muslim.uz
Шифокорлар: “Кўп сув ичинг” дейиши сабабини биласизми?
Соғлом одам кунига ўрта ҳисобда 2 литр сув ичиши дуруст. Бу шифокорларнинг тавсияси. Мия ҳужайраларидан тортиб вужудимиздаги барча аъзолар сув ила ҳаёт. Кўп сув ичсак, танамизнинг сув йўқотишини (дегидрация) олдини олган бўламиз.
Кофеинсиз (шарбатлар, чой) ҳамда тузга бой бўлмаган ичимликлар сув ўрнини босиши мумкин.
Кофеинли ичимликлар (аччиқ қора чой, қаҳва) танада сув йўқотилишига сабаб бўлгани учун, ортидан сув ичиб юборилгани маъқул.
Сувнинг вужудимизга фойдалари:
-Вужуддаги ҳароратни мўътадиллаштиради.
-Жигар ва буйраклардаги заҳарли моддаларни ювиб кетади.
- Вужудни жароҳатлардан асрайди.
- Ҳужайра ва тўқималарнинг бир-бирига яқинлашишини таъминлайди.
- Тери ҳужайраларининг соғлом кўринишига ёрдам беради.
Вояга етган инсоннинг танасида 40-50 литр сув бўлади. Қоннинг 83%, тўқималарнинг 75%, миянинг 74%, суяклар таркибининг 22%и сувдан иборат. Танадаги сувнинг 20%и йўқотилса, инсон ўлади.
Етарли миқдорда сув ичилмаса:
- Мия секинлашиб, одам дангасалашади.
- Қон қуюлади.
- Қабзият юз беради.
- Пешоб сарғайиб кетади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муфтий Шайх Равиль ҒАЙНУТДИН: Ўзбекистон учун энг мақбули — ўз меросига таяниш ва бутун башариятга асл ислом қадриятлари намуналарини ёрқин намоён этишдир
Анча йиллар муқаддам собиқ иттифоқнинг турли ҳудудларидан келган ўнлаб ёшлар сафида машҳур Мир Араб мадрасасида ислом дини асосларидан сабоқ олган чоғимда қадим Бухоро иккинчи азиз маконимга айланган эди. Ўшанда биз асл ҳақиқатни англаш, ислом йўлида хизмат қилиш иштиёқида эдик. Аммо ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳаққоний теран билимлар йиллар ўтиб миллионлаб юртдошларимиз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиши, жамиятимизнинг маънавий-маърифий эҳтиёжи йўлида улкан моҳият касб этиши мумкинлиги мутлақо хаёлимизга келмаганди. Бухорога, беназир исломий тарбия ва етук таълим берганлари учун устозларимга миннатдорлигимни қалбимда ҳанузгача сақлаб келаман. Мураббийларим, талабалик давримдаги қадрдонларим билан маънавий қардошлик алоқаларини қўллаб-қувватлашга мудом интиламан.
Бугун Ўзбекистон ислом маърифати марказларидан бири сифатида тараққиётнинг янги босқичига чиқаётганини, замонавий толиби илмларга XXI асрда ишончли истиқбол бахш этаётганини катта ҳайрат ҳамда ҳаяжон билан кузатиб бораяпман. Бу Тошкент шаҳрида магистратура ва докторантура даражаларида таълим йўналишларини амалга ошириш учун Ўзбекистон Ислом академияси таъсис этилгани, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилингани мисолида яққол намоён бўлмоқда. Қолаверса, ҳадемай, Самарқандда ҳадисшунослик бўйича Имом Бухорий илмий маркази, калом илмини ўргатиш бўйича Имом Мотуридий маркази очилади. Айни чоғда Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий марказида ақида илмидан сабоқ беришга киришилади.
Ишончим комилки, таълим, фан, маданият соҳаларидаги бунёдкорлик ишлари ҳамда моддий ресурсларга инвестиция киритиш нафақат таълим-тарбия жабҳасига ижобий таъсир ўтказади, балки ёшларнинг гуманитар, ишбилармонлик, илмий-техник ташаббусларини қўллаб-қувватлаш асосида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида қудратли механизмга айланади.
