muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 17 novembre 2017 00:00

Қалб шифоси

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғдир» (Анкабут сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Бандам мени зикр этса, Мен ўзим ҳам уни зикр қиламан. Жамоатда зикр қилса, Мен ҳам уни ундан яхшироқ жамоатда зикр этаман. У менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир қадам яқинлашаман. У Менга бир қадам яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Менинг йўлимга кирса, Мен унинг тилакларини тез ижобат қиламан”, деган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, у зот айтдилар: “Зикрларнинг афзали Ла илаҳа иллаллоҳу, дуоларнинг афзали Алҳамдулиллаҳ”, дедилар.

Ибн Умайр айтадилар: “Ким бошини тўшакка қўйганда Аллоҳни зикр қилса, кейин шу ҳолатда ухлаб қолса, то уйғонгунича зикр қилувчилардан деб ёзилади”.

Фақиҳ айтадилар: “Зикр Аллоҳ таолодан афв ва мағфират демакдир. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират билан зикр қилади”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Иккита калима борки, у тилга енгил, тарозига оғир, Раҳмонга севимлидир, у Субханоллоҳил азийм, Субханоллоҳи ва биҳамдиҳи”.

Убайдуллоҳ ибн Умайр айтадилар: “Ким Алҳамдулиллаҳ деса, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳу акбар деса, ер ва осмон орасини тўлдиради. Субҳаналлоҳ тасбеҳ айтса, унинг савоби қанчалигига Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг илми етмайди”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир нарсанинг сайқали бор, қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдир”.

Иброхим Наҳаъий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Агар киши уйига кириб, салом берса, шайтон: “Менга бу жойда турадиган жой қолмади”, дейди. Агар ичишга бирон нарса келтирилгач, Аллоҳнинг исмини айтса, шайтон: “Менга жой ҳам, таом ҳам, ичкилик ҳам қолмади”, деб умидсизланганча чиқиб кетади”.

Абдуллоҳ  ПАРПИЕВ,

 Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

jeudi, 16 novembre 2017 16:42

Илм чироғи ўчмагай

«Яратган Роббингнинг исми ила ўқи!»

(Алақ сураси, 1-оят)

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Алишер Навоий

Муборак каломининг нузулини «Ўқи!» деб бошлаган, илмга, маърифатга чақирган ва ҳар бир амалда хулуси ният ва илмни шарт қилган Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар бўлсин!

Умматларига икки дунё саодатининг илмини ўргатган, башариятни жоҳилият зулматидан маърифат зиёсига олиб чиққан сарвари коинот, хотамул анбиё ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин!

Дунёга эндигина келган чақалоқ гўёки оппоқ қоғозга, топ-тоза дафтарга ўхшайди. Дунё ҳаёти бошлангач, дафтарга у кўрадиган, эшитадиган, сезадиган барча нарсалар ёзила бошлайди. Демак, инсон ҳаётининг илк лаҳзаларидан бошлаб беихтиёр илм ола бошлайди. Аммо «илм» сўзи луғатда «билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш» каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга «ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш илмдир» деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

Муқаддас Ислом динимизни ҳам илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Илм – энг фазилатли амал. Чунки у – икки дунё саодатининг калити. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, Аллоҳ ва Унинг Расулининг йўлига етакламаган илмда хайр йўқ. Шунинг учун инсон фойдали илм ўрганиб, унга амал қилса, ўша илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амал қилмаган одам илмнинг ҳаммоли бўлади, холос. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам манфаатсиз илмдан паноҳ сўраганлар.

Ислом дини инсонга илм ўрганишни, манфаатли билимлар соҳиби бўлишни, жаҳолатни йўқ қилишни буюради. Зеро, инсоннинг яратилиш ғояси Аллоҳни таниш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиб, динимизнинг кўрсатмаларига амал қилишдир.

