muslim.uz
БААдаги анжуманда Ўзбекистон вакили иштирок этади
Бирлашган Араб Амирликларида "Кам сонли мусулмонлар халқаро анжумани" таъсис этилган эди.
Мусулмонлар халқаро анжумаи жорий йилнинг 8-9 май кунлари Абу Дабида ўтказишлиги белгиланган. Анжуманнинг илк йиғилишида 140та давлатдан 400дан зиёд делегат қатнашиб ўз мамлакатларида оз сонли мусулмонлар дуч келаётган муаммоларни муҳокама этишлари кутилмоқда.
Анжжуманга доктор Али Рошид Нуаймий раислик қилиши ҳамда доктор Муҳаммад Башарий раис ноиби сифатида фаолият олиб бориши маълум қилинган.
Қурултойда Ўзбекистон вакили сифатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг фарзандлари, олима Одинахон Муҳаммад Юсуф қатнашишлари маълум қилинди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Парижда Ўзбекистон китобларининг тақдимоти ўтказилди
Франция маданий доираларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништириш мақсадида Парижда бўлиб турган бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлар Франция миллий кутубхонаси, Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад кутубхоналар фаолиятини ўрганиш, уларда сақланаётган буюк аждодларимиз қаламига мансуб нодир асарлар, қўлёзмаларни тадқиқ этишга қаратилган ишларни ташкил қилиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Таъкидлаш керакки, Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонаси Марказий Осиё манбалари бўлимига эга бўлган мамлакатдаги ягона маданий муассаса ҳисобланади. Кутубхонада дунёнинг 180 та мамлакатидан келтирилган 350 тилдаги нодир китоблар, қўлёзмалар, илмий тадқиқот ишлари сақланади. Ҳар куни юзлаб талабалар, тадқиқотчилар ва хорижлик меҳмонлар бу ерга ташриф буюриб, ўзлари қизиққан соҳага оид манбалар билан танишадилар.
Франциянинг тиллар ва цивилизация кутубхонаси раҳбарияти билан жорий йилда Ўзбекистонда чоп этилган китоблар намойишини ташкил этиш, ўзаро мутахассислар алмашиш, делегациялар ташрифини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шу куннинг ўзида кутубхонада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида нашр этилган 15 та китобнинг тақдимот тадбири бўлиб ўтди. “Марказий Осиё мамлакатлари ичида Ўзбекистон ўзининг илмий салоҳияти, фан ва таълимга эътибори билан ажралиб туради. Мовароуннаҳр уламолари асарлари, хусусан, Имом Бухорийнинг XVII асрга оид “Саҳиҳи Бухорий” китоби, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний”, Маҳмуд Замахшарийнинг “Муқаддаматул адаб” асари қўлёзмалари фондимизнинг чин маънодаги хазинаси ҳисобланади. Биз ушбу асарларни ўрганишда ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз”, - дейди Бенжамин Гишар.
Шунингдек, 31 миллион китоб фондига эга Франция миллий кутубхонасида ўтказилган суҳбат чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчи ва мутахассисларининг Францияда малака оширишини ташкил қилиш, мамлакатимизнинг бой тарихига оид нодир қўлёзмаларнинг нусхаларини олиш ҳақида келишиб олинди. Уларнинг орасида Қуръони каримнинг VIII-XI асрларда куфий ва настаълиқ ёзувларида кўчирилган нусхалари, Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний, Фарғонийнинг араб ва лотин тилларида кўчирилган нодир нусхалари мавжуд.
Франция миллий кутубхонаси раҳбарияти “Маданият ходими” дастури доирасида 2 нафар ўзбекистонлик амалиётчини қўлёзмаларга дастлабки ишлов бериш ва тиклаш, шунингдек, қўлёзмаларни рақамлаштириш мутахассисликлари бўйича қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дилга яқин суҳбатлар
Аввал хабар қилганимиздек, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчиликларидаги бир гуруҳ мутасаддиларнинг Наманган вилоятига хизмат сафарлари давом этмоқда. Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Ҳабибулла Маткаримов ва вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов мазкурларга ҳамроҳлик қилмоқдалар.
Муфтий ҳазратлари жойлардаги масжидлар ҳолатини яхшилаш, имом-хатиблар фаолиятини такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг талаб ва истакларини таъминлаш мақсадида, Учқўрғон туманидаги “Саидхон Эшон” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Муфтий ҳазратнинг жоме масжидга келишлари мўмин-мусулмонлар томонидан алоҳида эҳтимом билан кутуб олинди. Ушбу мунаввар куннинг пешин намозини адо этиш учун “Саидхон Эшон” жоме масжидига мингдан кўп намозхонлар жам бўлишди. Жомега келганлар муфтий ҳазратнинг “Шукроналик тилдан тушмасин” мавзусидаги суҳбатларини тинглашди.
Самимий руҳда кечган суҳбатдан сўнг, пешин намози намозхонлар билан бирга-бирга адо этилди. Зикру тасбеҳлардан сўнг, Яратган Парвардигордан динимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва дастурхонларимиз тўкинлигини сўраб дуои хайрлар қилинди.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари масжидда намозхонлар учун ҳозирланган шароитлар ҳамда ташкил этилган янги китоб дўкони фаолияти билан яқиндан танишиб, унинг фаолиятини янада яхшилаш борасида ўзларининг таклиф ва тавсияларини бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бир оят тафсири: эзгулик ва тақво имон йўлидир
«Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир» (Моида ,2 ).
