www.muslimuz
“Халқимизнинг саодатли кунлари бардавом бўлсин!”
“Халқ сўзи” махсус мухбири Саид РАҲМОНОВ Саудия Арабистонининг Макка шаҳридан хабар қилади.
“Ҳажингиз мабрур, саъйингиз машкур бўлсин”. Ҳажнинг асосий рукнларини адо этиб, ҳожилик мақомини олган 7000 дан зиёд ҳамюртларимиз бир-бирларини бағрига босиб қутлар экан, ана шундай эзгу тилак билдирмоқда. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, дея марҳамат қилганлар. Шу боис ўзбекистонлик зиёратчилар ҳаж арконларини катта ихлос ва ҳусни хулқ билан адо этишга интилдилар. Навбатдаги — Минога чиқиш, Арофатда туриш, Муздалифада тунаш каби амалларни ҳам рисоладагидек бажардилар.
Чодирли шаҳар
Ҳожилар ҳайитнинг учинчи куни асргача Минода бўлиши суннат саналади. Шунинг учун Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги томонидан бу ерда ўзига хос шаҳарча бунёд этилган. Унинг ўзига хослиги шундаки, бу манзил чодирлардан тикланган вашунчалик кўплигидан бутун водий бўйлаб чўзилиб кетган.
Тўғри, бу ерда осмонўпар меҳмонхоналар ҳам қуриш имконияти мавжуд. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаж қилганларида айнан чодирда ўтирганлари учун умматлари ҳам шундай қилишни афзал биладилар.
Агар бу шаҳарчанинг бор тароватини ҳис қилмоқчи бўлсангиз, осмон узра пайдарпай учиб юрган вертолётга чиқсангиз, кифоя. Айниқса, ҳудудқоронғулик чўмганда янада гўзаллашиб кетади. Милтираб турган минг-минглаб чироқлар ёғдусини кўриб, бамисоли юлдузлар ерга қўнганми, деб ўйлаб қоласиз.
Ўзбекистонлик ҳожилар учун водийнинг 26 ва 27-секторидаги чодирлар ажратилган. Улардаги шарт-шароитлар бир неча юлдузли меҳмонхоналардаги имкониятлардан асло қолишмайди. Ҳар бир чодир коммуникация тармоқларига уланган, совиткич билан жиҳозланган.
Тарвия, яъни ёлғон арафа куни бу ерга етиб келган юртимиз зиёратчилари дуо ва ибодат билан машғул бўлдилар.
— Ҳажнинг машаққати бор, дейишганда кўпчилик Мино водийсида бўлишни назарда тутади, — дейди сирдарёлик отахон Қўқонбой Шокиров. — Аммо бугун бу ерда ибодат қилиш машаққат эмас, роҳат! Қаранг, ҳамма шароит муҳайё қилинган. Хизмат кўрсатиш аъло даражада.
Чиндан ҳам, сервис хизматлари жуда яхши йўлга қўйилган. Ҳудудлар озода, саранжом-саришта. Ҳар қадамда қўйилган махсус идишлар муздек ичимликлар билан тўлдирилган. Улар камайиши билан дарҳол қайта тўлдирилади. Чодирлар олдига қўйилган самоварларда эса чой қайнаб турибди. Ювиниш, таҳорат олиш борасида ҳам муаммо йўқ.
Юзидан нур ёғилиб турган бу нуроний отахон билан суҳбатимиз узоқ чўзилди. У киши оппоқ соқолини силаб, шифокорлар, ошпазлар, Ишчи гуруҳ хизматидан ҳожилар мамнунлигини айтади.
— Мухбир болам, энди гап бундай, — дея мақсадга кўчади отахон. — Буни болаларимга айтишим керак. Улар хавотир олишмасин. Имкони бўлса, уйимдагилар билан бир гаплаштирсангиз.
Шу заҳоти ахборот-коммуникация воситалари имкониятларидан фойдаланиб, Ватанга қўнғироқ қилдик. Фарзандлари, набиралари билан гаплашган, суратлар алмашган Қўқонбой ота ўзида йўқ қувониб, Яратгандан юртимиз тинч, халқимиз турмуши фаровон, фарзанду аржумандлар омон бўлишини сўраб, дуо қилди.