Зотан, ёрқин келажакни таъминлаш учун навқирон авлоднинг таълим олиши ва равнақ топиши, жамиятда бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқарадиган, ёшларни илҳомлантирадиган, уларга умид берадиган муҳитни яратишга ҳар қанча маблағ сарфланса, арзийди.
Шубҳасиз, диний маърифат ҳамда эътиқод сингари нозик ва мураккаб йўналишда қатъий қарорлар қабул қилиш давлат раҳбаридан мардлик ҳамда масъулият, давлат маҳкамасидан жамоатчилик билан доимий мулоқот асосида пишиқ-пухта фаолият олиб боришни талаб этади. Ўз навбатида, миллат ва элатларнинг ўзига хослиги, диний эътиқоди, жамиятнинг турли қисмлари ўртасидаги ўзаро алоқалар масалалари мамлакат ялпи ички маҳсулоти ёки Давлат бюджетида акс этмайди. Шунга қарамай, мазкур соҳадаги муҳит бузғунчилик жараёнларида ҳамда жамиятнинг шиддат билан ривожланишида ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилиши мумкин. Воқеалар ривожи айнан иккинчи йўналиш асосида кечиши учун нафақат ҳокимият ва жамият, балки жамиятнинг барча бўғини ўртасида мулоқотни йўлга қўя билмоқ керак.
Агар Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида охирги 50 — 100 йиллар эмас, балки Мовароуннаҳрдаги цивилизациянинг кўҳна тарихига назар ташлаб фикрлайдиган бўлсак, минг йиллардан зиёд вақт давомида бу заминнинг асосий маънавий манбаси ислом дини таълимоти бўлиб келганига шубҳа қолмайди. Шундай экан, ўзининг диний мероси, маънавий ҳамда маърифий қадриятларига таяниш келажак сари ҳаракатланишнинг энг мантиқий ва узвий йўлидир. Ислом — маънавий ҳамда интеллектуал жиҳатдан тинимсиз изланишга, қуршаб турган воқеликнинг барча кўринишида ҳақиқатни англаб етишга чақирувчи диндир.
Хусусан, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзлари ва эзгу амалларини софлигича ҳамда муфассаллигича авлодларга етказиш мақсадида уларни бир тизимга солиш ва таснифлаш йўлидаги интилиш буюк муҳаддис Имом Бухорийга чексиз илҳом берган бўлса, ислом динининг ҳақиқатни англаб етиш ҳамда илмий билимлар уфқларини тинимсиз кенгайтиришга қаратилган устувор тамойиллари улуғ алломалар ал-Хоразмий ва Беруний тадқиқотларининг асосини ташкил этди.
2018 йили бутун дунёда Баҳоуддин Нақшбанд (1318 — 1389 й.лар)нинг 700 йиллигини нишонлаш жараёнида унинг диний билимларда теранлиги, юксак ахлоқ-одоби ҳамда маънавияти, касбий малакаси, ҳалол меҳнат билан жамиятга фойда келтиришдек фазилатларни мужассам этган шахси ёшлар учун ўзига хос тимсол, ибратга молик сиймо тарзида ифода этилиши зарур.
Шундай экан, Ўзбекистоннинг улуғ фарзандлари қолдирган бебаҳо меросда бугунги кун ривожи учун улкан салоҳият мавжуд. Айтишим керакки, Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбарида янграган қуйидаги сўзларини эшитиб, чексиз ғурур ва ифтихор туйдим: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, дея таъкидлаши Россия мусулмон уламолари, россиялик миллионлаб мусулмонлар юрагида жўшқин акс садо берди.
