muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 17 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Масжидун-Набий Умра мавсуми учун тайёр

Саудия Арабистони ҳукумати Умра мавсуми учун Пайғамбар масжиди тайёр ҳолга келтирилганини маълум қилди.

Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ва шахзода Муҳаммад бин Салмоннинг фармонига асосан Мадинадаги Пайғамбар масжиди ишлари бўйича Кенгаш Умра мавсуми учун тайёргарликни якунига етказди. 

Saudi Gazette нашрининг хабарига кўра, бугунги кунда зиёратчилар учун масжиднинг барча эшиклари очилган. Масжиддаги эшиклар сони 100 тани ташкил этади. 

Кенгаш раисининг ўринбосари фикрига кўра, масжидга имконияти чекланган шахсларнинг келиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, масжид ичи ва унинг атрофида тозаликка риоя қилинишини таъминлаш чоралари кўрилган. 

Муҳаммад (салоллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбаримиз кутубхонасида сақланаётган барча китоблар, овозли адабиётлар зиёратчиларнинг фойдаланишлари учун очиқ бўлиши айтилмоқда.

ЎМИ матбуот хизмати

الجمعة, 17 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Болангизнинг қобилиятига эътибор қилинг.

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Боланинг қобилиятига эътибор қилиш. Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканига аҳамият бериш керак. Шариатда изн берилган ҳар қандай юмушни унга юклаб қўявермаслик керак. Чунки унга қўлидан келадиган ишдан бошқаси юкланса, у ишни бажара олмайди ва қобилияти етадиган нарсани қўлдан бой беради. Агарда валий болани фаҳму фаросати ўткир, идроки дуруст, хотираси яхши, тўғри англайдиган ва билимга рағбатли деб билса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёрлигининг аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси фориғ бўлиб турганда, унга илмни нақш қилсин. Токи, илм қалбга муҳрлансин ва тобора ривожланиб борсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар биронта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар». Буюк файласуф Суқрот: «Дунёдаги барча адашишларнинг бош сабабчиси илмсизликдир», деган.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу Абу Бакр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга шундай деб ёзган эди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқаяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро, илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!»

Агарда боланинг илмга лаёқати ва рағбати йўқ эканини сезса, бироқ унда баҳодирлик ва от миниш, ўқ отиш, найза ўйнатиш каби ишларга қобилият кўринса, унга шу соҳа билан шуғулланиш ва машқ қилиш лозим бўлади. Мана шу иш унга ва мусулмонларга фойдалироқдир. Борди-ю аксинча, уни бундай ишларга қобилияти йўқ эканини кўрса ва унинг мусулмонларга фойдали бўлган бирон-бир ҳунарни эплаб кетишига ақли етса, ўшанга йўл очиб берсин.

Булар унга кифоя этадиган зарур даражадаги диний билимни ўргатилгандан кейинги ишлардир. Бу вазифаларни бажариш ҳар бир кишининг қўлидан келади. Бандалар устида Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлиши учун мана шундай осон қилингандир. Бандалар устида Аллоҳнинг мўл-кўл неъмати бўлганидек, Унинг етук ҳужжати ҳам улар устида барқарордир.

Болаларни ҳаромдан йироқ қилиш. Болани ипакдан тайёрланган кийимлар кийишдан узоқлаштиришга сабаби шуки, бу унинг тарбиясини бузади ва аёлмижоз қилиб қўяди. Шунингдек, баччабозлик, ароқхўрлик, ўғрилик ва ёлғон ҳам уни хотин мижозга айлантиради. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди». (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, унинг валийси мукаллафдир. Валийнинг бола учун ҳаромга йўл очиб қўйиши ножоиздир. Негаки, бола шунга одатланиб қолса, ундан ажралиши оғир бўлади. Бу олимларнинг айни масала юзасидан айтган сўзларининг энг тўғрисидир. Ипак кийиш болага ҳаром бўлмайди, дейдиганлар: «Чунки у мукаллаф эмас, унинг ҳам ипак кийиши ҳаром бўлмайди», – дейдилар. Бу сўз энг фосид қиёсдан келиб чиқади. Ахир, гўдак мукаллаф бўлмагани билан мукаллаф бўлишга тайёрланаяпти-ку! Шунинг учун унга таҳоратсиз, яланғоч ёки нажосатли ҳолда намоз ўқиш, ароқ ичиш, қимор ўйнаш ва баччабозлик қилишга йўл қўйилмайди.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

(Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг Андижон вилоятида бўлиб ўтган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзуидаги диний соҳа ходимларининг Республика анжуманида сўзлаган нутқи)

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله و الصلاة

 و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه أجمعين

 أما بعد...

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Ҳурматли имом-хатиблар, қадрли устоз-мураббийлар ва азиз меҳмонлар!

Барчангизни аҳли илмларнинг замини бўлган Андижон вилоятида сиҳат-саломатликда кўриб турганимдан бениҳоя мамнунман. Анъанага айланган диний соҳа ходимларининг республика анжуманига хуш келибсиз.

Бу йилги анжуманимиз олдингиларидан фарқли улароқ қўшни давлатларимиздан келган қадрли меҳмонларимиз шарофати билан  ўзгача аҳамият касб этиб турибди. Ушбу анжуманимизда қўшни Қирғизистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек Тохтамишев ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон раҳбарлигидаги азиз меҳмонлар ҳам иштирок этмоқдалар.