Президентга табрик
Юртимиз зиёратчилари чин арафа куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг ташкилий равишда ҳажнинг яна бир фарзини бажариш мақсадида Арофат томон йўл олдилар. Саҳиҳ манбаларда келтирилишича, Арофат энг улуғ манзиллардан бири бўлиб, бу ерда қилинган дуо қабул бўларкан. Буни яхши англаган ҳожилар ҳар дамни ғанимат билиб, ундан оқилона фойдаланиш пайидан бўлдилар.
Ана шундай пайтда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг муборак Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табриги юртимиз ҳожилари, дин уламоларини беҳад қувонтирди. Улар табрикни ўқиб, кўнгиллари тоғдек кўтарилганини айтишди. Бинобарин, унда шундай жумлалар бор: “Фуқароларимиз учун яратилган янги имконият ва шароитлар туфайли ушбу мўътабар ва улуғ айём кунларида Маккаи мукаррамада муқаддас ҳаж амалларини адо этаётган 7 мингдан зиёд ватандошларимиз бугунги тинч-осойишта, эркин ҳаёт учун Парвардигори оламга ҳамду санолар айтиб, юртимизга равнақ, халқимизга хайр-барака сўраб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Ҳожиларимизнинг барчасини самимий муборакбод этиб, уларнинг она диёримизга соғ-саломат қайтиб келишларини тилаймиз. Улар ўзларининг ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан ёш авлодимизни эл-юртга садоқатли ва фидойи, ҳидоят йўлидан борадиган ҳалол ва пок инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшадилар, деб ишонамиз”.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳожилари Арофат водийсида давлатимиз раҳбарига табрик йўлладилар. Уни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўқиб эшиттирди.
Юртимиз ҳожиларини ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ибодатини юксак савияда, барча қулай шарт-шароитлар яратилган ҳолатда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, миллий-диний қадриятларимизни қайта тиклаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодаси эканлигини алоҳида таъкидлаб, Юртбошимизга энг эзгу тилакларини йўлладилар: “Муҳтарам Президент Жаноблари! Биз, ҳожилар Арофатда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда юртимиз ҳамиша омон, элимиз доимо тинч, турмушимиз янада фаровон бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.
Аллоҳ-таолодан сизга мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат тилаймиз, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб, дуолар қилиб қоламиз. Жонажон Ўзбекистонимизда бошланган улкан ислоҳотларнинг ёруғ юз билан амалга ошишида Аллоҳ-таолодан тавфиқ ва мадад сўраб қоламиз”.
Раҳмат ёмғирлари
Маълумки, 2019 йилги ҳаж мавсуми йилнинг энг иссиқ пайтига тўғри келди. Одатда, Саудия Арабистонида ёзнинг чилласида ҳарорат 50 — 60 даражагача кўтарилиб кетаркан. Аммо бу гал иссиқ у қадар забтига олмади.
Кутилмаган ҳолат арафа куни Арофатда кузатилди. Гап шундаки, ҳожиларимиз суннатга мувофиқ, пешин вақтида унга аср намозини қўшиб ўқиганларидан сўнг ҳароратда ўзгариш кузатила бошланди. Гармсел шамол ўрнини майин шабада эгаллади. Қуёш тоғу тошлар ўраб турган водийни тандирдек қиздириб турган бир пайтда осмонда оппоқ булутлар пайдо бўлди ва чақмоқ чақиб, зумда шаррос ёмғир қуйди. Ҳожиларимиз Яратганга шукроналар айтиб, кўзларида ёш билан яна дуога қўл очдилар.
Буни қарангки, бундай ёмғирлар Қурбон ҳайити ва унинг эртасида ҳам ёғиб, дилларни равшан қилди. Зотан, баҳорда кўкдан томчи камдан-кам томадиган бу жойларда кетма-кет ёмғир ёғиб, салқин об-ҳаво рўй бериши, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳнинг раҳматидир.
— Арафа ва ҳайит кунлари ёмғир ёғиши ҳожиларнинг дуолари ижобати, уларнинг гуноҳлари кечирилгани, ибодатлари, ҳажнинг қабул бўлганидан бир аломатдир, — дейди Тошкент шаҳридаги Шайх Зиёвуддинхон масжиди имом-хатиби, гуруҳ раҳбари Эрдон домла Эсонов. — Бу йилги ҳажнинг ўзгача бўлганидан яна бир белги шуки, гўёки жаннат шамоллари эсиб, баҳор ҳавоси кузатилди. Бундан, ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам ҳайрон. Чунки бундай мўътадил ҳарорат январь-февраль ойларида кузатилар экан. Охирги 25 йил давомида ҳаж мавсумларининг бевосита кузатувчиси сифатида, айтишим мумкинки, ўтган давр ичида бундай ҳолат биринчи бор юз бермоқда. Бу — Аллоҳнинг раҳмати, ғамхўрлиги. Бунинг учун биз, ҳожилар Парвардигори оламга ҳамд айтдик, саждалар этдик, йиғлаб дуои хайрлар қилдик. Илоҳим, уларнинг барчаси ижобат қилингани рост бўлсин!
Ҳожиларимиз шомдан сўнг Арофатдан чиқиб, инсоният бешиги бўлмиш Муздалифага келдилар. Бу ерда тонгга қадар ибодатда бўлдилар, тош териб, шайтонга тош отиш амалини бажардилар, шунингдек, Каъбатуллоҳга бориб, тавофи изофа қилдилар.
Шундай қилиб, зиёратчилар ҳаж ибодатининг деярли барча рукнларини бажариб бўлдилар. Уларнинг сўнггиси, яъни сафар якунида тавофи видони бажариб, гуруҳлар 17 августдан бошлаб 1 сентябрга қадар навбатма-навбат она Ватанга қайтадилар.
Бугун ҳожиларнинг тилида, дилида бир тилак: Аллоҳ-таоло барчанинг ҳажини қабул айласин, уларга гуноҳлардан фориғ бўлиб, уйларига эсон-омон қайтиш насиб қилсин! Халқимизнинг саодатли кунлари бардавом бўлсин!
Манба: http://xs.uz/uzkr/17617
ҲАШАР ЭЛГА ЯРАШАР
Азал-азалдан ҳалқимизда “Ҳашар элга яшар” деган ҳам инсонларни бир-бирларига яқинлаштирувчи, бирлаштирувчи, озодалик ва покликни тарғиб қилувчи, инсонни камолитида ҳизмат қилувчи, биз ёшларни ёши улуғларимиз сафига қадам қўйишимизда, уларнинг ҳаёт таржирабаларини ўзимиз билмаган ҳолда ўрганиб боришимизга, поклик, озодалик деган тушунчалар ҳамда миллийлигимиз англаб боришимизга сабаб бўлувчи бир нақл бор.
Бу орқали инсон фақат ўзинигина поклаб юрса бўлди, дегани эмас балки Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этгани, ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табитан тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаганини, Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келишлигини. табиатни муҳофаза этиш ислом динининг асосий таълимотларидан бири эканлигини, ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюришлигини, асрлар бўйлаб мусулмон киши ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари эканлигини англаб борамиз.
Шу маънода юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё этгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлигини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 16.08.2019 йилдаги “Мамлакатимизда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидлар, “Мувороуннаҳр” нашриёти, “Вақф” ҳайрия жамоат фонди, диний таълим муассасалари, зиёратгоҳлар ва буларга туташ қабристонларда шу йилнинг 17-18 август кунлари халқимизнинг азалий қадрияти бўлмиш умумхалқ ҳайрия ҳашарини ўтказиш мақсадида”ги 02/ШТ 438-сонли буйруғи ижросини таъминлаш Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти жамоасида ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий урф-одатларимизга ҳурмат руҳини янада ошириб боришни таъминлаш янги бошланаётган 2019-2020 ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида 2019 йилнинг 17 август куни умумхалқ ҳайрия ҳашари ташкил қилинди.
Умумхалқ ҳайрия ҳашари билим юртининг 10 нафардан зиёд рахбар ва ишчи ходим ҳамда жорий ўқув йили учун ўтказилган қабул имтихонларидан муваффақиятли ўтган талабалари иштирокида билим юртининг ички ҳудудида (650 кв.м) ободонлаштириш ишлари олиб борилди, 320 метр ариқлар тозаланди, билим юрти ички ҳудудида 450 метр ва ташқи худудида 400 метр бетон тўсиқларни оҳланди, билим юрти талабалар амалиёт ўтказиш жойи масжид биноси ички ва ташқи қисмида ҳамда ошхона ва тахоратхоналарда умумий тартибда тозалов ишлари олиб борилди.
Билим юрти ташқи фасад қисмидаги барча дарвоза қисми ва ромлар артиб тозаланди. Шунингдек, билим юрти ҳудудига яқин бўлган Ўзбекисион мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллиги (билим юртининг КЛУБ биноси)нинг олд қисми майдонларида тозалов ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
Абдуғулом Мелибоев
Ҳашар – ободлик белгиси
Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади. Муборак Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имондандир”, дея марҳамат қилганлар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 августдаги фармойишига биноан жорий йилнинг август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 17-18 август умумхалқ хайрия ҳашари кунлари, деб эълон қилинди.
Бугун эрта тонгдан диёримиздаги барча масжидлар, зиёратгоҳлар ва уларга туташ қабристонларда ҳам оммавий ҳашар бошлаб юборилди. Масжид жамоаси, маҳалла фаоллари уюшқоқлигида, ички ва ташқи ҳудудлар, экинлар, ариқлар тозаланди. Қабристонлар, қаровсиз қолган жойлар ободонлаштирилиб, тартибга келтирилмоқда.
Айни шу дамларда ҳашар тадбирларининг бирдамлик, аҳиллик эзгулик ва поклик рамзи эканлиги яна бир намоён бўлмоқда. Бир сафга жам бўлиб ибодат қилувчи мўмин-мусулмонлар бугун худди шундай бирдамликда масжидларини покламоқдалар. Кўпнинг кўмаги билан йиғилиб қолган баъзи юмушлар осон ҳал бўлмоқда. Кўпдан бери режалаштирилган ишлар амалга ошмоқда.
Ҳашарда айниқса оталари, боболарига эргашиб келган ёшларнинг қизиқишлари, кўпчиликка қўшилиб меҳнатга киришишлари ўзгача. Уларнинг баъзилари бу каби тадбирларда илк бор иштирок этаётган бўлишса ажаб эмас. Бундай пайтларда поклик ва ободликка йўғрилган эзгу қадриятларимиз ёш авлод хотирасига муҳирланади. Меҳр-оқибат, биродарлик намунасини айнан ҳашарда кўришади. Демак, ҳашар улар учун жонли ибрат ва тарбиянинг ўзгинаси.
Ҳашар тадбирлари давом этмоқда. Кўнгиллар ва масканлар поклигига сабаб бўлгувчи хайрли ишларда фаол бўлайлик, азиз юртдошлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади
Халқимизнинг минг йилликларга бориб тақалувчи қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир. Аждодларимиз бу анъанани доимо улуғлаганлар. Зеро, динимиз аввало инсониятни покликка, озодаликка чорлайди. Ҳар қандай ибодатлар, савобли амаллар поклик ила бошланади.
Бугун Олмазор туманидаги «Тўхтабой» жоме масжидида Имом-хатиб Зокиржон домла Шарифов бошчилигида хашар бўлиб ўтди. Унда масжид ходимлари, масжид қавмидаги намозхонлар қатнашди.
Ғам-ташвиш гуноҳ сабабидан эканини инкор этувчиларга раддия
14 август куни muslim.uz сайтида “Доллар нархи ошдими?” номи мақола эълон қилинган эди. Унда АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати кўтарилиши юзасидан баъзи кишиларда пайдо бўлган хавотирли ҳолатларнинг муолажаси ва инсон ризқи Ҳақ таоло томонидан таъмин этилиши баён этилган.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифа ва канал юритувчилари томонидан ушбу мақоладаги фикрларни истеҳзо қилиш ҳолати учради. Сайтимиздаги мақолада инсон бошига келадиган ғам-ташвиш, мусибат у содир этган гуноҳ туфайли экани ояту ҳадислар асосида ёритилган.
Бироқ ушбу мақолага айрим ўқувсиз ижтимоий тармоқ юритувчилари масхараомуз фикрларни ўз саҳифасида қолдирган. Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари келтирилган мақолани шундай кимсалар “анекдот”, дея ҳақоратлашгача бориб етгани ташвишлидир. Мана шундай нодонлар фикри мазмунига етиб бормаган баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари билиб-билмай уларни ёқлаб қўйишган. Фейсбукда ҳам, телеграмда ҳам айримлар ушбу фикрларга кулиб турган “смайлик” қолдирган.
Бундай ҳолат ғўр кимсаларнинг диний-маърифий мақола устидан нодонларча кулаётганини кўрсатди. Улар ўйлаб кўрмайдиларми, шу пайтда уларнинг имон-эътиқодлари қай аҳволда экан? Оят, ҳадис, ҳикматларни масхара қилаётганлар оқибати нима бўлар экан?!
Қуръони каримда:
“Аллоҳнинг оятларига куфр келтирганлар, ана ўшалар зиёнкорлардир” (Зумар, 63), дея ояти каримада Аллоҳнинг оятларини инкор этувчилар зиён кўрувчилардан экани қатъий таъкидланган.
Ислом шиорларини масхара қилишнинг оқибати жуда ҳам оғир. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар:
“Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”.
Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!”– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, дедилар (Имом Ибн Можа).
Уламоларимиз ўзларининг фатволарида шундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса ёки масжидни масхара қилса кофир бўлади” (Манба: “Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Қайд айтганимиздек, баъзи инсонларнинг ижтимоий тармоқлардаги дин борасидаги масхараомуз фикрларини қўллаб-қувватлаш орқали ҳам гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли ҳолат, билимсизлик, жоҳилликдир. Бу ҳақда қуйидаги линк орқали Диний идора раиси ўринбосари мақоласини ҳам мутолаа қилишингиз мумкин. (http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/16228)
Тарихдан маълумки, барча улуғ пайғамбарлар алайҳимуссалом ўз қавмларига Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат этишни ва неъматларига шукрона қилишни тайинлаганлар. Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ алайҳимуссалом ўз қавмларига истиғфор айтишни буюрганида, итоат этмаганлари оқибатида сув тошқини, шамол офати ва кучли қичқириқ балоси ушбу қавмларни барбод этган.
Огоҳлик қўнғироғи сифатида “Доллар нархи ошдими?” сарлавҳали мақоладаги далилларни янада қувватлаш ва уни тушуниб етмаган кишилар хитобан, қуйидаги оят ва ҳадисларни келтирамиз.
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмига айтган гапларини шундай баён қилади: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир” (Нуҳ, 10-12).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай марҳамат қилганлар: “Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради”, деганлар (Абу Довуд, Ибн Можжа). Демак, ризқнинг зиёда бўлиши, мушкуллар осонлашиши, муаммолар бартараф бўлиши учун истиғфорни кўпроқ айтиш лозим.
Хулоса ўрнида, ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, қолдирган изоҳи ва тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам масъул эканини зинҳор унутмаслиги зарурдир.
Изоҳ ўрнида: мақолада бемаъни фикрларни тарқатган ижтимоий тармоқлар номлари келтирилмади. Мақсад, уларни оммага маълум қилиш орқали кенг ёйилишининг олдини олишдир. Агар кимда-ким ундай саҳифа ва каналларни билса ёки аъзо бўлса, тарк этишларини тавсия этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати