Мақолалар

Тавбангиз қабул бўлишини истайсизми?

Инсонларнинг энг ғами кўпи

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳга “Инсонларнинг энг ғами кўпи ким?” дейилди. У киши: “Уларнинг хулқи ёмонроғи” дедилар.

Хулқи ёмон одамни ҳеч ким ёқтирмайди, биров унинг хулқи ёмонлигини билгач, у билан гаплашгиси келмайди. Иқтисодий, ижтимоий муносабатларда ҳам одамлар у кимсага ишонмай қўйиб, у билан олди-берди қилмайдилар. Чунки у ёмон ахлоқи билан ўзига бўлган ишончни йўқотган бўлади. Ҳамма ундан узоқлашгани, уни дўст, улфат, ишончли шахс деб қабул қилмагани учун маҳзун ва тушкун ҳолда яшайди.  

Тавбанинг ҳақиқати

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Тавбанинг ҳақиқати - сенга Ер шунча кенглиги билан торлик қилиши, ҳатто қароринг қолмаслиги, кейин Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида “...Диллари танг бўлган ва Аллоҳ (ғазаби)дан фақат Ўзига қочиш билан паноҳ топилишини билишгандан сўнгра улар тавба қилувчилардан бўлишлари учун Аллоҳ тавбаларини қабул этди” деб хабар берганидек дилинг танг бўлишидир”.

Инсон қилган хатосига қаттиқ пушаймон бўлиши, ич-ичидан сиқилиши, “Роббим, мен бу гуноҳни содир этиб қўйдим. Аммо ўзим бу ишимдан афсусдаман, асло хурсанд эмасман. Энди ҳаловатим йўқ. Дунёга сиғмаяпман. Сендан бошқа менинг гуноҳларимни кечирувчи, қалбимга хотиржамлик солувчи йўқ. Агар Сен мени кечирмасанг, Сен менга раҳм қилмасанг, ҳолим нима кечади?” деб Аллоҳ таолога нидо қилиши лозим.

 

“Ар-Рисала ал-Қушайрия” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 2899 times

Мақолалар

Top