muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 26 نيسان/أبريل 2018 00:00

Ҳалол касб – узоқ умр гарови

Баракали умр кўришни орзу қилмаган киши бўлмаса керак. Кўп яшаш фақат бойлик, тўкин-сочинлик билан эмас, балки мазмунли умр ила ўлчанади. Мазмунли умр эса кишини икки дунё бахту саодатига эриштиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадиси шарифларида узоқ умр кўришнинг фазилатларини баён қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Одамларнинг яхшиси ким?” деб сўради. У зот: “Узоқ умр кўриб, хайрли ишларни кўп қилувчи киши”, деб жавоб бердилар” (Имом Термизий ривояти).

Маълумотларга кўра, Одам алайҳиссалом 930 йил, Шис алайҳиссалом 912, Нуҳ алайҳиссалом 950, Иброҳим алайҳиссалом 175, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳиссалом салкам икки юз йилдан умр кўришган.

Узоқ умр кўриш кўп жиҳатдан ҳалол касбга боғлиқ.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мўминларга ўз тоқатиларига яраша касб қилишни фарз қилди: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверинглар! Аллоҳни кўп ёд этингизлар, шояд (шунда) нажот топурсизлар” (Ҳаж сураси 9-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи соғлом бўла туриб, ишламайдиган киши Аллоҳ таоло ёмон кўришини қуйидагича баён қилдилар: “Албатта Аллоҳ таоло соғлом бўла туриб, ишламайдиган кишини хушламайди”.

Ҳалол касб қилишга нафақат инсонлар ҳатто пайғамбарлар ҳам буюрилган. Одам алайҳиссалом новвойлик қилган бўлса, Нуҳ алайҳиссалом савдогарлик бўлган. Иброҳим алайҳиссалом баззоз (газмол сотувчи) эди. Довуд алайҳиссалом совут ясар, Сулаймон алайҳиссалом занбил тўқирди. Идрис алайҳиссалом кийим тикар, Закариё алайҳиссалом эса дурадгорлик қилар эди.

Бундан ташқари, барча пайғамбарлар қўй боққани, чўпон бўлгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор.

Саҳобалар ҳам бирор касбнинг бошини тутишган. Мисол учун, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу баззозлик қиларди (газмол сотувчи), Умар розияллоҳу анҳу тери ошларди, яъни кўнчи эди. Усмон розияллоҳу анҳу савдогар, Али розияллоҳу анҳу котиблик ва мардикорлик қилар эди.

Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз бежиз: “Дилинг – Аллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин”, демаган. Ҳалол меҳнат, касб-кор киши умрини узун, ризқини бутун қилади.

Инсон манфаатлари устувор бўлган юртимизда истиқлол йилларида янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли, айниқса, ёшлар фойдали меҳнатга жалб қилиняпти. Касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган фарзандларимиз камида икки-учта касбни эгаллаётгани қувонарли ҳол, албатта.

“Эл-Висти” ахборот маркази узоқ умр кўрувчи инсонлар яшайдиган мамлакатлар рейтингини ўрганиш бўйича таҳлил ўтказди. Унга кўра, Ўзбекистон умумий аҳолисига нисбатан юз ёш ва ундан ошган инсонлар сони бўйича Буюк Британия ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.

Хўш, халқимизнинг умр кўриш даражаси йил сайин узайиб бораётгани замирида қандай омиллар мужассам? Мутахассислар инсоннинг узоқ умр кўриши унинг соғлом ва бахтли ҳаёт кечириши, тинч-хотиржам яшаши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон истиқлол йилларида тинчлик-осойишталик барқарор бўлган, инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинлиги олий қадрият сифатида эъзозланадиган, иқтисодиёти изчил тараққий этиб бораётган мамлакатга айланди.

Сўнгги чорак асрда халқимизнинг ўртача умр кўриши эркаклар ўртасида 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда юз ёшдан ошган 8,7 минг нафар табаррук отахон ва онахон истиқомат қилаётгани барчамизга чексиз мамнуният бағишлайди.

 Салоҳиддин ТОШОНОВ,

Яшнобод туманидаги “Гўзал” жоме масжиди имом-хатиби

 

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар қатори диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, амалиётга изчил татбиқ этилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2018 йилнинг 16 апрель куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони Халқаро Пресс-клуб майдонида муҳим муҳокама мавзусига айланди. 
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. 
Сўнгги бир ярим йил давомида мамлакатимизда Имом Термизий ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Бухорода “Мир араб” Олий мадрасаси очилди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари аввалги йилларга нисбатан икки баробарга оширилди. 
Калом, Ҳадис, Ақида каби Илмий мактаблар республикамиз бўйлаб ўз фаолиятини бошлади. 2017 йил 13 сентябрь куни «Ўзбекистон» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Диний-маърифий соҳада амалга оширилган мазкур ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. 
Ушбу мақсадда Фармонда қатор устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби вазифаларни қайд этиш лозим. 
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази, Ўзбекистон ислом академияси ва Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, унинг таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази, олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантирилиши, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши сингари вазифалар белгилаб қўйилган. 
Ушбу сессияда тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари, диний-маърифий соҳа ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари ўтказилган аёллар ўртасида "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг ғолиблари эълон қилинган эди.

Мусобақа жараёни ва унинг тақдирлаш маъросимини ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан тўғри минглаб юртдошларимиз ва хориждаги мусулмонлар кузатиб бордилар. Кўпчиликнинг ҳавасига содир бўлган воқелик минглаб инсонларнинг кўз ўнгида юз берди.

Тақдирлаш маросими доирасида Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018 нинг Олий ўрин соҳибаси сифатида Нажмиддинова Робия эътироф этилди.

Робия Нажмиддинова Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси бўлиб, мусобақа ташкилотчилари томонидан тақдирлаш маросими жараёнига қориянинг онаси ҳам таклиф этилди. Қориянинг Қуръони карим борасида олган илмлари сабаб, унинг онаси шундай юксак эътирофга сазавор бўлди.

Барчамизга илми сабаб тож кийдирадиган фарзандлар ато этишини Яратгандан сўраб қоламиз.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари ўтказилган аёллар ўртасида "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг ғолиблари билан танишинг.

Ҳифз йўналиши

18–25 ёш:
1-ўрин: Абдулҳакимова Дилобар
2-ўрин: Мўйдинова Мубинабону
3-ўрин: Жуманова Гулжаҳон

26–40 ёш:
1-ўрин: Зоирова Нафиса
2-ўрин: Абдукаримова Нигорахон
3-ўрин: Масидиқова Ўғилой

Ислом билим юртлари талабалари орасида:
1-ўрин: Нажмиддинова Робия
2-ўрин: Фозилова Матлуба
3-ўрин: Саъдуллаева Моҳинур

Тиловат йўналиши

18–25 ёш:
1-ўрин: Нажмиддинова Нозима
2-ўрин: Абдулаҳадова Муқаддам
3-ўрин: Мирзаева Мубинахон

26–40 ёш:
1-ўрин: Акрамова Оминахон
2-ўрин: Мўминова Мўътабар
3-ўрин: Аллаева Шохистахон

Ислом билим юртлари талабалари орасида:
1-ўрин: Сайдалиева Муфаззала
2-ўрин: Норхўжаева Нилуфар
3-ўрин: Ҳусанбоева Муслима

"Энг ҳушовоз Қуръон қорияси" номинацияси соҳибаси: Дилфуза Жамилова

"Энг тажрибали Қуръон қорияси" номинацияси соҳибаси: Ҳосият Ҳайитова

"Энг ёш Қуръон қорияси" номинацияси соҳибаси: Ҳадича Бувайхўжаева

"Энг матонатли Қуръон қорияси" номинацияси соҳибаси: Нодирахон Шакирова

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгашига қарашли Ёшлар марказида аёллар ўртасида "Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018"нинг Республика босқичи ўтказилди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

الخميس, 26 نيسان/أبريل 2018 00:00

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи)

Мовароуннаҳрда биринчи бўлиб азон айтган тобеин:

 

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтган ва қилган гуноҳи учун истиғфор сўраган банда ҳалок бўлмайди”.

 

Машҳур тобеин муфассир ва муҳаддис ҳамда гўзал қироат соҳибларидан бири Абул Олия Руфай ибн Миҳрон Риёҳий Басрий Басра (ҳозирги Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири)да дунёга келди. Шу ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Ёшлигидан илму ирфонга чексиз муҳаббат қўйди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлик вақтларида ёш бўлган. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) даврларида Исломга кирган. Бироқ тобеин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кўриша олмагани учун бир умр афсусда ўтди. Шу боис, у Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари билан кўпроқ бирга бўлишга интиларди. Уларни жуда ҳурмат қилар, саҳобалар ҳам уни яхши кўрар эдилар. Бир куни Анас (розияллоҳу анҳу) қўлидаги олмани Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи)га берганида: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма”, деб олмани ўпа кетди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит (розияллоҳу анҳум) каби саҳобалардан дарс олди, улардан ҳадис тинглади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг билимдони эди. Абу Бакр ибн Довуд: “Қуръонни энг яхши биладиганлар орасида саҳобалардан кейин Абул Олиядан ўтадигани йўқ”, деб таърифлайди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларини бирор биладиган киши борлигини билса, масофа қанча узоқ ёки бориш қийин бўлмасин, албатта туясини миниб йўлга тушарди. Ҳадис ўрганишдан аввал ровийнинг намоз ўқишини кузатарди. Агар намозини тўла-тўкис адо этса, у кишини устоз тутиб, ривоятларини ёзиб оларди, аммо намоз арконларини жойига келтириб адо этмаса: “Намозга бепарво бўлган одам бошқа ибодатларга бунданда бепарво бўлади”, деб қайтиб кетарди.

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) талабаларга дарс берарди. Уларга: “Билмаган нарсангизни сўраб ўрганинг. Чунки уятчанг ва мутакаббир илм эгалла олмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибру ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди.

Шунингдек, тобеин шогирдларига Қуръон ёдлашнинг қулай йўлини тушунтириб: “Қуръонни беш оятдан ёдланглар. Шунда осонроқ ёдлаб, яхшироқ тушунасизлар”, деган.

Ривоятларга кўра, Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳ) Мовароуннаҳр ўлкасида биринчилардан бўлиб азон айтган шахс ҳисобланади. 

Руфай ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳи) ҳузурига келган меҳмонларини самимий кутиб олар ва: «Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: Сизларга салом (саломатлик)!» (Анъом сураси, 54-оят) оятини тиловат қиларди.

Буюк тобеин милодий сананинг 712 йили вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Top