МАҚОЛА

Қалтис таҳдидлар

Бугун тез-тез қулоғимизга чалинаётган, тасаввуримизда кезаётган бир сўз у ҳам бўлса, ҳозирги замон “ахборот асри” деб такрор-такрор эшитилмоқда. “Ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернет деб эътироф этилмоқда. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқлар шундай ривожландики, унинг ниҳояси йўқ. Лекин, яхши нарсани иккинчи томони салбий бўлгани сабаб, ахборот асрининг тузатиш мумкин бўлмаган таҳликалари борлиги кишини ташвишга солмай иложи йўқ.

Атрофга назар солсангиз, мактаб ўқувчиларининг қўлида ҳам уяли телефон бор, уларнинг аксарияти интернетга уланган. Бу миттигина қутичадек матоҳ ёрдамида дунёни кафтда кўргандек кузатиш мумкин. У чекланмаган, истаган одам эса интернетга кира олади.

Интернетдан мақсадли фойдаланиш хусусан, ёшлар билим салоҳиятини оширишда унинг ақл-заковатни ошириш борасидаги дастурларга мурожаат қилишлари мукин.

Лекин, дейилган истисноли сўз барчамизни ўйга толдириши ҳам табиий.Ўсмирёшлар онгига таъсир қилиб, улар қалбига ўз бузғунчи ғояларини сингдиришни, уларнитўғри йўлданоздиришни, беҳаё фильмлар томоша қилишга тарғиб қилишни мақсад қилган ноқобил ҳаракатлар мавжуд.

Одатда ёшларни компютер ва телефонга қизиқиши шу даражада ошиб бордики, ажратилган вақт чегарасига риоя қилмасдан, ундан тўхташни талаб қилинса фақат жанжал, йиғи-сиғи билан якун топа бошлайдиган бўлиб қолди.

Энг ачинарлиси, бунга ота-оналар ўзимиз сабабчи бўлиб қолдик. Ота-она ишдан келгандан сўнг дастурхон атрофида фарзанд тарбияси билан шуғулланишнинг ўрнига ота бир томонда, она бир томонда телефонини титкилаб ўтирадиган ҳолатга келиб қолдик. Буни кўрган фарзанд ҳам интернетдаги ўткинчи      ишларга қизиқиши ортиб бормоқда.

Интернет ва компютер ўйинлари асирига айланиш касаллигига чалинган ўсмирлар ҳаётдан, маънавий қадриятлардан тамом узулиб, бутунлай ўйинларга берилиши ёки балл йиғишга, қиморга ва ютуқ-совға олиш каби қадрсиз ишларга муккасидан кетишларини айтиб ўтмасдан иложимиз йўқ.

Миясида ўйинлардан тинимсиз завқланиш ҳиссини туяётган бола учун бундай “севимли” машғулотидан бошқа ҳамма нарса аста-секин аҳамиятсиз бўлиб қолиши табиий. Сир эмаски, катталарга қараганда болаларда бирор нарсага боғланиб қолиш кучли, уларнинг соғлигига етадиган зарар ҳам бир неча баробар зиёда эканлигига далил талаб  этмайдиган ҳақиқатдир.

Улар оддийгина уй вазифаси ва унинг юмушларида ҳам ҳатто хонасини тозалаш, кийимини шкафга илиш каби ўзигагина тегишли бўлган ишларни бажаришдан ҳам бўйин товламоқда.

Овқатланаётган пайтда ҳам интрнетдан узила олмасдан, унинг билан бирга бўлиб овқатланиш ачинарли ҳолдир.

Дарс жараёни ҳам тубдан ўзгариб кетиши, устозларнинг тартибга чақириши, насиҳат ва маслаҳатлари ҳам мутлақо таъсир қилмаслиги ҳаётий муаммоларга олиб кетаётгани сир эмас.

Ота-оналар, яқинлари, синфдош ўртоқлари билан бўладиган мулоқотлар эса гўёки зерикарли туюлаётганини айтмасдан иложимиз йўқ.

Бундан бошқа оқибатларни келтириб чиқараётган ёлғон ахборотларнинг оқибатларини гапирсангиз танангиз зирхлайди.

Дарҳақиқат, доно халқимиз келтирган нақллардан таналарга шифо, даво бўлган асални ҳам нотўғри истеъмол қилинса тана учун зарар келтириши айни ҳақиқат.

Бу ҳолат оддий компютер ўйинларидан тортиб, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа дастурларида ҳам очиқ кўзга ташланмоқда. Юзаки қараганда, арзимасдек туюладиган бу ҳаракатлар вақт ўтган сари жиддийлашиб, қатъий тусга айланиши ўта аянчли натижаларни келтириб чиқармоқда.

Шу ўринда фойдали хулосалар қиладиган бўлсак, юртимизда ёшларимизнинг баркамоллиги учун барча имкониятларэшиги кенг очилган. Жумладан, ахборот технологиялари, хусусан, интернет соҳасида ҳам. Шундай экан, ёшларимизнинг интернетдан оқилона ва тўғри фойдалана олишига тарғиб қилсак. Ёшлар вақтини бемаъни нарсаларга зое қилмасдан, фақатилм билан шуғулланади ва касбий кўникмаларга эга бўлишига ҳаракат қилсак.Зеро, ёшларимизда ёвуз хуружларга қарши куч-иммунитет шаклланса, уларга ҳеч қандай таҳдид ўзининг зарарли таъсирини ўтказа олмайди. Ёшлар келажагимиз, уларни ғоявийофатлардан асраш бурчимиздир!

Агар биз ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, динимиз софлиги йўлида захмат чексак, келажак авлод ҳам биздан ўрнак оларди.

 

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Read 1119 times

Мақолалар

Top