Мақолалар

Гувоҳлар

Аллоҳ  таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломлар бўлсин.

Маълумки, инсон кўпинча ўз кўзи билан кўрган, эшитган нарсаларига гувоҳлик беради. Биз мусулмонлар ғайбга, шунингдек, Қиёматда ҳисоб- китоб қилинишимизга ҳам иймон келтирганмиз. Шу иймонимиз мустаҳкам, эътиқодимиз кучли бўлса, Аллоҳ  таолодан ҳақиқий қўрқсак, ҳеч ким йўқ жойда, ҳеч ким кўрмайдиган ўринларда ҳам ёмонлик қилишга  иймонимиз йўл қўймайди. Ўғриликдан, турли хил ёмонликлардан, фаҳш-ёлғончилик, ғийбату бўҳтонлардан қочадиган, ҳаттоки, унинг кўчасига ҳам кирмайдиган бўламиз. Бу қилаётган амалларимиз “гувоҳлар” томонидан ёзиб борилаётгани, охиратда эса жавоб бериш масъулиятидан хабардорлигимизни англаймиз.

Абдураҳмон ибн Саъсааъдан ривоят қилинади, у киши Абу Саид Худрийнинг қарамоғидаги етим фарзанди эди. Абу Саид у кишига: Эй ўғилчам, қачонки водийларда бўлсанг баланд овозда азон айтгин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Уни (азонни) жин, инс, тош ва дарахт эшитиб, эшитгани ҳақида албатта гувоҳлик беради, деганларини эшитганман, деди..  

Умаййа Масжидул ҳаромда фарз намозини адо этиб,  мана бу ерда ва яна бу ерда намоз ўқиди. У намозини тугатгач, унга: “Эй Абу Умаййа нима қилаяпсан”, - дейишди. У: “Мен мана бу оятни ўқиган эдим: “яъни: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар”. Шунинг учун Қиёмат кунида  гувоҳлик бўлишини хоҳладим. У яна: “Ер унинг учун ўз устида  намоз ўқигани, зикр, тиловат  (шу кабиларни)  қилгани ҳақида гувоҳлик берган кишига яхшилик бўлсин. Аксинча, Ер ўз устида  зино қилгани, ҳаром бўлган ичимлик ичгани, ўғрилик ва шу кабиларни қилгани ҳақида гувоҳлик берилган кишиларга “вайл” бўлсин, деб айтади, деди.

Хабарларда келишига кўра, албатта, (эй инсон!) сенинг устингда еттита гувоҳлик берувчилар бордир:  улар: 

  1. Макон: Аллоҳ таоло сўзи:

  يومئذ تحدث اخبارها

яъни: “Ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала, 4)

  1. Замон: Ҳар куни Кун нидо қилар экан: “Мен янги Кунман. Мана шу кунда қилинган амалларга мен гувоҳлик бераман”.
  2. Тил ҳам гувоҳлик берар экан:

  يوم تشهد عليهم السنتهم 

Яъни: “(У кун) уларнинг қилиб ўтган иш (бўҳтон)лари билан тиллари гувоҳлик берадиган кундир (“Нур” 24). 

  1. Аъзолар.  

 و تكلمنا ايديهم وتشهد ارجلهم

яъни: “Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида қўллари сўзлаб, оёқлари гувоҳлик берур” (“Йасин” 65).

Ширк ва куфрда бўлган бандалар Қиёмат куни дунёда қилган қилмишларидан тониб, тиллари билан нотўғри гувоҳлик беришга ҳаракат қилишар экан.  Қўшнилари ва қариндошлари уларнинг мушрик бўлгани ҳақида гувоҳлик беришса ҳам тан олишмас экан. Аллоҳ таоло уларнинг оғизларини муҳрлаб қўйишга буюриб, қолган аъзолари уларнинг кирдикорларини бирма-бир айтиб, гувоҳлик берар экан.

  1. Икки фаришта гувоҳлик беради:

 وانّ عليكم لحافظين 

 яъни: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи  (фаришталар) бор. (“Инфитор”,10)

Охиратда инсон ўзи қилган яхши-ёмон амалларидан сўралиши, бу дунёда қилинадиган ҳар бир иш-ҳаракати инсоннинг номаи аъмолига фаришталар томонидан ёзиб турилиши ҳақдир. 

  1. Девон - амаллар ёзиб бориладиган китоб. Аллоҳ таолонинг сўзи:

هذا كتابنا ينطق عليكم بالحقّ 

яъни:  “Мана бу ёзувимиз (номаи аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизларнинг қилиб юрган амалларингизни (ушбу номаи аъмолга) кўчириб юрар эдик (Жосия,29).  

  1. Роҳман (яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзи). Қуръонда каримда шундай дейилган:

إلا كنّا عليكم شهودا  

яъни: “Магарам, Биз сизлар устингиздан гувоҳлик берувчидурмиз”.

Эй Одам фарзанди! Бир ўйлаб, чуқурроқ фикр қилгин! Шунча гувоҳлар яхшилик ва ёмонликларимизга гувоҳлик берадиган кун - Қиёматда ҳолимиз қандай бўларкан? Энди кўр кўзларимизни каттароқ очайлик, эрта Қиёматда тилларимиз муҳрланиб, қўлларимиз сўзлаб, оёқларимиз гувоҳлик берганида Аллоҳ таоло ҳузурида уялиб қолмайлик.

Бир авлиё зот муридларига ҳеч ким йўқ жойда товуқ сўйиб келишни буюрибди. Ҳамма муридлари овлоқ-ҳеч ким йўқ жойни топиб, товуқни сўйиб қайтибдилар. Бир муриди товуқни кўтарган ҳолда: “Ҳеч ким кўрмайдиган, ҳеч ким гувоҳлик бермайдиган жойни топа олмадим” деб  қайтиб келибди. Натижада мана шу муриди ўзининг Аллоҳ таолога бўлган тақвоси билан авлиё даражасига кўтарилган экан. Мана бу ҳолат ҳам бизлар учун ибратлидир.

Илоҳи! Барча ишларимизни авваламбор Ўзинг кўриб турганингни, қолаверса, юқорида зикр қилинган гувоҳлар ҳисоб-китоб қилиб турганини ёдда тутиб боришимизни, номаи аъмолларимиз ўнг тарафларидан бериладиган бандаларинг қаторида бўлишимизни насибу рўзи қилгин! (омийн).  

 

Зарифа Маҳкам қизи тайёрлади

 

Read 3096 times

Мақолалар

Top