Мақолалар

Дуо қилиш одоблари

Дуо ибодатдир. Дуо қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Дуо одоблари хусусида бундай марҳамат қилинади:

“Раббингизга зорланиб ва хуфёна дуо қилинг! Зеро, У ҳаддан ошувчиларни ёқтирмайди. Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқув, ҳам умид билан дуо қилинглар! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 55–56).

Дуони Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш унинг ижобатига боис бўлади.

Дуода Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш, тинчлик, офият, саломатлик билан бир қаторда, дунё ва охират яхшилигини сўраш лозим. Чунки ояти каримада бизга бундай марҳамат қилинган: «Яна шундайлари ҳам борки, улар: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар» (Бақара, 201).

Кишининг дуолари, ибодатлари Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўлишида ҳалол-пок луқма билан озиқланиш, қариндош-уруғчилик ришталарини мустаҳкамлаш, гуноҳ ишлардан тийилишнинг жуда муҳим ўрни бор.

Дуо бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатига эриштирадиган амаллардан, шунингдек, ризқнинг мўл, неъматларнинг зиёда бўлишига сабаб ҳамдир.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5435 times

Мақолалар

Top