muslim.uz
“Етти пир” ҳақида китоб тайёр, энди унга ҳомий керак
Селфи риё...ми?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзининг “Холиқ”, яъни, “Яратувчи” Зот эканлигини эслатиб шундай дейди: “(Аллоҳ) Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир”. (Наҳл, 8) Ушбу оятни тафсир қилган муфассирларимиз айтадилар: “ Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади ”. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони карим мазкур: “ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади”, жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.
Ушбу оятнинг тасдиғи ўлароқ Аллоҳ таолонинг бандаларига билдирган илми орқали вужудга келган нақлиёт воситаларидан бири бу телефон аппаратидир. Инсонларнинг узоғини яқин қилиш, меҳр-оқибат ва сийлаи-раҳм ибодатларига энг қулай восита бўлишликка сабаб бўлувчи бу мўжаз ихтиро шиддат билан ривожланишда замондош ихтироларининг кўпини нархда ҳам, қулайлик жиҳатидан ҳам ортда қолдирди. Телевизор, радио, китоб ва журналлар, овоз ёзгич, фотоаппарат ва бошқа жудаям кўп имкониятларни ўзида жамлаган бу митти овунчоқ бугун кўпчиликнинг ажралмас дўстига айланди. Ҳар ким касбига ва эхтиёжига қараб, ақл савияси, фаҳм ва фаросати миқдорича ҳоҳлаган қулайликлардан фойдалана бошлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг “ Иллат излаганга иллатдир дунё, Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё ”, деган мисралари айнан телефон аппарати учун айтилгандек бўлди. Кимдир иш юзасидан фойдаланса, кимдир шунчаки кўнгил очиш учун, яна кимдир хурсандчилик ва шодиёна кунларини эсталик сифатида сақлаш учун, яна кимлардир эса ёқтирган мусиқаларини тинглаш учун ушбу аппаратни сотиб ола бошлади.
Кимдир ўйлаши мумкин. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ҳар ким ўз пулига оляпти. Ҳоҳлаганича ишлатиши мумкин. Энди шахсий телефондан ҳам ҳоҳлаганимизча фойдалана олмаймизми?
Уларнинг гап фикри тўғри. Ҳар ким ўз мулкидан ҳоҳлаганидек фойдаланишга, ўзи истаганидек тасарруф қилишга ҳақли. Уламоламиз телефонни ўткир пичоққа ўхшатдилар. Яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам бирдек ишлашга қодир. Биз фақат бу ажойиб ихтиронинг қайси функсиясидан фойдаланишингиздан қатъий назар бир нарсани ёддан чиқармаслигингизни эслатиб қўймоқчимиз: “ Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир ”. (Ҳашр,18)
Эй, яқинларидан беркитганча номаҳрам қизлар билан турли хил мавзуларда гаплашиб тонг оттираётган ЙИГИТЛАР! Аллоҳдан қўрқинглар! “ Ва сиз сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта У (Аллоҳ) кўнгиллардагини ҳам билувчи зотдир ”. (Мулк,13) Ҳаргиз, мен фақат СМС ёзмоқдаман холоску, деб ўйламанг. “ Яратган зот Ўзи билмасми? У дақиқларгача билувчи ва хабардор Зотдир ”. (Мулк,14)
Эй, қизлик ва аёллик шаънига доғ туширганча аврат жой ҳисобланган ётоқхона ва ҳаммомларда ўзини суратга олиб, номахрамлар томоша қилиши учун суратини тарқатаётган АЁЛЛАР! Аллоҳдан қўрқинглар! У Зот беркитиб турган гуноҳларингизни ўзингиз фош қилманглар. Чунки, Росулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “ Умматимдан ҳар бири авф қилингандир. Фақат мужоҳирлар бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у тунда бир амални қилади-да, сўнгра тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: “Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Роббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади ”. (Муттафақун алайҳ) Сизнинг ўз танангизни реклама қилиб кимгадир юборган суратингиз, ёки беҳаё қилиқлар жамланган видеолавҳангиз ушбу техника ривожланган асримизда бутун дунёга бир зумда тарқалмоқда. Отилган ўқни ўз жойига қайтаришни иложи бўлмагандек, сизнинг беҳаё суратингизни томоша қилаётган ҳар битта кишининг гуноҳидан сизга келиб турган насибани ҳам қайтаришни иложи бўлмайди.