Мавлоно Румий айтганидек, «Жаҳолат – зулматдир. Қоронғида дарахт дев бўлиб, олма эса тош бўлиб кўринади». Жоҳил одамга оддий нарса қўрқинчли бўлиб, яхши нарса фойдасиз бўлиб кўринади. Бу иллатнинг давоси эса талаби илмдир. Илм ҳақ билан ботилни фарқлашнинг энг муҳим воситаларидан биридир, битмас-туганмас хазинадир.

Ислом динида илм Аллоҳ таолонинг розигини олиш ва солиҳ амал қилиш  мақсадида ўрганилади. Ихлос билан ўрганилган илм инсонни Аллоҳга яқинлаштиради, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлига эргаштиради, соҳибининг даражотларини юксалтиради. Чунки мусулмон инсон учун энг азиз неъмат иймондир. Иймон учун эса илм зарур, илмсиз иймон-эътиқод бўлмайди. Шунинг учун Қуръони каримда зиёда қилиниши сўралган биргина неъмат илмдир:

«Роббим, менинг илмимни зиёда қил!»

(Тоҳа сураси, 114-оят)

Инсон учун энг буюк даража Аллоҳнинг наздида ҳурмат қозонишдир. Аллоҳ таоло бу даражага эришишнинг йўлини ҳам кўрсатиб, шундай марҳамат қилган:

«Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлиларингиз энг тақводорларингиздир»

(Ҳужурот сураси, 13-оят)

Демак, Раббимизнинг наздида ҳурматга сазовор бўлиш воситаси тақво экан, яъни Аллоҳнинг ғазабидан, Унинг дийдоридан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқиш экан. Бундай бахт-саодатга кимлар мушарраф бўлади? Бу саволнинг жавобини ҳам Қуръони каримдан топамиз:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичида фақат олимларгина қўрқарлар».

(Фотир сураси, 28-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, инсон вафот этганда савоби узилмай бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки одам вафот этса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақа, манфаат оладиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар» (Имом Муслим).

Ўйлаймизки, ушбу оят-ҳадислар илмнинг нақадар буюк фазилат эканини тушуниб етиш учун кифоядир.

Илмнинг ўзи шу қадар фазилатларга эга экан, уни ўргатган олимлар, устозлар, мураббий ва муаллимларнинг фазли қанчалар улуғ бўлади? Албатта, бизни илм денгизидан, ҳикмат сарчашмаларидан баҳраманд қилган устозларимизнинг даражотлари бениҳоя юксак бўлади.

«Устоз отангдан улуғ» дейди доно халқимиз. Ҳар бир инсонни, у ҳарчанд кўп илмга эга бўлмасин, бир камтар устоз ўқитган, тарбиялаган бўлади. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Илм фақат ўқиб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Бу эса толиби илмдан ирода, қатъият, ғайрат-шижоат талаб қилса, устоздан меҳр, талабчанлик ва тоғдек сабр-матонат талаб қилади. Бу фазилатлар билан неъматлантирилган зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳида энг юксак даражотларга эга бўладилар.

Бизнинг аждодларимиз, бобокалонларимиз ана шундай толиби илм бўлганлар, илм ўрганишни ўзларига фарз деб билганлар, илм ўргатишни ўзларига бурч деб билганлар, пок ният билан илм уммонидан дуру жавоҳирлар қидирганлар. Диёримиз, она Ватанимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган даврдан бошлаб ўлкамиз илму маърифат масканига айланди, сон-саноқсиз масжиду мадрасалар бино бўлди, улардан минг-минглаб буюк алломалар, улуғ зотлар етишиб чиқди. Халқимизнинг чинакам ифтихори бўлмиш бу олиму уламолар, фозилу фузалолар башариятга мударрис бўлдилар, Ислом нурини бутун оламга таратдилар, бутун дунёни илму маърифатга, кутубхоналарни китобларга тўлдирдилар.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, ал-Фарғоний, Замахшарий, Беруний, Ибн Сино каби минглаб буюк ватандошларимиз жаннатмонанд Ватанимизнинг довруғини бутун курраи заминга, жумлаи жаҳонга ёйдилар. Мана, минг йиллардан ошдики, бутун дунё бизни Бухорийнинг, Термизийнинг авлодлари деб эҳтиром қилади.