Имом Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” тафсирида ушбу оят маъносини бундай: “Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинглар”, яъни, кечиримли, ўтимли бўлишда бирлашинглар. “Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар”, яъни, ўч олиш, қасд олиш йўлида ҳамфикр бўлманглар.
Айрим саҳобалар мусумонларни Маккага кириб, умра қилишдан қайтарган мушриклардан ўч олиб, уларни ҳам Ҳарамга киришдан қайтармоқчи бўлишади. Аллоҳ таоло ушбу оят орқали уларни кечиримли бўлишга, яхшилик йўлида ўзаро ёрдамлашишга, душманлик, гуноҳ ишларда бирлашмасликка буюрган.
Имом Замахшарий оят тафсирида яна бундай дейди: “Оятда умуман эзгулик ва тақвонинг ҳар қандай кўринишини, гуноҳ ва душманликнинг барча турлари назарда тутилган, дейиш ҳам мумкин. Бу ҳолда ҳам ўзаро кечиримли бўлиш ва (яхшиликларда) ёрдамлашиш маъноси англашилади”.
Имом Абул Баракот Насафий оятни қуйидагича тафсир қилган: “Эзгулик – буюрилган ишларни қилиш, тақво – қайтарилган ишларни тарк этиш, гуноҳ – буюрилган амалларни қилмаслик, душманлик – қайтарилган ишларга қўл уришдир”.
Ушбу тафсирга кўра, оятнинг мазмуни қуйидагича бўлади: Аллоҳ буюрган ишларни қилишда, қайтарган нарсаларидан сақланишда бир-бирингизга ёрдам беринг, ўзаро ҳамкорлик қилинг. Аллоҳ буюрган ишларни қилмасликда ёки қайтарган амалларга қўл уришда асло бир-бирингизга ёрдамлаша кўрманг, ҳамкор бўлманг.
Муқаддас динимиз таълимотларига кўра, эзгулик Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда буюрилган ва тарғиб қилинган амаллардир. Ватанга хизмат, ота-онани ҳурмат қилиш, катталарга иззат-икром кўрсатиш, кишиларга яхшилик улашиш, омонатга хиёнат қилмаслик, рост гапириш, оилага садоқат – барча-барчаси эзгуликдир.
Аллоҳ таоло оятда эзгулик йўлида ёрдамлашишга буюриб, барча яхшиликларнинг боши ва таянчи бўлган хислат – тақво йўлида ҳамкорлик қилишни алоҳида таъкидламоқда. Тақво эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, гуноҳ ишлардан сақланиш маъноларини англатади. Тақво инсоннинг ички оламида, қалбида ўрнашган ноёб хислат, инсонни доимо яхшилик қилишга, эзгулик йўлидан боришга чорлаб туради ва барча ёмонликлардан қайтаради. Тақвони уламолар турлича таърифлашган. Ҳазрат Умар : “Тақво бу – тиканли йўлда оёғингга бирор тикан киргизмай ўтиб боришингдир”, деб тушунтирганлар. Бир сўз билан айтилса, тақво Аллоҳ кўриб турганини билиб, ёмонликлардан сақланиш демакдир. Тақвонинг хусусияти шунда, у инсонни ўзи устидан назоратчи қилиб қўяди. Тақвоси бор инсон ҳеч ким кўрмай турганида ҳам, кимсасиз жойда ҳам гуноҳ қилмайди, ёмонликдан ўзини тияди. Тақво виждонни қайраб туриш, уни соф ушлаб туриш омилидир. Агар жамият аъзолари ушбу хислат йўлида ҳамкорлик қилсалар, ўзларида мана шу малакани ҳосил қилишга интилсалар, жамият равнақ топаверади.
Оятнинг давомида гуноҳ ишлардан, ёмонлик йўлида ўзаро ёрдамлашишдан қайтарилмоқда: “Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманглар”. Яъни, гуноҳ, фаҳш, бузуқлик, ахлоқсизлик йўлида ўзаро ёрдамлашманг, адоват, душманлик йўлида ҳамкор бўлманг, фақат яхшилик йўлида бирлашинг.
Агар киши яхши ишларда ҳамкор бўлиб, кейин ёмонларига ҳам ёрдамлашиб кетаверса, унинг яхшиликлари фойдасиз. Шу боис ояти каримада масаланинг ҳар икки томони алоҳида таъкидланмоқда.
Оят сўнгида ушбу кўрсатмаларга амал қилмаган кишиларга огоҳлантириш ҳам бор: “Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир”. Яъни, ҳар қандай ҳолатда ҳам тақволи бўлинг. Агар эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилмасангиз, гуноҳ ва душманлик йўлида бирлашсангиз, билиб қўйинг, дунёда ҳам бу қилган гуноҳ ва адоватингиз оқибатини кўрасиз, охиратда ҳам бу ишингиз жазосиз қолмайди.
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент Ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири