МАҚОЛА

Жиҳод тушунчасини сохталаштираётганлардан огоҳ бўлайлик!

«Жиҳод» сўзи луғатда инсон томонидан жамики имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади.

Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.

Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимларни ҳам мужтаҳид деб аталган. Ундоқ кишилар шаръий илмларда жиҳод қилганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари ҳам кўпайган ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жон жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган. Аммо ушбу охирги маҳно бошқаларидан устун келиб кейинчалик жиҳод деганда фақат қитолни тушуниладиган бўлиб қолган.

Аллоҳ таоло Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақийдавий тортишув қилиб турган Ўз пайғамбари Муҳаммад алайҳисаломга Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: «Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!»

Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.

Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.

1- Имом Термизий, Ибн Ҳиббон ва Дайламийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг зотида ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир», деганлар.

Жомеъул Аҳодис китобида (4 жуз, 741 бет) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!» деганлар.

Бундан инсоннинг ҳавойи нафсининг куйига кирмаслик, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаш учун жон жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод эканлиги, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани чиқади.

2. Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга: «Сенинг ота-онанг борми?» дедилар.

«Ҳа», деди.
«Бас, икковлари(хизмати)да жиҳод қил!» дедилар».

Демак, ота-онанинг хизмати ҳам жиҳод бўлиши мумкин экан.

Исломнинг дастлабки ўн уч йили давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Маккаи Мукаррамада юқорида зикр қилинган қитол-уруш маъноси бўлмаган жиҳодни олиб бордилар.

Ўша вақтда Аллоҳ таоло мусулмонларга мушрикларга қарши куч ишлатишни ман қилган эди. Шу билан бирга, улардан етган азоб уқубат ва озорларга сабр қилишга амр қилган ҳам эди.

Фақатгина, ҳижратнинг иккинчи санасида Қуръони Карим таъбири билан айтилганда «Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди».

Ана шундоқ қилиб, ҳижрати набавиянинг иккинчи санасидагина Аллоҳ таоло мусулмонларга ўзларининг ҳимоя қилиш учун қўлларига қурол олишга изн берди.

Жиҳод ҳақидаги оятларнинг барчасини ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, Исломда жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради.

Жиҳод икки қисмдан иборат: талаб ва мудофаа.

Талаб жиҳоди ҳозир йўқлигига уламолар ижмоъ қилишган. Чунки, ҳозирда ҳамма давлатлар урушмасликка келишганлар ва ўзаро алоқалар ўрнатиб элчихоналар очганлар.

Мудофаа жиҳоди душманлар мусулмон юртга уруш қилиб, бостириб кирсалар, ҳимоя учун бўлади.

Баъзи бир ҳолатлар бўладики, унда уруш қилиш билан қилмаслик тенг бўлиб қолади.

Яна бир ҳолатларда тинчлик учун ҳаракат қилиш зарур бўлади. Буларнинг ҳукмини катта уламолар томонидан шаръий манбаларда баён қилинади.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди

имом хатиби Суфиев Жаъфархон

Read 1541 times

Мақолалар

Top