МАҚОЛА

Ёшларимизни онгини заҳарлайдиган йўлдан огоҳ бўлинг!

Бутун оламлар Роббиси Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ динини бутун оламларга раҳмат бўлган  пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бу дин бутун дунёга тез фурсатлар ичида тарқала бошлади, инсонлар секин-аста, аммо тўп-тўп, жамоа ҳолида бу динга кира бошладилар. Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас китоби Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди:

وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا

“Ва, сиз инсонларни тўп-тўп бўлган ҳолларида Аллоҳнинг динига кираётганини кўрасиз”(Наср сураси, 2-оят).

Ҳа, Аллоҳнинг ҳақ дини бўлган Ислом дини бутун инсоният учун раҳмат дини бўлди. Мусулмонлар доимо бир-бирларини иззат-икром қилишликлари, бир-бирларига ёрдам беришликлари ҳатто, Аллоҳ гуноҳ иш қилган, адашган бандаларини тавба қилишса Ўз фазли ва марҳамати ила кечиришини каломида айтиб ўтган. Лекин ҳозирги кунда, дунёда шундай мудхиш ҳодисаларни учратиб, инсонлар лол бўлиб қолишмоқдалар. Ҳатто, бошқа дин вакиллари Ислом динини нотўғри тушуниб, мусулмон инсонларни ўзларига душман деб билишмоқдалар.

  Терроризм ва экстремизм тушунчалари бутун дунёни ташвишга солиб келмоқда десак хато қилмаган бўламиз. Шу каби турли хил оқимлар пайдо бўлиб бораётгани, инсонларни исломдан қўрқитиб, муқаддас дин ҳақида нотўғри ҳаёл ва фикрларни инсонлар онгига ҳатто, уларнинг қалбига жойлаштирмоқда. Улар “Ислом халифали”ги ёки “Исломий давлат” ни тузамиз деб, йўлида учраган инсонларни ваҳшийларча ўлдиришмоқда. Ҳаттоки, ёшлар, қарилар ва аёлларга ҳам раҳм қилишмаяптилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ва Унинг росули ҳам заифларга тегмаслик, ҳаттоки уруш вақтида ҳам уларни ўлдирмасликка буюрган. Ўзларини мусулмон эканлигини  бутун дунёга жар солиб, тилларида Аллоҳнинг номини  зикр қилиб юрган айрим кишилар эса  аёлларни хўрлаб, сўнгра ўлдириб юборишмоқда, ёш болалар ва кексаларни ҳам вахшийлик ила ўлдириб юборишмоқдалар. Яна ўзларининг адашиб, катта гуноҳ ишларни қилишаётгани етмаганидек, бу қилган ишларини бутун дунёдаги инсонлар кўриши учун турли хил интернет сайтларига қўйишмоқда. Ҳаттоки, бу қабиҳ ишларини ўзларининг ҳали ақлини танимаган ёш болаларига ҳам ўргатишмоқда. Бу эса ҳақиқий қабиҳликдир. Афсуски, уларнинг бу ишларини нотўғри эканлигини англамаган баъзи бир инсонлар уларнинг гапларига алданиб кетишмоқда, уларга қўшилиб турли хил қабиҳ ишларни қилишмоқда. Уларнинг орасида бизнинг ватандошларимиз борлиги эса ҳақиқий ачинарли ва аянчли ҳолатдир. Чунки қадим-қадимдан Ислом дини бизнинг қон-қонимизга  сингиб кетган. Биз бу ишларга қандай қилиб жим қараб турибмиз? Ахир бу ишлар гуноҳ эмасми? Қандай қилиб ўз биродарларимизни била туриб жарликка кетишларига қараб туришимиз мумкун? Уларни қутқармаймизми?….

Юқорида айтиб ўтилган саволлар айни дамда  жуда кўп инсонларни ўйлантириб келмоқда ва бу саволларга жавоб қидиришмоқда. Бизнинг юртимизда жуда кўп инсонлар диний илмлар ҳақида  жуда яхши билишадилар ва билмаганларга ўргатиб келадилар. Хусусан, юртимиз раҳбари томонидан берилган фармон ва кўрсатмаларга биноан, ислом билим юртларига кирувчи ўқувчилар сони кўпайтирилди,  вилоятларда диний йўналишга қаратилган мактаблар очилди. Диний соҳа вакилларига кенг имкониятлар берилмоқда, президентимизнинг шахсан ўзлари имом-хатиблар билан учрашиб, улар билан турли хил соҳаларда суҳбат ўтказганликлари ҳам сўзимизнинг ёрқин далилидир. Агар бутун дунёда шу каби ишлар олиб борилса, инсонларни нотўғри йўлга кириб кетишининг олди олинади. Юртимиз фуқаролари ўз олидидаги мақсадларини белгилаб олганлар. Шундай экан, уни амалга оширишда бор кучи-ғайратини сарф қилишга доимо тайёрдир.

Х.Сатторов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили ўринбосари

Read 1052 times

Мақолалар

Top