Мақолалар

ҚУРБОНЛИК – АЛЛОҲГА ЯҚИНЛИК

Қурбонлик худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йилида Мадинада шариат бўйича ҳақ ва тўғри ибодат сифатида қабул қилинган. Бу ибодат Китоб, суннат ва ижмо билан собитдир. Қуръони каримда марҳамат қилинадики:
إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ * فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ * إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ
“Биз сенга кавсарни бердик. Бас Роббингга холис намоз ўқи ва жонлиқ сўй. Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг орқаси кесик”. (Маъно таржимаси “Тафсири ҳилол”дан олинди)
«Кавсар»ни тафсирчиларимиз «кўп яхшилик» деб айтганлар. Пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлар ҳам шулар жумласидан.
«Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй».

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
мазҳабимиз уламолари ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир, деганлар.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учунгина қилинади. Аллоҳ таоло банданинг қурбонлигига муҳтож эмас, балки банданинг ўзи қурбонлик сабабидан бериладиган ажрга муҳтож.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». (Термизий ривояти)
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўйиш куни иккита шохли, ола, бичма қўйни сўйдилар. Иккисини юзлантирганларидан сўнг:
«Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, Иброҳимнинг миллатида бўлган, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонларданман. Эй, бор Худоё, бу Сендан ва Сенга Муҳаммаддан ва унинг умматидан. Бисмиллаҳи ва Алоҳу Акбар», дедилар сўнгра сўйдилар». (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган)
Қурбонликнинг кўплаб фазилатлари бор. Инсонлар ўртасида меҳр ва муҳаббатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.
Қурбонлик қилиш бойларгагина вожиб бўлганлиги камбағалларга енгилликдур. Шу билан бирга муқаддас динимизда қурбонликка қодир бўла олмаган камбағаллар ҳам ўкситилмайди.
Қурбонликнинг фазилатларини эшитиб саҳобалардан бирларининг рағбати қўзиб кетиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берди:
«Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди».
(«Манийҳа» биров томонидан соғиб ичиб туриш учун берилган соғин ҳайвон).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга:
«Йўқ!» деб жавоб бердилар ва :
«Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».
Илоҳо, халқимизнинг турмушлари янада фаровон бўлиб, қурбонлик қилишга қодир бўлгувчиларнинг сони кўпайишини Аллоҳ насиб айласин.

Шаҳобиддин Парпиев – Асака тумани бош имом-хатиби

Read 3119 times
Tagged under

Мақолалар

Top