muslim.uz

muslim.uz

Дубайда “Бирлашган Араб Амирликлари келажаги” номли узоқ муддатли  миллий  тараққиёт дастури бошланди. Стратегия 3 босқичда амалга оширилади, ҳар бир босқич учун аниқ критерия ва самарадорлик кўрсатмалари мавжуд.

Режалаштиришнинг янги стратегияси доирасида ҳукумат бошқармалари фаолияти асосий элемент бўлиб ҳисобланади. Шу туфайли ҳар бир ҳукумат департаментларида “БАА келажаги страгегияси” бўйича директор тайинланади.

“Биз келажакни режалаштирувчи ва узоқни кўра билувчи миллат бўлганлигимиз бизнинг ютуқларимиз омилидир. БАА келажаги стратегияси – бизнинг келажакни режалаштиришга бўлган янгича талқинимиз башорат, таҳлил ва ривожланишни тезлатувчи самарали ҳаракат режасини тадбиқ қилиш  йўли орқалидир”, - деди  БАА Бош вазири ва Дубай ҳокими шайх Муҳаммад ибн Рошид ал Мактум.

                                                                                                                 М.Зуфарова  таржимаси

vendredi, 07 octobre 2016 00:00

Ўрнак

Ўғил кексайиб қолган отасини меҳмон қилиш истагида шаҳарнинг осойишта тамаддихоналаридан бирига олиб келди. "Буюк оталар ҳайрат тўла нигоҳини юлдузлардан уза олмаётган жажжи фарзандларини елкаларига ўтқизадилар-да, уларни юлдузлар сари яқинроқ олиб чиқадилар". У ҳар гал қаршисидаги падарига қараганида мана шу фикр хаёлидан ўтади. Овқатланиш маҳали беихтиёр кафтлари қалтираётган отанинг қошиғидаги овқати тўкилиб, кийимларига сачрар, хижолатдан қизариб кетган отахон ўғлига юмшоқ нигоҳларини тикар, ўғил эса хотиржам жилмаяр, сачраган таом доғларини зудлик билан артиб қўяр эди. Уларга ёнма-ён ўтирган столдагилар, жумладан, 3 нафар ўсмир йигитлар қуршовида овқатланаётган киши ва унинг оиласи бу манзарани зимдан кузатиб туришарди. Ота-ўғил овқатланиб бўлишгач, ўғил отанинг қўлларидан тутиб ювиниш хонасига бошлади, отасининг кийимини нон ҳамда овқат қолдиғи, доғлардан тозалаб, қўлларини ювишга ёрдамлашди, дадасининг сочларини тараб, бош кийимини тўғирлаб қўйди. 
Ювиниш хонасидан чиқишганида барчанинг эътибори уларда эди. 
Ота-ўғил емакхонани тарк этаётганларида қўшни столда фарзандлари билан ўтирган киши ортларидан етиб келди. "Сиз бу ерда нима қолдириб кетаётганингизни биласизми?" сўради у ўғилдан. "Йўқ, ҳеч нарсамиз қолиб кетаётгани йўқ", столга кўз югуртирганича жавоб қайтарди ўғил. "Қолдириб кетяпсиз, жуда қиммат нарса қолдириб кетяпсиз. Сиз ҳар бир ўғил ва отага, менга ва менинг фарзандларимга ўрнак қолдириб кетяпсиз, дўстим! Отангизга минг раҳмат!", у киши ўғилнинг қўлидан маҳкам сиққанича миннатдор нигоҳда боқди. Бу сўзлар янграётганида хўрандалар ейишдан бир фурсатга тўхташган, ота-ўғил таассуротли сукут оғушида тамаддихонани тарк этишаётган эди.

Шуҳрат САТТОРОВ

 таржимаси.

 

jeudi, 06 octobre 2016 00:00

БИР ҲАДИС ИСБОТИ

2016 йил ўтказилган Нобел мукофотининг тиббиёт ва физиология йўналиши совриндори бўлган япониялик олим Йошинори Осуми илмий тарзда рўзанинг инсон саломатлиги учун фойдасини исботлаб берди.

Инсон организми оч қолганда тана қафасларидан чиқадиган зарарли бактерияларни ҳазм қилади. Бу эса инсон организмини турли зарарлардан халос бўлишга сабаб бўлади.

Ушбу илмий изланиш бундан XIV аср илгари севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: «Рўза тутинглар, саломат бўласизлар», деб айтган ҳадиси шарифларининг илмий тасдиғидир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри А.Навоий кўчасида жойлашган “Ислом” жоме масжиди 1989-1993 йиллар давомида ҳашар йўли билан қурилган. Адлия бошқармасидан 1998 йил қайта рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиб келмоқда.

Масжид биноси пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, дарвоза ва учта кичик эшикдан иборат. Масжид электр энергия, табиий газ ва ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Масжид саккизта бир-бирига туташ ҳонақоҳлардан иборат. Ҳозирги кунда масжид ҳудудида имом-хатиб, имом ноиби ва ҳисобчи учун хизмат хоналари, шунингдек, кутубхона, қоровулхона, ошхона  ва замонавий қулайликларга эга таҳоратхона мавжуд. Ҳовли саҳнига тунги ёритқич чироқлари ўрнатилган.

Ушбу маскан намозхонлар учун етарли шарт-шароит ва қулайликлар билан таъминлангандир.

Шунингдек, масжидда ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилмокда, бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар, турли хил гул кўчатлари ўтқазилган.

Масжидда Бухоро шаҳридаги “Мир-Араб” ўрта махсус ислом билим юртини тамомлаган Наимов Алишер имом-хатиблик вазифасида ишлаб келмоқда.

 ЎМИ Масжидлар бўлими

Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” асарлари Ислом оламида Аллоҳ таолонинг китобидан сўнг асосий манба экани шубҳасиз. Бу китоб ҳақида сўз очилар экан, беихтиёр ўқувчи зеҳнида саҳиҳ ҳадислар ва машаққатли сафар қийинчиликлари гавдаланади.

Аммо, биз бу мақоламизда машаққатли сафарлар ёки Имом Бухорийнинг қуваи ҳофизалари ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки бу китобни ёзилишига сабаб бўлган омиллар ҳамда “Жомеъ ас Саҳиҳ”га нисбатан билдирилган фикрлар ва бугунлик кунда китобнинг сақланиб қолган нусҳалари ҳақида бақадри имкон маълумот бериб ўтмоқчимиз. Шоятки ўқувчи ўзига керакли маълумотларни мазкур мақоламиздан топса ва Имом Бухорий каби боболаримизнинг асарларига яна бир бора мурожаат қилса, мақсадимиз ҳосил бўлган бўларди.

Иброҳим ибн Маъқал ан Насафийдан ривоят қилинади: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шундай дедилар: “Биз, Исҳоқ ибн Роҳивайҳнинг хузурида эканимизда, у: “Агар сизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини ихчам ҳолда жамласанглар эди”—деди. Шунда қалбимга буни амалга ошириш фикри тушди ва “Жомеъ ас Саҳиҳни” тўплашга киришдим.[1]

Абу Али Ғассоний, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен уни (яъни “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобидаги саҳиҳ ҳадисларни) олти юз минг ҳадис ичидан танлаб олдим”. [2]

Исмоилий эса, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен бу китоб (яъни “Жомеъ ас Саҳиҳ”)га фақат саҳиҳ бўлган ривоятларнигина киритдим. Аммо саҳиҳ ривоятлардан китобга киритмай тарк қилганларим, киритганларимдан кўра кўпроқ бўлди”.[3]

Яна Исмоилий: “Агар Бухорий ўзи билган барча саҳиҳларни бунга (яъни “Жомеъ ас Саҳиҳ”) киритганида, биргина бобнинг ўзида саҳобалардан (шу бобга доир бўлган) кўплаб ривоятлар ва уларнинг ривоят йўналишларидан кўпини жамлаган бўларди. Бас шунда китоб, жуда катта бўлиб кетарди” деди.

Бу ҳақида Иброҳим ибн Маъқал ан Насафий, Имом Бухорийдан ривоят қилиб шундай дейди: “Мен Жомеъ китобимга фақат саҳиҳларнингина киритдим. Китоб узайиб кетмаслиги учун (кўплаб) саҳиҳларни ҳам тарк этдим”.[4]

Фирабрий, Муҳаммад  ибн Абу Ҳотам Бухорийдан ривоят қилиб дейди: “Тушимда Муҳаммад ибн Исмоилни кўрдим. У, Наби саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юриб борарди. Қачонки Наби саллаллоҳу алайҳи васаллам қадамларини кўтарсалар, ўша жойга Бухорий қадамини қўяр эди”.

Фирабрий, Нажм ибн Фузайл ҳам шунга ўхшаш туш кўрганларини ривоят қилиб келтирган.[5]

Таъкидлаб ўтганимиздек бу китоб барча аср уламолари томонидан энг тўғри ва мўътабар манба деб эътироф этилган. Баъзи кишиларнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” ҳақида юзага келган нотўғри тасаввурларининг негизи—ровийларнинг ихтилофлар сабаблидир.[6]

Бу баъзилар ўйлаганидек “Жомеъ ас Саҳиҳ”га нисбатан салбий ёндашувни келтириб чиқармайди.  Балки бу табиий ҳол бўлиб, муҳаддис уламолар ўз мусаннифотларини ёзишда илмий жиҳатига қанчалик диққат билан ёндашганликларини, ўз шайхларидан олган ҳадисларни қайта кўриб чиқиб, хатоларини тўғрилашда бардавом бўлганларини, манбаларга қайта-қайта мурожаат қилишга ўта талабчан бўлганликлари ва уни пухта билганликларини фикр қилиш имконини беради.

Бу каби эътиборни нафақат  “Жомеъ ас Саҳиҳ” ҳақида, балки Имом Моликнинг  “Муватто” китоблари ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Бу китобда ҳам ровийларга қайта-қайта мурожаат қилингани учун ҳадис ривоятлари бир нечта бўлганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари бошқа ҳадис китобларида ҳам ровий ва ривоятларнинг кўплиги, мусулмонлар далилларнинг ишончли ва аниқлигига беҳад эътиборли бўлганликларига  далолат қилади.

Имом Бухорий ўз мусаннифотларига катта эътибор қаратганлар. Бу ҳақида у кишининг ўзлари шундай дейдилар: “Барча китобларимни уч мартадан тасниф қилиб чиқдим”, яъни қайта-қайта кўриб сўнг вароққа  туширганлар.[7] 

“Жомеъ ас Саҳиҳ” хусусида  Ҳофиз ибн Ҳажар шундай дейдилар: “Имом Бухорий ундаги ҳадисларни шаҳарлардан тўплаган бўлсаларда, уларни тартибга солиш ва бобларга ажратиб ёзишни Масжид  Ҳаромда бошлаганлар. Ўн олти йил мобайнида уларни қоғозга туширганлар. Аммо бу муддатни тўлиқлигича Маккада ўтказмаганлар”.

Ибн Адийнинг  бир қанча ҳадис шайхларидан қилган ривоятида: “Имом Бухорий “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларини Набий саллаллоҳу лайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари ўртасида  ёзганлар. Ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин икки ракаат намоз ўқирдилар”  дейди.

Бу ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари шундай дейдилар: “Саҳиҳ” китобига ғусл қилмасдан ва икки ракаат намоз ўқимасдан  олдин  бирор бир ҳадисни  киритмадим”.[8]

Яна: “Жомеъ ас Саҳиҳ“ни 16 йил давомида тўплаган  600 минг ҳадислардан тасниф қилдим. Уни ўзим билан  Аллоҳ ўртасида ҳужжат қилдим”.[9]

Яна: “Жомеъ ас Саҳиҳ“ китобимни масжидул Ҳаромда тасниф қилдим. Унга, икки ракаат намоз ўқиб Аллоҳ таолодан истихора қилиб, саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилмагунимча, бирор бир ҳадисни киритмадим”—дедилар.[10]

Абу Жаъфар ал Уқайлий:  “Бухорий ўзининг  “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини тасниф қилгач, уни Ибн ал Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Муъийн ва бошқаларга кўрсатди. Улар китоб ҳақида яхши фикр билдириб китобдаги тўртта ҳадисдан бошқа, барча ҳадисларнинг саҳиҳлигига гувоҳлик беришди”—деди. Уқайлий: “Сўз, имом Бухорий айтганидек. У саҳиҳдир” —деди.[11]

Имом Бухорий  ҳадисларни ва “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларини ёзиб олишлари учун илмий мажлис ташкил этган эдилар. Фирабрийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг киши ҳадис эшитган. У кишидан охирги ҳадис эшитган одам Бағдодда  Қози Ҳусайн ал Маҳомилий бўлган.[12]

Ибн Рушайд “Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби ҳақида шундай дейди: “Сўнг бу китоб Фирабрийдан мутавотир бўлди. Бас мусулмонлар уни маржон қилиб тақиб олдилар ва унга ижмоъ бўлдилар”.[13]

Муҳаддислар Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларига  бениҳоя эътибор билан  ёндашдилар.  Имом Бухорийнинг шогирди Фирабрий: “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини, Бухорийнинг ўзидан 90 минг киши эшитганини айтиб ўтади.[14]

Уни ёд олиш ва келгуси авлодларга етказишда  ҳам муҳаддислар  томонидан  қўйилган қоидаларга  амал қилиб,  эътиборли бўлишгани, ундаги ривоятлардан ҳам  билинади.

“Ҳозирги кунда “Жомеъ ас саҳиҳ”нинг  қўлёзма нусҳалари сақланиб қолганми ёки йўқми?” деган савол барчамиз учун долзарб савол саналади. Шу масалада манбаларга мурожаат қилиб,  қуйидаги маълумотларга эга бўлдик:

Ғарб ва шарқдаги мусулмонлар “Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг нусхаларига эга бўлиб, уларни масжидлар, хос ва умумий кутубхоналарга қўйишга, улардан барча бирдек фойдаланишига талабчан бўлганлар.

Кейинчалик  мусулмон мамлакатлари  душманлар томонидан босиб олингач, у китоб ва қўлёзмалар ўғирлаб кетилган ва талон тарож қилиниб турли давлатлардаги  кутубхоналарга олиб кетилган. Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” асарларининг қўлёзма нусхалари энг кўп ёзилган асар сифатида эътироф этилади.

Хозирда “Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг тўлиқ бўлаклари ёки баъзи қисмлардан иборат қўлёзма нусхаси дунёнинг 2327 та  кутубхоналарида сақланмоқда, жумладан: Мадинаи Мунавварадаги “Малик Абдулазиз” кутубхонасида ушбу китобнинг  226 та асл нусхаси мавжуд. Уларнинг баъзиси тўлиқ ва баъзиси бўлаклардан иборат ҳолда сақланмоқда.[15]

 

Олимхон ЮСУПОВ

Имом Бухорий Халқаро Маркази бўлим мудири 

 

[1] Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий” “Дорул Маърифа” нашриёти. Байрут 1379 ҳижрий сана. Муқаддима

[2] Ўша манба. Муқаддима

[3] Ўша манба. Муқаддима

 [4] Ўша манба. Муқаддима.

[5]Ўша манба. Муқаддима.

[6]Ҳадис матнининг ҳар- хил лафзлар билан ривоят қилинишидир.

[7] Шамсиддин Заҳабий. “Сияр Аълам Нубала” “Муассаса ар Рисала” нашриёти. Байрут. 1993 йил.Б-403

[8] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11

[9] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11

[10] Юқорида айтилганидек унинг таснифи Маккаи Мукаррамада бошланиб Мадинаи Мунавварада давом этган.

[11] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил. Б-12.

[12] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-4.

[13] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11

[14] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11

[15] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-33

 

Мақолалар

Top