Қадрли анжуман иштирокчилари ва азиз меҳмонлар!

Хабарингиз бор, шу йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Озарбайжон ва Ўзбекистон мисолида” номли халқаро анжуман доирасида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Эржан Маямеров ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсатбек Тохтамишев билан суҳбат қилиб, келгусида ҳамкорликда қиладиган ишларимизни келишиб олинган эди. Бугунги анжуманда ушбу ҳамкорлик алоқаларимизнинг узвий давоми сифатида Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Махсадбек Тохтамишев ва Қозоғистон Республикаси Жанубий Қозоғистон вилояти Бош имом-хатиби Каримбек Аҳмаджон бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар иштирок қилишмоқда.

Маълумки, сизу биз қардош халқлар билан дўстлигимиз жуда ҳам қадим-қадимдан сайқалланиб, ривож топиб келган. Айниқса, ўзбек, қирғиз ва қозоқ халқлари дўстлиги кўп йиллик тарихга эга. Халқларимиз ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Ўзаро ишончга асосланган муносабатларимиз бундан буён ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман.

Азизлар ўтган йил охирида бир гуруҳ қирғизистонлик меҳмонлар таркибида диний уламолар юртимизга ташриф буюришган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган дўстона муносабатларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 26 октябрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ вакиллари, хусусан, диний уламолар Ўш областига ташриф буюрдилар. Қирғизистон муфтийси Махсатбек Тохтамишев ва қирғизистонлик имом-хатиблар, уламолар ҳамда диний соҳа ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ташриф асносида ўзаро ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш бўйича қилинадиган ишлар келишиб олинган эди.

Муҳтарам Президентимизнинг “Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч асосига қурилган ҳамкорликни ривожлантириш ташқи сиёсатимизнинг муҳим йўналишларидан биридир”, деб айтган сўзлари бизларни янада фаол ҳаракат қилишга ундайди.

Шу ўринда айтиш керакки, Қозоғистонлик диний уламолар билан ҳам ҳамкорлигимиз борган сари ривож топиб бормоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида жадал ривожланмоқда. Ушбу ташрифингиз бизларни жуда қувонтирди. Биз азалдан бир заминда яшаймиз, бир дарёдан сув ичамиз. Оғир пайтларда ота-боболаримиз бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган, ширин сўзини аямаган.

Шу ўринда Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”, деган гапларини келтириб ўтиш лозимдир.

Қозоқ халқини бирлаштирган уч буюк бийдан бири – Тўлабий номи чиндан ўз халқи ва ватанига садоқат рамзи бўлиб қолган. Тўлабийнинг мангу қўним топган жойи бизнинг заминда экани халқларимиз ўрасидаги абадий дўстлик ифодасидир. Улуғ мутасаввиф Хожа Аҳмад Яссавийнинг фаолияти донолик мезони бўлиб, Ўрта Осиёдаги халқларни бирлаштириб, жипслаштиргани ҳаммамизга маълум. Аҳмад Яссавийнинг шогирди, “Яссавия” тариқати давомчиси Чимир ота исмли авлиё ҳам аксар умрини Тошкентда ўтказган ва вафот этгандан кейин шу ерга дафн этилган.

Ўтган йили қозоғистонлик бир гуруҳ меҳмонлар қаторида диний уламолар ҳам диёримизга ташриф буюришган эди. Ушбу уламолар билан ҳамкорлик ришталаримизни янги поғонага кўтариш масалалари келишиб олинган эди. Мана шу келишувларимизни иш фаолиятимизга тадбиқ этиш вақти келди.

Шуни алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, Марказий Осиё халқларини буюк мақсадлар йўлида бирлаштиришда давлатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ҳар қандай таҳсинга лойиқдир. Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда.

2017 йил 5 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев таклифига биноан  давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга борди. Ташриф ўзининг кўп жиҳатлари билан жуда ҳам самарадор бўлди. Якунида 2017-2019 йилларга мўлжалланган йирик қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. 2017 йил 5 октябрь куни эса Қирғизистон Президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди.  Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида декларация имзоланди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 2017 йил 9-10 сентябрь кунлари Қозоғистонга ташриф буюриб, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммитида иштирок этди. Шунингдек, 16-17 сентябрь кунлари Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди. Мазкур ташриф доирасида ҳам Қўшма баёнот ҳамда Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг турли соҳаларига доир 10 дан зиёд ҳужжат имзоланди. 

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга ташрифи чоғида минтақамизда яшаётган барча халқларнинг бугуни ва келажаги ҳақида гапириб: “Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда”, деб айтдилар.

Биз дин пешволари бу нарсани ҳаммадан ҳам яхшироқ тушунган ва идрок этган ҳолда давлатларимиз, халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим. Қолаверса, динимизнинг ҳам таълимоти бунга буюради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси сиз-азиз қозоқ ва қирғиз дўстларимиз билан ҳамкорлик муносабатларини янада жадал давом эттиришга тайёрдир. Ушбу анжумандан кейин яна алоҳида муҳим масалаларни келишиб оламиз, иншоаллоҳ.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Айни кунларда Ўзбекистон диёрида жуда кўп ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиликлар бўлаётганининг ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Бундай яхши ишларнинг иштирокчиси бўлиб турганимиз учун Яратган Парвардигорга чексиз шукроналар айтамиз.

Бугун дунё саҳнида кечаётган воқеа-ҳодисалар, турли жараёнлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса гап тинчлик, тотувлик ҳақида борганида бунга яна бир бор гувоҳ бўлади киши. Ушбу мўъжаз кошонага жуда ҳам долзарб масала – тинчлик, эзгулик ва бугунги кун билан ҳамнафас яшаш борасида сўз юритиш учун жамландик. Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдадир. Бу  неъматнинг бебаҳо экани тўғрисида Ислом дини манбаларида ҳам такрор-такрор айтиб ўтилган.

Афсуски, Ер юзида тинчликдек улуғ неъматдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд эмас. Дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган беқарор вазият, манфаатлар тўқнашуви ва маъносиз урушлар кўплаб қурбонларга сабаб бўлаётганидан ҳаммамиз хабардормиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида қилган тарихий чиқишида бузғунчи-вайронкор кучларга қарши маърифат билан курашиш кераклиги ҳақида ташаббус кўрсатиб, бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни, Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини энг муҳим вазифа, деб билишга тарғиб этдилар. Мана бугун ташкил этилган анжуман ҳам диний соҳа ходимларининг жаҳолатга қарши маърифат билан, яъни илм тарқатиш билан курашишларига яна бир туртки бўлади, иншоаллоҳ.

Шунинг учун ҳам бугунги тезкор ахборот асрида муқаддас Ислом динимиз зулму зўравонликка ва хунрезликка мутлақо қарши эканини, унинг инсонпарварлик, илму маърифат дини эканини тарғиб этиш мақсадида, бир бирга фаолият олиб боришимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг биз бандаларига берган буюк неъматларидан биридир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: 

يَهْدِي بِهِ اللَّهُ مَنِ اتَّبَعَ رِضْوَانَهُ سُبُلَ السَّلَامِ وَيُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ بِإِذْنِهِ وَيَهْدِيهِمْ إِلَى صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

яъни: “Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам азизлар, диёримизда мана шундай тинч-тотув, хурсандчилик дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик деган улуғ неъмат шукронасини қилиб, уни асраш йўлида биз дин пешволари ҳам тинмай ҳаракат қилишимиз зарур.

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугунги кунда она юртимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда катта ютуқ ва марраларни қўлга киритаётгани Парвардигорнинг бизга кўрсатаётган чексиз марҳаматидир. Муҳтарам Президентимиз муқаддас динимиз таълимоти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимизнинг илмий меросларини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш ва янги-янги масжид-мадрасалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратаётганларини жуда ҳам катта мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Ўтган бир йил давомида Қорақалпоғистонда «Имом Эшон Муҳаммад» масжиди, Хоразмда «Охун бобо» масжиди, Тошкентда «Имом Термизий», «Сузук ота» масжидларини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий зиёратгоҳи, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуасининг қайта қурилиши, шунингдек, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этилиши ва Шеробод туманида янги “Имом Термизий” жоме масжиди очилиши барчамизни чексиз мамнун этди.

Айниқса, Самарқандда «Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази» очилаётгани мутафаккир аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, шу билан бирга, бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беради.

Ҳазрати Имом мажмуасида улкан Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини дунёга таратишда беқиёс аҳамиятга эга. Ўз навбатида ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмий мактаблари ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига жуда катта хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Ууни кеча Самарқанд вилоятида “Ҳадис” ва “Калом” илмий мактабларининг очилиши бу йўлда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг яққол намунаси ҳисобланади. Мана шу икки мактабдан келажакда исломий илмлар бўйича фан докторлари етишиб чиқиб, буюк аждодларимизнинг калом ва ҳадис фанида ёзилган бебаҳо илмий меросларини ўрганиб бутун халқимиз, хусусан, ёшларимизга етказади. Ушбу мактабларга имом-хатибларни тингловчи сифатида қабул қилиб, кучли билим ва тафаккурга эга бўлган уламоларни етиштириб чиқаришимиз лозим.

Бу йилги Рамазон ойида мўмин-мусулмонлар ҳаётида улкан тарихий воқеа содир бўлди. У ҳам бўлса, муҳтарам Президентимиз уламолар ва имом-хатибларни пойтахтимизда жамул-жам қилиб, қалбларининг тўридаги самимий гапларини айтиб, дин пешволари олдида турган энг муҳим вазифаларни баён қилиб бердилар. Ўз навбатида уламолар ва имом-хатиблар давлатимиз Раҳбарининг бундай эътиборидан руҳланиб, янада куч-ғайрат ва шижоат билан ишлашга аҳд қилдилар.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаётган диний ходимлар олдига қуйидаги долзарб вазифаларни адо этиш талаби қўйилмоқда:

– Бугун ҳар бир имом-хатиб мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига тушунтириб бориши лозим. Ватан келажаги учун қайғурар эканмиз, ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган, ислоҳотларга лоқайдлик билан қарайдиган ва тарбияни издан чиқарадиган иллатлардан халқимизни ҳимоя қилиш сув ва ҳаводек зарур;

– Имом-хатибларимиз жума мавъизаларида дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган тартибсизликлар, хунрезликлар, фитналар ортида эзгулик душмани бўлган разил кучлар турганини, бу ҳолат ҳеч бир фикри соғлом кишини бефарқ қолдирмаслиги, можаролар қайси мамлакатда рўй бермасин, бу бутун инсониятнинг фожиаси бўлиб, муқаддас ислом дини таълимотларига бутунлай зид эканини кенг оммага тушунарли ва таъсирчан қилиб етказишлари лозим;

