МАҚОЛА

Сохта салафийларнинг хатарлари

Огоҳлик – давр талаби

Бугун “сохта салафийлар” деган ибора қулоғимизга кўп чалиняпти. Аслида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “аждодлар” деган маъноларни англатади. Бу сўзга “сохта” калимаси қўшилиши кишини сергак торттиради.

Сўнгги йиллардаги “салафи солиҳларга эргашиш” шиори остида қарашларида ҳаддан ошаётган тоифа пайдо бўлди. Уларнинг бош ғояси – ҳар бир ишни салафларга хос жорий қилиш. Аммо тутган йўли ва тарғибот усуллари бунинг зиддини кўрсатмоқда.

Бу оқим XVIII асрда яшаган наждлик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобнинг мутаассибона ғояларига таянади. У эса, аслида, илк экстремистик ташкилот – хорижийлик ақидасидир.

Шунга кўра, уларназдида, мусулмонлар учун ҳақиқий нажот Қуръон ва ҳадисни маҳкам тутиш бўлиб, ҳар қандай кўринишдаги мазҳаб бу мақсадга эришишда халақит беради. Улар ортиқча. Улардан воз кечиш лозим.

Улар шу тариқа барча мусулмонларни Қуръон ва ҳадисни ўрганиб, ўз ақли ва иқтидори доирасида амал қилишга, ижтиҳод қилишга чақиради. Имом Аҳмаднинг: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”, – деган таърифи, бизнингча, ушбу қарашга ўринли раддия ҳисобланади.

“Сохта салафийлар” дунёнинг қаерига қадам босмасин, ўша ер жаҳолат, ихтилоф ва ташвишлар маконига айланади. Зеро, уларнинг йўли аҳли сунна вал жамоанинг ҳам, саҳобалар ва тобеинларнинг ҳам йўли эмас. Бу – исботланган ҳақиқат.

ХIХ асрнинг машҳур олими, ҳиндистонлик мужтаҳид Муҳаммад Сиддиқ Ҳасан Қиннавжий (1832–1890) “сохта салафийлар” ҳақида “Тақлидул аимма” асарида шундай ёзади: “Ҳозирги кунда бир риёкор ва шуҳратпараст гуруҳ пайдо бўлган бўлиб... ўзларини энг тақводор ҳисоблаб, бошқаларни мушрикликда айбламоқда. Аслида, уларнинг ўзи энг мутаассиб ва динда чуқур – ғулув кетганлардир. Уларнинг иши диндан эмас”.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий эса “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи бидъат” эканини алоҳида таъкидлаган.

 “Сохта салафийлар”:

  • тасаввуфни тан олмайди. Тариқат аҳлини куфрда айблайди. Бу орқали Ҳаким Термизийнинг бунёдкорлик ғояларини, Нажмиддин Кубронинг ватанпарварлиги, халқи тинчлиги йўлидаги қаҳрамонлигини, Етти пир алломаларнинг умуминсоний қадриятларини, Шайх Зайниддин, Сузук ота, Сўфи Оллоҳёр ва Хожа Аҳрор Валий каби беназир мутасаввифларнинг илмий меросини инкор қилади;
  • тавассулни куфр ҳисоблайди. Бу Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишининг саҳобалари, қолаверса, улуғ аллома, авлиё зотлар шарофати, фазилатидан юртга, халққа неъмат, офият сўрашни англатади. Бу, қайсидир маънода, шафоатни ҳам рад этишдир. Ваҳоланки, шафоатнинг ҳақ экани мўътабар манбалар орқали исботланган;
  • мазҳабларни инкор қилади. Мазҳабсизлик ғояси кўпчилик ғўр ёшларнинг адашиши, ёт ғоялар таъсирига тезроқ тушиши эҳтимолини кучайтиради. Аслида, исломда ҳаром ҳам, ҳалол ҳам аниқ. Улар тўртта мазҳаббоши томонидан тизимга солинган. Улар сирасидан бўлмаган нарсалар, Расулуллоҳ таъкидларида келганидек, афв этилган. Тўрт буюк фақиҳ шу йўналишдаги энг тўғри йўлни кўрсатиб беришган экан, уни янгидан кашф этишга уриниш айни жаҳолатдир;
  • ўзига эргашмаганларни “кофир” санайди. Динимиз 99 амал куфрга, 1 гина амал имонга далолат қилса, имонга ҳукм қилишга ўргатади. Бу тоифа вакиллари эса бу ишнинг зиддини қилади. Ўзининг ғояси Аллоҳ ҳузурида энг мақбул ва маъқул эканига аниқ далил бўлмагани ҳолда, қабул қилмаганларни кофир, деб аташ улкан адашиш ва чуқур илмсизлик ҳисобланади;
  • жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан динлараро адоват уйғотишга, жамиятларни нотинч қилишга уринади;
  • бошқа дин вакилларига муросасиз ва ҳатто шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради. Расулуллоҳ “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган инсонни ўлдирган Усома ибн Зайдни қаттиқ танқид қилганлар. Шунда Усома: “Энди ҳеч қачон “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишини ўлдирмайман”, – деб ваъда берган.

Демак, биз бугун ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр бўлишимиз, ёшларни турли бузғунчи оқимлар таъсиридан асрашимиз шарт. Тарихнинг аччиқ сабоғи шуни кўрсатадики, агар яна бепарво бўлсак, ҳар иши сохта бўлган сохта салафийлар кирдикорларини, найрангларини бошлаб юборишади.

 

Мансур ЎРОЛОВ,

Тошкент шаҳридаги “Нўғайқўрғон” жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 926 times

Мақолалар

Top