Биз ана шундай улуғ аждодларнинг авлодимиз, улар қолдириб кетган битмас-туганмас илмий мероснинг, улкан хазинанинг ворисларимиз. Юртимиз истиқлолга эришганига чорак аср тўлган бугунги дориломон кунларда сизу бизнинг, ёшларнинг вазифаси янада илмга берилиш, фан-техника тараққиёти туфайли эришган барча билимларни эгаллашдир. Зеро, юқорида айтганимиздек, Ислом дини инсоннинг икки дунё саодатига эришиши учун манфаатли бўлган ҳар бир билимни илм деб ҳисоблайди, баъзилар ўйлаганидек, илмни диний ёки дунёвий деб фарқламайди. Ватанимизнинг мустақиллигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим вазифаси ҳар бир соҳада ўз мутахассисларимизни, олимларимизни етиштиришдир. Шундай экан, илм-фаннинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, ўзлигимизга қайтишимиз, миллий қадриятларимизни тиклашимиз, олим бобокалонларимиз қолдириб кетган қўлёзмаларни ўқиб, ўрганиб, улардан ҳаётнинг бугунги талабларига жавоб бера оладиган билим ва кўникмалар ҳосил қилишимиз лозим.

Кези келганда шуни айтиш керакки, ботил ҳаққа эргашса, тараққий этади, бироқ ҳақ ботилга эргашса, таназзулга юз тутади. Бунга минг йиллик тарих шоҳиддир. Ғарб олами Исломдан илмга чанқоқликни, изланувчанликни ўрганди, мусулмонлар тўплаган билим ва тажрибаларни ўзлаштирди ва натижада бугунги кунда улкан тараққиётга эришди. Минг афсуслар бўлсинки, Ғарбдан жаҳолат, тушкунлик, беҳаёлик, ҳашаматга ва маишатга ружу қўйишни ўрганган Шарқ халқлари таназзулга юз тутди, тараққиётдан орқада қолиб, ўзгаларга қарам бўлди.

Эътибор берайликки, моддий, иқтисодий жиҳатдан мисли кўрилмаган тараққиётга эришган Ғарб олами маънавиятсиз бўлгани сабабли оила, маданият, поклик масаласида таназзулга юз тутди. Марсга сунъий йўлдош учираётган, дунёдаги ҳар бир инсонни виртуал олам орқали бир-бири билан боғлаган Ғарб олами маънавий бузуқликни, турли разолатларни табиий ҳол деб тушунадиган бўлиб қолди, натижада инсоният бедаво касалликларга дучор бўлди, ақл бовар қилмас даражада даҳшатли оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқилиб, улар тирик инсонлар устида синаб кўрилди.

Демак, тажриба ёки ҳисоб-китоблар натижасида ҳосил қилинган ҳар қандай билим ҳам инсонга фойда беравермайди. Илм фақат эзгу мақсадлар йўлида, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик, тараққиёт йўлида ўрганилиши керак экан. Акс ҳолда олимларнинг баъзи илмий тажрибалари асносида кашф қилинган ихтироларидан қирғин қуроллари пайдо бўлмаган бўлар эди. Шунинг учун бугунги кунда илм излаган ҳар бир инсон аввало пок ният, эзгу мақсад билан ишга киришсин, ўрганаётган ҳар бир илмини фақат яхшиликка ишлатсин.

Худди шунингдек, динимизга оид илмларни ҳам фақат хулуси ният билан, Аллоҳнинг розилиги учун, илм талабини фарз ибодат билиб ўрганиш лозим. Уни кимлар биландир баҳслашиш, илмини кўз-кўз қилиш, динни ниқоб қилиб, турли дунёвий, ғаразли мақсадларига эришиш воситаси қилиб олиш гуноҳи кабирадир. Бугунги кунда баъзи ёшларимизнинг диний саводсизлигидан, ўз тарихини, Ислом тарихини, дунё тарихини билмаслиги, сиёсий онгининг пастлигидан усталик билан фойдаланиб қолаётганлар кўпайиб қолди. Уларнинг фикрий хуружлари, мафкуравий алдовларига учаётган баъзи ғўр ёшлар оқу қорани танимай, ўзига, оиласига, Ватанига ва энг ёмони, мусулмон деган юксак номга, Аллоҳнинг динига лой чапламоқдалар, қора кучлар қўлида қўғирчоқ бўлиб, манқуртга айланиб қолмоқдалар.

Шунинг учун ҳам ота-боболаримизнинг асрий орзуси бўлмиш миллий истиқлолга эришган бугунги авлод олдида улкан, машаққатли, аммо шарафли масъулият турибди. Бу масъулият – Ватанимизнинг кечаси, бугуни ва эртаси олдидаги, келажак авлод олдидаги, бутун инсоният олдидаги масъулиятдир. Бу масъулиятни зиммага олиш учун, уни гўзал тарзда адо қилиш учун чуқур билимга, диний ва дунёвий илмларга эга бўлишимиз лозим. Бу борадаги энг шарафли вазифани муҳтарам устозларимиз, муаллим ва мураббийларимиз адо этадилар. Шунинг учун уларга Аллоҳ таолодан куч-қувват, ғайрат, сабру матонат тилаймиз, ҳақ йўлида ўргатган ҳар бир ҳарфлари учун Раббимиздан битмас-туганмас ажру мукофотлар сўраймиз.

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизни жаннатмонанд қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин, осмонимиз мусаффо бўлсин, мактаб-мадрасаларимизда илм чироғи ўчмасин, бутун олам илму ирфон нури ила мунаввар бўлсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Бугун Тошкент ислом университетида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланган “Конфессиялар аро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Ватикан давлатининг Ўзбекистондаги нунцийси Челестино Мильоре, Тошкент рус проваслав черкови митрополити Викентий, Германия, Исроил, Италия, Польша, Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан ташриф буюрган экспертлар, хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, республикада фаолият кўрсатаётган диний конфессиялар раҳбарлари, олим ва мутахассислар, хорижий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев кириш сўзи билан очиб халқаро анжуманга қимматли вақтини сарфлаб келган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди ва  Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, профессор Акмал Саидовга сўз берди.

Акмал Саидов. ушбу анжуман йигирма йилдан буён ўтказиб келинаётгани, йилдан йилга иштирокчилар сони ортиб бораётганини айтаркан, жумладан, бундай деди: “1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”нинг ташаббускорларидан бири марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эди. У  киши ЮНЕСКОнинг Штаб квартирасида туриб, Ўзбекистон қадимдан диний бағрикенглик маскани бўлиб келгани, бу юртда ҳеч қачон диний конфессиялар ўртасида низо чиқмагани, аксинча, диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб келганини айтиб, ушбу декларацияни қабул қилиш ҳақида ташаббус кўрсатган эди”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳам юртимиздаги бағрикенглик буюк тарихий анъаналарга монанд. Ўзбекистон фуқароларининг виждон ва эътиқод эркинлиги уларнинг миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъи назар тўлиқ кафолатланган. Турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ва изчили сиёсат амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида мамлакатимиздаги мавжуд конфессия ва миллат вакиллари ўзаро дўстлик ва аҳилликда яшаб, умуммиллий юксалиш йўлида халқимизда миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик ва фидокорлик, комил инсонни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Конференцияда турли эътиқод вакилларининг иштирок этиши Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенгликнинг таъминланганидан дарак беради.

– Конференция ғоят долзарб мавзуга бағишланганини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Новоапостол черковининг Берлин-Бранденбург округи раҳбари Вольфганг Надольни (Германия). – Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда худди шундай муҳит қарор топган. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга молик. Ўзбекистондаги ўзаро бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳити тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган можароларга теран кўз билан қараш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, айрим минтақаларда диний ақидапарастлик ва миллатчилик уруш ва низолар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Кўпмиллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш демократик ислоҳотларни изчил амалга ошириш, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш имконини бериши алоҳида таъкидланди.