Бугун глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур. Турли, манбаси номаълум сайтларда одам ақлини чалғитувчи, айниқса ёшларимизни тўғри йўлдан оздирувучи, яширин ғоялар мавжудлигини уларга тушунтириб боришлари даркор. Бундай сайтларнинг бош ғояси соф ислом таълимотини бузиб талқин этиш, шу орқали қалби нафис ёшларнинг фикрини заҳарлаш орқали тинч-тотув ҳаётларини издан чиқариш, алал-оқибат юрт тинчлигига раҳна солишдан иборатдир. Бу масалаларни тушунтиришда Ислом дини бу маърифат, илму ирфон, эзгулик, жамият тараққиётига хизмат қилувчи дин эканига алоҳида эътибор беришлари керак. Жумладан, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган мудҳиш воқеалардан ҳаммамизнинг кўнглимиз қаттиқ ранжиди. Бундай қабиҳликлар тагида тинчликка рахна солиш, одамларни бир-бирига қарши қў­йиш, ислом динини ёмон қилиб кўрсатиш каби макр-ҳийлалар борлигини фош этиш керак. Бундай ёмон макр-ҳийланинг касофати уни уюштирган кимсаларнинг ўзига уради. Зеро, Аллоҳ таоло “...Ёмон макр эса, фақат ўз эгаларини ўраб олур (ҳалок қилур)...” (Фотир, 43)  деб огоҳлантирган;

Тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий жиҳатларидан огоҳ этиб, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган муқаддас динимиз таълимотларига қулоқ солишни, бу дин ҳар замон ва маконда инсоният фаровонлигига хизмат қилиб келганини, дунё тамаддунига ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб, бундан кейин ҳам жамият тараққиёти ва равнақига хизмат қилишини илмий асослар билан тушунтиришлари керак;

– Шуни ҳам яхши билиб олишимиз лозимки, бузғунчи оқимларнинг асосий ғоялари халқимиз асрлар давомида эътиқод қилиб келаётган мотурудия ақидаси ва ҳанафий мазҳабига мутлақо ёт эканини аниқ мисол ва ишончли далиллар асосида халққа етказиш ҳам имом-хатиблар зиммасидадир. Бу вазифани булардан бошқа ҳеч ким бажара олмайди. Айрим ташвишли ҳолатларга, баъзи ёшларнинг чет эл меҳнат сафаридан келгач, ўз халқи эътиқодини янглиш ҳисоблаб, адашган гуруҳларнинг алдовларига учиб, “бу ибодатни бундай қилиш керак, у амални ундай қилиш лозим”, деб “ўргатиш”гача боришларига имом-хатиблар асло йўл бермасликлари керак.

– Бугуннинг имом-хатиблари жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти  юксак инсонлар бўлишлари керак. Изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган имом, замондан орқада қолиши аниқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савиясини доимо ошириб боришлари зарур. Бугун имом-хатибларга бўлган муносабат тубдан яхши томонга ўзгарди. Бу ҳар қанча таҳсинга лойиқ бўлсада, айни пайтда оғир масъулият ҳамдир. Чунки бу ишончни оқлаш имом-хатибларимиздан катта шижоат, кучли ирода ва самимий ихлос каби фазилатларни қўлга киритишни талаб этади. Энди уларга маърифат ва маънавият тарғиботчилари деб қаралаётганини чуқур англашлари, қадрлашлари керак;

– Булар бежизга айтилмаяпти. Сабаб, сўнгги пайтларда юртимизда бевосита Давлатимиз раҳбари томонларидан ташкил этилаётган калом, ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактабларини юритиш, ривожлантириш бу борада олиб борилаётган барча ишларимизга янгича ёндашувни, ўзгача фаолият олиб боришни тақозо этмоқда. Бу дегани имом-хатибларимиз ҳар дақиқада юртимиз ва хорижда рўй бераётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб туришлари, юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлардан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб, унинг жадал ривожига ўзларининг ҳиссаларини қўшишни мўминлик вазифаси деб билишлари лозим;

– Ҳар бир имом-хатиб иш жараёнини замонавий техника воситалари ёрдамида амалга ошириши керак. Замон технологияларига бегона кўз билан қараш биз диний соҳа вакилларининг айримларига одат бўлиб қолган. Ваҳоланки бундай технологиялар нафақат иш юритишни енгиллатади, балки унинг таркибий қисми бўлган ижтимоий тармоқлар ёшларнинг дин ўрганишдаги асосий манбаларига айланиб улгурди. Шунинг учун сиз имом-хатибларнинг олдингиздаги бирламчи вазифа ана шу минбарларни ғаразгўйлардан тортиб олиб, халқимизга ислом маърифатини ёйишнинг яна бир воситаси сифатида улардан унумли фойдаланишингиз даркор.

– Бугунги кунда имом-хатибларимиз томонидан халқимизга етказишлари лозим бўлган яна бир муҳим нарса бу Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг муслим.уз сайти ҳақидаги маълумотлар ҳисобланади. Идорамизнинг ушбу ахборот манбасида жойлаштирилаётган маълумотлар одамларимизни қизиқтираётган масъалаю масоилларни ўз ичига олади. Айниқса, охирги фатволар, тўғридан тўғри савол-жавоб ва кундалик долзарб бўлган масалалар ёритиб борилмоқда. Энг муҳими, интернетда онлайн диний дарсларнинг йўлга қўйилгани бўлиб, ҳозирда тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, тажвид каби ислом динининг муҳим соҳалари ҳақида етук олимларимиз томонидан дасрлар бериб борилмоқда. Имом-хатибларимиз одамларимизга, айниқса, ёшлар билан учрашувларда интернет тармоғидаги ҳар хил сайтларга кириб, турли хил фикру қарашларни олиб юрмасдан ҳар бир айтилаётган хабар ва янгиликлари, берилаётган фатволари асосли бўлган ушбу расмий сайтимизга мурожаат этишларини таъкидлашлари лозимдир.

Муҳтарам анжуман иштирокчилари!

Яқинда, 10–11 ноябрь кунлари БМТ шафелигида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда муҳтарам Президентимиз бизнинг бош мақсадимиз – умумий саъй ҳаракатларимиз билан Марказий Осиёни барқарор иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдан иборат эканини алоҳида таъкидладилар. Шу мақсадда ёшларга илм-маърифатни ўргатиш, уларга ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ислом маданиятининг асл қадриятларини етказиш экстремизмга қарши курашнинг энг самарали воситаси эканини қайд этдилар.

Сўзимнинг якунида юқоридагилардан келиб чиқиб айтмоқчиманки, ҳар бир диний ходим зиммасидаги масъулиятли вазифанинг қадр-қимматини юрагидан ҳис этиб, виждонан ишлашга қаттиқ бел боғлашларини чин қалбимдан истаб қоламан. Ҳар бир бажараётган ишини Яратган Парвардигор кўриб турганини қалбидан ўтказсин, дин ходими эканини зинҳор унутмасин, ўзини, менлигини унутсин-да, дин, Ватан, миллат дарди билан бўлиб, жамиятимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишни муқаддас бурчи деб билсин.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

(Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб ўтказилган “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда сўзлаган нутқи)

 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله

 و الصلاة و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه الأجمعين أما بعد...

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу,

Ҳурматли меҳмонлар ва анжуман иштирокчилари!

Сиз азизларни мана шундай муҳташам даргоҳда сиҳат-саломатликда кўриб турганимдан бениҳоя мамнунман. Халқаро бағрикенглик куни билан барчангизни табриклайман ва бу кунга бағишланган ушбу анжуманнинг ишига муваффақиятлар тилайман.

Халқимиз азалдан бағрикенг ва меҳмондўст бўлиб келган. Кексаларимиз дуога қўл очганда: “Парвардигоро, бизга кенг феъл, кетмас давлат бергин”, деган иборани доимо такрорлашади. Улуғларимиз дуосидаги “кенгфеъллик” сўзи айни бағрикенглик маъносини билдиради. Қадимдан Ўзбекистон заминида яшаган миллатлар бир-бирига елкадош бўлиб, оғирини енгил қилишган. Шунинг учун хурсандчиликда ҳам, тўй-у маъракада кўп миллатли халқимиз бир-бирлари билан ҳамкору ҳамжиҳат бўлиб яшашган. Бугун ҳам ушбу анъаналаримиз давом этиб келмоқда.

Мамлакатимизда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлар ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида бир талай ишлар қилинди ва бу ўзининг жуда ҳам катта ижобий натижасини бермоқда.

Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб, иттифоқчиликда яшамоқда. Уларнинг ўз анъана ва урф-одатларини адо этиш, миллий ва диний байрамларини нишонлаши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бу борада мамлакатимиз ўзига хос бой тажриба орттирганини таъкидлаш керак. Буни бутунжаҳон ҳам эътироф этмоқда.

Масалан, яқинда диний идорамизга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид: “Ўзбекистондаги миллат ва элатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмайди”, дея юртимиздаги тинчликни таъминлашдаги ишларни эътироф этди.

Бундай аҳилликнинг асосий сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифалар адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталик муҳитида ўз ифодасини топмоқда.

Ҳурматли анжуман қатнашчилари,

Маълумки, динлараро бағрикенглик тушунчаси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир ватанда, эзгу ниятлар йўлида ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга даъват этади.

Ислом ўз тарихи мобайнида, собиқ, ўтган динларга ҳеч қандай тазйиқ қилмади. Турфа-туман мазҳаб ва мафкураларга қарши мутаассиблик йўлини тутмади. Балки унинг шиори шундай бўлди: «Бас (эй Муҳаммад), Менинг бандаларимгасўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашадиган зотларга хушхабар беринг!» (Зумар сураси, 17-18-оятлар). Диний бағрикенглик борасида Ислом цивилизацияси қуйидаги асосларни эълон этди:

  1. Албатта, барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга юборган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат – (қонун) қилди, – «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро сураси, 13-оят).
  2. Албатта, Пайғамбарлар биродардирлар. Рисолатда уларнинг ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ. Уларнинг ҳаммасига мусулмонлар имон келтиришлари лозим: «Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча Пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у Зотга бўйинсунувчилармиз» (Бақара сураси, 136-оят).
  3. Албатта, эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилиши лозим: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир» (Бақара сураси, 256-оят). «Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус сураси, 99-оят).
  4. Илоҳий диёнатларнинг ибодат маконлари муҳтарам жойлардир, мусулмонларнинг масжидлари каби уларни ҳам ҳимоя ва мудофаа қилиш лозим: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даъф қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди» (Ҳаж сураси, 40-оят).
  5. Албатта, одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси, 2-оят). Улар ўзаро ихтилоф қилаётган нарсаларига ҳукм этишга келсак, буни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ўзи ҳал қилади: «Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни, Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар (яъни, Маккадаги мушриклар: «Муҳаммад ҳақ эмас», дейишди). Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ қиёмат кунида ҳукм қилади» (Бақара сураси, 113-оят).
  6. Ҳаётда ва Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг афзаллиги ўзига ва одамларга қилган яхшилик ва эзгулиги миқдорида бўлади. «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).

