Мақолалар

Мустақил Ўзбекистоним

 

Бошим туфроқ,ўзим туфроқ,жисмим туфроқ,

Ҳақ васлига етарман деб руҳим муштоқ.

 

     Буюк аллома бўлган бобомиз Аҳмад Яссавий ўзининг ушбу байтида Ватан дийдори соғинчидаги комил қалбнинг руҳ муштоқлигини ифодалайди. Одам Ватан билан бирликка эришса, у нафақат ўз элининг, балки оламнинг эҳтиромига сазовор бўлади.Азиз ва гўзал Ватанимизга бўлган юксак эътиқод билан яшаш, Ватан ва Ватаним деган сўзни айтишга муносиб бўлиб қолиш, Она-Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни доимо юксалтириш, ҳар бир инсоннинг эзгу туйғуларидан келиб чиқиши керак.

        Мустақил Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришгач, халқимизга асрлар бўйи орзу бўлиб келган ниятлари ушалди. Бугунги кунда биз дунёдаги барча нуфузли хорижий мамлакатлар тан олган ,Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган мустақил Ўзбекистонниг фарзандларимиз. Бугун  мустақиллик туфайли Ўзбекистонинг иқтисодий – сиёсий фаолиятида, ижтимоий ҳаётида, халқлар, миллатлар онгида, руҳида, маънавиятида буюк инқилобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Асрлар мобайнида халқимиз сақаб келаётган умуминсоний, миллий ва маънавий қадриятларни ривожлантиришда янги давр бошланди.

      Ўзбекистон истиқлоли туфайли ёшларни миллий руҳда ахлоқли – одобли қилиб тарбиялаш масаласида бўлган эътибор янада кучайди. Чунки маънавий камол топган инсонларгина баркамол жамият қуришлари мумкин. Ўзбекистон истиқлолини мустаҳкамлашда ва уни ривожлантиришда маънавий соғлом авлодни вояга етказиш ва уларда ахлоқ - одоб ҳақидаги миллий урф – одатларимизни шакиллантиришимиз зарур.

    Мамлакатнинг осойишталиги, ободлиги, халқнинг низоларсиз тинч – тотув яшаши, турмушнинг фаровон бўлиши учун давлатни ақл билан идора қиладиган доно йўлбошчи, сахий ва олижаноб, камтарин ва адолатли шоҳ бўлиши лозим, дейди Алишер Навоиясарларидан бирида. Навоий “адолатнинг буюк қудратини кўрсатиб, давлат бошқарувчиларини бундан ибрат олишга чақиради:     

 

Ки адл ичра ўтганда бир соате

Эрур беҳки жинну башар тоати.

Яъни адолат билан ўтган бир соат вақт бутун инсонлар-у жинлар ёхуд париларнинг биргаликда қилган тоат ибодтидан афзал. Навоий адолат бобидаги фикрларини ривожлантириб, пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалламнинг яна бир фасоҳатли ҳадисини келтиради:

 

Қолур куфр аро қолса обод мулк

Бўлур зулм агар бўлса барбод мулк.

 

Агар обод мамлакатга қаралмаса, вайрон бўлади, демак бу мамлакат бошлиғнинг халққа зулм ўтказганлигининг натижасидир”, дейилади М. Ҳамидованинг “Адл ичра ўтганда бир соате” мулоқотида. Дарҳақиқат, донолар ҳикматига амал қилаётган юртбошимиз Ш.М. Мирзиёев адолат машъаласини баланд кўтариб, ундан ўз халқини баҳраманд этмоқда. Унинг мунаввар ёғдуларидан, адолат нуридан баҳра топаётган халқимиз Ватан боғини обод қилиб, тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда.

       Халқимиз даврни англамоқдалар – воқеликни тўғри идрок этмоқдалар. Замонни билмоқдалар – замон найрангларидан кўз юммай мустақил Ўзбекистоннинг истиқлоли учун меҳнат қилмоқдалар. Ота – боболаримизнинг олижаноб фазилатларидан баҳраманд бўлган ёшлар уларнинг армон- умидларини рўёбга чиқармоқдалар .

     Аллоҳ берган мустақиллик шарофати билан ўзбек халқининг маънавий ҳаётида ўзгаришлар юз бермоқда: Тарихан тикландик. Она тилимизга давлат мақоми берилди. Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий каби улуғ боболаримизнинг руҳини шод этдик. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир цингари халқ жигарбандларининг номи, иззат – икроми, ҳурмати ўз жойига қойилди. Умуминсоний миллий ва маънавий қадриятларимиз тикланди. Юртимизга халқ севган Наврўз кириб келди. Рамазон, Қурбон ҳайитлрига етдик. Динга муносабатимз ўзгарди. Қуръони карим, Ҳадиси шарифлар ҳаётимиз дастур омили бўлиб қолмоқда. Халқимизда ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ривожланмоқда.

       Ҳар бир соғлом авлодда ўз халқининг анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ва ҳурматни тарбиялаш керак. Ана шундагина ўз халқини, миллатларнинг бутун жаҳон ҳамжамиятида тенгларидан бири сифатида идрок қилувчи ҳақиқий инсон, ўз ватанининг жонкуяри вояга етади. Шундай экан, ҳар бир кишининг қалбида ўз Ватанига буюк эътиқод, олижаноб мурувват ҳис – туйғулари барқ уриб турса, бу ажойиб неъматларни умрбод ардоқласа, ҳаётда, турмуш тарзида қўлласа, шундагина у софдил, самимий ва одил фазилатли ҳақиқий ватанпарвар бўлиб юртимиз мустақллигини мустаҳкамлайди.

                                                          Хадичаи Кубро ислом билим юрти мударрираси

                                                                  Адилова Наргиза Абдуғани қизи.

Read 3883 times

Мақолалар

Top