
muslim.uz
Диний идорада хайрия ҳашари ўтказилди
Бугун, 26 январь куни эрта тонгдан мамлакатимизда илк бор умумхалқ экологик хайрия ҳашари бошланди. Шу жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг қуйи тизимидаги ташкилотларда ҳам хайрия ҳашари ташкил этилди.
Ҳашардан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари ташкил этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига сарфланади.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида экологик хавфсизлик, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш эътиборимиз марказида туриши зарурлиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳашар элнинг иши – юртнинг ободлиги
Ҳашар билан болалик давримиздан танишмиз. Ўша кезларда одамларнинг уйларининг аксари шиферланмагани боис ҳар йили кузда лойсувоқ қилинарди. Ҳашарга қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёшу қари чақириларди. Асосий ишларни ёшлар бажарса-да, офтобшувоқда чой ичиб ўтирган кексалар ҳашарга ўзгача руҳ бағишлаб турганини ҳамма бирдек ҳис қилар эди. Болалар учун эса ҳашар чинакам байрам бўларди. Ҳашар одамларни бир-бирига қалбан яқинлаштирар, ажойиб ҳазил-ҳузуллар кечга қадар давом этарди. Агар ҳашар чоғи йўл устидан бирор киши ўтиб қолгудек бўлса, у баланд овозда “Ҳорманглар!” деб келарди-да, ҳашарга чақирмагани учун уй эгасига дашном берарди, кейин эса резин этикни киясолиб, қўлига кетмон олиб лойга кириб кетарди. Ҳашар сўнгида хонадон соҳибаси қурби етганига қараб ҳашар оши тайёрлар ва ҳеч ким уни эмас, буни пиширибди, дея гина қилмас эди.
Ҳа азизлар, азалдан халқимиз уй қуришлар, йўл солишлар, кўприклар бино қилишлар ва бошқа катта-катта ишларни ҳашар йўли билан бажариб келган. Бугун эса Марказий Осиё жавҳари, пешонамизга битган яккаю ягона денгизимиз – Орол бизнинг ҳашар йўли билан кўмаклашишимизга муҳтож...
Вазирлар Маҳкамасининг умумхалқ экологик хайрия ҳашарини ўтказиш тўғрисидаги фармойишига биноан бугун республика бўйлаб умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилмоқда.
Хайрия ҳашарида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар ва бинолар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар, ариқлар, кўчалар ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилаётир.
Хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари барпо этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби тадбирларга сарфланади.
Ана шундай савоби улуғ ҳашарга “Мовароуннаҳр” нашриёти жамоаси ҳам эрта тонгдан келиб қўшилди. Ходимлар экологик ҳашарни ўзларининг аслида ҳам орастагина бўлган хоналарини ёғ тушса ялагудек қилишдан бошладилар. Ундан сўнг эса ҳовлига чиқиб, дарахтларга шакл беришди, уларни оқлашди, тагларини юмшатишди, ҳовлини ва ҳовли атрофини супуриб-сидириб, янги келин тушган ҳовлидек саранжом-саришта қилиб қўйишди. Нашриёт биноси ортида қурилиш ишлари бораётгани сабабли ўша томонга йиғилиб қолган синиқ ғишт парчалари, тўкилган қум-шағалларни ҳам йиғиштириб олиб, чанг-чунглардан тозалаб қўйишди.
Ғайратига ичига сиғмаган ходимлар яна бинога қайтиб кириб, компьютерларини ёқиб ижод, таҳрир, таржимага киришиб кетдилар.
Улардан: “Қизишиб кетдингизми, дейман?” деб сўрасангиз, “Ҳашарга келгандан кейин ишлаш керак-да, ахир Орол фақат бизнинг эмас, фарзандларимизнинг, келажак авлодларимизнинг ҳам денгизи, унинг қуриган қисмининг ўрнида ям-яшил ўрмонзор пайдо бўлса, нафақат, минтақамизда, балки бутун оламда экологик шароит яхшиланади. Бундан эса ҳаммадан ҳам кўп бизнинг минтақамиз, мамлакатимиз аҳолиси фойда кўради. Шундай савобли ишга бош қўшмай бўлар эканми”, дейди ҳашарга бош бўлиб турган бош директор ўринбосари Холмат Атабоев.
