МАҚОЛА

Боғийлар кимлар?

Шариатда раҳбар ва ишбошига қарши чиққанлар “боғийлар” дейилади. Бу сўз араб тилидан таржима қилинса, зулм қилувчи, душманлик қилувчи, тажовузкор маъноларини англатади. Шаръий маъносини уламолар: “Боғий - бирор таъвил (сўз ёки феълдан кўзланган махфий мақсадни ўз фикри билан изоҳлаб бериш)га кўра, мусулмонлар орасида адолатли бошлиққа қарши чиқувчи қуролли тоифадир”, дея таърифлайди. 

Ислом динида боғийлик қилиш қаттиқ қораланган. Мўмин киши уларга қарши курашда ўз бошлиқларига ёрдам бериши лозим. Боғийларга қарши курашда ўлдирилган мусулмон шаҳид ҳисобланади. Боғийларга эса жаноза ўқилмайди. Бу ҳақда Бурҳониддин Марғиноний бундай дейди: “Ҳукуматга қарши боғийлик ва йўлтўсар (қароқчи)лик қилганлар ўлдирилса, уларга жаноза ўқилмайди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) боғийларга жаноза ўқимаган эдилар”.

Агар боғийлар тавба қилишса, кечирилади. Уларга қарши курашишдан олдин ҳукумат сабабларини сўраб, ёмон йўлларидан қайтиб, итоатли бўлишни таклиф қилади. Улар талаб қилишаётган иш жамият манфаатига зид бўлмаса, кўриб чиқилади.

Аллоҳ таоло урушаётган икки томоннинг ўртасини ислоҳ қилишга буюрди:

“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилинг.. ”(Ҳужурот, 9).

Боғийларга қарши курашишдан мақсад, аввало, уларни итоатли бўлишга чақириш ва тўғри йўлга бошлашдир. Шунинг учун раҳбар уларга қарши уруш очишдан олдин ҳақ йўл­га чақиради.

Боғийларга ёрдам бериш, уларга қурол-яроғ сотиш ҳам мумкин эмас. Уламолар боғий ва фитначиларга қурол-аслаҳа сотиш харом дейишган. Чунки улар қуроллар билан одил ҳукуматга қарши исён кўтаради. Имом Аҳмад: “Расулуллох, (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитна вақтида қурол сотишдан қайтарганлар”, дейди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”(Моида, 2).

Тарихдан маълум, подшоҳ ё бошлиққа қарши чиққан кишиларнинг ҳаракати натижасида зарарлар, фитна-фасотлар кўпайган. Масалан, хаворижлар фиркасининг хатти-ҳаракатлари оқибатида мусулмонларга катта зиён етди.

 “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай ва саллам)нинг муборак васиятлари”

китобидан Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.

Read 1234 times

Мақолалар

Top