 «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир» (Баззор ривояти).

  1. Албатта, динлардаги ихтилоф яхшилик, силаи-раҳм ва меҳмондорчиликдан тўса олмайди: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир... Сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир» (Моида сураси, 5-оят).

 

  1. Одамлар динларида ихтилоф этсалар-да, бир-бирлари билан гўзал шаклда, одоб доирасида, ҳужжат ва қаноатлантириш билан мужодала этишлари мумкин: «(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала – мунозара қилинглар» (Анкабут сураси, 46-оят). Мухолифларга ёмон сўзлар айтиш, агар бутпараст бўлсалар ҳам, эътиқодларини сўкиш жоиз эмас: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар» (Анъом сураси, 108-оят).
  2. Агар уммат динда унга тажовуз қилганлардан ғолиб келса, динларини тарк этишга мажбурлаш билан улардан интиқом олиш ва ақидалари тўғрисида уларни қувғин қилиш мумкин эмас. Улар давлатнинг султони (ҳукмронлигини) эътироф этишлари ва «бизникидек ҳуқуққа ва бизникидек мажбуриятга» эга бўлишлари учун давлатга содиқ яшамоқларининг ўзи кифоя.

Ислом цивилизациясига пойдевор бўлган дин бағрикенгликнинг асослари мана шулардир. У мусулмонларга Аллоҳнинг барча Пайғамбар ва расулларига имон келтиришни, уларни ҳурмат ва эҳтиром-ла зикр қилишни, уларнинг издошларига ёмон муносабатда бўлмай, мулойим сўзлаш, улар билан алоқада бўлиш, яхши қўшничилик билан меҳмондорчилигини қабул қилиш ва оилалар аралашиб, қонлар қўшилиб кетар даражада қариндош бўлишдек гўзал муомалани вожиб этади. Ислом уларнинг ибодат маконларини ҳимоя этишни, эътиқодларига аралашмасликни, ҳукмда жабр қилмасликни, умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларда мусулмонлар билан баробар кўришни ва ҳурматлари, ҳаётлари ҳамда келажакларини мусулмонларнинг ҳурмат, ҳаёт ва келажаклари муҳофаза этилганидек сақлашни мусулмонларга лозим қилди.

Мана шу бағрикенглик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг асосини қўйиб берганларидан бошлаб, то у таназзулга юз тутгунча, асослар йўқ бўлиб, буйруқлар унутилгунча ва одамлар динидан жоҳил бўлиб, бу мукаррам диний бағрикенгликдан узоқлашгунларича  исломнинг асл қонуни

Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: «Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман».

Бир марта Нажрон насоролари келганда, уларни ҳам масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этмоққа рухсат бердилар. Улар масжиднинг бир томонида ибодат қилишса, Расулуллоҳ ва мусулмонлар бошқа томонида намоз ўқишган. Улар динларини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ билан муноқаша этмоқчи бўлганларида, уларни тинглаб, чиройли шаклда мужодала қилганлар. Буларнинг барчаси мулойимлик, одоб ва гўзал ахлоқ билан бўлган. Муқавқиснинг (қибтийлар подшоси) ҳам ҳадясини қабул қилганлар. Унинг юборган жориясини қабул этиб, Иброҳим исмли фарзанд ҳам кўрганлар. Шундан мусулмонларга: «Мен қибтларга яхши бўлишингизни тавсия этаман, чунки сизларда улар билан насаб ва қуда-андачилик бор», деб васият қилганлар.

Расули акрамнинг юксак инсоний табиатли диний бағрикенглик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан сўнг халифалари ҳам амал қилишди. Умар ибн Хаттоб Байтул Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида, у ернинг масиҳий аҳолиси шаҳарда яҳудийлар билан бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишганда, бунга рози бўлганликларини яхши биламиз. У зот «Қуддус ал-Кубро» черковида эканликларида аср намозининг вақти кириб қолганда, у ерда намоз ўқишдан бош тортдиларки, кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олмасинлар, деб!

Миср аҳолисидан бўлган бир масиҳий аёл ҳазрати Умарга ҳовлисини Амр ибн Ос мажбуран масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилди. У зот Амрдан бу ҳақда сўраганларида, шундай жавоб олдилар: мусулмонлар кўпайиб, масжид уларга торлик қилиб қолди. Масжид ёнида эса бу хотиннинг ҳовлиси бўлган. Амр унинг ҳовлисига бир миқдор пул таклиф қиладилар. Пул миқдорини қанчалик кўпайтирмасинлар, хотин барибир рози бўлмайди. Бу ҳол Амрни ҳовлини бузиб, масжидга қўшиб олишга мажбур этади. Ҳовлининг пули эса хотин қачон хоҳласа, оладиган қилиб, Байтул-молга қўйилди. Амр қилган ишларида узрли бўлган бу ҳолат ҳозирги қонунларимизда ҳам жоиз, деб билингани ҳолда Умар унинг бу ишларидан рози бўлмайдилар ва Амрга масжиднинг янги биносини бузишга ва хотинга ҳовлиси олдин қандай бўлса, шундай топширишга буюрадилар!

Диний бағрикенглик кўринишларидан яна бири ислом ҳукмронлик қилган даврларда масжидлар канисалар билан ёнма-ён бўлишидир. Канисалардаги дин кишиларига диний ва канисий ишларининг барчасида раийатлари устидан тўлиқ ҳокимият бериб қўйилган. Давлат бу ишларда  уларга аралашмасди, балки мазҳаблари ўртасидаги ихтилофли масалаларини ҳал қилиб беришгагина қўшилар ва улар ўртасида инсоф билан ҳукм этарди. Рум ҳукмронлиги даврида Малконийлар Миср қибтларини қувғин қилиб, канисаларини тортиб олишади. Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгач, қибтларга канисаларини қайтариб олиб беришди. Шундан сўнг қибтлар Малконийларнинг араб фатҳидан олдинги қилмишлари учун интиқом олиб, ўзларидан кета бошлашди. Улар буни Ҳорун ар-Рашидга шикоят қилишганда, у қибтлар Мисрда эгаллаб олган канисаларни қайтариб олишга амр этди. Малконийларнинг патриархи мурожаат қилгандан кейин улар Малконийларга қайтариб берилди.

Султон Муҳаммад Фотиҳнинг бутун Шарқда православ патриархияси қароргоҳи  бўлган Қустантинияни эгаллаб олгандаги кўринишни ҳеч ким унутмаган бўлса керак. У ўша кунда барчаси насроний бўлган аҳолига молларида, жонларида, эътиқодларида, черков ва хочларида омонда эканликларини эълон этди ва уларни аскарликка олинишдан озод қилди. Раисларига эса қонунчилик ва қавмлари орасида чиқадиган турли даъволарни давлатнинг аралашувисиз ҳал қилиш ҳуқуқини берди. Қустантиния (ҳозирги Истанбул) аҳолиси бунда византияликлар замонида кўрган муомала билан Султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан кўрган муомала ўртасида катта фарқ сезганлар. Чунки византияликлар уларнинг мазҳабий ихтилофларига аралашар, канисаларини бошқа канисаларга тобеъ бўлишини афзал кўришарди. Қустантинияликлар миллатдошлари бўлган ҳокимлар замонида ҳам кўрмаган бундай диний эркинликдан хурсанд бўлдилар. Ҳатто Рум патриархига султон томонидан ҳукумат ичра ҳукуматга ўхшаш ҳуқуқлар бериб қўйилди ва унинг жамоаси яқин беш юз йил яхшиликда ҳаёт кўрди. Улар амалда мустақил эдилар, мустақилликларига на қўшин ва на мол раҳна сола оларди.

Диний бағрикенглик кўринишларидан яна бири – исломий фатҳлар вақтида кўпчилик канисаларда бир пайтнинг ўзида мусулмонлар ҳам, масиҳийлар ҳам ибодат қилишидир! Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насороларига мусулмонларнинг ёнида ибодат қилишга қандай рухсат берганларини эсланг. Ҳолбуки, бу пайтда мусулмонлар ҳам намоз ўқишарди. Кейинчалик Умавий жомеъсига айланган Дамашқдаги Буюк Иоанн канисасида фатҳ кунлари масиҳийлар унинг ярмини мусулмонлар олишига рози бўлишган бўлса, мусулмонлар ҳам уларнинг ибодат қилишларига ижозат беришган. Бир вақтнинг ўзида икки дин вакиллари ёнма-ён ибодат қилаётганларини кўринг. Бу тарихда нодир бўлган ажойиб кўринишдир. Унда ислом эришган диний бағрикенгликка далолат қиладиган чуқур маъно бор! 

Диний бағрикенглик кўринишларидан яна бири – вазифаларнинг ақидаси ва мазҳабидан қатъий назар ҳақли, муносиб кишига берилишидир. Шу сабабдан умавий ва аббосийлар замонида масиҳий табиблар халифалар диққат марказида бўлишган. Улар узоқ вақт мобайнида Бағдод ва Дамашқдаги тиббиёт мадрасаларига бошчилик қилишган. Насроний табиб Ибн Асол Муовиянинг (р.а.) хос табиби эди. Саржун эса котиби бўлган. Марвон эса бошқа бир исми Исҳоқ бўлган Исносиюсни Мисрдаги баъзи ҳукумат мансабларига тайинлаган. У кейинчалик давлат девонида раислик мартабасигача кўтарилган. У жуда кўп бойлик ва катта обрўга эга эди. Тўрт минг қул, талайгина ҳовли, уй-жой ва боғлар, жуда кўп олтину кумушлар эгаси эди. У ўзи соҳиби бўлган тўрт юз дўкондан тушган маблағга Раҳода каниса қурдирган. Шуҳрати шу даражага етганки, Абдулмалик ибн Марвон кейинчалик Миср волийси бўлган, укаси Абдулазизнинг таълимини унга топширган. У машҳур Умар ибн Абдулазизнинг отаси эди.

Халифалар олдида обрўси бор машҳур табиблардан бири Жиржис ибн Бахтяшуъ эди. У халифа Мансурга яқин бўлиб, халифа унинг роҳат ва хурсандчилиги учун қўлидан келганини қиларди. Насроний Салмавайҳ ибн Банон Мўътасимнинг табиби бўлган. У вафот этганда Мўътасим жуда қаттиқ қайғурди ва динининг урф-одатларига биноан тутатқи ва шамлар билан дафн этишга амр қилди!

Бахтяшуъ ибн Жаброил Мутаваккилнинг табиби бўлиб, унинг олдида эҳтиром соҳиби эди. Ҳатто, у либос, ҳусниҳол, мол кўплиги ва мурувватда халифага ўхшарди. Шунингдек, шоир ва адиблар ҳам дин ва мазҳабларидан қатъий назар халифа ҳамда амирлар ҳузурида ҳурматга сазовор эдилар. Ҳамма Ахталнинг умавийлар давридаги довруғини билади. У тумор тақилган ипак або кийиб олиб, Абдулмаликнинг олдига изнсиз кирарди.

Халифалар ҳузуридаги илмий ҳалқалар динлари, мазҳаблари қандай бўлишидан қатъий назар турли олимларни жамлаганди. Маъмуннинг илмий ҳалқасида дин ва мазҳабларнинг барчасидан олимлар йиғилганди. Маъмун уларга: «Хоҳлаган илмингиздан баҳс этаверинг. Фақат тоифакашлик масаласи қўзғалмаслиги учун ҳар бирингиз ўз диний китобингиздан далил-ҳужжат келтирмасангиз бўлгани», деган. Халқнинг илмий мажлислари ҳам шундай бўлган. Халаф ибн Мусанно шундай дейди: «Басрадаги бир мажлисда илм ва набоҳатда дунё тан олган ўн киши йиғилганини кўрдик». Улар: наҳвчи олим Халил ибн Аҳмад (сунний), шоир Ҳумайрий (шиа), Солиҳ ибн Абдулқуддус (дуалист зиндиқ), Суфён ибн Мажошиъ (хорижий), Башор ибн Барад (космополит), Ҳаммод Ажрад (зиндиқ, космополит), шоир Ибн Раъсил-Жолут (яҳудий), Ибн Назир ал-Мутакаллим (насроний), Умар ибн ал-Муъййид (мажусий), шоир Ибн Синон ал-Ҳарроний (собиий)лардир. Улар тўпланиб олиб, шеърлар ўқишар, хабарлар нақл қилишарди. Улар шундай дўстона муҳитда суҳбатлашардики, ўрталаридаги жуда кучли диний-мазҳабий ихтилофларни киши сезмай қоларди!

Бу каби мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъи назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ

الجمعة, 17 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Юртимиз масжидлари

Юртимиз кундан-кун чирой очмоқда. Амир Темур бобомиз Шаҳрисабздаги машҳур Оқсаройнинг пештоқидаги нақшлар орасига «Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, қурган иморатларимизга боқинг!», деган хитобнома ёздирган.

Бинобарин, ҳар бир юрт ўзини тараққий топган мамлакат сифатида намоён этиш учун, албатта, йўлга ва иморатларга эътибор беради. Чунки равон йўллар ва ўзига хос меъморий услубда барпо этилган осмонўпар бинолар ўша юртнинг иқтисоди бақувватлигини билдиради. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизнинг жонажон юртимизда ҳам бу борада мақтанса арзигулик ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, юртимиздаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқларнинг энг гўзал ва ҳар тарафлама инсонни ўзига ром қиладиган бинолари масжидлардир, десак муболаға бўлмайди. Бу борада, айниқса, охирги вақтларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар ва қайта қуришлар амалга ошириляпти.

Албатта, бундай хайрли ишларнинг бошида юртбошимиз Шавкат Мирзиёев турган бўлса, дин йўлидаги ислоҳотларда у кишига камарбаста бўлиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жаноблари турибдилар. Имом-хатиблар бошчилигидаги ҳайъат аъзолари эса ҳашарчилар билан енг шимариб астойдил меҳнат қилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ бундан кейин юртимиздаги масжидлар тўғрисида имконият даражасида тўлароқ маълумот бериб ўтмоқчимиз. Мақсадимиз – Аллоҳ таолониг розилиги, қолаверса, барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада, хоссатан, юртимиздаги масжидларда қандай янгиликлар бор. Уларнинг сони, сифати, қурилиши, таъмирланиши... тўғрисида янги ва бир-биридан қизиқ ҳамда муҳим бўлган маълумотлар бериб борамиз. Токи юртимиздаги масжидлар тўғрисидаги маълумотларга қизиққан кишилар бошқа жойлардан тарқатилаётган ҳар хил мазмундаги хабарларга ишониб қолмасин.

Биринчи бўлиб жонажон юртимиз пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳридаги масжидлар тўғрисида умумий маълумот берамиз.

Умумий сони 117 та.

Туманлар бўйича:

Учтепа туманида 16 та;

Бектемир туманида 3 та;

Олмазор туманида 21 та;

Яккасарой туманида 4 та;

Миробод туманида 12 та;

Сирғали туманида 4 та;

Шайхонтоҳур туманида 24 та;

Яшнобод туманида 8 та;

Чилонзор туманида 14 та;

Юнусобод туманида 11 та.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Top