Мақолалар

Илк мусулмон элчиларининг юборилиши

       Ислом динини халқаро миқёсда танилиши 628 йил  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Макка мушриклари билан олиб борган, тарихда “Ҳудайбия” сулҳи номи  билан машҳур бўлган  шартномадан сўнг амалга оширилди. Исломни етказиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турли атрофдаги давлат ва қабилаларга элчилар юборишни бошладилар. Подшолар муҳрсиз мактубларни қабул қилмаслиги маълум бўлгач, кумушдан узук ясатилиб, унга уч қатор қилиб Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб нақш қилдириб ёздирилди ва шу узук билан мактубларга муҳр босилди. 7 ҳижрий йил Муҳаррам ойида олти нафар элчини атрофдаги катта давлатларга бир кунда юбордилар. Ушбу элчиларнинг барчаси ўзлари юборилган ўлкани тилини билишар эди. Биринчи элчи Амр ибн Умайя аз Зомирий бўлган. У Ҳабашистон подшоси Нажошийга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан икки марта мактуб етказган. Мактубларнинг биринчисида  подшони исломга чақириб, Қуръон оятлари ёзилган. Маълумотларга кўра, мактуб Нажошийга етиб борганда, у мактубга ҳурмат бажо келтириб, исломни қабул қилган. Нажоший имкони бўлганда ўзи Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келишини айтган. Ҳақиқатдан ҳам Нажошийни ўша вақтда имкони бўлмаган. Чунки Ҳабашистонда (Эфиопия) ўша вақтда сиёсий беқарорлик мавжуд бўлиб, Нажошийга қарши бўлган сиёсий кучлар унга қарши ҳарбий ҳаракатлар олиб боришаётган эди. Шундан сўнг у исломни қабул қилганлиги ҳақида мактуб ёзган.[1]    Иккинчи мактубда бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабибага уйланмоқчи эканликларини   билдириб, Нажошийдан ушбу  никоҳда совчи бўлишини илтимос қилиб  мактуб юборган эдилар. Шунингдек мактубда Умму Ҳабиба билан бирга баъзи саҳобаларни биргаликда Мадинага юборишини сўраган эдилар.[2]   Умму Ҳабиба эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан Ҳабашистонга ҳижрат қилишган эди. Убайдуллоҳ насронийликни қабул қилиб, исломдан воз кечган ва кўп ўтмай вафот этган эди.

       Нажоший Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номларидан Умму Ҳабибага тўрт юз динор миқдорида маҳр берган. Мусулмонларни Мадинага қайтиш харажатларини тўлиқ ўз зиммасига олган. Уларни ихтиёрига иккита кема топширган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайғи васалламнинг мактубларини махсус қутида сақлаган.[3]

  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қаерга юборсалар ана ўша ерга боришлари лозимлигини айтиб, Исо ибн Марям алайҳимассалом юборган элчилар яқинга бориб узоққа бормаганликларини айтганликлари ривоят қилинади.[4] Ибн Ҳишом ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан сўнг саҳобаларга: “Эй одамлар Аллоҳ таоло мени барчага раҳмат қилиб юборди. Ҳаворийлар Исо ибн Марямнинг буйруқларига хилоф иш тутганларидек  йўл тутманглар” дедилар. Саҳобалар ҳаворийлар нима қилишганини сўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исо алайҳиссалом уларни мен сизларни чақирган нарсага чақирган эди. Яқинга юборган кишилар рози бўлишди. Узоққа юборилганларга оғир келиб норози бўлишди. Шундан сўнг Исо алайҳиссалом Аллоҳга шикоят қилдилар. Дангасалик қилиб бош тортганларларнинг тили ўзгариб, юборилган миллатнинг тилига айланиб қолди”- дедилар. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаерга юборсангиз биз борамиз дейишди.[5] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Ҳузофани Эронни подшоси Кисрога, Сулайт ибн Амрни Ямоманинг подшоҳи Ҳавза ибн Алига, Ало ибн Ҳазрамийни Ҳижрнинг подшоҳи Мунзир ибн Совийга, Амр ибн Осни Уммонни подшолари Жуланданинг ўғиллари Жайфар ва Уббодга, Диҳя ал Калбий Византия империяси императори Ҳирақлга, Шужоъ ибн Ваҳб ал Асадийни   Ғассонийлар подшоси Мунзир ибн Ҳорис ва яна бир Ғассонийлар подшоси Жабала ибн Айҳамга, Амр ибн Умайя аз Зомирийни Ҳабашистон подшоси Нажошийга, Ҳотаб ибн Абу Балтаъани Миср подшоси Муқовқисга юбордилар.[6] Барча элчилари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдин Мадинага қайтишган. Фақат  Ало ибн Ҳазрамийгина кейин қайтган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Баҳрайнда эди.[7]  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳолисига йўллаган мактубларида яҳудий ва христианлардан исломни қабул қилганлар мусулмон ҳисобланиши, уларга мусулмонларга хос ҳуқуқ ва мажбуриятлар жорий этилиши, аксинча ўз дини яҳудийлик ёки насронийликда қоладиган бўлса, мусулмон бўлишга мажбур этилмай, жизя солиғи олиниши  айтилган эди.[8] Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Византия Эрон давлати императорларига мактуб юборган эдилар. Эрон подшоҳи мактубни ўқиб, йиртиб ташлагани ҳақида маълумотлар мавжуд. Византия императори бўлса, исломни қабул қилмаган бўлсада, элчига илиқ муносабатда бўлиб, мактубга ҳурмат кўрсатгани айтилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу хабар етиб борганда, Форслар мактубни парчалагандек парчаланишини, Византия бўлса маълум муддат сақланиб қолинишини башорат қилганлар.[9]  Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадисда ҳам юқоридаги мазмундаги маълумотлар мавжуд. Шунингдек ушбу ривоятда  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлмаган Ҳабашистоннинг подшосига мактуб ёзганликлари ҳақида ҳам маълумот келтирилган.[10] Бир ривоятда Византия императори Сулаймондан кейин басмала билан бошланган мактубни биламайман деб, Макканинг ўша пайтда Византияда тижорат ишлари билан юрган, Қурайш раҳбарлари Абу Суфён ва Муғира ибн Шуъбани чақиртиради. Улардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида сўраган. Савол-жавобдан сўнг у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатдан ҳам пайғамбар эканлигини эътироф этиб, бир муддатдан сўнг қўл остидаги ерлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  измига ўтишини башорат берганлиги ривоят қилинади. Бироқ у мулки қўлидан кетиб, амалдорлар унга қарши чиқишларидан қўрқиб исломни очиқ қабул қилмаганлиги айтилади. Машҳур Ҳабашистон подшоҳи Нажоший исломни қабул қилиб, саҳобаларни иззат икром билан меҳмон қилган, хавфсизликларини таъминлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга совға саломлар, кийимлар юборган. Унинг исми Асҳима бўлган. Ҳабашистон подшолари нажоший деб аталган. [11] 

     Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  Миср билан илк дипломатик алоқоларни еттинчи ҳижрий йилда Ҳотаб ибн Абу Балтаъани Мисрга элчи қилиб юбориш билан амалга оширганлар. Миср подшоларини араблар муқовқис деб аташган. Ўша пайтдаги подшонинг исми Журайж ибн Мино бўлган.

    Хулоса қилиб айтганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина давлат ва қабила раҳбарларига мактублар юборганлар. Улардан олтитасини бир кунда юборилгани саҳиҳ ривоятларда келтирилган. Ушбу мактубларни аксари Ҳудайбия сулҳидан сўнг еттинчи ҳижрий йилнинг бошида юборилган.

   Шубҳасиз ўша пайтда янги ислом давлатини қўшнилари катта давлатлардан Византия, Эрон, Ҳабашистон, Миср бўлган. Шунингдек, Арабистон ярим оролини турли томонларида амирлик ва подшоликлар бўлиб, улар катта давлатларга қарам бўлишган. Ушбу катта давлатлардан учтасининг аҳолиси насронийлик динига эътиқод қилган.  Шунингдек ушбу давлатларга қарам бўлган майда амирлик ва қабилаларнинг аксар аҳолиси  насроний динида бўлишган. Еттинчи ҳижрий йил мусулмонлар атрофдаги катта давлатлар тугул, кичик амирликларга ҳам таҳдид қилишга ҳарбий салоҳиятлари ожизлик қилиши ойдек равшан эди. Чунки улар бу пайтда ҳатто Маккага ҳам киришга қурбилари етмай сулҳ тузиб орқага қайтишга мажбур бўлишган эди. Шунга қарамай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аниқ ишонч билан бирваракайига ушбу давлатларнинг барчасини исломга чақирдилар. Ҳақиқатдан тарих давомида,  ушбу давлатларнинг барчаси мусулмонлар қўлига ўтди.

Фойдаланилган адабиётлар

[1] Ал Музий Абул Ҳажжож Юсуф. Таҳзиб ал камол фи асмаи ар рижал. –Байрут: Муассасату ар рисала, 3 т. -106 б.

[2] Ибн Ҳажар Аҳмад ибн Али ал Аъсқалоний. Таҳзиб ат таҳзиб. –Байрут: Дор ал фикр, — 27 б.

[3] Ибн Саъд Муҳаммад. Ат Табақот ал кубро. –Байрут: Дор Содир, 1 т. 1983.-258 б..

[4]Ўша асар. -264 б.

[5] Ибн Ҳишом Абдулмалик. Сийрат ан набий (с.а.в.), мухтасар сийрат ибн Исҳоқ. –Байрут:  Дор ал фикр, 3 т. -183 б. ,  Ат Табароний ал Ҳофиз Абул Қосим Сулаймон ибн Аҳмад. Ал Муъжам ал Кабир. –Байрут: Дор ал фикр, 8 т. -20 б.

[6] Ас Солиҳий Муҳаммад ибн Юсуф аш Шомий. Субул ал ҳуда вар рошад фи сийрати хойрил ибад. –Байрут: Дор ал кутуб ал илмийя, 11 т. -345 б.

[7] Ибн Ҳажар Аҳмад ибн Али ал Аъсқалоний. Фатҳул борий. –Байрут: Дор ал фикр, 8 т. — 128 б.

[8] Абу Убайд ал Қосим ибн Салом. Ал амвол. –Байрут: Дор ал фикр, -29 б.

[9] Ўша асар. -31 б.

[10] Муслим ибн Ҳажжож ан Найсобурий. Ас Саҳиҳ. –Байрут: Дор аш Шомия: 3 т. -297 б. 

[11] Абу Убайд ал Қосим ибн Салом. Ал амвол. –Байрут: Дор ал фикр, -32 б.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ахмедов Жалолиддин

 

Read 4338 times
Tagged under

Мақолалар

Top