Дунё янгиликлари

Шри-Ланкадаги Ислом дини тарихи

Шри-Ланка давлати Ҳинд океанида жойлашган орол шаклидаги мамлакат бўлиб, Ҳиндистоннинг жанубида жойлашган. Ушбу мамлакатда яшовчи мусулмонлар алоҳида миллат ёки халқ эмас, балки улар диний-конфессионал гуруҳдир. Мамлакат аҳолиси қарийб 21 миллион бўлиб, унинг 10 фоизини (2 миллион нафар) мусулмонлар ташкил қилади. Мамлакат аҳолисининг 70 фоизи буддавийлик, 13 фоизи ҳиндиуйлик, 7 фоизи насронийлар сифатида қайд этилган. 

Мусулмон аҳоли озгина арабча аралашган тамил тилида гаплашади, ёзувда эса узоқ вақт давомида араб имлосидан фойдаланган. Улар орасида Ҳиндистон ва Малайзиядан келганлар, шунингдек, Арабистон ярим оролидан илк кўчиб келганларнинг авлодлари бор. Хўш, Цейлон оролига Ислом қаердан келиб қолган? 

Исломнинг Шри-Ланкага кириб келиши том маънода араблар билан боғлиқ, улар ушбу ҳудудда савдо фаолиятини олиб борганлар. Араб ярим оролида Ислом пайдо бўлиши билан, Шри-Ланкага келиб ўрнашган мусулмон араблар Цейлон оролига Исломни ёйдилар ва тараққий эттирдилар, шунингдек, кейинчалик португал истилочилар Европада арабларнинг номланишидан келиб чиқиб “маврлар” деб атаган янги халқни юзага келтирдилар. Бироқ айримлар бундай номланишга рози эмас, чунки араблар ва Шри-Ланка мусулмонлари ўртасида ҳеч қандай ташқи ўхшашлик йўқ. Буни мантиқан тушунтириш мумкин – минг йиллар ичида араблар маҳаллий аҳолига қоришиб, аралашиб кетди, араб эркаклари маҳаллий аҳоли вакилаларига уйланди ва уларнинг рафиқалари Исломни қабул қилди. Шунингдек, табақаланиш ва ижтимоий зулмдан эзилган маҳаллий эркаклар ҳам мусулмон бўла бошлади. 

Бу ердаги мусулмонларнинг яна бир нуфузли гуруҳи Жанубий Ҳиндистондан келган. Айнан уларга хос тамил тили маҳаллий мусулмонлар тили учун асос бўлди ва замонавий Шри-Ланка давлат тиллари орасида ўз ўрнини эгаллади. Ҳиндистон ортидан Цейлон ороли ҳам Англия мустамлакасига айлангач, кўплаб ҳидуийлар ва мусулмон ҳиндистонликлар оролга кела бошлади. Ҳиндистонликлар чой плантацияларида ишлардилар.  

Малайлар эса Шри-Ланкада XIII асрга келиб пайдо бўлди. Малай қироли Накхон Шри Дхаммарата аскарларининг Цейлонга бостириб кириши бунинг асосий сабаби эди. XVIII асрда голланд истилочилари малай князлари ва олийнасаб зодагонларини ўз ватанларини тарк этиб Цейлон оролига кўчиб ўтишга мажбур қилишди. Улар ҳозиргача яшаб келётган малай жамоатини ташкил қилган деб ҳисобланади. Сургун қилинган малайликлар армия, полиция, ўт ўчирувчилар жамоаси, қамоқхона хизматчилари ва бошқа хизматларга жалб қилинди. Улар голланд истилоси даврида ва британияликлар келган илк йилларда ҳарбийлар сафининг асосини ташкил қиларди. Кейинроқ инглизлар ҳатто махсус малай полкини ҳам ташкил қилди, аммо кейин тарқатиб юборган. 

Турли динлар қандай ёнма-ён яшади? 

XVII асрда бу ерга илк истилочилар – португаллар келгунича Цейлон оролида мусулмонларнинг ҳаёти тинч ва беташвиш эди. Насроний ўлароқ португаллар ҳамон Салиб юришлари, Реконкиста ҳақида унутмаганди, шу сабабли улар мусулмонларни бу ҳудудлардан оммавий равишда қувди. Лекин бу диний масаланинг сиёсий томони эди, холос. 

Аввал бошдан сўнгги сиёсий эврилишларгача Шри-Ланкада буддавийлик ва Ислом тинч қўшничилик қилиб келарди. Бу, биринчи навбатда, мазкур икки маданиятнинг ўзаро қоришувида кўринади. Масалан, маҳаллий муслималар буддист ва ҳундуист аёллар каби бурунларига безак, қўлларига бир нечталаб билагузуклар тақадилар, сари ўрайдилар. 

Буддавийлик маданиятининг мусулмон меъморчилигига таъсир ҳам эътиборга молик. Шри-Ланкадаги масжидлар араб мамлакатлари ёки Марказий Осиё давлатларидаги масжидлардан катта фарқ қилади. Уларнинг қурилишида ҳам мусулмон, ҳам буддавийлик маданиятига оид белгилар қоришиб кетган. Баъзи масжидларда миноралар ва ярим ой тимсоли ҳам йўқ. Айрим ҳолларда бир нечталаб миноралар бўлиши мумкин, аммо улар таниб бўлмас даражада ўзгартирилган, жуда паст ва ингичка бўлиб, умумий меъморий мажмуада кўзга ташланмайди ҳам.  аъзи масжидлар ибодатхонадан кўра саройга ўхшайди. Берулаведаги қадимий масжидлардан бири – 920 йилда қурилган Абрар шулар жумласидандир. 

Шри-Ланкадаги қадимий масжидлар бу ерда Ислом VIII асрдаёқ мустаҳкам ўрин эгаллагани исботидир. Масалан, мамлакатнинг амалдаги пойтахти Коломбо шаҳри бош масжиди саккизинчи асрда қурилган. Манбаларда эса бу масжид ХVI асрга келиб тилга олинган. 

Мусулмонлар ўзларининг фаол савдо ишлари билан танилган эдилар ва ҳалол савдогар сифатида Цейлон халқининг ҳурматига сазовор бўлдилар. Сингалликлар деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланар, савдо билан ишлари йўқ эди. Сингал қироллари мусулмон аҳолига яхши муносабатда эди, чунки айнан улар туфайли хазина тўлар, халқаро алоқалар кенгайиб борар, бу мамлакатнинг ташқи сиёсий муносабатларига ижобий таъсир кўрсатарди. Маҳаллий аҳолнинг бошқа динларга тоқатлилиги Цейлонда мусулмонларнинг ўрнашиб, тинч яшаб кетиши учун яна бир муҳим омил бўлди. 

Бундан ташқари, мусулмонлар Канди, Маванелла, Матале, Акурана ва Курунегала каби ҳудудларда малакали шифокор сифатида ўзларини кўрсатдилар. 

Мусулмонлар сони кўп бўлмасада, улар сингал қироллари армияси сафида португаллар ва голландларга қарши курашдилар. Масалан, қирол Сенерата армиясида 4000 га яқин мусулмон жанг қилган. 

Мусулмонларнинг Цейлон оролига назари 

1344 йил Цейлон оролига таниқли араб сайёҳи Ибн Батута келади. У жаннатдан ерга қувилган Одам Ато келиб тушган Сарандиб тоғини тасвирлайди. Сайёҳ бу умрида кўрган энг баланд тоғ эканини ёзади. У тўққиз кунлик йўлдан кўриниб турарди, дейди Ибн Батута. Тоққа икки йўл – Биба ва Мама орқали бориш мумкин, йўллар Одам ва Ҳавво номига қўйилган. Тоққа кўтарилишда сайёҳ унга ўйилган ўнта зинапоялар занжирини кўради, зинопояларнинг сўнггиси “иймон пиллапоялари” деб номланади, чунки ўша ергача кўтарилиб бориб, пастга қараган одам қўрқувдан кўзи тиниб, калимаи шаҳодатни айтиб юборади. 

Цейлон оролида динларнинг кўп асрлар давомида ёнма-ён яшаб келиши турли эътиқодли кишиларнинг ўзаро яқинлашуви ва бирдамлигини келтириб чиқарди. Айнан мусулмонлар туфайли тоғнинг номи Одам Ато қояси деб аталган. Гап шундаки, қоя тепасига чиқсангиз, инсон товонини эслатувчи бир чуқурлик кўриниб туради. Буддавий буни Будданинг, ҳиндувийлар Шива ёки Вишнунинг изи деб талқин қилсалар, мусулмонлар уни ер юзидаги биринчи одамзот – Одам Атонинг оёқ изи деб таърифлайдилар. Насронийлар эса бу ерда Авлиё Фома оёқ изи қолган деб ишонади. Тоғ зиёратгоҳ бўлиб, турли дин ваклларини ўзаро бирлаштиради. 

Цейлон оролида Ислом пайдо бўлгандан ХХ асргача (1983 йили оролда сингал-буддистлар ва тамил-мусулмонлар ўртасида зиддият келиб чиққунча) буддистлар ва мусулмонлар орасида бирон марта тўқнашув қайд этилмаган. Бундан ташқари, Ислом ҳеч қачон на аҳоли, на буддист роҳиблар томонидан бегона ва хавфли дин деб қабул қилинмаган. Буддизмнинг одамлар турмуш тарзи ва маиший ҳаётига таъсири бўланига қарамай, мамлакатда ҳар бир дин ўз софлигини сақлаб қолган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3631 times

Янгиликлар

Top