“Шунинг билан бирга кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ҳам фойдамиз тегар экан, ҳашарчи бўлганимиздан ниҳоятда мамнунмиз”, дейди ходима Нилуфар Аблаева.
Ҳашар ана шундай кўтарники руҳда давом этмоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ
Умумхалқ экологик хайрия ҳашари – икки ҳисса савоб дегани
Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади.
Маълумки, бугун 26 январь куни илк бор умумхалқ экологик хайрия ҳашари ўтказилмоқда. Бу нима дегани? Яъни, мазкур ҳашардан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари ташкил этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ишларига сарфланади. Демак ҳашарда қатнашганлар икки ҳисса савобга бўладилар. Биринчидан, жойларни тозалаб, поклашда иштирок этсалар, иккинчидан, ушбу кун учун иш жойларидан ажратиладиган маошлари юқорида келтирилгандек, тўлиқ ижтимоий ёрдамларга йўналтирилади.
Ҳашар муносабати билан ана шундай уюшқоқлик ишлари диний идора тизимидаги масжидлар, таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ҳам намунали тарзда ўтказилмоқда. Масжид жамоаси, маҳалла фаоллари уюшқоқлигида, хонақоҳ ва ҳовлилар, атроф қисмлар, экинлар, ариқлар тозалонмоқда. Қабристонлар, қаровсиз қолган жойлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Исириқ кўздан асрамайди!
Араб тилида ширк сўзи «икки нарсани тенглаштириш», «тенгдош қилиш», «шерик қилиш» деган маъноларни билдиради. Унинг шаръий маъноси: Аллоҳ таъолога зоти, феъллари, ибодати ва гўзал исму сифатларида махлуқларни тенгдош қилиш, шерик қилиш тушунилади. Қуръони Каримда ширк ва унинг ўзагидан ясалган сўзлар 34 марта зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчасида ушбу гуноҳ қораланган ва ундан қайтарилган.
Шариатимизга кўра, ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳ саналади. Ундан қайтариш жамики анбиё алайҳимуссаломлар даъватининг асоси ва самовий шариатларнинг мағзидир. Чунки, ҳар бир набий ва расул албатта ўз қавмига: «Эй, қавмим! Аллоҳга сиғинингиз! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир», – дегандир (Аъроф сураси, 59-оят).
Халқимиз орасида баъзи нарсаларни “кўздан асрайди” деган ўй билан турли жойларга илиб қўйиш тез-тез кўзга ташланиб қолади.
Масалан, айримлар қўчқорнинг бош суягини «Кўздан асрайди» деб ҳовлига кириш жойига илиб қўйишади. Агар қўчқорда шундай хусусият бўлганида, у аввало ўзини қассобнинг қўлидан асраган бўларди.
Баъзилар исириқ ёки кўзтиканнинг бир боғини дарвоза четига, ҳовлидаги сўриток устунига, машина салонига осиб қўйишганини кўп кўрамиз. Агар шу ишни “исириқ кўздан асрайди” деган эътиқод билан қилинган бўлса, бу иш ҳаром ва ботилдир.
Баъзи чақалоқларнинг қўлида тумор ва кўзмунчоқларни кўрамиз. Агар онаси ёки бувиси ўша кўзмунчоқларни “кўздан асрайди” деган ақида билан боғлаб қўйган бўлса, бу ҳам ҳаром ва ботил ишдир.
Дарвозага қоқиб қўйиладиган отнинг тақаси ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин.
Буларнинг ҳаммаси жоҳиллик, илмсизлик, китоб ўқимаслик, Динни соф ҳолда ўрганишга интилмаслик оқибатидир!
Исириқ асло кўздан асрамайди!
Тумор, кўзмунчоқлар ҳам асло кўздан асрамайди!
Тақа ҳам ҳовлини асло кўздан асрамайди!
Ҳовлини ҳам, гўдакни ҳам, машинани ҳам, уйни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи асрайди!