Эътиборлиси, давлат ҳамда дин ўртасидаги ўзаро муносабатлар, диний соҳани ривожлантириш масалаларида Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси позицияси бир-бирига жуда яқин. Россия раҳбари Владимир Владимирович Путин 2013 йилдаёқ муфтийлар билан учрашувда экстремизм, радикализм, терроризм муаммоси, шубҳасиз, барчамизни — ислом уламоларини ҳам, ҳокимиятни ҳам хавотирга солаётгани, унга фақат куч ишлатиш йўли билан ечим топиб бўлмаслигига тўхталиб ўтганди. Жумладан, у шундай деганди: “Бугунги кун таҳдидларига қарши муваффақиятли курашиш учун, биринчи навбатда, маҳаллий мусулмон уламолари ва Россия ислом дини мактабларининг юксак нуфузини таъминлаш лозим. (...) Дин аҳли таълим-тарбияли ҳамда маърифатли, замонавий хавф-хатарлар ва таҳдидларга аниқ ҳамда диний жиҳатдан бекаму кўст баҳо бера олиш лаёқатига эга бўлиши лозим”. Бу Шавкат Мирзиёевнинг одамларни ишонтириш ва фикрини ўзгартириш, таълим, биринчи навбатда, ёшлар тарбияси, бошқа дунёқараш ҳамда эътиқоддагилар билан тинч-тотув, ўзаро ҳурмат асосида қўшничиликда яшаш, ўз диний эътиқоди ва салоҳиятини атрофдагилар, бутун жамият фойдаси йўлида рўёбга чиқаришга қаратилган фикрларига муштаракдир.
Кўпчиликка маълумки, Россияда ҳам, худди Ўзбекистондаги каби яқинда Ислом академияси очилди. Унинг таъсис этилиши ҳақида эса илк бор Президент В. Путин 2015 йилда Москва Собор масжиди очилиш маросимида гапириб ўтганди. Бугун у ерда Болгария ислом академияси биринчи қабул қилинган талабаларни ўқитмоқда. Ватанимиздаги мусулмон тафаккури ҳамда ғояларининг мумтоз меросини қайта тиклаш мақсадида Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси ва Москва ислом институти йиллик илмий-амалий конференциялар туркумига асос солди. Фаизхонов, Марджаниев, Барудиев, Бигиев, Фахретдинов, Мухлиса Буби номидаги ваъзлар, Халқаро мусулмонлар форуми, “Маънавий Ипак йўли” анжумани шулар жумласидандир. Қолаверса, илмий-диний адабиётлар фаол нашр этилаяпти, ёшлар интеллектуал ишларга жалб қилинмоқда. Қуръон мутолааси бўйича Москва халқаро танлови мамлакатнинг энг муҳташам концерт залида бўлиб ўтаяпти ҳамда нафақат Россияда, балки бутун дунёда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Шунга уйғун тарзда, ислом тараққиёти йўлларига хос қарашларимиз яқинлигидан келиб чиқиб, Россия ва Ўзбекистон мусулмонларининг ўзаро ҳамкорлигини жадаллаштиришда, келажагимизга сифатли ҳамда ижобий ўзгаришлар олиб киришга қодир маърифатпарвар ёшларнинг янги авлодини вояга етказиш борасида ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос белги ва асосни кўраяпман.
Айни пайтда араб дунёсидаги вазият барқарорлашувидан йироқдалиги, инқилоблар кетма-кетлигининг салбий асоратлари ҳамда унинг ортидан рўй бераётган фуқаролар ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳозирча бартараф этилмаётган экан, Ўзбекистон учун энг мақбули — ўз меросига таяниш ва бутун башариятга асл ислом қадриятлари намуналарини ёрқин намоён этишдир. Бундай улуғ йўлда мен Ўзбекистонга муваффақиятлар тилаб, Аллоҳ мададкор бўлишини сўраб қоламан.
Муфтий Шайх Равиль ҒАЙНУТДИН,
Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси,
Россия Муфтийлар кенгаши раиси:
ЎМИ Матбуот хизмати
Али ибн Абу Толиб
Исмлари Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманноф Қурайший Ҳошимий. Пайғамбаримизга жиян, амакиларининг ўғли бўлади. 600 йилда Макка шаҳрида туғилганлар. Пайғамбаримизнинг тарбияларини олиб вояга етадилар. Халифалик даврлари уч ярим ой кам беш йил давом этди (656-661 й.й). Куняси: Абул Ҳасан. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу метин иродали, гавдаси бақувват, шижоатли ва нафси устидан ғолиб бўлган киши эди. Амирул мўминин Али ибн Абу Толиб 661 йил рамазон ойининг ўн тўққизинчи кечасида вафот этадилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
«Кайфият умуман бошқача». Назарбоев Мирзиёев билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 15 март куни Оқўрда қароргоҳида учрашув ўтказди.
Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлади.
«Сиз Ўзбекистонда жуда катта ишларни амалга оширяпсиз ва бу бутун минтақамизга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Кеча Тожикистон, бугун Қирғизистон Президентлари билан гаплашдим. Улар ҳам сизнинг сиёсий иродангиз ва саъй-ҳаракатларингиз халқларимизни хурсанд қилаётганини айтишди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бугунги маслаҳат учрашуви ҳам сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилди. Бу ҳали бошланиши. Афғонистон масаласи бўйича ўтказилаётган конференция ҳам жуда муҳим», – дея Нурсултон Назарбоевнинг сўзларини келтирган президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлагани ва Қозоғистонга таклиф этгани учун Нурсултон Назарбоевга миннатдорлик билдирди.
«Кейинги бир ярим йил ичида икки дўст, қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тизимга тушди. 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш 2 миллиард долларга етди. Иқтисодиётимиз, маданий-гуманитар алоқаларимиз янада мустаҳкамланди. Энг катта натижа – одамларнинг кайфияти», – деган Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда олий даражадаги мунтазам мулоқотлар натижасида давлатлараро муносабатлар жадал ривожланаётгани, аввал эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.
Манба: https://kun.uz
Муҳаммад с.а.в.нинг парҳезлари
Инсон яшаши учун озгина нарса еса кифоя. “Ошқозонингизнинг бир қисмини овқатга, иккинчи қисмини сувга, учинчи қисмини эса ҳавога тақсимланг” (ҳадис)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифини ҳар бир мусулмон ёдда тутиб, унга амал қилса, ўзининг соғлигини мустаҳкамлайди, умри узаяди ва ҳар доим кайфияти аъло бўлади. Шунингдек, инсон замонавий хушбўй мева-сабзавотлардан еб парҳез қилиб юрса ҳам анча фойдали бўлади.
Кўплаб тадқиқот ўтказган олимлар келган хулоса шу бўлдики, чуқур ва тўлиқ нафас олиш ошқозон лиқ тўла бўлмаган вақтда хийла осон бўлар экан. Чуқур олинмаган нафас ҳаётнинг қисқаришига сабаб бўларкан.
Танани углекисло газдан тозалаш учун қон ўпкага келади. Аммо одамнинг нафас йўли керагича очиқ бўлмаса (бунинг оқибатида кислород ўпкага зарурий миқдорда етиб келмайди ) жараён секинлашади. Натижада қон ҳаётий эҳтиёж бўлган кислород билан керагича таъминланмайди ва ўша ҳолатида танага қайтади. Бу эса инсон танасига зарар етишига сабаб бўлади.
Бир дақиқа ичида биз 16 марта нафас олиб, нафас чиқарамиз. Ҳар нафас олганимизда танамизга ярим литр ҳаво киради. Демак, инсон бир кеча-кундузда 23 240 марта нафас олиб, нафас чиқаради. Бунинг натижасида танамизга таркибида кислород бўлган 11 620 литр ҳаво киради.
Бироқ тўла-тўкис нафас олиш чуқур нафас олингандагина ҳосил бўлади. Ошқозон ҳеч нарса сиғдирмайдиган даражада тўла бўлса, чуқур нафас олиш имкони бўлмайди ва танамизда айланаётган қонни тозалаш учун зарур бўлган кислороднинг бир қисмигина кира олади, холос. Оқибатда танада турли касалликлар пайдо бўлади.
Аён бўлаётирки, биз касалликни ўз пулимизга сотиб олаётган эканмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буни жуда ҳам аниқ қилиб тушунтирганлар: “Одам авлодлари учун ошқозонини тўлдиришдан-да хунукроқ иш йўқ”.
Шу ўринда мана бу ибратли воқеа ёдга тушади. Аллоҳнинг Расулининг ҳузурига қимматбаҳо совғалар билан бир малакали табибни юборадилар. Пайғамбар алайҳиссалом табибга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб уни ортига қайтариб юборар экан, унга бундай дейдилар: “Биз оч қолмасдан туриб овқат емаймиз, умуман, биз тўйиб овқат емаймиз, шунинг учун табибга муҳтож бўлмаймиз”.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
ЎМИ Матубот хизмати