлса ҳам ўша ерни бекор қўймай бирор экин экадиган бўлсак, икки дунёйимиз обод бўлишига сабаб бўлар экан. Аллоҳ барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин. 

 

Таваккал домла Кенжаев 

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани

 “Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом-хатиби

Top