www.muslimuz

www.muslimuz

vendredi, 11 octobre 2019 00:00

Жамоат намозига шошилиш

Намозни жамоат билан ўқиш муҳим фазилатли амалдир. Салафи солиҳларимизнинг намоз билан боғлиқ ҳолатларини бирма-бир келтириб ўтамиз. Зеро, улар намозни жамоат билан адо этишга ҳарис эдилар.

Улар намозни бошиданоқ, “такбири таҳрима”сиданоқ имом билан бирга киришишга ҳарис эдилар.

Улар намознинг арконларини, фарз, вожиб, суннат ва одобларини ўз ўрнига қўйишга жуда ҳам ҳарис эдилар.

Улар намозларини хушуъ ва хузуъ билан адо этишга ўта ҳарис эдилар.

Ҳадисдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, намоз мўминларнинг кўз қувончларидир. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Кўзимнинг қувончи намозда қилинди”. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Намоз билан бизларни роҳатлантир, эй Билол” дер эдилар. Бизнинг бугунги кундаги ҳолатимизнинг тили эса, “Намозимни тезроқ ўқиб олсам” дейди.

 Салафи солиҳлар намозни жамоат билан ўқишга қанчалик жон куйдиришлари тарих саҳифаларига битиб қолдирилган.

“Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан саҳобаларнинг жамоат намозига қанчалик эътибор беришлари жонли суратларда шундай нақл қилинади: “Биз намоздан фақатгина нифоқи очи-ойдин ошкор бўлган мунофиқгина кеч қолади деб ўйлар эдик”.

Таналари соғ бўлса ҳам бомдод намозидан ухлаб қолувчилар эртага Аллоҳнинг ҳузурида қандай узрларни айтар эканлар-а?!

Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ атадилар: “Қир йил бир вақт намозни ҳам жамоатсиз ўқимадим”.

Рабиъ ибн Хусайм раҳимаҳуллоҳни масжидга олиб борилар эди. Чунки, у кишида фалаж касаллиги бор эди. Шунда ёнидагилар у кишига “Сизга рухсат берилган-ку, уйингизда ўқисангиз бўлмайдими?” дейишди. У зот: “Мен “Ҳаййа алас солаҳ” ни эшитаман. Қандай қилиб бўлса ҳам намоз учун масжидга боришга имкон топсангиз, боринглар. Ҳатто эмаклаб бўлса ҳам, судралиб бўлса ҳам боринглар” деб жавоб бердилар.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр жон талвасасида ётган чоғларида муаззиннинг овозини эшитдилар ва: “Мени қўлимдан тутиб масжидга олиб боринглар” дедилар. У кишига: “Ахир сиз касалсиз-ку?!” дейишганда, у зот: “Аллоҳнинг чорловчисини эшитдим, энди қандай қилиб унга жавоб бермайман?!” дедилар. Кейин у кишини қўлларидан тутиб, масжидга олиб боришди. Масжидда шом намозига имом билан бирга киришдиларда, бир ракат ўқиб, жон бердилар.

Саъид ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ агар намозни жамоат билан бирга ўқий олмасалар, йиғлар эдилар.

Ҳа, улар жамоат намозига улгура олмай қолишса, йиғлашар эди.

 “Саҳиҳи Муслим”да шундай ривоят келтирилган: “Бир қавм агар намозга кеч келишда бардавом бўлсалар, Аллоҳ ҳам уларни охирига суриб қўяди”.

Ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Нававий шундай дейдилар: “Улар биринчи сафдан кеч қолаверганлари учун Аллоҳ таоло уларни Ўзининг раҳматидан ёки улкан фазлидан, мартабанинг юксалишидан, илмдан ва бошқа нарсалардан ортга суриб қўяди”.

Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мусулмон бўлганимдан бери намозга иқомат айтилаётганда, доимо, таҳоратли ҳолда бўлдим”.

Муҳаддислардан бўлмиш Иброҳим ибн Маймун заргарлик билан шуғулланар эдилар. Болғаларини кўтарган пайтда азонни эшитиб қолсалар, ўша заҳоти болғани қўйиб, намозга чиқиб кетар эдилар.

Саъид раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўттиз йилдан бери муаззиннинг азонини масжидда туриб эшитдим”.

Бир ҳадисда шундай дейилган: “Ким қирқ кун “такбири таҳрима”ни имом билан топиб жамоат билан намоз ўқиса, унга иккита омонлик ёзилади: дўзахдан омонлик ва мунофиқликдан омонлик”. Термизий ривояти.

Аъмаш раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, у кишининг ёшлари етмишга яқинлашиб қолган бўлса ҳам ҳеч “такбири таҳрима”дан ортда қолмаган эканлар.

Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар “такбири таҳрима”га бепарволик қилаётган одамни кўрсанг, ундан қўлингни юв”. Яъни ундан узоқлаш.

Ҳа, салафи солиҳларимизнинг намозга ҳарисликлари, намозга эрта боришга уринишлари мана шундай эди.

