muslimuz

muslimuz

Бу нафс касаллигида қалбида ихлосдан асар ҳам бўлмаган одам бошқаларга диндор бўлиб кўринишга уринади.

 Муолажа услуби

Бу нафс касаллигидан шифо топишда – ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа (одамлар эшитиши учун бирор иш қилиш), ужб (ўзига бино қўйиш), кибр ва ғурур каби иллатлардан сақланиш лозим.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Одамлар учун бир амални тарк қилиш риёдир. Одамлар учун бир амални қилиш ширкдир. Ихлос ана шу икки нарсадан сени Аллоҳ таоло омон қилишидир”. Яъни, банда ибодатларини фақат ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун адо этиши, одамларнинг мақтовини ҳам, танқидини ҳам эътиборга олмаслиги керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини солиҳ, тақводор қилиб кўрсатишга уринганларга танбеҳ бериб: “Ўзига берилмаган нарсани берилган қилиб кўрсатган одам иккита ёлғон кийим кийган кабидир, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Чунки бундай одамларнинг сўзи ҳам, қилаётган амали ҳам ёлғондир. Шунинг учун, уларга икки баробар гуноҳ бўлади.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз риё ширкдир”, деганлар (Ибн Можа ривояти).

Кунларнинг бирида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Агар банда ўзини яхши кўрсатишга ҳаракат қилса, бу риё амал – ширкка кирадими? . Ҳасан Басрий айтдилар: “Ҳа, бу кичик ширкдир. Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ўқимаганмисиз?«(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: “Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. (Фақат) менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмоқда. Бас, кимки Робби билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Роббига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин!"» (Каҳф сураси, 110-оят).

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

1. Идишни тозалаб қўйиш.

Нубайша ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирор идишдан таомланиб, сўнг уни ялаб тозалаб қўйса, идиш унинг ҳақига мағфират сўрайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши овқат идишини ялаб қўйса, идиш унга истиғфор айтиб: “Ё Аллоҳ! Мени шайтон қўлидан озод қилганинг каби уни дўзахдан озод қилгин”, дейди», дедилар (“Жомеъул аҳодис”).

2. Бармоқларни ялаб тозалаш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз таомланса, бармоқларини яласин, чунки у уларнинг қай бирида барака борлигини билмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

3. Аллоҳга ҳамд айтиш.

“Алҳамдулиллаҳиллазий атъаманий ҳааза розақнийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин”

“Менинг тарафимдан ҳеч қандай ўзгариш ва куч-қувватсиз ушбуни менга едирган, уни менга насиб этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло банда таом еб, Унга ҳамд айтганидан рози бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким овқатланиб бўлгач “Алҳамдулиллаҳиллазий атъаманий ҳааза розақнийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

4. Қўлларни ювиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:"Таомдан олдин (қўлни) ювиш камбағалликни кетказади. (Таомдан) сўнг (қўлни ювиш) эса кичик гуноҳларни кетказади ва кўзни тузатади".

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Таомнинг баракаси ундан олдин ва кейин қўлни ювишдадир", деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Шу йил 28 июль куни Британия бирлашган қироллигида истиқомат қилувчи Нақшбандия тариқатининг пешқадам Шайхи жаноб Муҳаммад Абдуллоҳ Атиқ ва у кишининг ўғли Британия Ислом илмлари институти ва Фатво бошқармаси муфтийcи доктор Мунаввар Атиқ ҳамроҳлигидаги 25 нафар зиёратчидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюришган эди.

 10 кун давом этган сафар давомида меҳмонлар Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида жойлашган бир қанча зиёратгоҳларда бўлишди. Меҳмонларни “Вақф” фондига бириктирилган зиёратгоҳларнинг масъул ходимлари муносиб кутиб олишди ва уларга зиёратгоҳлар тарихи, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Меҳмонлар 5 август куни Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилишиб, у жойда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.

Ташриф сўнгида “Вақф” хайрия жамоат фонди Халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи М.Қосимов меҳмонлар билан учрашиб, муфтий доктор Мунаввар Атиқ билан суҳбат олиб борди. Самимий суҳбат чоғида меҳмонлар мазкур сафардан жуда катта таассурот олгани, зиёратгоҳларни обод қилиш, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар уларда катта таассурот қолдирганини айтиб, келгусида яна Ўзбекистонга келиш ниятида эканлигини таъкидлади.

Меҳмонлар Ислом илмлари бешиги бўлган она-Ватанимизнинг янада гуллаб яшнашини Аллоҳдан сўраб дуолар қилишди.

 “Вақф” хайрия жамоат фонди

Матбуот хизмати

Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга “Қўрқма” деган эдилар...

Юсуф алайҳиссалом иниси Бинёминга “Ҳасрат чекма" деган эдилар...

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ғорда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга “Маҳзун бўлма” деган эдилар...

Инсон руҳиятини тарбия қилиш, унга сокинликни ўргатиш Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг вазифаларидан бири бўлган. Улар ҳаётни енгиллатишар ва атрофларидагиларга яхши гумон, ҳамда умид учқунларини сочишар эди.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларига ҳеч қандай чеклов ва қайдларсиз мутлақ тарзда “Мўминларга хушхабар беринг” дея буйруқ берган. Уларга барча гўзал нарсаларнинг хушхабарини бер.

Қора булутларни кўрмасанг ҳам ёмғирни, тузалиш аломатларини кўрмасанг ҳам шифони, иқтисод назариялари бунинг аксини кўрсатса ҳам молиявий ўсиш муждаларини бер. Кўзларидан оққан ёшлар уларнинг ёноқларида ўз асоратларини қолдирган бўлса ҳам уларга бахт-саодат хушхабарини бергин... Атрофлари мусибатларга тўлиб кетган бўлса-да, уларга мамнунлик башоратини бергин... “Мўминларга хушхабар бер”.

Барча гўзал нарсаларнинг хабарини бер, сўнгра уларга агар тақдирларига рози бўлишса, Аллоҳ таоло ҳам улардан рози бўлишини, агар сабр қилишса уларга жаннатни ва барча ташвишларини унуттириб юборадиган абадий саодатни беришини хушхабар қил.

Али Жобир Файфий “Ҳаётнинг 17 қонуни“ китобидан.

Саудия Aрабистони Подшоҳлиги Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги келгуси якшанба куни 85 давлатнинг вазирлари ва диний ишлар идораси раҳбарлари иштирокида халқаро анжуман ташкил қилади: “Дунёдаги диний ишлар, фатволар ва шайхликлар бошқармалари билан ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга оид “Aлоқа ва интеграция” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилади.

Мамлакат Ислом ишлари, даъват ва иршод вазири доктор Aбдуллатиф бин Aбдулазиз Ол Шайхнинг таъкидлашича, анжуман еттита асосий мавзуни ўз ичига олади, хусусан, дунёдаги диний ишлар бўлимлари, фатво ва шайхликлар идораларининг Исломга хизмат қилиш, ислом бирлигини мустаҳкамлаш, воқелик ва умид ўртасидаги алоқа ва интеграция, уларнинг халқлар ўртасида бағрикенглик ва осойишталик  қадриятларини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Қуръон ва суннатда мўътадиллик ва аслият, дунёдаги диний ишлар, фатво ва шайхликлар идораларининг экстремизм ва терроризмга қарши кураш ва уларнинг жамиятни атеизм ва парчаланишдан ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кабиларни қамраб олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мақолалар

Top