Мақолалар

Ўз жонига қасд қилиш имон заифлигидандир

Кишига бирор нарсани сақлаб туришга берсалар, – у ўша буюмни омонат билиб, ғоят эҳтиётлаб асрайди. Лекин Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ўз жонига қасд қилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло худкушликнинг азобини қаттиқ қилиб қўйган.

Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар:
“…Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Хўш, юртимиз озод, мўл-кўлчилик, дину диёнатдан бирмунча саводимиз ҳам чиқиб қолган паллада худкушлик нега йўқолмаётир?

Бугун ўз жонига қасд қилиш энг сўнгги русумдаги ахборот воситалари орқали энг кучли нотиқлар, руҳиятшунослар, гипнозчилар, жодугарлар иштирокида тарғиб этилмоқда. Бирор объектни белига портловчи – модда боғлаб бориб портлатиб юбориш алдов билан гўё “шаҳидлик” деб уқтирилмоқда. Интернетда тарқатилган “Кўк кит” ўйини ҳам инсонга руҳий босим ўтказиб, худкушликка мажбур этиш мақсадида ўйлаб топилган.

Йўқчилик оқибатида рўй берадиган муттасил жанжаллар ҳам имони заифларнинг фожиасига сабаб бўлади. Аммо тўқчилик ортидан ундан ҳам кўп худкушлик келиб чиқаётганига гувоҳ бўляпмиз. Негаки, йўқсиллар сабр қила олмаётгани каби давлатманд инсонлар бир-бирларига тоқат қила олмаяптилар, имон-эътиқоддан узоқлашиб бормоқдалар. Камбағаллар моддий неъматларга қанчалик ташна бўлсалар, бойлар руҳий-маънавий неъматларга шунчалик ташнадирлар. Демак, ўз жонига қасд этиш нақадар аянчли оқибат, оғир гуноҳ эканини халқ орасида кенг тушунтириш зарур.

Дамин Жумақул

Read 2594 times

Мақолалар

Top