Бизчи? Биз ҳам намозга эрта бориш учун бир-биримиз билан мусобақа қиламизми? Биз имом билан бирга такбири таҳримани топишимиз у ёқда турсин, узрсиз жамоатдан кеч қоламиз ёки узрсиз жамоатга келмай, намозимизни уйда ўқиймиз. Бизнинг ушбу кеч қолишимизга айтадиган узрларимиз ўргимчакнинг уясидан ҳам заифроқ, бўшроқ маънодаги узрлардир.

Аллоҳ таоло бизга ҳиммат ва ғайрат берсин! Намозини ўз вақтида жамоат билан масжидда адо этадиганлардан қилсин! ОМИН!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

jeudi, 10 octobre 2019 00:00

Галактикалар

Ушбу расмда сиз Андромеда туманлиги ёки галактикасини кўриб турибсиз. Бу галактика бизнинг Сомон Йўли галактикамиздан тахминан деярли 2,5 марта катта бўлиб, таркибида 1 триллион атрофида юлдуз бор. Бу бизнинг галактикамизга энг яқин галактикадир. Андромеда галактикаси Ер сайёрамиздан тахминан 2,52 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, унинг диаметри, яъни у бошидан бу бошигача бўлган масофа 220 000 ёруғлик йилидир. Биз галактика ва бошқа осмон жисмлари билан яқиндан танишар эканмиз, Роббимизнинг қудрати олдида нақадар ожиз ва заифлигимизни кўпроқ ҳис этиб бораверамиз.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим!

Агар афвинг гуноҳларни ўчирса, яхши кўришинг қанақа экан!

Агар яхши кўришинг қалбларни нурафшон этса, муҳаббатинг қанақа экан!

Агар муҳаббатинг ақлларни даҳшатга солса, Сенга яқин бўлиш қанақа экан!

Агар Сенга яқин бўлиш ғамларни кеткизса, карамли важҳингга назар солиш қанақа экан!

Эй Аллоҳ! Албатта, биз Сендан афвингни, яхши кўришингни, муҳаббатингни, Сенга яқин бўлишни ва карамли важҳингга назар солишни сўраймиз, омин!

*****

Ҳабибимиз...

Оталарини кўрмадилар.

Оналари эса, у киши 6 ёшга етганларида вафот этдилар.

8 ёшга етганларида боболаридан айрилдилар.

Туғишган акалари йўқ, фақат эмикдошлари бор.

Фарзандларидан 6 нафари ўзлари тирик бўлган пайтларида, кўз олдиларида вафот этишган.

Бу зот тарихда ўтган улуғ инсонлар ичидаги энг буюги, оламларга раҳмат қилиб юборилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

*****

Ибрат олмайдилар

Вафот этганлар қабрларида маҳбусдирлар. Қилган хатоларига пушаймондирлар.

Тириклар эса дунёда маҳбусдирлар. Улар қабрдагилар пушаймон бўлаётган ишлар устида бир-бирлари билан қирпичоқ бўлмоқдалар.

Ё вафот этганлар тириклар олдига қайтолмайдилар, ё тириклар улардан ибрат олмайдилар.

Эй Аллоҳ! Бизни ғафлатдан уйғотгин!

*****

Эй Аллоҳ! Албатта, териларимиз дунё оловига бардош беролмайди, Охират оловига қандай бардош беради.

Эй Аллоҳ! Бизни, ота-оналаримизни, аҳлимизни ва диндошларимизни дўзахдан асрагин, омин!

*****

Кўпчиликка эмас, ТЎҒРИ ЙЎЛга эргаш!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Содда, камтарона кийиниб, авратларини беркитган аёл замондан орқада қолган аёл эмас, балки зийнатларини фақат эри учун кўрсатиши кераклигини биладиган маърифатли ва иффатли аёлдир.

«Ховатир роқия журнали»

*****

Шогирд – ичи тўлдириладиган идиш эмас. Шогирд – сен ёқишинг керак бўлган шуъладир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Оқил – қачон гапиришни, қаерда гапиришни ва кимга гапиришни биладиган кишидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ахлоқнинг қандайлиги қийин лаҳзаларда билинади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Менинг келаётганимни кўриб, юз ўгириб олдинг. Гўёки Аллоҳ таоло сендан бошқа инсонни яратмагандек. Сени мендан беҳожат қилган Зот мени ҳам сендан беҳожат қилади. Менинг фақирлигим ҳам, сенинг бойлигинг ҳам абадий давомли этмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Россиянинг "Сбербанк"и исломий банкинг сегментида жами 16 миллиард рубл миқдоридаги келишувларга эришган. Бу ҳақда банк бошқарув раисининг ўринбосари Олег Ганеев Volga Investment Summit доирасидаги тадбирда маълум қилган.

Банк хизматлари портфелида исломий банкинг соҳасидаги хизматлар ҳажми анчайин сезиларли даражага етганини қайд этиб, келгусида ушбу йўналишда янада кўпроқ амалий ишлар қилиниши режалаштирилаётганини айтиб ўтган. Сбербанк Россия ҳудудида биринчилардан бўлиб исломий банкинг тизимини жорий қилган банклардан ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан айни кунларда Тошкент шаҳрида Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг олтинчи семинари бўлиб ўтмоқда.

Халқаро анжуман ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Форум иштирокчилари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, у зотнинг номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top