МАҚОЛА

Мусулмонлари омонда бўлган юрт ­– Ислом диёри

Қадимдаги мамлакатларнинг ҳолатига кўра чиқарилган Дорул Ислом ва дорул куфр атамалари ва тушунчалар бугуннинг воқеълигига юз фоиз тўғри кела олмайди. Шундай экан, мазкур тушунчаларни исталган жойга татбиқ қилиш ҳам тўғри бўлмайди.

Чунки, имом Абу Ҳанифанинг икки издошлари Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбонийга кўра, дорул ислом деганда ислом аҳкомлари зоҳир бўлган жойлар, дорул куфр деганда эса куфр аҳкомлари ҳукмрон бўлган жойлар тушунилади. Ваҳоланки, имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга кўра, бирор ерни Ислом ёки куфр диёри деб аташ учун айнан у ерда Ислом ёки куфр ҳукмларининг амалда бўлиши эмас балки, мусулмонларнинг омонда ёки хавфда бўлишлари асосдир.

Масала асл-таги ихтилофли экан, бу ўринда бирини қўйиб, иккинчисига қаттиқ ёпишиб олиш нотўғридир. Иккинчидан, соҳибайннинг масаладаги мазҳаби Ибн Обидийн айтганларидек, қиёсга мувофиқ, холос. Яъни, луғат ва мантиқ жиҳатидан ҳам бирор ерни Исломга нисбат бериш учун у ерда Ислом ҳукми ошкора бўлиши лозим эди. Аммо, бу бирламчи қиёс ва зеҳнга мутабодир бўлиб, асл воқеъликни акс эттирмаслиги мумкин.

Бу масалада имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаблари кўп олимлар томонидан эътироф ва қабул этилган.

Ҳанафий фақиҳларининг фатволарига таяниб юртимизни «дорул ислом» (мусулмон мамлакат) дейишга тўла ҳақлимиз. Зеро, истиқлол шунча эркинликлар берди, юзлаб масжидлар очилди, алломалар номи тикланди, ибодат учун эмин-эркин шароитлар яратилди. Давлат бошлиғи олиб бораётган сиёсатни, нафақат дин соҳасида, балки халқ маънавияти, иқтисодиёти, ёшлар камолоти, мамлакат турмушини енгил қилиш бўйича дастурини бутун дунё ўрганиб, эътироф этмоқда.

Ҳозирги пайтда пайдо бўлган оқим ва фирқаларнинг даъволари шаръан асоссиздир. Ислом дини душманлари қанчадан-қанча маблағ сарфлаб, ўз аъзоларини жангариликка ўргатиб, уларнинг қўлларига қурол бериб, инсониятга зид бўлган қабиҳ режаларини амалга оширишга ҳаракат қилмоқдалар. Улар билмайдиларки, Аллоҳ ҳақ томонида ва уни Ўзи ҳимоя қилади ва айтадики: «Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур. Ўзига Аллоҳдан ўзга на бирор дўст топади ва на бирор ёрдамчи»[1], яна бир оятда: «Гарчи жиноятчилар ёқтирмасалар-да, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбға чиқарур»[2], дейди. Одам улдириш динимизда улкан гуноҳҳисобланиб, гуноҳкор охиратда жаҳаннам азобига дучор бўлиши таъкидланади. Ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мумин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилиш эса куфрдир», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Динимизда фитна, фасод, ғийбат тарқатиш ҳам улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Улуғ бобомиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши шундай инсонки, унинг тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар озор чекмайдилар», деганлар[3].

Ислом дини инсонларни зўрлаб динга киритишни ёқламайди. Қуръони каримда: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...»[4], деб марҳамат қилинган. Албатта, бу Конституциямизда ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деб таъкидланган. Ана шундай ҳамоҳанглик Конституциянинг деярли барча моддаларида сезилиб туради. Унда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, хуқуқ ва бурчлари қонун асосида белгилаб қўйилган.

Мўмин-мусулмон киши диний ишларида Аллоҳ ва расулига итоат этмоғи лозимдир. Чунки диний ишлар илоҳий таълимотга асосланган бўлиб, улар фақат пайғамбар орқали билинади. Аммо дунёвий ишларда эса инсонлар ҳаёт тарзларини бир тартибга солишлари, келажак ишларини режалаштириб олишлари учун ўз ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда низом ва қоидаларни жорий қилишлари ва унга амал қилиб яшашлари ҳаёт учун зарурдир. Бу ҳақда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга фақат диний ишларингизни таълим бериш учун келганман, дунёвий ишларингизни ўзларингиз мендан кўра яхшироқ биласизлар», деганлар. Яна бир ҳадиси шарифларида: «Мен ҳам бир инсондирман, агар сизларга диний ишлар бўйича бирор нарсага буюрсам, олингиз, ўз фикрим ва раъйим билан буюрган бўлсам инсон эканлигимни ҳисобга олингиз», деб марҳамат қилганлар[5].

Юқоридаги фикрлардан шуни айтиш мумкинки, турли ақидапараст, динни ниқоб қилиб, сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринаётган гуруҳларга қарши ғоявий курашда, ёшларимизни исломнинг маърифий тамойиллари, инсонпарварлик ва ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ўта муҳим вазифа ҳисобланади.

 

Шермуҳаммад домла Болтаев,

Хоразм вилояти, Шовот тумани

Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби

 

[1] Абдулазиз Мансуров. Қуръони карим маънолар таржимаси ва тафсири – Т.: “Ўзбекистон ислом университети” 2018. Нисо сураси 123-оят.

[2] Абдулазиз Мансуров. Қуръони карим маънолар таржимаси ва тафсири – Т.: “Ўзбекистон ислом университети” 2018. Юнус сураси 82-оят.

[3] Ўша асар. –Б.255.

[4] Абдулазиз Мансуров. Қуръони карим маънолар таржимаси ва тафсири – Т.: “Ўзбекистон ислом университети” 2018. Бақара сураси 256-оят.

[5] Ўша асар. –Б.256.

Read 1014 times

Мақолалар

Top