muslim.uz
Қозоғистоннинг ер ости масжидлари. Яссавий издошлари учун макон
Қозоғистон Республикаси ўзининг табиати, иқлимининг турфа хиллиги билан ажралиб туради.
Мамлакатнинг ғарбида Каспий денгизи кўрфазида жойлашган Мангқишлоқ иқлими оғир бўлганига қарамай азал-азалдан Ислом дини тарғиботчиларининг севимли маскани бўлган.
Хусусан, бу ерда Аҳмад Яссавий тариқати кенг ёйилган бўлиб, кўплаб муридлар Устози каби ер остида ибодат қилишни одат қилишган. Шу сабабли бўлса керак, Мангқишлоқдаги аксарият масжидлар ер остида қурилган.
Ушбу масжидларни қуйидаги фотосуратларда кўришингиз мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистонда диний урф-одатларни ҳисобга олувчи меҳмонхоналар тармоғи бўлиши керак
Ўзбекистонда диний анъаналар ва урф-одатларни инобатга олувчи меҳмонхоналар тармоғи, яъни зиёрат-меҳмонхоналари бўлиши керак. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов VisitUzbekistan журналига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди.
"Яқин келажакда зиёрат туризми Ўзбекистоннинг ҳам ички, ҳам ташқи туризмида энг талабгор йўналишлардан бирига айланиши мумкин, - дейди Қўмита раиси. - Бироқ аэропортларда, темир йўл ва автовокзалларда, шунингдек меҳмонхоналарда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлида қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Бу зиёратчилар ташриф буюрадиган жойларда таҳорат ва ибодат хоналарини яратишни кўзда тутади.
Ўзбекистонда диний анъаналар ва урф-одатларни инобатга олувчи меҳмонхоналар тармоғи, яъни зиёрат-меҳмонхоналари бўлиши керак. Умумий овқатланиш жойлари учун “Ҳалол” ва “Кошер” стандартлари бўйича туристик саноат объектларини сертификатлаш тизимини жорий қилиш кўзда тутилмоқда”, - дейди Азиз Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, Туркия фуқаролари учун визасиз режимнинг ўрнатилиши яқин 2-3 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туркиялик сайёҳлар сонини камида 3-4 бараварга (йилига 100-150 минг кишигача) ошириши кутилмоқда.
Бундан аввал, Ражаб Тоййиб Эрдўған бошчилигидаги Туркия делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси туркиялик ҳамкасблари билан зиёрат туризмини ривожлантиришга доир меморандумни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.
ЎМИ матбуот хизмати
Бухорода Ҳадис мусобақаси ғолиблари аниқланди
Шу йилнинг 7 май куни Бухоро шаҳар аёл-қизлар ўртасида “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “Ҳадиси шариф билимдони” танлови бўлиб ўтди.
Танловда билим юрти талабалари ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган 32 нафар аёл-қизлар иштирок этдилар.
Бу мусобақада илм толибалари ҳадиси шарифни қанчалик севиши, Пайғамбаримизни суннатларига қай тарзда амал қилишлари, ҳадиснинг қадрига, бу илм тарихини қанчалик билишларига, хуллас, ўзларининг иқтидору-салоҳиятларини, зукколигу ҳозиржавобликларини намойиш қилишлари сарҳисоби бўлди.
Шартлар натижалари бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаш жараёнида одилона йўл тутган ҳолда билим юрти иштирокчилардан 4-курс талабаси Мавлуда Шаропова ўрин, Рисолат Кадиркулова иккинчи ўринни, Малика Бақоева иккинчи ўринни, Моҳинур Фармонова учинчи ўринни эгаллашди.
Ҳадис илмига қизиқиши бўлган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёл-қизлар ўртасидан Ойдиной Ҳақназарова биринчи ўринни, Наргиза Ҳакимова иккинчи ўринни эгаллади.
Биринчи ўринларга муносиб деб топилган талабалар Республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
Тадбир ғолибалари ва иштирокчилари билим юрти маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Покистон элчиси Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди
Покистон Ислом Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Ирфон Юсуф Шами 2018 йил 4 май куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди ва Имом Бухорий масжидида мусулмонлар жамоаси билан жума намозини ўқиди, сўнгра Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари билан учрашди. Бу ҳақда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда марказ директори ўринбосари, профессор Б.О.Тураев, марказ илмий ходимлари О.Муҳаммадиев, З.Узоқов, С.Примов, О.Рустамовлар иштирок этишди. Б.О.Тураев элчи жанобларини янги лавозим билан табриклади ва меҳмонларга ИБХИТМ буклетлари ва инглиз тилида нашр қилинган “Ўзбекистон-буюк алломалар юрти” китобини тақдим қилди.
Элчи бу ташрифдан мамнун эканлигини маълум қилди ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси музейига Покистонда нашр қилинган “Қуръони карим” нусхасини тақдим қилди ҳамда ИБХИТМ билан яна алоҳида учрашув ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Парижда “Буюк Ипак йўли маданияти” мавзуида халқаро кўргазмаcи ўтказилади
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Соҳибқирон Амир Темур Франция қироли Карл VI га йўллаган мактублардаги самимий истаклар ҳам ана шундан далолат беради. Франция мусулмонлари жамияти раисининг буюк муҳаддис ватандошимиз Имом Бухорий ҳурмати туфайли бутун дунё мусулмонлари ўзбеклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдиргани бундай алоқалар бардавом бўлишини англатади.
Куни кеча Францияга ташриф буюрган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Халқаро ислом академияси вакилларидан иборат делегация диний-маърифий соҳада манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Франция Ислом фондида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда бу борада яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
— Турли миллат ҳамда дин вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги бугунги кунда жуда зарур, — дейди Франция Ислом фонди президенти Жан-Пьер Шевенман. — Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар маданий-маърифий жабҳадаги ҳамкорлигимизга ҳам ижобий таъсир этишига ишонаман.
Франция аҳолиси орасидаги 7 миллиондан зиёд мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган мазкур фонд 2021 йилда Маданият вазирлиги, Лувр музейи билан ҳамкорликда Париж шаҳрида “Буюк Ипак йўли маданияти” мавзуидаги халқаро кўргазмани ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Унда “Ўзбекистон — ислом цивилизацияси маркази” номли экспозиция намойиш этилиши ҳам кўзда тутилган.
Шойим БЎТАЕВ,
“Халқ сўзи”.