Агар инсон юқорида санаб ўтилган исириқ, кўзтикан, кўзмунчоқ, тумор, тақа каби нарсалар ҳақида “Булар кўздан асрайди” деса, қалбида шу гапни тасдиқласа, Аллоҳ асрасин, ширк амални қилган бўлади. Чунки у бу гапи билан “Аллоҳ таолодан ташқари яна фалон нарсаларда ҳам асровчилик қуввати бор” деган ақидани қилган бўлади. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳнинг феълларида махлуқларни тенгдош қилиш ширк амалдир. Асраш, паноҳ бериш, қутқариш Аллоҳ таолонинг феълларидандир.
Қабристонга борганда, ўша ердаги маййитлардан ёрдам, фарзанд, бахт сўраш, уларга атаб чироқлар ёқиш, жонлиқлар сўйиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Баъзилар дуо қилаётганда “Ота боболаримизнинг руҳлари қўлласин”, “Азиз авлиёлар руҳлари қўлласин” деб юборишади.
Вафот этган кишилар тирикларга ёрдам беришолмайди, аксинча, улар тирикларнинг Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишлашига зор бўлиб ётишибди. Барча истаклар, ёрдамлар, мададлар фақат Аллоҳ таолодан сўралади.
Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар манбалардан бири «Раддул мухтор» китобида шундай дейилган: «Авом халқ тарафидан ўликларга атаб назр қилиш, Аллоҳнинг дўстлари қабрларига уларга яқин бўлиш мақсадида тангалар ташлаш, шам, чироқлар ёқиш ботил ва ҳаромдир».
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳни қўйиб, қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиганларга илтижо қиладиган кимсадан кўра ким ҳам адашганроқдир?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофил (бехабар)дирлар» (Аҳқоф сураси, 5-оят).
Шунинг учун ширк деган улкан гуноҳдан сақланишимиз шарт!
Бу борада Ҳақ таоло Ўзининг каломида шундай деган:
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва(лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо сураси, 48-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ширкдан сақланиш борасидаги дуони ўргатганлар. У зот алайҳиссалом «Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз»,– денглар”, деб айтганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни ширк ва бошқа гуноҳлардан асрасин!
Эй Аллоҳ, биз билиб туриб, сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз!
Muslim.uz сайти маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Ўзбекистонга 8 миллион долларлик нодир китоблар коллекцияси совға қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваровнинг маълум қилишича, марказнинг маъмурий ва асосий биноларини қуриш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга ҳомийлик қилаётган ватандошимиз, айни пайтда Россия Федерациясида истиқомат қилиб келаётган тадбиркор Алишер Усмонов Ислом цивилизацияси марказига қиймати 8 миллион долларга тенг бўлган 4 923 номдаги нодир китоблар коллекциясини туҳфа қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
– Ушбу бебаҳо коллекциядан шарқшунослик ва ислом оламининг Европага таъсирига доир XIII асрдан бошлаб то ҳозирга қадар чоп этилган лотин, инглиз, француз, немис тилидаги ноёб китоблар жамланган, – дейди Ш.Миноваров. – Мавжуд 4 923 китобнинг инглиз тилидаги каталоги айни пайтда ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Нодир китоблар орасида Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобининг илк лотинча таржимаси ҳам бор. Шунингдек, ўта ноёб саналган “Мусулмон манбааларини таржима қилиш учун лотинча-арабча луғат” номли қўлланма ҳам мавжуд.
Беруний, Фарғоний сингари улуғ аждодларимизнинг айрим асарлари йўқолиб кетган, бизгача етиб келмаган. Аммо бу асарларнинг лотин тилидаги таржималари сақланиб қолган. 1200-1300 йилларга тааллуқли ўша лотинча-арабча луғатлар ёрдамида аждодларимизнинг лотин тилидаги илмий меросини аслиятда қандай бўлганини бемалол ўрганишимиз мумкин.
Ушбу ноёб коллекция маданият ва санъат ҳомийси ҳисобланган ватандошимизнинг халқимизга бебаҳо туҳфасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати