МАҚОЛА

Хиромантия ёҳуд “келажак башоратчи”ларидан огоҳ бўлинг!

Хиромантия сўзи қадимги грек тилидаги χείρ-қўл ва μαντεία-фол очиш, гумон қилиш, тахмин қилиш сўзларидан келиб чиққан бўлиб, истелоҳда қўл тузилиши ва кафт изларига қараб инсон тақдирини олдиндан айтиб бериш билан шуғулланишликка айтилади.

Хиромантия, яъни қўл кафтига қараб инсоннинг келажагини башорат қилиш фақатгина тахмин-гумонларга асосланган бўлиб, ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Хиромантия  ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи билиши мумкин бўлган нарсалар ҳақида бўлгани ҳамда гумонга асослангани учун динимизнинг асосий таълимоти – тавҳидга зиддир. Ислом дини ақидасининг асосларидан бири ғайбга, яъни кўз кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган нарсаларга ишонишдан иборат.

Ислом манбаларида мунажжим ва келажак ҳақида хабар берадиганларга мурожаат қилиш тақиқланади. Зеро, фақат Аллоҳ таологина ғайб илмларини билувчидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

«Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир»(Ал-Аном сураси, 59-оят).

«Айтинг: Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас»(Ан-Намл сураси, 65-оят).

«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир, (Луқмон сураси, 34-оят).

Аллоҳ таоло ҳатто пайғамбарларига ҳам ғайб ишларини билдирмаган экан, энди фолбинларнинг ғайбни билишликни даъво қилишликлари  мутлақо ҳақиқатга зиддир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг муборак ҳадисларида сеҳр ва фолдан қайтарганлар ҳамда сеҳргар ва фолбин олдига бориш, уларнинг гапини тасдиқлаш куфрга олиб боришлиги ҳақида кўп бора таъкидлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди” (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдилар: Кимки башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирон нарсани сўраса ва уни тасдиқласа, қирқ кунгача унинг биронта ҳам намози қабул қилинмайди”. (Имом Муслим ривояти).

 Шунингдек, хиромантия билан жуда кўп салбий ҳолатлар боғлиқ бўлиб, бу ҳақда Канаданинг Торонто Ислом университетининг катта устози Аҳмад Катти қуйидаги фикрларини баён этади: “Хиромантия-лоқайдлик ва дангасаликка олиб келади. Ишонувчан одамлар фирибгарларнинг бойишларига сабаб бўладилар”.

Дархақиқат, фолбин ва сеҳргарлар зарари фақат одамларнинг вақти, моли ва ҳаракати бекорга кетаётгани билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар жиддий ижтимоий зиддатларга ҳам сабаб бўлади. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик пайдо бўлиши ҳисобланади.

Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфр ҳисобланиши юқорида айтиб ўтилди. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин, эътиқодимизга футур етишига сабаб бўладиган амаллардан Ўзи сақласин.                  

    

 Даврон Нурмуҳаммад

тайёрлади

Read 1004 times

Мақолалар

Top