– Ўн йилдан буён Ўзбекистондаман, – деди Ўзбекистондаги Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич. – Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч ва осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик бизни қувонтиради. Одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, орзу-ҳавасларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Ўзбекистондаги тинчлик, барқарор ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит дунё ҳамжамияти ҳавасини келтирмоқда.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳитида инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Анжуманда тинчликни мустаҳкамлашда диний бағрикенгликнинг ўрни, бағрикенглик тамойиллари, динлар ва ижтимоий ҳамкорлик, конфессиялараро мулоқотнинг жамиятни ривожлантиришдаги роли, ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасига бағишланган маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар, диний ташкилотларда тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини акс эттирган босма нашрлар кўргазмаси ташкил этилди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

 

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Боланинг руҳияти. Болани чўчитиб юборадиган ҳар қандай шовқин-суронли овоз, қаттиқ тортишув ва саросимага солувчи ҳаракатлардан авайлаш лозим. Негаки бу нарса унинг ҳали заиф бўлган ақлий қувватининг бузилиши ва вояга етганда ундан фойдалана олмай қолишига олиб келиши мумкин. Борди-ю шу нарсалардан бири содир бўлгудек бўлса, шу заҳоти унинг зиддини пайдо қилиш ва ўша нарсани унуттирадиган нарса билан уни овутиш керак. Уни нотинч қилган нарса қуввайи ҳофизасида ўрнашиб қолиб, кейин кетиши қийин бўлмаслиги учун дарҳол унга кўкрак тутиб, эмизиш лозим бўлади. То ухлагунча латиф ҳаракат билан уни бешикка беланади ва у безовталикни унутади. Бу нарсага бепарво қарамаслик керак. Чунки бунга бепарво бўлиш унинг қалбида қўрқоқлик ва ҳуркаклик имконини очиб қўяди-да, у шу ҳолда улғаяди, кейин уни кетказиш қийин бўлади ёки умуман иложи бўлмайди.

Эмизувчи аёл болани сутдан чиқармоқчи бўлса, аста-аста овқат бериб бориши ва уни тўсатдан бир дафъада кўкракдан ажратмаслиги лозим. Ўрганиб қолган ҳолат ва одатдан бирданига кўчиш болага зиён қилгани боис, уни овқатга кўниктириб, ўргатиб борилади.

Болаларни таомга тўйиб олишлари ва кўп еб-ичишларига йўл қўйиб қўйиш уларга яхши қарамасликдандир. Энг фойдалиси, яхши ҳазм бўлиши ва хилтлари мўътадил бўлиши учун ҳамда таналарида чиқитлар озайиб, жисмлари соғлом бўлиши учун уларга тўйиб кетмайдиган даражада таом беришдир. Шу билан озиқ моддаларида кераксиз чиқитларнинг озлиги туфайли касалликлари озаяди.

Табиблардан бири қайсидир қавмни зикр қилиб, айтади: «Мен болаларни тўйиб кетмайдиган даражада овқатлантирадиган қавмни мақтайман. Шу сабабли уларнинг қоматлари ўсади, жисмлари мўътадил бўлади ҳамда бошқаларда бўладиган куззоз (ёки кузоз – қаттиқ совуқдан бўладиган касаллик ёки ундан бўладиган дийдираш) ва юрак оғриғи каби хасталиклар уларда оз бўлади». У яна айтади: «Агарда бола жисми кўркам ва қомати текис, букчаймаган бўлишини хоҳласанг, уни кўп тўйишдан сақла. Негаки бола овқатга тўйса, шу соатдан бошлаб кўп ухлайди ва бўшашади, қорни дам бўлади ва ғализ (қаттиқ) ел келади».

