Мақолалар

Икки дунёда азиз бўлишни истасангиз

Кибр – фақат Аллоҳга хос. Чунки у барча айбу нуқсон ва камчиликлардан холи, ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотгагина ярашади. Инсон эса ожиз, нотавон ва гуноҳкордир. Шунинг учун инсон ўзи унга лойиқ бўлмаган сифат ила безанмоқликка ҳаракат қилиши ножоиздир.

Аллоҳ таоло бу сифатни фақатгина Ўзига лойиқ кўрган ҳамда бандаларини бу сифатдан четланишини буюрган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Азизлик изорим, кибрлик эса ридоимдир (яъни, бу икки сифат менга хосдир). Кимки менинг бу сифатларим устида мен билан низо қилса, уни азобимга гирифтор қиламан(Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадиснинг маъносини Қуръони каримнинг ушбу ояти тасдиқлайди: “У қудрат соҳибидир, бўйсундиргувчидир, танҳо кибр эгасидир(Ҳашр сураси, 23-оят)

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Бир марта кибрлангани сабаб шайтон алайҳилаъна Аллоҳга сажда қилишдан маҳрум бўлди. Жаннат аталмиш беқиёс манзилдан, абадий роҳатдан, Оламлар Роббисининг розилигидан айрилди ва то қиёматга қадар мўминлар тилида лаънатланган ҳолда қолди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди”, деганларида, бир киши: “Киши кийими яхши ва поябзали яхши бўлишини истайди (бу амали ҳам кибр-ҳавога кирадими?)”, деганида, у зот: “(Йўқ, бу амали кибр эмас). Албатта, Аллоҳ кўркамдир. Ва кўркамликни яхши кўради. Аслида кибр ҳақ сўзни рад этиб, одамларга паст назар билан қарашдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин лафзлар билан: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди”, демоқдалар. Бунинг маъноси шуки, қалбида заррача кибри бор инсон ҳаргиз ҳақ сўзни, ҳақиқатни тан олмайди ва ўзгаларга паст назар билан боқиш натижасида дилозорлик, адолатсизлик каби гуноҳ ишларни амалга ошира бошлайди. Кибр сабаб инсон қилган хатоси учун узр сўролмайди. Кибр сабаб киши узилган силаи-раҳмни боғламайди, дарз кетган дўстлик ва яқинлик ришталарини қайта тиклолмайди. Булар эса албатта инсонни хайрли амаллар мукофоти бўлган жаннатдан маҳрум бўлишига сабабчи бўлади.

Кибр - ёлғиз Парвардигорга хос. Уни талашган кимсанинг ҳаридори дўзахдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларга дўзах аҳлини айтиб берайми? Ҳар бир дағал, қўпол, кибрли одам(Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Хўш, инсон нега кибрланади? Инсон такаббурлик қилиш ила ўзгалардан ўзини юқорироқ туришини, обрў ва эътиборга тушишни, азизликни ҳохлайди. Таассуфки, азизлик ва эътибор, ҳурмат ва эҳтиромга такаббурликда эмас, балки айнан такаббурликнинг акси бўлган тавозеъ орқали эришилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди. Аллоҳ кечиримли банданинг иззатини зиёда қилади. Киши Аллоҳ учун тавозуълик қилса, Аллоҳ у банданинг даражасини кўтаради”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Ҳакимлардан бири айтади: “Мен мартабани такаббурликда талаб килдим, лекин уни тавозуъда топдим”. 

Қолаверса, охиратдаги даражотларнинг баланд ёки паст бўлиши ҳам айнан тавозеъга боғлиқдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кимки камтарин бўлса, Аллоҳ таоло уни қиёмат кунида даражасини баланд қилиб қўяди. Ким кибр қилса, Аллоҳ таоло уни қиёматда даражасини паст қилади”.

Шунинг учун ҳар бир мўмин киши кибрдан сақланиши ва камтарин бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина Аллоҳ унинг даражасини икки дунёда юқори қилиб қўяди. Кибр эса фақат Аллоҳга хос.

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

 

Read 3951 times

Мақолалар

Top