Мақолалар

Зиёратми ёки зиёфат?

Ўзбекистонимиз бой тарих ва улкан моддий-маънавий меросга эга диёр ҳисобланади. Қолаверса, бу заминда муқаддас қадамжолар ва азиз авлиёлар маскан топган зиёратгоҳлар ҳам талайгина. Юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардаёқ марҳум биринчи Президент Ислом Каримов томонидан ушбу муқаддас қадамжоларни, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилгани барчамизга сир эмас. Бугун ҳам шу хайрли ишларнинг давом этиб бораётгани бутун ўзбек халқини қувонтиради, албатта. Бу яратилган ва яратилаётган қулайликлар ва шароитларнинг барчаси зиёратчилар ўз зиёратларини эмин-эркин амалга оширишлари учундир.

Аммо бугунги кунда амалга ошираётган зиёратларимиз шариатимизга ҳам шароитимизга мос келмоқдамикан? Биз зиёрат деб қилаётган ишларга динимиз нима деркан? Ҳеч шу ҳақида ўйлаб кўрганмизми?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Бир ҳадиси шарифда Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у охиратни эслатади(Ибн Можа), дейилган. Шу ҳадисга мувофиқ қабрларни, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишдан мақсад, охиратни эслаш, ўлим барча яратилган мавжудоту махлуқотнинг бошига тушадиган иш экани ҳақида тафаккур қилиб, хайрли ва савобли ишларга бел боғлашни зиёрат чоғида қасд қилиш лозим бўлади. Зиёрат мобайнида киши бир муддат бўлса-да, дунё ташвишларини унутиб, охират, қабр ва ундаги ҳолат тўғрисида, Қиёматда бу дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон амалларидан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисида ўйга толиши лозим.

Лекин минг афсуски, бугун зиёратгоҳларимиз ширк ва бидъат ишларга тўлиб тошган. Динимизга тамомила ёт бўлган мункар ишлар авж олган. Турли хил жонлиқлар олиб келиниб, ношаръий йўллар билан сўйилиб, зиёратгоҳлар “зиёфатхона”ларга айланиб кетмоқда. Аллоҳ номига қилиниши лозим бўлган қурбонликларни турли хил авлиёларнинг номига атаб сўйиб, ширкка олиб борувчи ишларни қилиб қўймоқдалар. Агар зиёратгоҳ тоғли, сўлим жойда жойлашган бўлса, тағин у ердаги базму жамшидни, у ердаги исрофгарчиликни кўраверасиз…

Ахир Аллоҳ таоло биз бандаларини берган неъматларига шукр қилиб, куфрона неъмат қилишликдан қайтармаганми?! Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида бундай марҳамат қилади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”.

Зиёрат қасдида келиб, аслида нимага келганини унутиб қўяётган “зиёратчи”лар ушбу ояти каримага амал қилишлари лозим. Шундай тинч замонда, озод заминда яшаётгани учун Яратганга ҳамдлар айтиб, берган неъматларига шукр қилиб яшаш лозим. Аслини олганда, зиёратгоҳларга бориб, у жойда зиёфат, ичкиликбозлик, бақир-чақир, тўполон қилиб бошқа зиёратчиларга озор бериш нотўғри иш. Қанча зиёфат, қанча йиғину базмларни ният қилган бўлса, чойхона-ю тўйхоналарда ўтказаверсин. Киши зиёратга бордими, унинг одобларига риоя қилиши, қилаётган ушбу зиёрати учун бериладиган савобдан умид қилиб ҳаракат қилиши лозим.

Зиёратчиларимиздан қилаётган зиёратларининг одобларига риоя қилишларини, исрофга, ширкка сабаб бўладиган амаллардан эҳтиёт бўлишларини сўраймиз.

Маъруфхон Бурихонзода,

Бўстонлиқ тумани “Толи Бува” масжиди имом-хатиби

Read 3455 times

Мақолалар

Top