Мақолалар

Нодир насиҳатлар

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бир мажлис ёнидан ўтдилар. Ўша мажлисда ўтирган бир йигит кулаётган эди. У зот йигитга қараб:

“Ҳой йигит, Сиротдан ўтдингми?” дедилар. У:

“Йўқ” деди.

“Жаннатга боришинг ҳақида билдингми?” деб сўрадилар буюк имом. Йигит яна:

“Йўқ” деб жавоб берди. Шунда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:

“Унда нега куляпсан?” дея танбеҳ бердилар.

Шу воқеадан кейин ҳеч ким у йигитни кулган ҳолда кўрмади. 

***** 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ўлим қайтадиган жойи, қиёмат ваъда қилинган куни, Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш аниқ кўрадиган манзараси эканини билган кишининг маҳзунлиги доимий бўлиши керак” дер эдилар. 

***** 

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга “Эй имом, сиздан кейин кимдан фатво сўраймиз?” деб савол беришди. Имом “Абдулваҳҳоб Варроқдан сўранглар!” дедилар. Одамлар: “Эй Абу Абдуллоҳ, унинг илми оз-ку!” дейишди. Шунда имом: “Лекин тақвоси, парҳези кўп. Ана шу тақвоси уни Аллоҳнинг динида билмаган нарсасини гапиришдан тўсиб туради” дедилар.

Абдулваҳҳоб Варроқ ким?

У киши Абдулваҳҳоб ибн Абдулҳакам ибн Нофеъ бўлиб, буюк имом, ҳужжат, тақволи олим ва обид зот эдилар. Кунялари Абул Ҳасан, лақаблари Варроқ. Бағдодда таваллуд топганлар. 251 ҳижрий санада вафот этганлар.

*****

Гуноҳлари устига оғир юк бўлган, иймони заифлашиб қолган, ишончи озайиб қолган қанчадан қанча кишилар бор. Улар тун қоронғусида Аллоҳ таолонинг ҳузурида Унинг Каломини тиловат қилиб намоз ўқийдилар. Натижада намозни якунлаганларида гуноҳлари тўкилган, айблари беркитилган, даражалари кўтарилган, диллари очилиб равшан бўлган ва иймонлари комил бўлган ҳолда бўладилар.

Шайх Шинқитий ҳафизаҳуллоҳ

*****

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ “Агар Қуръон аҳллари солиҳ бўлсалар, одамлар ҳам солиҳ бўлишади” деганлар.

Бу гапга Шайх Абдураззоқ ал-Бадр қуйидагича изоҳ билдирганлар: “Қуръон аҳли одамлар учун ўрнакдирлар. Агар улар солиҳ бўлсалар, одамлар яхшиликда уларга эргашадилар ва бўйсунадилар. Лекин мусибат шуки, агар Қуръон аҳли гуноҳ ишларни қилсалар, қалбида Қуръонни кўтариб юрган кишининг бузғунчилик қилиши одамларга ва ўзлари яшаётган жамиятга нисбатан улкан жиноят ҳисобланади. Шунинг учун Қуръон аҳлининг солиҳ бўлиши одамларнинг солиҳ бўлишига сабаб бўлади. Қуръон аҳлининг бузғунчилик қилиши эса одамларнинг бузилишига олиб келади. Чунки Қуръон аҳли ўша одамлар учун ибрат ўрнидирлар”. 

***** 

Салафи солиҳлардан бирлари шундай деганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло мўминнинг қувватини унинг қалбига жойлаб қўйди, аъзоларига эмас. Кўрмайсизларми, кекса солиҳ киши жазирама кунларида рўза тутиб, кечаси ибодат билан бедор бўлади. Ваҳоланки, ёшлар бу ишни қилишдан ожиз бўладилар”.

“Ҳилятул авлиё” 

***** 

Имом Зуҳрий раҳимаҳуллоҳдан мана бу гап ривоят қилинган: “Рамазондаги битта тасбеҳ бошқа ойлардаги мингта тасбеҳдан афзалдир”.

“Ибн Абу Дунё энциклопедияси” 

***** 

“Қуръон мўъжизалари” саҳифаси маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2960 times

Мақолалар

Top