МАҚОЛА

"Гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади..."

Ушбу калиманинг қатъий қарор қилинган истилоҳий маъноси, ислом уммати умрининг дастлабки уч асридир. Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланиши (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларидир: "Инсонларнинг хайрлиси менинг асрим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади" (яъни, гувоҳлик бериш ва қасам ичиш масаласига шу қадар масъулиятсиз ёндашадиларки, улар гувоҳликни енгил санаб қасам ичаверадилар).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кетма-кет, тартиб билан зикр қилиб, уларга "хайрли" дея гувоҳлик берган уч аср (аҳли)дан мурод салафи солиҳинлар давридир.

Биринчи давр - ислом ақидаси ва асосларини тўғридан-тўғри Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан қабул қилиб олганлар, яъни саҳобалар давридир. Исломнинг раббоний ҳукм ва одоблари уларнинг ақлларига мустаҳкам ўрнашган, қалблари эса бидъатчилик доғлари ва васваса ҳамда турли ваҳму гумонлардан мусаффо эди.

Иккинчи давр - тобеъийнлар даври. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига тобеъ бўлганлари, уларнинг ҳидоятига эргашганликлари ҳамда саҳобаларнинг Расулуллоҳни кўриш, у зот билан ҳаммажлис бўлиш, васият ва насиҳатларидан таъсирланиш орқали касб қилган ёғдуларига етишиш сабабли нубувват зиёси уларни чулғаб олган зотлардир.

Учинчи давр - тобеъийнга эргашган зотларнинг даврасидир. Бу давра, фикрий софлик ва исломий фитратнинг ташқи қоришмалар таъсиридан холилик даври ниҳояланишининг огоҳлантирувчиси эди. Айнан мана шу вақтга келиб бидъатлар пайдо бўлиб, улар кенг қулоч ёя бошлади. Адашган фирқалар ўтган "уч аср"нинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга оға бошладилар. Нафсу ҳаво, бидъат ва залолат изғиринлари кўпайгандан кўпаяверди, (унинг доираси) кенгайгандан кенгаяверди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизга қадар давом этди. Бу сўзнинг тасдиғи, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифдир. Ушбу ҳадисда шундай дейилади: "...албатта сизларнинг (бошингизга) бир замонлар келадики, кейингиси ундан-да ёмонроқ бўлади".

Дарҳақиқат, бугунги кунга келиб Аҳли сунна ва жамоа мусулмонларини адашув, куфр ва ширкда айблайдиган ваҳҳобийлик фирқасидаги одамлар салафи солиҳларга эргашиш ниқоби остида, исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилмоқда.  Ушбу оқим таълимоти моҳияти ва ғоявий намояндаларига нисбат берилган ҳолда "салафий", "муваҳҳидун", "ваҳҳобий" деган атамалар билан юритилади.

Улар исломнинг дастлабки уч асрида чиқарилган ҳукмлардан бошқаси бидъат, дейишади, бироқ ўзлари бунинг тескарисини қилишади. Улар Ибн Таймийя, Ибн Қайюм каби раҳнамоларидан бошқасининг сўзини тан олишмайди. Тўрт нафар мужтаҳид имом: имом Аъзам, имом Шофеъий, имом Молик ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳимга эргашганларни эса қоралашади. Аслида улар эргашаётган "мужтаҳид"лар солиҳ салафлар қаторига кирмайди, чунки Ибн Таймийя ва Ибн Қайюм Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан деярли олти юз йил кейин яшаб ўтишган.

"Салафийлар"нинг "Фақатгина Қуръон ва Суннатга эргашиш керак" деган чақириғи назарий жиҳатдангина яхшидир, аммо амалий ҳаётда, мусулмонларнинг кундалик муаммоларига тааллуқли минглаб саволларга дуч келинади. Охир-оқибат ҳар бир одам учун "Ҳақиқий мужтаҳид олимга эргашиш керакми ёки навбатдаги бир фирқа "етакчи"сининг ижтиҳодигами?", деган савол кўндаланг бўлаверади. Шайх ҳазрат айтганларидек: "Уларнинг умматнинг ичидан ихтилоф чиқаришдан бошқа ташвишлари ҳам, ишлари ҳам йўқ. Мужтаҳидлик даражасининг яқинига ҳам борганлари йўқ. Лекин даъволари оламни тутади. Ўзларидан бошқа барча мусулмонларни хатокорликда, залолатда, Қуръон ва Суннатни тарк қилишда айблайдилар..."

Қуйида уларнинг баъзи даъволарига раддиялар келтириб ўтамиз.

Уларнинг даъвоси: "Аллоҳ бизни бировнинг фикрига эргашиб ибодат қилишга буюрмаган. Шунинг учун, мазҳаб имомига эргашишимиз шарт эмас".

Раддия. Бу даъволар Қуръон оятларига зиддир. Чунки Аллоҳ таоло билмаган нарсаларимизни олимлардан сўраб, унга амал қилишга буюриб, шундай деган: "Билмасангиз, зикр аҳлидан (яъни олимлардан) сўранг" ("Наҳл" сураси, 43-оят). Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизларни олимлардан сўрашга ва улар айтган кўрсатмага амал қилишга буюрмоқда. Яна бошқа бир оятда, Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқара оладиган мужтаҳидларга эргашишга тарғиб қилиб шундай дейилади: "Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш - хабар етса, уни ҳар қаёққа тарқатурлар. Агар уни Расулга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан ишнинг негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар" ("Нисо" сураси, 83-оят). "Ишнинг негизини биладиганлар" деб таржима қилинган сўз араб тилида "истинбот" деб номланади. Яъни истинбот қила оладиган мужтаҳидларга ҳавола қилишса, хато қилмаган бўлишади, дейилмоқда. Демак, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган ҳар бир одам, гарчи у араб тилини яхши билиб, оят ва ҳадисларнинг маъносини тушунса-да, мужтаҳид имомга эргашиши шарт.

Уларнинг даъвоси: "Битта мазҳабга эргашиб ибодат қилишдан кўра, ҳар бир мазҳабдаги тўғри фикрларни олиб, ибодат қиламиз".

Раддия: Шаръий ижтиҳод шартларини ўзлаштириб мужтаҳидлик мақомига етмаган киши ҳар бир мазҳабдан нафси-ҳавоси истагига мос келган фатвони олиб, амал қилиши шариатда "талфиқ" дейилади. Соддароқ қилиб айтганда, талфиқ айни бемазҳабликнинг ўзгинасидир. Тўрт мазҳаб фуқаҳолари талфиқдан қайтарганлар. Бундай йўлни тутган инсон ҳаромни ҳалолга, ҳалолни ҳаромга, макруҳни мубоҳга, мубоҳни макруҳга чиқарадиган дини суст инсонга айланади.

Уларнинг яна бир даъвоси: "Мазҳабга эмас, салафларга эргашиш керак".

Раддия: Мана шу сўзни айтаётган салафийга: "Бу фикрга қаердан келдинг", деб савол берсангиз, у: "Албоний, Усаймин ва Ибн Бозларнинг маърузасидан ёки китобидан ўқиб шу фикрни айтганларини эшитдим", дейди. Фаразан тўрт мазҳаб имомига эргашмай, салафларнинг йўлидан юрадиган бўлсак, ўша салафларнинг сўзини, йўлини қандай топамиз, десак, салафийлар: "Албоний, Усаймин, Ибн Боз ва бошқа олимлар ўз китоблари ва маърузаларида салафлар йўлини баён қилиб, фиқҳий масалаларни айтишган. Биз ўшанга амал қилсак бўлди", дейди. Биз шунда у салафийга: "Демак, сен ҳам салафларнинг эмас, ўша Албонийларнинг йўлига эргашаётган экансан-да", деймиз. Аслида, имом Аъзамга эргашиш салафлар йўлини маҳкам тутишдир. Чунки, имом Аъзам тобеин, яъни салаф бўлганлар. Шунингдек, қолган уч мазҳаб имоми Албоний, Усайминдан кўра салафлар даврига яқин яшаган ва уларнинг йўлини булардан кўра яхши билган.

Салафийлик даъвоси билан фаолият олиб бораётган бу тоифа мазҳабсизликка чақириш билан аслида ўзлари бир мазҳабни пайдо қилган ва умматнинг тафриқа ва бўлинишига сабаб бўлган.

Улар айтган даъвонинг, яъни мазҳаб имомларининг бирортасига эргашмасдан ибодат қилиш керак, деган сўзнинг имкони йўқ. Чунки қайси бир фиқҳий масалани ечишга уринмасин, албатта тўрт имомдан бирининг сўзини олишга мажбур. Шундай экан, бу асоси йўқ даъволарни четга суриб, бир минг икки юз йилдан бери давом этиб келаётган тўртта мазҳабнинг бирига эргашиб, ибодатларни адо қилиш энг тўғри ва салафлар йўлини маҳкам тутиш ҳисобланади.

Улар томонидан илгари сурилаётган жиҳод тушунчасига келсак, унинг замирида инсонларни қўрқитиш, даҳшат, ваҳима уйғотиш, қириб ташлаш, мол-мулкига зиён етказиш, динлараро иғво, нифоқ келтириб чиқариш, охир-оқибатда бегуноҳ инсонларнинг ўлимига олиб келувчи ўта оғир жиноятларни содир этиб, фақат сиёсий ҳокимиятга эга бўлишга интилаётгани сезилмоқда.

Хулоса шуки, дин аҳкомларидан ва ундаги далил-ҳужжатлардан бехабар одамлар мужтаҳид имомлардан бирининг мазҳабига эргашиши лозим, чунки у имом Аллоҳнинг Китоби ва Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатини яхшироқ билади.

Манбалар асосида

Касби туманидаги

"Фазли" жомеъ масжиди имом-хатиби

Азамат УСМОНОВ тайёрлади

Read 1357 times

Мақолалар

Top