muslim.uz
Фол очманг, онажон!
Мусулмон бўлиб туғилишнинг ўзи кифоя эмас.
Болалигимда ёшимга нисбатан зийракроқ эдим. Атрофдаги жамики воқеа-ҳодисаларга ўз фикримни билдиришга, мабодо тушуниши оғир савол туғилса, бошқалардан сўраб жавоб топишга уринардим.
Сиз, азизларга бу воқеани сўзлаб беришни лозим топганим, орамизда фолга суяниб қолганлар борлиги сабабдир. Бу хурофотнинг қанчалик ёмонлигини баъзилар ҳали ҳам англаётгани йўқ. Боласи йўталиб қолса, қизига совчи келмай қолса, ҳаттоки ишида муаммо чиқиб қолса ҳам фолбинга қараб чопади. Аслида бунинг оқибати қанчалик ёмон иш экани, дўзахга етаклаши муқаррарлигини тан олгиси келмайди. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни: “Фол чўплардан қисматингизни исташингиз (ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир (Моида сураси, 3-оят), дея огоҳлантириб қўйибди.
Куним уйда қуйидагича ўтарди: эрта азон туриб ҳовлиларни супуриб бомдод намозини ўқирдим. Уйимиздан саҳарлаб одамларнинг кети узилмасди. Улар “китоб очиришга”, яъни фол очдиришга келишарди. Мен эса ўз навбатини кутиб турганларга чой қуйиб турардим. Онажоним увада бир китобни қўлига олиб “фол” очарди. Келганларнинг тахминан 40 фоизи касалманд, 30 фоизи моли, қўйи, машинаси (барча турдаги уловлар) ёки қимматбаҳо нарсаларини йўқотганлар, 10 фоизи бахтини излаганлар, 20 фоизи иши юришмаган одамлар эди. Мен бу нарсага роса қизиқиб қолдим. Бир кун савол туғилди: “Ўша китобчада наҳотки, ҳамманинг тақдири ёзилган?” деб онамнинг хонасига кириб ўша эски китобчани варақладим.
Мен араб алифбосида ўқишни билардим. Чунки 6 ёшимдан бошлаб бир илмли аёлдан илм ола бошлаганман. Ўша кезлар Қуръони карим сураларини ёдлаётган эдим. Не кўз билан кўрайки, инсонлар тақдирини айтиб бераётган китоб ичида Қуръон оятлари ёзилган эди.
Кўпчилик инсонлар “ҳожатини” чиқараётган онамнинг одатини негадир яхши эмас деб ўйлай бошладим. Устозим менга бу ҳақда ҳеч нарса гапирмаса-да, у кишининг хатти-ҳаракатларидан негадир онамнинг “касби-кори”га нисбатан зидликни юрагим сеза бошлади. Шу ондан бошлаб менда яна савол туғилди: онам одамларнинг ҳожатини чиқармоқда, йўқолган нарсаларини топиб берса; ўлим тўшагида ётган касаллар бир “қора халас”идан шифо топиб кетаётган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Аммо бу саволларимга ҳеч кимдан жавоб тополмадим. Бир куни илмли бир инсондан сўрадим: “Илтимос, менинг саволимга шундай жавоб берингки, қалбим таскин топсин. Онамнинг бу “яхшилиги, ҳожат чиқариши” қандайдир ғайри бир амал бўлиб сезилмоқда менга”, дедим. У инсон: “Мен сизга биргина жавоб айтишим мумкин. Бу амалдан қайтарилганмиз”, деди.
Ёшлик қилдимми, ё илмим камлигиданми жавобдан кўнглим тўлмади. Йиллар ўтди... жавоб йўқ.
Бир кун ҳаётимда шундай воқеа содир бўлдики, у кунни ҳеч қачон ёдимдан чиқармасам керак. Аллоҳ қалбимга энг тўғри жавобни солиб қўйди. Шу кундан онажонимни бу йўлдан қайтаришга киришдим. Пойтахтда ўқиганим сабабли уйда кам бўлардим. Онажоним: “Бўлди, бошқа фол очмайман”, дердилар-у, аммо ҳеч одатларини ташламасдилар. Оқибати яхши эмаслиги, Аллоҳ таоло тақиқлаган хурофот амал эканини тушунтирсам-да, фойда бўлмади. Кейин бошқача йўл тута бошладим. Уйга келганлар билан астойдил суҳбатлашдим. “Нимага келдингиз, бу ишларда хайр йўқ, нажот фақат Аллоҳдан, илтимос, бошқа фол очирманг, онам бу ишларнинг гуноҳлигини англадилар, фол очган ҳам, фолбинга борган ҳам бир хил гуноҳкордир”, дердим уларга. Сўзларимни тинглаганларнинг кўпчилиги тўғри англаса-да, баъзилари “майли, бошқа фолбинга борарман”, деб хафа бўлиб қайтиб кетарди. Туққан онамнинг амалини гуноҳ дейишим эса баъзиларни ажаблантирар эди.
