МАҚОЛА

Ахлоқсиз чаламулла, дейилаётган шахс аслида фирибгар!

Шу кунларда оммавий ахборот воситаларида “Каттақўрғонлик чала мулла, ўзини ўқитишга келган аёлга тегажоғлик қилди” сарлавҳали хабар турли баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Натижада, мазкур шахс Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи, фолбинлик, фирибгарлик, ичкиликбозлик каби динимизда қаттиқ қораланган ишлар билан шуғулланадиган Ф.Ҳ. исмли фуқаро экани маълум бўлди.

Ушбу шахс ҳеч қандай диний маълумот ёки диний рутбага эга эмас. Лавҳада айтилган, “ал-Бухорий” номли мадраса ҳам Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бормайди. Араб тили каби бирор ўқув курсларда ўқиш шахсга ҳеч қандай диний фаолият олиб бориш учун асос бўлмайди.

Демакки, ушбу шахсга нисбатан “мулла” сўзини ишлатиш мутлақо нотўғри, унинг динга ва муллаликка умуман алоқаси йўқ. Аксинча, у фолбинлик, фирибгарлик, ичкиликбозлик каби иллатларга ружу қўйган кимсадир.

Таъкидлаш керакки, “мулла”, “имом”, “мадраса” кабилар Ислом шиорлари ҳисобланади. Аллоҳ таоло ислом шиорларини улуғлашга тарғиб қилиш баробарида уларни ҳурматсиз қилишдан қаттиқ қайтарган. Айниқса, турли нолойиқ ишларни “мулла”, “имом”, “мадраса” каби ислом шиорларига боғлаш эса катта гуноҳдир.

Хулоса шуки, ОАВ ва ижтимоий тармоқ юритувчилари турли воқеа-ҳодисаларни оммани жалб қилиш мақсадида, дин билан боғлаб кўрсатишдан сақланишларини сўраймиз. Шунингдек, асоссиз хабар тарқатиш Ислом дини кўрсатмасига кўра, катта гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1583 times

Мақолалар

Top