Мақолалар

Иллат ва залолат боши

Башарият тамаддунида унинг ҳаётига хавф  солган иллатлар  кўп бўлган. Афсуски, бугун  жамиятимизга  етарлича ташвиш солишга интилаётган қора кучларнинг манфур қилмишларидан бири бу –экстремизм балосидир. Ёмон томони  бу бало қисқа фурсатда турлича қиёфага эга бўлди. Ҳозирда экстремизмнинг халқаро  кўринишдаги нусхаси бутун бошли миллатлар ва халқлар орасидаги нифоқ уруғини сепади. Энг буюк қадриятларимиз, иймон-эътиқод  ва тафаккур  илдизига  болта урмоқчи бўляпти. Бу залолатга қарши туриш учун эса аввало инсонларнинг қалб кўзи очиқ, маънавий билимлари мукаммал бўлиши лозим.

Айни имконият кишиларни экстремизм балосига қарши куришишида иммунитет вазифасини ўтайди.  Муҳим жиҳати шуки, эндиликда мамлакатимизда ушбу ҳолатга қарши курашишнинг қонуний асоси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган  ва Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган “Экстремизмга  қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Ресупбликаси Қонуни 5 та боб ва 24  та моддадан иборат бўлиб унда экстремизмга оид асосий тушунчалар хусусида шундай  дейилади: экстремизм –ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcи дея  эътироф этилган.

Шунингдек  қонунда экстремизмни молиялаштириш, экстремистик гуруҳ, экстремистик материал, экстремистик ташкилот  каби тушунчаларга ҳам мос таъриф берилган. Ушбу ҳужжатга кўра  мамлакатимизда экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари сирасига  Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти каби тизимлар киритилган.

Бу билан юртдошларимиз масъулиятини ўз зиммасидан соқит қилиши керак эмас. Негаки, экстремизмга қарши кураш нафақат ваколатли органлар, балки ҳар бир фуқаронинг асосий вазифаси саналади. Негаки,  инсоният бошига  турли ташвиш солаётган энг ёмон иллатлардан саналган экстремизм балоси билан ниқобланган разил ва манфур кимсаларнинг одамийликка хос бўлмаган қилмишлари нафақат оилалар, балки айрим давлатлар,  сиз  билан бизнинг келажагимиз учун жиддий хавф саналади. Хусусан,   жаннатмонанд юртимизнинг қулай  геосиёсий ҳудудда жойлашганлиги, табиий  бойликлари, қулай иқлими ва бетакрор табиатига кўз тиккан  қора кучлар йўқ эмас. Шундай экан, ҳаммамиз бу йўлда собит ва хушёр бўлайлик.

Абдулаҳад қори ТОЖИБОЕВ,

Бўз  тумани бош имом-хатиби

 

Read 4517 times

Мақолалар

Top