Эй, мусулмонлик номига доғ туширганча ўзгаларнинг гуноҳини, хатосини оммага тақдим қилиш учун кимўзарга видеога олаётган дўстларим, бошига оғир мусибат тушган биродарига ёрдамга узатиш мумкин бўлган қўлини телефонига чўзаётган диндошларим, Аллоҳдан қўрқинглар! “ Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир ”. (Фажр,14) “ Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади ”. (Имом Муслим) Ахир Аллоҳ таолога эхтиёжинг йўқми? Саттор ва Насийр Зотнинг ёрдамига мухтож эмасмисан? Ёки Росулинг Муҳаммад (с.а.в.)нинг ваъдаларига, у зотнинг хушхабарларига шубҳанг борми?
Эй, Аллоҳ таоло учун холис адо қилинадиган ибодатларини ҳам Селфи таёқчаси ила суратга олганча бутун дунё билан “баҳам кўраётган” ибодатли яқинларим! Аллоҳдан қўрқинглар! Роббингизнинг сўзлари ҳаққдир. У Зот айтади: “Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир. Ва мааъуунни ман қиладиганлардир”. (Мааъуун,4-7) Биз ҳар бир қадамини селфи қилаётган, Махоратини селфи қилаётган, хашаматли уй жойинию, қимматбаҳо машинасида селфи ҳолатда суратга тушаётган кишиларнинг ушбу мақтанчоқликларини илмсизликка йўйдик. Лекин сизнинг бу ибодатингиз дунёларга кўз-кўз қиладиган амал эмас. Бу сизнинг бандалик бурчингиз, охират манзили учун хозирлаётган заҳирангиз. Бу амалларда на риё, на ужуб ва на фахрланиш бўлмаслиги керак, балки, ихлос, муҳаббат, қабул бўлмай қолишлигидан хавф ҳам бўлиши даркор. Агар сенинг қилаётган ушбу амалинг холис Аллоҳ учун бўлса, бошқаларга реклама қилишнинг ила савобларингни чанг каби тўзғитиб, ажр ва мукофотдан бебаҳра холда фақат тушилган суратлар ила қолмагин. Ҳукамолар айтадилар: “Риё ва довруқ учун тоат-ибодат қилган кишининг мисоли чўнтагини тошга тўлдириб бозорга чиққан кишига ўхшайди. Одамлар айтишади: “Бу кишининг чўнтаги қанчалар тўла”. Ҳолбуки, унга инсонларнинг шу сўзидан бошқа фойда йўқдир ва агар бирор нарса сотиб олмоқчи бўлса, нга хеч нарса беришмайди. Охиратда унга савоб бўлмайди. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон,23) яъни, Аллоҳ таолодан бошқаси учун қилинган амалларнинг савобини йўқ этиб, уларни худди сочилган тўзондек қилгаймиз. Бошқа бир ҳукамолар айтадилар: “Амал қилгувчи амалида қўй боқувчидан ўрнак олиши лозим бўлади. Албатта, қўй боқувчи агар намоз ўқиса, қўйлардан намозига мақтов эшитишни ўйламайди. Шунингдек, амал қилгувчи ҳам инсонлар унга қарашларини кўнглига келтирмаслиги лозим. Аллоҳ таоло учун инсонлар олдида ва ёлғиз қолганда ҳам бир хил тарзда амал қилади. Инсонларнинг мақтовини талаб этмайди”.
Хуллас, ким бўлишингиздан, қайси касб эгаси бўлишидан, жинсингиз ва ёшингиздан қатъий назар, Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ бизга берган бу мўъжаз ихтиродан Аллоҳни унутмаган ҳолатда фойдаланинг. Уламолар айтадилар: “Агар сен бир гуноҳни қилаётганингда, Аллоҳ кўриб турганини билиб туриб қилаётган бўлсанг, демак, сен Аллоҳ таолога қарши боришга журъат топибсан. Агар, бу қилаётган амалимни Аллоҳ кўрмаяпти, деган ҳаёлда қилаётган бўлсанг, демак, сен Аллоҳга куфр келтирибсан”.
Сўзим сўнггида Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган бир ҳадисни эслатаман. Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “ Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратган вақтида Жаброил алайҳиссаломни чақириб: “ Эй Жаброил, бандаларим ва авлиёларим учун яратиб қўйган адн жаннатига бор ва ундаги неъматларга назар сол”деди. Жаброил алайҳиссалом у ерга бордилар. Жаннатни томоша қилиб турган вақтларида у ердаги қасрларнинг биридан бир хур чиқиб келди ва Жаброил алайҳиссаломга қараб табассум қилди. Шу пайт унинг тишидан таралган нурдан Адн жаннати янада нурафшон бўлиб кетди. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу нур Роббул-иззатнинг нуридан бўлса керак”, деб ўйлаб бошларини саждага қўйган эдилар, ҳалиги хур: “Эй Аминуллоҳ, бошингизни кўтаринг”, деди. Жаброил алайҳиссалом бошларини кўтариб хурга қарадилар ва: “Сени яратган Зот покдир”, дея тасбеҳ айтдилар. Хур деди: “Эй Жаброил, Аллоҳ таоло мени ким учун яратганини биласизми?”. Жаброил алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар. Хур Айтдики: “Албатта мен Аллоҳнинг розилигини ҳавойи нафсидан устун қўйганлар учун яратилганман”. (“Дақиқул ахбор фи зикрил жаннати ван нар” китоби, Имом Абдурроҳим ибн Аҳмад ал Қозий)
Ҳа азизларим, бир неча сониялик, вақтинчалик ҳою ҳавасни деб, шундай улкан мукофотлардан бебаҳра қолмайлик. Ҳар бир амалимизда Аллоҳнинг розилиги бош мезонимиз бўлсин.
Учкўприк туманидаги “Шоҳ муқаддам” жомеъ масжиди ноиб имоми:
Исломов Ёрбек.
ЎМИ Матбуот хизмати
Динимизда аёлларнинг мавқеи ҳақида
Исломдан олдинги даврни ўрганилса, динимизда аёлларнинг мавқеи нечоғли юксак эканлиги ойдин бўлади.
Исломгача Араб яриморолида, Форс ва Рум империясида, Юнон давлатида, Хитойда аёлларнинг ҳуқуқлари нафақат поймол қилинган, балки улар инсонлик даражасидан ҳам маҳрум қилинган эди.
Баъзи халқларда аёлнинг эри вафот этса, аёл ҳам эрига қўшиб ёқиб юборилган. Ҳатто она фарзандининг ҳукмронлиги остида бўлган ва ҳеч қандай ҳурматга сазовор бўлмаган.
Қуръони каримда бундай дейилади:
“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (Наҳл, 58–59).
“(ҳар бир) тириклай кўмилган қиздан сўралганида “не гуноҳи учун ўлдирилган?” – деб (Таквир, 8–9).
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: Бир куни Умар (розияллоҳу анҳу) йиғлади, бир оздан кейин кулди. Шунда атрофида ўтирган кишилар бунинг боисини сўраганларида, Умар: “Жоҳилият давридаги бир ҳолат мени йиғлатди: биз қиз фарзандларимизни тириклайин кўмар эдик. Бир куни мен ҳам жажжи қизимни кўмиш учун чуқур қазидим. Қизим чуқур қазиётганимда атрофимда эркаланиб ўйнарди. Ҳатто соқолимга ёпишган тупроқларни ўзининг жажжи қўлчалари билан силаб тозаларди. Чуқур тайёр бўлди. Қизимнинг бу нарсага ақли етиб, мендан қоча бошлади. Мен эса уни ушлаб чуқурга тиқдим. Оёғим билан босиб устига тупроқ тортдим. У ўрнидан туришга ҳаракат қилди. Мен оёғимни қаттиқ босдим, у жим бўлиб қолди, шу ҳолатни эслаб йиғладим”. Мени кулдирган нарса: биз жоҳилият вақтида хурмо меваларидан ўзимизга худо ясаб олардик. Агар қорнимиз очса, уни еб қўярдик”, дедилар.
Асрлар мобайнида аёлга бўлган бундай қабиҳ муносабатни Ислом дини йўқ қилди. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлсаю, уларга таълим бериб, одоб ўргатса, уларнинг ҳақида Аллоҳга тақво қилса, унга албатта жаннат бўлур”, дедилар. Саҳобалардан баъзилари: “Эй Аллоҳнинг расули, иккита қизи ёки синглиси бўлсачи?” деб сўрадилар.
“Иккита қизи ёки синглиси бўлса ҳам”, деб жавоб бердилар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
Қизларнинг тарбияси ва таълими отанинг зиммасига вожибдир. Ота бу бурчдан қиз турмушга чиққандан кейин озод бўлади.
Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳуқуқини берди ва эркакларни бу ишда масъул қилди. Илм талаби эр ва аёлга баробар фарздир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баъзи ҳолларда аёлларнинг фикри билан иш тутганлар. Масалан, 6-ҳижрий асрда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошлиқ 1400 саҳоба Байтуллоҳни зиёрат қилиш учун йўлга чиққанларида мушриклар Худайбия номли жойда уларнинг йўлларини тўсишади. Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар жамоаси Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга бу гапни эълон қилиб, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, дедилар. Саҳобалар қимирлашмади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам бирор киши қимир этмади. У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, аёллари Умму Салама (розияллоҳу анҳу)нинг ёнларига кирдилар. Бўлган воқеани онамизга ўтган умматлар шундай ишлар туфайли ҳалок бўлгани, шунинг учун ғоят ташвишда эканларини айтдилар.
Шунда Умму Салама (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га жуда қимматли фикр айтади: «Эй Аллоҳнинг расули, ташқарига чиқинг. Улардан ҳеч бирига ҳеч нарса демасдан қурбонлик қилинг, сўнг сочингизни олдиринг», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ташқарига чиқиб, худди Умму Салама (розияллоҳу анҳу) айтганларидек қиладилар. Уни кўрган саҳобалар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошлашади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёв Бруней Султонига табрик йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 23 февраль куни Бруней Доруссалом Султони Ҳожи Ҳассанал Болкияхга мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Маълумот учун, Бруней Доруссалом Султонлигида 23 февраль куни Мустақиллик эълон қилинган кун сифатида нишонланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари (7-мақола): Балоғат ёшига етганда уйлантириб қўйиш
Фарзанднинг отаси устидаги яна бир муҳим ҳақи бу балоғат ёшига етганидан кейин уни уйлантириб қўйишликдир. Зеро Қуръони каримда ҳам суннати Расулуллоҳда ҳам балоғат ёшига етган ёшлар ва етимларга ғамхўрлик қилишга буюрилади.
Аслида эса уйланиш ва уйлантириш ҳам болага бериладиган оилавий тарбиянинг энг муҳим қисми ҳисобланади. Шу боисдан ҳам Қуръони каримда номус ва иффатини сақланган мўминни фаҳш ва бузуқ аёллардан узоқ бўлган покиза қизлар билан ҳалол, шаръий никоҳ орқали уйланишга буюради.
Аллоҳ таоло айтади:
“Мушрика аёлларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича (мўминани)уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар сизни ажаблантирса ҳам, яхшидир. Анавилар дўзах ўтига чақирадилар. Аллоҳ эса, Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақиради ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки эсга олсалар.” (“Бақара” сураси, 221-оят)
***
“Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланади. Бу ҳолга эришиш аввало қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса, ақида бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақидаси бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман қилинади” деб шарҳланган ушбу ояти карима “Тафсири Ҳилол”да.
