Мақолалар

Селфи   риё...ми?

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзининг “Холиқ”, яъни, “Яратувчи” Зот эканлигини эслатиб шундай дейди: “(Аллоҳ) Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир”. (Наҳл, 8) Ушбу оятни тафсир қилган муфассирларимиз айтадилар: “ Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от,  хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади ”. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони карим мазкур: “ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади”, жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.

Ушбу оятнинг тасдиғи ўлароқ Аллоҳ таолонинг бандаларига билдирган илми орқали вужудга келган нақлиёт воситаларидан бири бу телефон аппаратидир. Инсонларнинг узоғини яқин қилиш, меҳр-оқибат ва сийлаи-раҳм ибодатларига энг қулай восита бўлишликка сабаб бўлувчи бу мўжаз ихтиро шиддат билан ривожланишда замондош ихтироларининг кўпини нархда ҳам, қулайлик жиҳатидан ҳам ортда қолдирди. Телевизор, радио, китоб ва журналлар, овоз ёзгич, фотоаппарат ва бошқа жудаям кўп имкониятларни ўзида жамлаган бу митти овунчоқ   бугун кўпчиликнинг ажралмас дўстига айланди. Ҳар ким касбига ва эхтиёжига қараб, ақл савияси, фаҳм ва фаросати миқдорича ҳоҳлаган қулайликлардан фойдалана бошлади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг “ Иллат излаганга иллатдир дунё, Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё ”, деган мисралари айнан телефон аппарати учун айтилгандек бўлди. Кимдир иш юзасидан фойдаланса, кимдир шунчаки кўнгил очиш учун, яна кимдир хурсандчилик ва шодиёна кунларини эсталик сифатида сақлаш учун, яна кимлардир эса ёқтирган мусиқаларини  тинглаш учун ушбу аппаратни сотиб ола бошлади.

Кимдир ўйлаши мумкин. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Ҳар ким ўз пулига оляпти. Ҳоҳлаганича ишлатиши мумкин. Энди шахсий телефондан ҳам ҳоҳлаганимизча фойдалана олмаймизми?

Уларнинг гап фикри тўғри. Ҳар ким ўз мулкидан ҳоҳлаганидек фойдаланишга, ўзи истаганидек тасарруф қилишга ҳақли. Уламоламиз телефонни ўткир пичоққа ўхшатдилар. Яхшилик учун ҳам, ёмонлик учун ҳам бирдек ишлашга қодир.  Биз фақат бу ажойиб ихтиронинг қайси функсиясидан фойдаланишингиздан қатъий назар бир нарсани ёддан чиқармаслигингизни эслатиб қўймоқчимиз: “ Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир ”. (Ҳашр,18)  

Эй, яқинларидан беркитганча номаҳрам қизлар билан турли хил мавзуларда гаплашиб тонг оттираётган ЙИГИТЛАР!  Аллоҳдан қўрқинглар!  “ Ва сиз сўзингизни сир тутасизми ёки ошкора айтасизми, албатта У (Аллоҳ) кўнгиллардагини ҳам билувчи зотдир ”. (Мулк,13) Ҳаргиз, мен фақат СМС ёзмоқдаман холоску, деб ўйламанг. “ Яратган зот Ўзи билмасми? У дақиқларгача билувчи ва хабардор Зотдир ”. (Мулк,14)

Эй, қизлик ва аёллик шаънига доғ туширганча аврат жой ҳисобланган ётоқхона ва ҳаммомларда ўзини суратга олиб, номахрамлар томоша қилиши учун суратини тарқатаётган АЁЛЛАР! Аллоҳдан қўрқинглар!  У Зот беркитиб турган гуноҳларингизни ўзингиз фош қилманглар. Чунки, Росулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “ Умматимдан ҳар бири авф қилингандир. Фақат мужоҳирлар бундай эмас. Мужоҳир шундай бир кишики, у тунда бир амални қилади-да, сўнгра тонг оттиради. Аллоҳ эса унинг гуноҳини беркитган эди. Бас, у: “Эй фалончи, ундай ва бундай қилдим”, дейди. Ваҳоланки, Роббиси уни беркитган эди. У эса Аллоҳнинг ёпиб қўйган пардасини очиб юборади ”. (Муттафақун алайҳ)  Сизнинг ўз танангизни реклама қилиб кимгадир юборган суратингиз, ёки беҳаё қилиқлар жамланган видеолавҳангиз ушбу техника ривожланган асримизда бутун дунёга бир зумда тарқалмоқда. Отилган ўқни ўз жойига қайтаришни иложи бўлмагандек, сизнинг беҳаё суратингизни томоша қилаётган ҳар битта кишининг гуноҳидан сизга келиб турган насибани ҳам қайтаришни иложи бўлмайди.

Эй, мусулмонлик номига доғ туширганча ўзгаларнинг гуноҳини,  хатосини оммага тақдим қилиш учун кимўзарга видеога олаётган дўстларим, бошига  оғир мусибат тушган биродарига ёрдамга узатиш мумкин бўлган қўлини телефонига чўзаётган диндошларим, Аллоҳдан қўрқинглар!  “ Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир ”. (Фажр,14) “ Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю  охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади ”.  (Имом Муслим) Ахир Аллоҳ таолога эхтиёжинг йўқми? Саттор ва Насийр Зотнинг ёрдамига мухтож эмасмисан? Ёки Росулинг Муҳаммад (с.а.в.)нинг ваъдаларига, у зотнинг хушхабарларига шубҳанг борми?

