МАҚОЛА

Такфир – мусулмон уммати бирлигига раҳна солувчи таҳдиддир!

Бугунги кунда аксарият мусулмон мамлакатларида жамиятни ичидан тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган маънавий таҳдидлардан бири такфир ҳисобланади. Такфир ҳодисасининг илк илдизлари Али (р.а.) даврида унга қарши исён кўтарган хорижийлар фаолиятига бориб тақалади. Хорижийлар ўзларига қўшилмаган ёки эргашмаган барча кишиларни, ҳатто улар мусулмон бўлсалар ҳам, кофир деб эълон қилишган. Катта гуноҳ қилган мусулмонларни ҳам кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Улар ўз даврларида Усмон ибн Аффон (р.а.), Али ибн Толиб (р.а.) каби “хулофои рошидинлар”ни ҳам куфрда айблашган. Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам турли диний мутассиб ва экстремистик ташкилотлар юқоридаги каби ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзларига эргашмаган мусулмонларни ва дунёвий ҳокимиятга нисбатан “кофир” деб асоссиз ҳукм чиқармоқдалар. Мутаассиблар шу йўл орқали ўзлари мухолиф санаган одамларнинг жони ва молига тажовуз қилишни, жамият ва давлатга қарши фитна қилишни шариат жиҳатидан “ҳалол” қилиб олишга, қотиллик ва босқинчилик фаолиятини оқлаб олишга ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлаш саналади. Инсоннинг имонини ўлчаш имконияти бошқа инсонда йўқ, чунки имон инсон қалбида бўлади. Шариатга кўра, қалбни фақат Аллоҳ билади. Шунга кўра, мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Аллоҳ чиқаради. Бунга мазкур ҳадис далил бўлади: “Пайғамбар (с.а.в.): “Уч нарса иймоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар”. (Сунани Абу Довуд, 2532-ҳадис). Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” асаридаги бир боб “Жоҳилият ишларидан бўлиб, куфр саналмайдиган гуноҳлар боби” деб номлангани ҳам мусулмон инсон гуноҳ содир этиш билан исломдан чиқмаслигига ишора қилади. Катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши, “Аҳли сунна вал-жамоа” эътиқодига кўра, қилган ишини ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди. Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва суннатда бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Мусулмонларни динсизликда айблаш мумкин эмаслиги ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир!”, – деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар (яъни, агар кофирликда айбловчи ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади. Башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади)”, деб таъкидланган (Имом Бухорий, 6103-ҳадис). Бошқа ҳадисда “Бузуқ ва кофир бўлмаган одамни бузуқ ва кофир деган одамнинг ўзи кофир ва бузуқдир”, дейилган (6045-ҳадис). Ҳанафийлик мазҳабида имоннинг шарти яккахудоликка тил билан иқрор бўлиш (шаҳодат калимаси), қалб билан тасдиқлаш ҳисобланади. Ислом таълимотига кўра, гуноҳ содир этган одам, агар қилган ишини ҳалол деб ҳисобламаса, у кофир бўлмайди, балки гуноҳкор бўлади. Имом Абу Ҳанифа ўзининг “Фиқҳи акбар” асарида мазкур масалага қуйидагича ҳукм берган: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса”. Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг “Ал-ақидатут-таҳовия” рисоласида эса “Бизнинг қибламизга қараб намоз ўқигувчиларни мусулмон санайверамиз. Шарт шуки, Муҳаммад (с.а.в.) келтирган барча маълумотларни эътироф этадиган бўлсалар”, дейилган. Дунё уламолари бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкин эканини ҳақида огоҳлантирадилар. Чунки исломда кофир бўлишлик билан ўта хатарли ҳолатлар юзага келади: у билан турмуш ўртоғи орасидаги никоҳ бузилади; болалари унинг қарамоғидан чиқади; вафот этса ювилмайди, кафанланмайди, жанозаси ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади; ўша ҳолида ўлганда дўзахи ҳисобланади. Шу сабабли уламолар бировни кофирликда айблашдан ўзларини тийганлар ҳамда бошқаларни ҳам бундай ишдан қайтарганлар. Машҳур ҳанафий аллома, “Ал-баҳрур роиқ” номли асар муаллифи Ибн Нужайм таъкидлаган: “Агар кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлсаю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”. Шунингдек, уламолар куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилиб юбориш шариатга зид эканини ҳам таъкидлайдилар. Мисол учун, “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади” деган фатво чиқариш хато ҳисобланади. Аслида шариатга кўра, якка шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш ва унинг ўзи билан баҳс олиб бориб, ўзига тан олдириш лозим ҳисобланади. Афсуски, айрим ёшларимиз Интернет насл-насаби, диний маълумоти, кимга хизмат қилиш номаълум кимсаларнинг таъсирида ватандошлари, ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир. Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундан иборатки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавми-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда “раҳнамо” ва “устозлари” томонидан гўёки “ҳижрат”га чиқиш даъвосида Сурия, Афғонистон каби қуролли тўқнашувлар кетаётган ўлкаларга чорланмоқда. Мазкур ҳудудларга борганлар эса бегуноҳ одамларни ўлдириш, босқинчилик қилиш, бировларнинг уй-жойини эгаллаб олиш каби исломда буткул ҳаром қилинган қабиҳ, гуноҳи кабира ишларга қўл уриб, охироқибатда жувонмарг бўлиб кетмоқда. Уларга эргашиб, беқарор ҳудудларга бориб қолган турмуш ўртоқлари, сингил ва фарзандларининг аянчли тақдирини “Меҳр” операциялари доирасида Ватанимизга қутқариб олиб келинган ожизалар ва гўдакларнинг кўз ёшлари ва аччиқ қисматида кўришимиз мумкин. Шу нуқтаи-назардан, ёшларимиздан Интернет ва бошқа воситалар орқали тинч-осойишта яшаб келаётган мусулмонларни, айниқса, диний уламоларни кофирга чиқариб обрўсизлантиришга уринаётган, давлат ва жамиятга қарши фитна чиқариш, барқарор юртни барбод қилиш каби гуноҳ ишларга даъват қилаётган кимсалардан огоҳ ва эҳтиёт бўлишлари талаб қилинади.

Занги Ота жоме масжиди имом хатиби Аблакулов Луқмон

 

Read 1013 times

Мақолалар

Top