Демак, балоғат ёшига етган ўғил болани бирорта касбга ўргатиб, уни уйлантириб мустақил ҳаётга чиқариб юбориш ҳам отанинг зиммасидаги муҳим вазифалардан экан.
Биз ота-оналар фарзандларимизга қиладиган муносбатларимизда ўта эҳтиёкор бўлишимиз, ҳар бир бажарилган ишларимиз учун, албатта, Аллоҳ ҳузурида ҳисоб беришимиз муқаррар эканини ҳар доим ёдимиздан чиқармаслигимиз шарт.
Шунинг учун моҳиятан шарафли бўлган фарзанд ҳақларини ўз вақтида сидқи дилдан, ақл-идрокни ишга солиб адо қилишмиз уларнинг келажагда жамиятдаги ўринларини топишларида катта ёрдам беради.
Аслида ҳам ёш фарзандларимиз бизнинг қўллаб-қувватлашимизга ҳар доим муҳтож бўладилар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн ёшидаги Анас розияллоҳу анҳуни ва ун бир ёшдаги ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳар хил вазифаларга тайинлаб, натижасини назорат қилганлари шундан далолат беради. Яна ўн тўққиз ёшдаги ҳазрати Усома розияллоҳу анҳуни қўшинга бош қилишлари, йигирма бир ёшдаги Аттоб бин Асъад розияллоҳу анҳуни Маккага валий этиб тайинлашлари, ўн беш ёшдаги Зайд бин Собит розияллоҳу анҳуни ибронийча ва сурёнийча тиллар бўйича таржимон қилиб вазифадор қилганлари ёшларнинг ички имкониятларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлган. Айнан шунинг учун ҳам ҳар бир ота-она ўз наслининг келажаги бўлган фарзандларини ҳаётда қоқилмасдан, тўғри ўз ўринларини топиб кетишлари учун қўлдан келгунича ёрдам беришлари фақат фойда беради.
Биз фарзандларимизга “яхши” эмас “жуда ҳам яхши” тарбияни беришимиз лозим, ўзимиз ҳам бу масалада “бўлаверади” деб эмас, балки “ана шундай бўлиши керак” деган ниятда ҳаракат қилишимиз лозим.
Бу нарсалар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун мўмин кифоя миқдорида бўлса-да, зарурий билимларга эга бўлиши керак. Бугунги шароитда бу масалада оқсоқланиш, бехабар қолишда бировларни эмас, фақат ва фақат ўзимизни айблашимиз мумкин бўлади. Таълим-тарбия мавзуида чоп этилаётган китоблар, теле-радио дастурлари, мунтазам нашр этиб келинаётган даврий нашрлар ва интернет тармоғидаги бу йўналишидаги веб-сайтларни инобатга олганда, бундай асоссиз даъволарни қилишдан кўра ундан воз кечган мақул. Ҳамма ҳам педагог бўла олмайди, лекин ҳамма ота-оналар ҳам оқ-қорани, тўғри-нотўғрини болаларига ўргатишлари мумкин. Чунки “ҳаёт” деб аталувчи бу “дипломсиз академия” ҳар бир инсон учун ўзининг беминнат таълим-тарбиясини вақт ўтиши билан бериб бораверади. Фақат ундан ўз вақтида тўғри хулоса чиқариб борилса бас.
Ана энди асосий мақсадимизга ўтамиз. Болага ёшлигидан шариатда буюрилганга мувофиқ чиройли ва адолатли муомала қилиб, тўғри тарбия беришлик унинг ота-онага итоат қилишига ёрдам бериши ҳақида юқорида кўплаб ояту ҳадисларни ўқиб, танишиб чиқдик. Энди эса фарзандларнинг ота-она розилигини олиш учун нималарга эътибор беришлари ва нималардан ўзларини тийишлари лозимлиги ҳақида суҳбатлашамиз.
Улуғбек Султоновнинг
"Ота-онага хизмат қилиш
одоблари" китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати