МАҚОЛА

Ёшларни ақидапараст оқимларнинг ихтилофларидан асрайлик

Бизнинг Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) раҳматуллоҳи алайҳ мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар ёзиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб асосида диний ибодатларни ва миллий қадрятларни амалга ошириб келган.

Аммо ақидапараст оқим тарафдорлари диёримиз мусулмонларининг ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли манбалардан ўқиган ёки эшитган бошқа мазҳабларга оид ёки динимиз таълимотларига зид фикрларни оммага тарқатиб, мўмин-мусулмонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқаришмоқда. Ҳатто, бу борада бошқалар билан баҳс-мунозараларга ҳам киришадилар. Аллоҳ таоло бундай дейди:  (Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”, (Исро сураси, 36-оят).

Мустақиллик йилларида динимизга берилган имкониятларни, афсуски, суистеъмол қилган баъзи ёт тоифа ва ихтилофчи фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини “соф ислом таълимоти ҳимоячиси” сифатида таърифлаган оқимлар бошлаб берди. Бу оқимлар ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ҳаёт моҳиятини ҳали англаб етмаган, ғўр ёшларни ўз таъсирига торта бошладилар. Чунки умри давомида маълум мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди. Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишни шарт қилмайди. Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди. Шунингдек, асосий ҳужумни масжид имомларини танқид ва айблаб, соддадил ва ғўр мусулмонларни ўз ортларидан осон эргаштирди. Лекин улар ўзлари қилаётган даъволарига зид равишда, ”раҳнамо”ларининг фикри ва фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди.

Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган: намозда “Фотиҳа” сурасидан сўнг “омин”ни баланд овоз билан айтиш, “рафъул-ядайн”, яъни рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар. Натижада маҳаллий мусулмонлар орасида тамойиллар жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар. Аммо баъзи “аҳли илм”ларнинг масжидда ҳар ким хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин, кексаларнинг ёшлар билан иши бўлмасин, асосийси, қанақа йўл билан бўлса ҳам намоз ўқияпти-ку, дея ихтилофларга лоқайд муносабатда бўлишлари оқим тарафдорлари тегирмонига сув қуйди. Улар янги-янги зиддиятларни авж олдиравердилар, намозда оёқни кериб туриш, суннат намозини ўқимаслик, фарз намозидан кейин бошқалар суннатни ўқиётган пайтларида ўтириб олиб, тасбеҳ айтиш ва ҳоказо янгиликларни бирин-кетин киритавердилар.

Мусулмонлар “Аҳли Сунна вал-Жамоа” сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган “аҳли илм”лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.

Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли:

  1. Кофирликда айблаш.
  2. Кофирларга қарши кураш – уруш эълон қилиш.

Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни “кофир” деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар:  “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).

Бузғунчи оқимлар инсонлар орасида фитна қўзғаш, парокандаликни юзага келтириш ҳамда шу орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли хил услуб ва воситалардан фойдаланмоқда. Шулардан бири, маълум бир давлатни “куфр диёри” деб атаб, у ердан  “ҳижрат” қилиш лозим, шунингдек, бундай “куфр диёрлари”га қарши уруш олиб бориш керак, деган ғоядир.

Бузғунчи оқимларнинг мақсадлари ўз юртида тинч ва осуда яшаб турган дили пок одамларнинг кўнглига ғулғула солиб, “сизлар нотўғри йўлдасизлар” деб, уларни ўз юртидан кетиб, жангариларга қўшилишлари учун ўйлаб топилган ёлғон йўл саналади. Чунки террорист оқимлар ўз армиясини аскарлар билан тўлдириш учун ёшлар керак, улар инсоний заҳираларини тўлдиришлари даркор. Бинобарин, мазкур бузғунчи ташкилот аъзолари ҳижратни ўз қора мақсадларига мос равишда талқин қилиб, масжидларда жамоат билан беш маҳал намоз адо этилиб турган, мусулмонлар Ислом арконларига эмин-эркин амал қилиб келаётган мамлакатларни ҳам “дорул ҳарб” (уруш диёри) ёки “дорул куфр” (куфр диёри)га чиқармоқдалар.

Аллоҳ таоло турли бузғунчи ташкилот ва фирқалардан, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни ҳифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин.

Аминжон ИСМОИЛОВ,
Сирдарё тумани бош имом-хатиби.

 

Read 1058 times

Мақолалар

Top