www.muslimuz

www.muslimuz

Уламолар ҳақида ёмон гап гапириш, ғийбат қилиш мунофиқлик бўлади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдан кимдир уламоларни, имомларни, аҳли илмларни ёқтирмаслик, орқасидан гапириш мунофиқлик саналадими, деган маънода савол берганда, Шайх ҳазратлари “Мунофиқнинг каттаси бўлади” деган маънода жавоб берганлар.

Ижтимоий тармоқларда Динни холис етказиш ҳақида мақола қўйилса, остида аҳли илмлар, имомлар ҳақида ёмон гаплар, ғийбатлар ёзиб изоҳ қолдириш ҳам юқоридагидек ҳукмда бўлади.

Бундай ишлардан эҳтиёт бўлайлик!

Қайси имом домланинг айблари бўлса, номларини ёзиб, оммага эълон қилмай, ўзларига айтиш керак. Чиндан насиҳат қилишни истаган, насиҳатни ўша инсоннинг ўзига айтади. Шарманда қилишни истаган эса, ўша инсоннинг исмини, камчиликларини ёзиб, оммага эълон қилади. Зеро, Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Агар менга ёлғиз ўзим турганимда насиҳат қилсанг, чиндан насиҳат қилган, агар одамлар ичида турганимда насиҳат қилсанг, шарманда қилган бўласан” деганлар.

Салафи солиҳларимиздан бирлари: “Уламоларнинг гўштлари заҳарлидир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади, ким уни еса, ўлади” деганлар. Ғийбат қилиш биродарининг гўштини ўлганидан кейин ейишга тенглаштирилганини ҳисобга олсак, уламоларни ғийбат қилаётган одам заҳарли гўшт еяётган бўлади. Бундай гўштни еган кимса ўлар экан, шу ғийбатга қулоқ солган киши эса касал бўлар экан.

Дуоларимизда уламоларимизни, устозларимизни, имом домлаларимизни, аҳли илмларни унутмайлик! Ўтганларини ҳам, ҳаётларини ҳам яхшилик билан эслайлик!

Аллоҳ таоло ўтиб кетган барча уламоларимизни, устозларимизни, имом домлаларимизни, аҳли илмлар ва мударрисларни раҳматига олсин! Ҳозирда яшаб турганларини Ўз паноҳида асрасин! Ўзининг розилигини кўзлаб қилаётган хизматларининг ажру савобини кўпайтириб берсин! Барчамизни Ҳақ Йўлда собитқадам қилиб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

dimanche, 28 juillet 2019 00:00

Тезкор бургут

Тезкор бургут — йирик йиртқич қуш бўлиб, узунлиги 10 сантиметр келадиган панжалари пўлатдан ясалган сих мисоли қаттиқ, ўткир, қисувчи ҳамда қаттиқ жароҳат етказувчи қурол ҳисобланади.

Бу жонзот фанда “Гарпи бургути” деб аталади.

Танасининг узунлиги 106 см, қанотларини ёйганда, у учидан бу учигача узунлиги 2 метр бўлиб, гоҳида бундан ҳам ошади.

Ушбу бургут тури Марказий ва Жанубий Америкада, Мексикадан то Бразилиягача бўлган ҳудудлардаги ўрмонларда яшайди ва ов қилади.

Бўри ва ундан каттароқ ҳайвонларни овлай олади. Тирноқлари айиқнинг тирноғидан узунроқ бўлиб, ўлжасини тирноқнинг ўзида ўлдириши мумкин. Ушбу бургут чангали билан инсоннинг билаги ёки болдирини синдириши, суякни тешиши мумкин экан. Маҳаллий ҳиндулар у ўз тумшуғи билан катта ёшдаги одамнинг бош суягини ҳам эзиб ташлаши мумкинлигига ишонишади.

         Тезкор бургут дунёдаги энг ваҳший ва хавфли жонзотлар сирасига киради.

Шунингдек, у ўта сабрли жонзот бўлиб, ўлжасини 23 соат давомида пойлаб, дарахт тепасидан жимгина кузатиб ўтириши мумкин.

         Жанубий Америка гарпи бургути асосан маймунлар билан озиқланади. Шунингдек, у енотсимонлар оиласига мансуб бўлган носух, опоссум, ялқов, калтакесак, чумолихўр ва ара тўтиқушларини ҳам овлайди.

Агар инсон бехосдан унинг ҳудудига кириб қолса, инсонга ҳам ҳужум қилиши мумкин. Бир ёш йигит бургут ҳужумига учрагач, унинг бош ва бўйин қисмидан саккиз жойини тикишга тўғри келган.

Гарпи сувга яқин жойдаги 50-75 метр баландликдаги дарахтларга ин қуради. Тухумдан чиққан полапонлар 8-10 ойлик бўлганда уча оладиган бўлади.

Бу бургутнинг сони бугунги кунда 50 мингтадан кам бўлиб, йилдан йилга камайиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари улар ин қурадиган ўрмонларнинг кескин қисқартирилиши, дарахтларнинг кесиб юборилиши ҳамда улардаги насл кўришнинг озлигидир. Ушбу турдаги бургут жуфтлари ҳар 2-3 йилда битта жўжа очиб, ўшани тарбия қилади.

Уларнинг кўзи ниҳоятда ўткир бўлиб, агар кўзингизни шу бургутнинг кўзига алмаштирилса, сиз 50 қаватли бино томидан туриб, ердаги чумолини кўришингиз мумкин. Бургут катталиги 1 см ёки ундан кичикроқ жонзотни 200 метр баландликдан ва 4 км узоқликдан кўра олади.

Сўзимизни мана бу оят билан якунлаймиз:

هَذَا خَلْقُ اللَّهِ فَأَرُونِي مَاذَا خَلَقَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ بَلِ الظَّالِمُونَ فِي ضَلَالٍ مُّبِينٍ

“Бу Аллоҳнинг яратганидир. Қани менга кўрсатинг-чи, Ундан бошқалар нимани яратдилар. Йўқ! Золимлар очиқ-ойдин адашувдадирлар” (Луқмон сураси, 11-оят).

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Аллоҳ! Мени уч нарсадан узоқлаштирма:

  1. Намозимдан.
  2. Ота-онамнинг розилигидан.
  3. Яхши кўрганимдан.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Ўлим энг катта мусибат эмас. Бу ҳаёт қонуни. Энг катта мусибат — ўзинг тирик бўла туриб, қалбингда Аллоҳдан бўлган қўрқувнинг ўлишидир.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Атрофинг кўпчилик билан ўралгани – уларга ишинг тушиб қолса, барчаларини топа оласан дегани эмас.

“Сукутдаги садолар”

*****

Янги тадқиқот хулосаси: “Ҳасад мия учун ўта ҳалокатли бўлиб, ҳасадчининг мияси ўзини-ўзи еб битирар экан!”

*****

Жим туриш унутишдир деб ўйлашдан эҳтиёт бўл. Ер шари ҳам жим туради. Ваҳоланки, ичида минглаб вулқонлаб биқирлаб ётибди.

Форуқ Жавда

*****

Бир шахснинг ҳолатини бошингдан кечирмай туриб у ҳақида ҳукм чиқарма.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Оилангни, қалбингни ва кароматингни ҳеч қачон қурбон қилма.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар эсипаст, аҳмоқ кимса гапирса, жавоб берма. Унга бериладиган энг яхши жавоб – сукутдир.

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ

*****

Биродаринг сенга фойдаси текканидир, “Сенинг қадрдонингман” деб даъво қилгани эмас.

Ториқ ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ

*****

“Чекмайдиганлар нимадан ўлади?” деб энсасини қотирадиганлар учун

- Ҳамма ўз ажали билан ўлади.

- Аммо чекадиган одам ўз жонига зулм қилган, ўз умрини чекиш орқали қисқартирган, ўзини ҳалокатга ташлаган бўлади.

- Чекувчилар ўртасида ўлим кўрсаткичи, чекмайдиганларга қараганда 70% кўп экан.

- Кунига 20 дона сигарета чекувчиларда эса ўлим кўрсаткичи 2 баробар ортиқ экан.

- Чекувчилар чекмайдиганларга нисбатан 6-10 йил кам яшаши ҳисоблаб чиқилган.

- Оддий чекувчи ҳар битта чеккан сигаретаси билан ўз умрини 6 минутга қисқартиради.

- Чекмайдиган одам билан чекадиган одам ҳисоб-китоб қилинаётган пайтда, чекмайдиган одам чекиш, чекиб ўз жонини ҳалокатга дучор қилиш билан боғлиқ сўроқдан озод бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йил 29 июль куни Сингапурнинг “CrescentRating” агентлигининг мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтинги юртимизда жорий этилиши муносабати билан тақдимот ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: “CrescentRating” агентлиги Жаҳон ҳалол туризм бозорида йирик экспертларидан саналади. Ташкилот 2015 йилдан бошлаб “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур рейтингга 130 та мамлакат аъзо бўлиб, унда 40 дан ортиқ мезонлар асосида мусулмон сайёҳлари учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади.

Рейтингга кўра юртимиз 2019 йилда “Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси”да 22-ўринда бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқорилади дегани.
Маълумки, жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Бухорода ўтказилган “II Халқаро зиёрат туризми форуми” доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “CrescentRating” агентлиги ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ушбу халқаро ташкилот билан келгусидаги истиқболли лойиҳалар бўйича келишувларга эришилганди.
Мазкур келишув доирасида жорий йилнинг май ойида “CrescentRating” агентлиги мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтингини мамлакатимиздаги туристик ташкилотларга жорий этиш юзасидан агантлик “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК билан шартнома имзолади. Мазкур баҳолаш рейтинг тизими ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланишда истаган туристик ташкилотлар мусулмон меҳмондўстлиги соҳасида бир қанча имтиёзларга эга бўлади. Жумладан: “CrescentRating” агентлиги томонидан туристик ташкилот ходимларига бепул малака ошириш курслари; “ҳалол туризм” йўналишидаги сертификатланган курсларга чегирма; туристик хизматларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш; маҳаллий бозорда мусулмон меҳмондўстлиги талабларига жавоб берадиган ташкилот сифатида сайёҳларни жалб қилиш орқали даромадини ошириш каби имкониятлар тақдим этилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, ушбу рейтинг хизматларидан сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, аэропортлар, вокзаллар, савдо-кўнгилочар масканлари фойдаланиши мумкиндир. Ушбу баҳолаш рейтингида халқаро экспертлар мусулмон сайёҳлар учун юқорида келтирилган туристик манзиллардаги яратилган қулайликлар ва уларнинг эҳтиёжларини инобатга олганлигига алоҳида эътибор қаратади.

2019 йилнинг 29 июль куни соат 10:00 да “Citizen” меҳмонхонасида ўтказиладиган тақдимотда “CrescentRating” агентлигининг Бош ижрочи директори Фазал Бахардин жаноблари мазкур рейтинг тизими ҳамда ташкилот томонидан мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари соҳасига оид консалтинг ва ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот беради. Тақдимотда мусулмон меҳмондўстлиги хизматларини кўрсатувчи туристик ташкилотлар ҳамда юртимиздаги ОАВ вакиллари қатнашиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

27 июль куни Маккаи мукаррамага ҳаж амалларини адо этиш учун етиб келган зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳи “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида тантанали равишда катта эҳтиром ва юксак илтифотлар ила кутиб олинди.
Катта орзулар, яхши тилаклар ва чин ихлослар оғушида келган бўлғуси ҳожиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилик қилиб келдилар.

Зиёратчиларимиз муҳташам меҳмонхонага яқинлашиб келганларида нашидлар-салавотлар айтилди, сават тўла хурмолар тутилди ҳамда уларга ширинликлар улашилиб, муқаддас зам-зам сувлари икром қилинди.
“Ҳаж – 2019” мавсуми ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар ва Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати мутасаддилари юртдошларимизга табассум ила пешвоз чиқдилар.

Ҳашаматли меҳмонхонадан жойлари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерда мамлакатимиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, катта ҳозирликлар кўриб қўйган ишчи гуруҳ аъзолари эҳтироми ва моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомлари ҳамда ширинликларидан баҳраманд бўлдилар.

Ҳақиқатан, бу йилги ҳаж мавсумига пухта тайёргарлик кўрилгани дастлабки ташкилий ишлар, кутиб олиш жараёнлариданоқ кўзга ташлана бошлади. Гап шундаки, зиёратчиларни катта тантана ила кутиб олиниши, иззат-икром қилиниши, юкларини қабул қилиб олиш, уларни ташиш, меҳмонхоналарга олиб келиш, зиёратчиларни шинам хоналарга жойлаштириш ва ибодатларни бекамикўст адо этишга кўмаклашиш каби савобли ишлар таҳсинга лойиқдир.
Бундай ажойиб шароитлар зиёратчиларимизнинг ибодатга бўлган рағбатларини янада оширади ва ихлосларини зиёда айлайди.

 



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top