Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси меҳнат фахрийси Тожиддин Сулейманов вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлар ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
"Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром
кўрсатиш халқимизга хос олижаноб
қадрият ҳисобланади"
Ш.Мирзиёев.
Мустақил Ўзбекистонимиз аёллар нуфузини кўтарган юрт эканлигидан фахрланамиз. Аёлларни ҳар жабҳада кўтариш, юқори даражада эътибор бериш кўзга ташланади. Дунёда шундай бир зот борки, уни хар куни эъзозласак ҳам, дилларини ҳушнуд қилишга урунсак ҳам унинг ҳаққини адо эта олмаймиз. Бу мўътабар зот- онадир. Она, аёл- меҳрибонлик тимсоли. Унга яхшилик қилиш эса дунёда бахт, охиратда саодатга эришиш сабабларидандир.
Ислом динида аёллар масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, уларнинг оилада, жамиятда ва умуман, ҳаётда муносиб ўринга эга эканлари баён қилинган. Ушбу юксак эътиборни Қуръони каримдаги бир нечта суранинг аёлларга бағишлангани, уларда аёллар масаласи кўтарилгани, аёлларнинг номи билан номланганида ҳам кўриш мумкин.
Аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиб, аёл кишига латофатли хилқат, ибо ва хаё тимсоли сифатида қаралиб, уни химоя қилиш, асраб авайлаш лозим эканлиги уқтирилади ва бу вазифа эркакларнинг зиммасига юкланади. Қиз ота кафтида, аёл эр бағрида ва оналар фарзандлар боши узра кўтарилиб, қадрланиши буюрилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув хажида хутба қилиб, унда ўта муҳим масалаларни баён қилдилар. Жумладан, эркакларни ўз аёлларига нисбатан яхши муомалада бўлишга буюрдилар. Хадисларнинг бирида эса: “Мўминларнинг энг имони комили гўзал хуқлисидур. Сизлининг энг яхшингиз аёлига яхши муомалада бўлганингиздир”. деганлар.
Ислом дини эркаклар билан бир қаторда аёлларни хам илму маърифатли бўлишга тарғиб этади. Қуръни каримнинг умумий маънода келган оятлари эркака ва аёлларга бирдек тааллуқли бўлгани жихатидан: “Эй Роббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тохо, 114) оятидан аёллар хам илмларини ошириш йўлида саъй-харакат қилмоқлари лозим экани келиб чиқади. Зотан, Пайғамбаримиз (алайхиссалом) илм талаб қилиш хар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз эканини таъкидлаб ўтганлар.
Ўз юртимиз тарихига ҳам назар солсак, Нодира, Увайсий, Анбар отин, Бибихоним каби ҳам дунёвий, ҳам диний илмларда илғор бўлган аёлларнинг номларини санаб ўтиш мумкин.
Ёки самарқандлик олима Фотима бинти Муҳаммад Самарқандийни олайлик. У аёл фақиҳалардан бири бўлган. Буюк фақиҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизи, “уламолар подшоси” деб лақаб олган Алоуддин Косонийнинг турмуш ўртоғи эди. Олима Туркистонда, Шошнинг орқа томонидаги Косон шаҳрида таваллуд топган. У отасидан ҳадис ва фиқҳдан таълим олган. Отасининг машҳур “Туҳфатул фуқаҳо” (“Фақиҳлар туҳфаси”) асарини ёддан билган.
Ислом дини аёл кишини илмли, маърифатли бўлишга буюради. Тарихдан маълум, аёллар ҳам Ислом раҳнамолигида илм ва маданиятнинг энг юқори даражасига кўтарилганлар. Аёллардан машҳур табиблар етишиб чиққан. Мисол учун турли кўз касалликларини аниқлаб, давосини топган Зайнаб ва Қози Абу Жаъфар Тофжолийнинг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибаларидан ҳисобланган. Яна Карима Утрузия, Саййида Нафийса бинту Муҳаммад каби аёл муҳаддислар ҳам бўлган.
Ҳозирда аёллар фақат уйда ўтиришлари керак, илм олмасалар ҳам бўлади, уй юмушларини қилиб, фарзанд тарбияси билан машғул бўлсин, дейдиганларга қарата Ислом мўмину мўминаларга баробар равишда илм олишни тарғиб қилади, деб баралла айта оламиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм олиш мўмин ва мўминага фарздир”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, уламолар ва фақиҳлар фарзи айн илмларда аёллар ҳам эркаклар каби тенг ҳуқуқли эканларига ижмо қилишган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ким, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қилган барча ишлари, муаммо-ю юриш-туришларини нақл қилишда у зоти шарифнинг покиза аёлларининг ҳиссалари кўп эканини биламиз. Набий алайҳиссаломнинг аёлларидан кўплари шариат аҳкомларини ўргатувчи устоз, Қуръон ёд олган қория, ҳадисларини етказувчи муҳаддиса ва фақиҳа бўлиб, ўткир қобилиятлари, нодир заковатлари билан машҳур бўлганлар. Хусусан, Ойша онамиз мерос масаласида математикани пухта билганлари боис ҳаттоки баъзи машҳур саҳобалар ҳам мерос тақсимлашда улардан маслаҳат сўрар эдилар. Ислом келгунига қадар каср сон ҳақида кишиларда тушунча бўлмаган. Қуръони каримда мерос масаласида келган ҳукмларни эса Ойша онамиздек пухта биладиган ва тақсим қилиб берадиган фақиҳа бўлмаган.
Баъзи ота-оналар қизларини кўчага чиқармай, ҳеч қаерда ўқитмай, жойи чиқса, тезроқ турмушга бериш ҳақида ўйлашади. Модомики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг покиза аёллари, муборак оналаримиз аёлларга илм ўргатиш, шариат ҳукмларини етказишда Расули акрам ёнларида туриб, у зотга кўмакдош ва маслакдош бўлганлар.
Ислом дини аёл-қизларни улуғлаб қўйган, улар илм олиш ва касб-ҳунар эгаллашда етарлича ҳақ-ҳуқуққа эгалар
Бу дунёда иззат охиратда шараф бўлган илмни аёл-қизларимизга ўргатиб, келажакда ватанимиз равнавқи йўлида хизмат қиладиган, буюк аждодларимизга хос ва мос авлодлардан бўлишларини Яратгандан сўраб қоламиз.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл туман Имом Султон жоме масжиди Имом хатиби
( 2 март 1992 йилдан бери байроғимиз БМТда )
“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз
ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!
Албатта у сизларга аниқ душмандир”.
Қуръони Карим
Бақара сураси 208 оят
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (инглиз. United Nations) БМТ – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.
БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгҳуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида ҳамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган маркази ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти:
ташкил топган сана: 1945 йил 24 октябр.
асосий мақсади: ер юзидаги тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўлиб, давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.
қайси давлатлар томонидан барпо этилган: БМТни барпо этиш ҳақидаги қарор СССР, АҚШ, Англия ва Хитой ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги Кенгашида 1943 йилда,
ташкилот Устави қачон ва қаерда қилинган: Устави эса Сан-Франциско Конференциясида 1945 йилда қабул қилинган. БМТ Уставига даставвал 51 давлат имзо чеккан бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 193 тани ташкил қилмоқда.
тузилмаси
раҳбар: Бош котиб
раҳбарлик муддати: 5 йил
БМТнинг Бош Ассамблеясида мазкур ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларнинг аъзолари иштирок этадилар.
БМТнинг Хавфсизлик кенгашига 15 давлат аъзодир. Шулардан 5 таси – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция ва Хитой – доимий аъзо давлатлардир. Кенгашнинг қолган 10 аъзоси Бош Ассамблея томонидан икки йил муддатга сайланадилар.
Бош Ассамблея Котибияти қуйидаги департамент ва бошқармаларга бўлинади:
-Сиёсий масалалар ва Хавфсизлик Кенгаши ишлари департаменти,
-Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаменти,
-Васийлик ва ўз-ўзини бошқармайдиган ҳудудлар департаменти,
-Назорат бошқармаси,
-Ходимлар бошқармаси,
-Бош котибнинг маъмурий идораси,
-Ижтимоий ахборот бошқармаси,
-Конференцияларга хизмат қилиш бошқармаси,
-Умумий хизмат бошқармаси,
-БМТнинг Женева бўлими.
БМТ сессияси йилда бир марта чақирилади. Хавфсизлик Кенгашининг ёки БМТ аъзолари кўпчилигининг талаби билан ҳар қандай масала юзасидан махсус сессиялар чақирилиши мумкин.
БМТнинг расмий тиллари — инглиз, француз, рус, испан, хитой ва араб тиллари.
Ўзбекистон БМТда
Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг кўп ўтмай – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Шу куни БМТ Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи кўтарилди. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Котибият
Котибият Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши ва бошқа ташкилотлари кўрсатмаларига мувофиқ тезкор ва маъмурий ишларни амалга оширади. Уни умумий маъмурий раҳбарликни олиб борадиган Бош котиб бошқаради. Нью-Йорк, Женева, Вена ва Найробида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимлари мавжуд.
БМТнинг муҳим саналари
1945 йил 24 октябр – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди: унинг Низоми Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ҳамда уни имзолаган давлатларнинг кўпчилиги томонидан ратификация қилинди ва кучга кирди.
1947 йил 24 октябр – Бош Ассамблея ўзининг 168-сонли Резолюцияси билан «Бирлашган Миллатлар куни»ни расмий равишда эълон қилди.
1948 йил 10 декабр – Бош Ассамблея Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясини қабул қилди.
1949 йил 24 октябр – Нью-Йоркда БМТ Марказий муассасалари биносига биринчи ғишт қўйилди.
1965 йил – БМТ Болалар Фонди – UNICEF га тинчлик учун Нобел мукофоти берилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига ва катта кичик миллатлар ҳуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий аҳд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!”
Айни маҳалда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришни таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик адоват ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.
БМТ Устави – барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.
Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган.
Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри) даги доимий вакили фаолият юритадилар.
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.
1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат ҳисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик ҳақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг Бош котиби.
Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро ҳужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.
БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Президентимиз томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ҳамда Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.
Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, ҳуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.
Шунингдек, давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади».
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.
БМТ ҳар бир инсонни ҳуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умумжаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.
“Динлараро бағрикенглик ҳафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик ҳафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида ҳақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл ҳаракатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок ўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.
БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчалари ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.
БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камолоти ва масжиду мадрасаларимиз ободлиги учун муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида ҳукуматимиз, Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар ҳали ҳамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси
Жорий йилнинг 24 февраль куни вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида Бўстон туманида жойлашган "Муллабой ўғли Мухаммадтурди" жоме масжидида вилоятнинг шаҳар ва туманлари бош имом-хатиблари, бош мухтасиблари ва Бўстон тумани ҳамда Улуғнор туманида фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатибларининг сайёр семинар йиғилиши ўтказилди.
Семинар йиғилишида вилоят ҳокими ўринбосари Р.Арзиев, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳам иштирок этди.
Семинар йиғилишида нотиқлар томонидан кун тартибига қўйилган масалалар ва Бўстон тумани хамда Улуғнор туманида фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, масжидларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари, молиявий ҳолатлар ва иш юритиш хужжатлари борасида бир қатор кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Вакиллик матбуот хизмати
Хабарингиз бор яқиндагина вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловнинг таржималари асосида "Саҳобия аёллар ҳаёти қомуси" номли китоб нашрдан чиқарилган эди.
Бугун, вакиллик биносида ва бундан ташқари 3 та ҳудудларда йиғилган масжид имом-хатибларига мазкур китоб жойлардаги 288 та масжид кутубхоналарини янада бойитиш мақсадида ҳадя тариқасида тарқатилди. Жумладан, вакиллик биносида йиғилган соҳа ходимларига шахсан Зайниддин домланинг ўзлари ушбу китобни улашдилар. Улашиш асносида вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров йиғилган имом-хатибларга бу китобда 200 дан зиёд саҳобия аёллар ҳаёти ҳақида кенг ёритилганини айтиб, жойлардаги маърифий тадбирларда ҳам мазкур китобдаги мавзулардан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтди.
Бошқа ҳудудларда йиғилган имом-хатибларга ҳам ушбу китобнинг нақадар манфаатли эканлиги, мазкур ижодий асар барча имом-хатибларга намуна ва илҳом бўлиши кераклиги тушунтириб ўтилди.
Тадбирлар якунида Зайниддин домланинг келгусидаги фаолиятида Аллоҳ таолодан улкан зафарлар ва бундай илмий ижодларнинг бардавом бўлишини ҳамда барча диний соҳа ходимлари томонидан ҳам бу каби ижодий ишлар амалга оширилишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмат