Мақолалар

“Мен уларга “Воқеа” сурасини ўқишни буюрганман”

Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафийнинг “Тафсири Насафий” китобларида “Воқеа” сурасининг сўнггида шу воқеа баён этилади:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига кирганларида у киши ўлим тўшагида ётган эдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу  Абдуллоҳга:

“Нимадан шикоятингиз бор?”, дедилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Гуноҳларимдан”, дедилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу:

“Нима истайсиз?” деб дунёвий бирор ҳожатлари бор ёки йўқлигини билмоқчи бўлдилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Роббимнинг раҳматини”, дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Табиб чақирайликми?”, деб сўрадилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Табибнинг Ўзи касал қилди мени”, деб Аллоҳ таолони назарда тутдилар.

“Сизга бирор нарса тортиқ қилайликми?”, деб сўрадилар Усмон розияллоҳу анҳу.

“Ҳожати йўқ (ўлмоқдаман, умрим тугаяпти)”, дедилар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу. Усмон розияллоҳу анҳу:

“Қизларингизгачи, уларга бирор мол-мулк берайликми?”, деб сўрадилар яна. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

“Уларга ҳам ҳожати йўқ. Мен уларга “Воқеа” сурасини ўқишни буюрганман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким ҳар куни кечқурун Воқеа сурасини ўқиса, унга камбағаллик етмайди”, деганларини эшитганман” дедилар.

 

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Нуриддин Муҳаммаджон

Read 2804 times

Мақолалар

Top