Жолинус айтади: «Мен гўдакларни совуқ сув ичишларидан асло тўсмайман. Балки кўпинча таомдан кейин ҳамда ёз пайтлари иссиқ бўлганда кўнгиллари тусаса, уларни сув ичишга қўйиб қўявераман». Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Бунинг сабаби уларда кучли табиий иссиқлик мавжудлигидадир. Бу пайтларда, айниқса, таомдан кейин сув ичишлари уларга зиён қилмайди. Шундай экан, ҳарорат кўтарилиши билан чанқоқни кўтара олмаганлари учун уларга бирор миқдорда сув ичишга имкон бериш зарур».

Ҳушёр бўлиш лозим бўлган нарсалардан яна бири, болани вақти келмай туриб юришга мажбурлашдир. Чунки бу оёқлари заифлиги, буни қабул қилолмаслиги туфайли унинг қийшиқ бўлиб қолишига олиб келади.

Бола муҳтож бўлган қусуқ, уйқу, таом, ичимлик, аксириш, пешоб, қон чиқиши каби нарсаларни тўсиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлмоқ даркор. Негаки бу нарсаларни тўсиб қўйиш гўдакка ҳам, каттага ҳам ёмон оқибатлар олиб келади. Валлоҳу аълам.

Хулқ тарбияси. Гўдак ғоятда муҳтож бўлган нарсалардан бири унинг хулқига эътибор беришдир. Чунки у ёшлигида тарбиячиси ўргатган хулқлар билан ўсиб-улғаяди. Жумладан, тажанглик, аччиқланиш, уришқоқлик, шошқалоқлик, енгилтаклик, пала-партишлик, қўрслик, очофатлик каби одатлар борки, катта бўлганда буларни ташлаш қийин бўлади ва бу хулқлар унда мустаҳкам ўрнашган сифат ва хулққа айланиб қолади. Одам гарчи жуда ҳушёр бўлиб юрса ҳам, бу одатлар бир куни албатта уни шарманда қилади. Шу туфайли аксар одамларнинг эгри хулқлар билан қолганларини кўрасиз. Бу нарса уларни ўстириб-ундирган тарбия натижасидир.

Шунингдек, бола эсини таниганда уни беҳуда (лағв), ботил ишлар ва қўшиқ мажлислари, бидъат ва ёмон гап-сўзлардан узоқ қилиш вожибдир. Агарда булар унинг қулоқларига илашиб қолса, улғайганда улардан ажралиши оғир бўлади ва болани улардан халос қилиш тарбиячисига қийин кечади. Зеро, одатларни ўзгартириш энг қийин ишлардандирки, унинг соҳиби ўз хулқида ўзига мутлақо бегона иккинчи бир табиатни пайдо қилишга муҳтож бўлади. Табиат ҳукмидан чиқиш эса, ўта оғирдир. Боланинг валийси (тарбиячиси) уни бошқалардан нарса олишдан жуда йироқ сақлаши керак. Бола қачон олишга одатланса, бу унга табиат бўлиб қолади ва бериш эмас, олишга ўрганиб улғаяди. Болани бериш, улашишга одатлантириш лозим. Қачонки валий бировга нарса бермоқчи бўлса, боланинг қўли орқали берсинки, бола бериш ҳаловатини туйсин.

Болани ёлғончи ва хиёнатчи бўлишдан жуда қаттиқ сақлаш керак. Агарда валий болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштириб қўйгудек бўлса, унинг дунё ва Охират саодатини барбод этган, уни ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади. Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва роҳатда бўлишга қўйиб қўймаслик, балки уни буларнинг зидди билан тутиб турмоқ керак. Унга фақат қиладиган машғулоти учун нафси ва баданини жамлаб оладиган даражада дам бермоқ керак. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг ёмон оқибатлари бор. Меҳнаткашлик ва толиқишнинг хоҳ дунёда, хоҳ охиратда, хоҳ уларнинг ҳар иккисида бўлсин, мақтовли натижалари бордир. Инсонларнинг энг роҳатлиси энг толиққанидир, инсонларнинг энг кўп толиққани энг роҳатдагисидир. Дунё неъматлари ва Охират бахт-саодатига фақат толиқиш кўпригидан ўтиб эришилади. Яҳё ибн Абу Касир дедилар: «Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди».

Болани ортиқча овқатланиш, ошиқча гапириш ва кўп ухлашдан, одамларга кўп қўшилишдан йироқ қилмоқ керак. Зеро, зиёнкорлик мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Булар бандани дунё ва Охират яхшилигидан қолдиради.Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватлар зараридан бағоят узоқ қилмоқ керак. Бу зарарларни келтириб чиқарадиган омилларга йўл очиб қўйиш болани шундай айнитадики, кейин уни тузатиш оғир бўлади.

Қанчадан-қанча одамлар ўз фарзанд ва жигарбанд-ларини ўз ҳолларига бепарво ташлаб қўйиш, одоб-тарбия бермаслик ва хоҳиш-истакларини қондиришга ёрдам бериш билан дунё ва Охиратда бахтсиз қилганлар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб ўйлашарди, бироқ уни хорладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб ўйлашарди, бироқ унга зулм қилдилар ва яхшиликдан маҳрум этдилар. Шу билан фарзандларининг ота-онага келтириши мумкин бўлган манфаатларини ҳам қўлдан бой бердилар ва болаларни дунёю Охиратдаги насибасидан маҳрум этдилар. Болалардаги фасодга эътибор қилсангиз, унинг кўпи аслида оталар томонидан эканини кўрасиз.

Боланинг ақлини кетказадиган ва маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилишидан қаттиқ сақламоқ лозим. Шунингдек, бузуқлиги маълум, гап-сўзлари-ю хулқида зарарли жиҳатлар сезилиб турган кимса билан суҳбатлашишдан болани жуда-жуда эҳтиёт қилмоқ керак. Кимки унга бу нарсаларнинг йўлини қулай қилиб очиб қўйган бўлса, даюсликни ўзига ўзи раво кўрган бўлади. Даюс жаннатга кирмайди. 


Оталар ўз болаларига лоқайд ва бепарво бўлишлари, кийим-кечакларни олов учқунлари осон сачрайдиган ерга қўйиб қўйиш кабидир. Бепарволик шунақа иллатки, болани бунчалик бузадиган ҳеч нарса йўқ. Оталарнинг сусткашлик қилиб, Аллоҳ ҳақларини адо этмаганликлари ва Аллоҳ уларга вожиб қилган манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан юз ўгирганликларининг оқибати шу бўлдики, улар ўз фарзандларидан манфаат топа олмадилар. Фарзандлар ҳам оталарининг яхшилиги ва уларнинг манфаатидан маҳрум бўлдилар. Бу оталарнинг жазосидир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Афлотундан иккита саволга жавоб истадилар.

Биринчи савол:

– Одам авлодларининг қайси ҳаракатлари сизни кўп ҳайратга солади?”

Афлотун бирма-бир санади:

– Болаликдан зерикади ва тезроқ улғайишга интилади, аммо улғайганидан сўнг болаликка қайтишни орзу қилади. Пул топиш учун соғлигини гаровга қўяди, бироқ соғлигини қайта тиклаб олиш учун топган пулларини сарфлайди.
Эртанги кунни ўйлаб бугунни унутади, шу сабабдан на бугунни на эртани яшайди. Ҳеч ўлмайдиган каби яшайди, аммо ҳеч яшамаган каби ўлади.

Иккинчи савол:

– Хўп, сиз нимани таклиф қиласиз?

Олим яна навбати билан санабди:

– Кимсага ўзингизни севдирмоққа ҳаракат қилманг. Қилишингиз керак бўлган ягона иш – ўзингизни севги оташига отмоқдир.

Аҳамиятлиси, ҳаётда кўп нарсага эга бўлиш эмас, оз нарсага эҳтиёжли бўлишдир.

 

Top