Эй, Аллоҳ таоло учун холис адо қилинадиган ибодатларини ҳам Селфи таёқчаси ила суратга олганча бутун дунё билан “баҳам кўраётган” ибодатли яқинларим!  Аллоҳдан қўрқинглар! Роббингизнинг сўзлари ҳаққдир. У Зот айтади: “Бир “намозхонлар”га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир. Ва мааъуунни ман қиладиганлардир”. (Мааъуун,4-7)   Биз ҳар бир қадамини селфи қилаётган, Махоратини селфи қилаётган, хашаматли уй жойинию, қимматбаҳо машинасида селфи ҳолатда суратга тушаётган кишиларнинг ушбу мақтанчоқликларини илмсизликка йўйдик. Лекин сизнинг бу ибодатингиз      дунёларга кўз-кўз қиладиган амал эмас. Бу сизнинг бандалик бурчингиз, охират манзили учун хозирлаётган заҳирангиз. Бу амалларда на риё, на ужуб ва на фахрланиш бўлмаслиги керак, балки, ихлос, муҳаббат, қабул бўлмай қолишлигидан хавф ҳам бўлиши даркор. Агар сенинг қилаётган ушбу амалинг холис Аллоҳ учун бўлса, бошқаларга реклама қилишнинг ила савобларингни чанг каби тўзғитиб, ажр ва мукофотдан бебаҳра холда фақат тушилган суратлар ила қолмагин.  Ҳукамолар айтадилар: “Риё ва довруқ учун тоат-ибодат қилган кишининг мисоли чўнтагини тошга тўлдириб бозорга чиққан кишига ўхшайди. Одамлар айтишади: “Бу кишининг чўнтаги қанчалар тўла”. Ҳолбуки, унга инсонларнинг шу сўзидан бошқа фойда йўқдир ва агар бирор нарса сотиб олмоқчи бўлса, нга хеч нарса беришмайди. Охиратда унга савоб бўлмайди. Аллоҳ таоло айтганидек: “(Зотан) Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон,23) яъни, Аллоҳ таолодан бошқаси учун қилинган амалларнинг савобини йўқ этиб, уларни худди сочилган тўзондек қилгаймиз. Бошқа бир ҳукамолар айтадилар: “Амал қилгувчи амалида қўй боқувчидан ўрнак олиши лозим бўлади. Албатта, қўй боқувчи агар намоз ўқиса, қўйлардан намозига мақтов эшитишни ўйламайди. Шунингдек, амал қилгувчи ҳам инсонлар унга қарашларини кўнглига келтирмаслиги лозим. Аллоҳ таоло учун инсонлар олдида ва ёлғиз қолганда ҳам бир хил тарзда амал қилади. Инсонларнинг мақтовини талаб этмайди”.

Хуллас, ким бўлишингиздан, қайси касб эгаси бўлишидан, жинсингиз ва ёшингиздан қатъий назар, Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳ  бизга берган бу мўъжаз ихтиродан Аллоҳни унутмаган ҳолатда фойдаланинг. Уламолар айтадилар: “Агар сен бир гуноҳни қилаётганингда, Аллоҳ кўриб турганини билиб туриб қилаётган бўлсанг, демак, сен Аллоҳ таолога қарши боришга журъат топибсан. Агар, бу қилаётган амалимни Аллоҳ кўрмаяпти, деган ҳаёлда қилаётган бўлсанг, демак, сен Аллоҳга куфр келтирибсан”.

Сўзим сўнггида Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган бир ҳадисни эслатаман. Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “ Аллоҳ таоло Адн жаннатини яратган вақтида Жаброил алайҳиссаломни чақириб: “ Эй Жаброил, бандаларим ва  авлиёларим учун яратиб қўйган адн жаннатига бор ва ундаги неъматларга назар сол”деди.    Жаброил алайҳиссалом у ерга бордилар. Жаннатни томоша қилиб турган вақтларида у ердаги қасрларнинг биридан  бир хур чиқиб келди ва Жаброил алайҳиссаломга қараб табассум қилди. Шу пайт унинг тишидан таралган нурдан Адн жаннати янада нурафшон бўлиб кетди. Шунда Жаброил алайҳиссалом “Бу нур Роббул-иззатнинг нуридан бўлса керак”, деб ўйлаб бошларини саждага қўйган эдилар, ҳалиги хур: “Эй Аминуллоҳ, бошингизни кўтаринг”, деди. Жаброил алайҳиссалом бошларини кўтариб хурга қарадилар ва: “Сени яратган Зот покдир”, дея тасбеҳ айтдилар. Хур деди: “Эй Жаброил, Аллоҳ таоло мени ким учун яратганини биласизми?”. Жаброил алайҳиссалом: “Йўқ”, дедилар. Хур Айтдики: “Албатта мен Аллоҳнинг розилигини ҳавойи нафсидан устун қўйганлар учун яратилганман”. (“Дақиқул ахбор фи зикрил жаннати ван нар” китоби, Имом Абдурроҳим ибн Аҳмад ал Қозий)

Ҳа азизларим, бир неча сониялик, вақтинчалик ҳою ҳавасни деб, шундай улкан мукофотлардан бебаҳра қолмайлик. Ҳар бир амалимизда Аллоҳнинг розилиги бош мезонимиз бўлсин.

Учкўприк туманидаги “Шоҳ муқаддам” жомеъ масжиди ноиб имоми:

Исломов Ёрбек.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4024 times

Мақолалар

Top