Хуллас, онамни қўлимдан келганча қайтаришга ҳаракат қилдим. Уйдаги хурофот амалларни бажаришга керак бўладиган аслаҳалари: чилдирмаси ва “чилтан тоши” бор эди. Мен чилтан тошини ҳовлига улоқтирдим. Атрофдаги яқинларим “бекор қилдинг, энди чилтанлар оғзингни, ёки юзингни қийшайтириб кетади, дарҳол жойига қўй”, дейишди. Мен эса: “Йўқ, бундай беҳуда гаплардан қўрқмайман, уларни ҳам мен сиғинган Аллоҳ яратган. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Унинг қудрати чексиздир”, дедим ўшанда.
Кунлар ўтди, яқинларим хавотирда: энди нимадир содир бўлади, деган ваҳимада эдилар. Ҳеч нарса қилмади, онам эса яна бошқа тош олиб ўз маросимларини ўтказиб юраверди. Аммо ҳеч қачон онамга қўпол муомалада бўлмаганман. Табиатан кўнгилчан, қўлидаги нонини ҳам бировга бериб юборадиган ўта сахий онамни қутқариш учун дуодан бошқа чорам қолмаган эди.
“Аллоҳим, онамга ҳидоятингни кетмас қилиб бер, мени ёшлигимда қандай меҳрибончилик қилиб ўстирган бўлса, Сен ҳам унга меҳрибонлик қил. Сенга ва ота-онамга шукр қиламан”.
Бир куни намозни тугатиб, жойнамоз устида тасбеҳ ўгириб ўтирсам, ўнгимда бўлдими, рўёда кўрдимми, англай олмай қолдим – саждагоҳим устида онамнинг шиддатли олов ичида гуриллаб ёнаётганини кўрдим. Ғайритабиий тезликда олдинга интилиб, онажонимни оловдан чиқариб оламан дея қўлларимни чўздим. Аммо қўлим етмади. Сесканиб кетдим. ҳушим ўзимга қайтди чоғи, қарасам, кўз ёшларим жойнамозни ҳўл қилиб юборибди.
Мубина ИХЛОСОВА
Қориялар мамнун бўлдилар
Мўминлар Қуръони каримни тиловат қилса ёки эшитса; маъносини билса-билмаса, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилади. Чунки уни ўқиш ва эшитиш ибодат. Буюк олим Имом Ғаззолий ҳазратлари: “Қуръон бир нурдир, хато қилишдан нажот ва қутилиш фақат у билан мумкиндир, қалбларни бузувчи касалликларга шифо ундадир”, деганлар.
Юртимизда бир неча ойдан бери бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” кеча якунланди. Республика босқичига келган қория аёл-қизлар яратилган шароитлардан ғоят миннатдор бўлишди. Мусобақа бошланишидан бир кун олдин пойтахтга етиб келган қорияларни бу ерда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ходимлари кутиб олишди. Ундан сўнг махсус автобус қорияларни “Grand way” меҳмонхонасига олиб борди. Улар меҳмонхонадаги шароитларни кўриб роса хурсанд бўлишди. Юқори даражада кўрсатилган хизматлардан қория аёл-қизлар мамнун бўлишди.
Икки кун бўлган Қуръон мусобақасида қорияларни тушликка энг яхши тамаддихонага (ресторанга) олиб боришди. Қориялар тушликдан сўнг намоз ўқишлари учун масжидга олиб борилиб сўнгра яна “Ёшлар иттифоқи” анжуманлар саройига олиб келинди.
Бу каби эътибор ва махсус тузилган ишчи гуруҳ хизматларидан қориялар янада руҳландилар. Улар мутасаддилардан миннатдор бўлиб, узундан-узоқ дуолар қилиб “Бу кунлар умримизнинг эсда қоларли, ширин ва ҳузурли лаҳзалари бўлиб қолади” дейишди.
Қорияларга яна бир кутилмаган ажойиб совға: мусобақадан эсдалик учун альбомлар тақдим этилди.
Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи
Фатво ҳайъатига келган саволлар (7-қисм)
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.
Савол: Ассалому алайкум! Аллоҳ умрингизни, илмингизни зиёда қилсин! Бир саволим бор эди. Мени турмушга зўрлаб беришган. Онамга мен рози эмаслигимни жуда кўп айтиб, қаршилик кўрсатганман. Онамнинг кўз ёшлари, отамнинг қаттиқ қўлликлари сабабли ҳеч нарса қила олмаганман. Оиламизда доим уруш жанжал, меҳр оқибат йўқ. Мен қўлимдан келганча эримнинг ҳамма одатларига чидаб, меҳр қўйишга ҳаракат қиляпман. Онамдан ҳалигача хафаман. Онам: «бу сенинг тақдиринг» дейдилар. Мен ҳар бир иш олдимизга келтирилади, биз қайси йўлни танласак кейин у бизга тақдир бўлади дейман. Тўғрими? Ислом динини ўрганганимдан кейин никоҳга мажбурлаб бўлмаслигини билдим. Ота-оналар никоҳга зўрлашмасин! Эр-хотин, фарзандлар бундан азобланмасин. Саволим: Домла никоҳ ўқиётганда розилигимни айтганман. Лекин ичимда тинмасдан «эй Худо, ўзинг кўриб турибсан мен қаршиман, норизиман» деганман. Шариатимизда никоҳ овоз чиқариб тасдиқлаш билан кучга кирадими? Қалб,иши ҳисобга олинмайдими? Мени никоҳим борми? Илтимос жавоб берсангиз. Раҳмат!
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Сизнинг никоҳингиз бор. Шариатимиз айтилган лафзга эътибор қилади. Ўзингиз ўйланг, сизнинг дилингиздаги норозилик бор эканини никоҳ ўқиган домла қаердан билади? Ота-она мажбурлашга ҳақи йўқлиги маълум. Лекин никоҳ бўлгач, сиз домлага розиман, деганингиздан сўнг никоҳ боғланади.
Савол: Ассалому алайкум, мен намоз ўқишни бошламоқчи эдим лекин таҳорат олаётганда масҳ тортиш керак. Менинг эса бошим шамоллаган масҳ тортсам хўл бўлса бошим оғрийди нима қилишим керак? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Масҳни қўлнинг намлиги билан бажарилади. Бу эса бошни ҳўл қилиб юбормайди. Аллоҳ шифо берсин!
Савол: Ассалому алайкум, мен 25 ёшдаман 2 нафар фарзандим бор. Катта қизим 5 ёш боғчага боради, ўғлим икки ярим ёш, мен билан уйда. Қайнонам ўтган йили октябрь ойида оёғлари сингани учун гипс қилишди. Бу йили февраль ойида кўкрак саратонига чалинганлари учун операция қилишди, кейин 1 марта кимё терапия олдилар. Қайнотам билан эримнинг ишлари яхши юришмаяпти, қайнисинглим ҳам 23 ёшда ҳеч бахти очилмаяпти. Кейин мен 5 маҳал намоз ўқишни бошладим. 4 кун ўқидим. Намозимнинг 5-кунига ойижонни 2чи маротаба кимё терапияни олгани оборишди. У ердан дўконга чиқаётган пайтларида машина йўлда йиқилиб чап қўлларини синдирдилар. Гипс қилишди. Ҳозир уйдалар. Қайнотам билан эримнинг топган пуллари дорига кетмоқда. Нима қилсак бўлади. Тўғрисини айтсам ҳамма нарсага улгуришга чарчаб қоляпман, 5 маҳал намоз ўрнига фақат бомдодни ўқисам бўладими? Олдиндан Раҳмат
Жавоб: Ва алайкум ассалом! Беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасидаги фарзи айндир. Бир вақтга ўтманг, беш вақтда давом этинг. Қолаверса, намоз иш юришмай қолганда эмас, доим ўқилиши керак. Ишнинг ривожишни фақат Аллоҳдан сўраш керак.
"Илмул яқийн", "Айнул яқийн" ва "Ҳаққул яқийн" ҳақида
"Бизда дўзах ҳақида илмул яқийн бор. Бу дўзах ҳақидаги илм бўлиб, Қуръондаги дўзах ҳақида келган маълумотлардир. Бу Роббимизнинг бизга дўзах ҳақида билдирган илмидир. “Албатта, дўзахнинг сифатлари мана бундай, мана бундай” деб, бизни дўзахдан огоҳлантирган. Биз шу дунёнинг фаровон ҳаётида яшаб турганимизда, Аллоҳ бизга дўзахни танитиб, ундан эҳтиёт бўлишга чақирган ва эҳтиёт бўлиш йўлларини кўрсатган.
Айнул яқийн эса, охиратда, Сирот устидан ўтаётганимизда, остимиздаги дўзахни кўрганда бўлади. Ўшанда дўзахни кўзимиз билан кўрамиз. Ҳаққул яқийн эса, фақат кофирларга бўлади. Ўша Кунда кофирлар дўзахга ташланадилар ва азобни бошларидан кечирадилар. Мана шу ҳаққул яқийндир.
Бунинг учун бир мисол келтирамиз: агар мен сизга “Нью Йорк деган шаҳар бор. У ерда осмонўпар бинолар бор. У шаҳарнинг сифати фалон, фалон” десам, сизга рост илмий суратини баён қилган бўламан. Агар сиз ушбу гапларимни тасдиқласангиз, сизда ўша шаҳар ҳақида илмул яқийн ҳосил бўлади. Агар биз ўша шаҳарнинг устидан самолётда учиб ўтсак ва уни ўз кўзимиз билан кўрсак, бу кўриш айнул яқийн бўлади. Агар сиз ўша шаҳарга тушиб, у ерда яшаб, кўчаларини айланиб юрсангиз, бу ҳаққул яқийн бўлади".
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси