Мақолалар

Дунёдаги энг катта жонзот ҳақида биласизми?

Кўк кит сут эмизувчиларидан бўлиб, ер юзидаги энг катта жонивор ҳисобланади. Унинг узунлиги 33 метр, оғирлиги 150-170 тонна келади.

Юрагининг оғирлиги 600 килограмм атрофида бўлади.

Тилининг оғирлиги 2 тоннага яқин. Яъни ўртача катталикдаги автомобилга тенг келади.

Томирлари шу қадар каттаки, ичидан инсон юриб ўтиши мумкин.

Кўк кит шунчалик катта бўлишига қарамай, у узунлиги 5 см келадиган крил номли денгиз планктонлари (қисқичбақа кўринишидаги майда жонзотлар) билан озиқланади. Кит бир кунда 40 миллионта крил истеъмол қилади. Бу ўртача 3 ярим тоннадан ортиқ озуқа дегани.

Кўк кит 50 йилдан ортиқроқ умр кўради. Одатда улар табиий сабаблар, йиртқич балиқлар (касаткалар ва акулалар) жамоасининг ҳужумлари, кемаларнинг бориб урилиши, уммон сувининг ифлосланиши ва уларни овланиши натижасида ўлади. Олдинлари овчилар уни ёғи, гўшти ва бошқа маҳсулотлар олиш учун овлашган. Ҳозирги кунда бу жониворни овлаш қонун билан таъқиқланган.

Кўк кит уммонда соатига 30 километр тезликда суза олади.

У овқат излаб 500 метргача сув остига тушиши мумкин.

Урғочи кўк кит ҳар уч йилда бир марта бола туғади. Унинг ҳомиладорлик даври 11-12 ойни ташкил этади. Урғочи кўк кит одатда фақит битта жуфти билан яшайди.

Кўк китнинг юраги 10 тонна қонни ўтказади.

 

 

Кит ёшига қараб турлича нафас олади. У тинч ҳолатда бир дақиқада 1-4 марта нафас олади.  Узунлиги 18 метрли кит икки дақиқада 5-10 марта нафас олса, 22 ярим метрли кит 12,5 дақиқада 7-11 марта нафас олади. Вояга етган кўк кит бир дақиқада 3-6 марта нафас чиқаради (ҳавони фонтан кўринишида отади).

Ҳозирги кунда дунё уммонларида тахминан 5000 тадан 12000 тагача кўк кит қолган.  

Тасаввур қилинг, агар инсоният узунлиги 30 метр, оғирлиги 150 тонна бўлган қурилма ясайдиган бўлса, унга қанча олимлар, муҳандислар, техника, арифметика, тортишиш, босим ва ҳоказоларни яхши биладиган малакали мутахассислар, мазкур қурилмани керакли режа, жадвал ва дастурлар билан жиҳозлайдиган моҳир дастурчилар ва механиклар керак бўлади. Қурилма тайёр бўлгач, уни кўтариш, жойидан жилдириш, керакли жойга олиб бориш учун кўтарма кран, кўплаб юк машиналари ва техникалар оввора бўлади.

Аммо Аллоҳ таоло яратган, оғирлиги 150 тоннадан, узунлиги 30 метрдан ошиқроқ бўлган ушбу жонзот денгизда бемалол ов қилади, енгил ҳаракатланади, катта тезликда, эркин сузади. У ёқдан бу ёққа осон ағдарилади, уммондан ташқарига сакраб чиқиб, яна сувга шўнғийди. Хуллас кичкина балиқ амалга оширадиган ишларни, ҳаракатларни улкан кўк кит ҳам бемалол амалга ошира олади.

Энди мана бу оятга диққат билан эътибор берайлик:

“Сен: “Осмонлару ернинг Робби ким?” деб айт. “Аллоҳ”, дегин. “Ўзингизга Ундан ўзга, ўзларига фойда ёки зарарга эга бўлмаган валийларни тутдингизми?” дегин. “Кўзи кўр билан кўрувчи баробар бўлурми ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?” дегин. Ёки улар Аллоҳга У яратган махлуқотларга ўхшаш махуқотларни яратганларни шерик қилиб олдилару уларга яратилган махлуқотларга ўхшаш кўринмоқдами? “Барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир. Ва У бирдир, Қаҳҳордир”, дегин” (Раъд сураси, 16-оят). 

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

 

Read 10848 times

Мақолалар

Top