Мақолалар

Зийраклик ва фаросат мўминнинг сифатидир

Мусулмон киши маҳкам ушлаши  лозим бўлган гўзал ҳислатлардан бири зийраклик ва ҳушёрлик бўлиб, бу инсон учун берилган улкан  неъматлардан биридир. Чунки инсон ҳаётида турли хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келади. Агар мўмин киши керакли жойда хушёр ва закий бўлмас экан, бошига турли хил фитналар, кўнгилсизликлар келиши мумкин.   

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда мўминларни хушёрликка ва зийракликка чақирган. Хусусан, Хужурот сурасининг 6-оятида: “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ одам хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло очиқ ойдин эшитган гапига амал қилишдан олдин уни текширишга ва хабарнинг хақиқатини аниқлашга буюрмоқда. Демак, эшитган ёки ўқиган хабарни текшириш инсон ихтиёридаги нарса эмас, балки, Аллоҳ таолонинг қатъий буйруғидир.

Бугун биз яшаб турган жамиятда инсонлар, хусусан мусулмонлар ҳар қайси даврдан кўра кўпроқ ҳушёр, зукко ва огоҳ бўлишга мажбур. Чунки, ахборот алмашуви шу қадар тезлашиб кетдики, бир дегунча дунёнинг у четидаги хабар, бошқа четидаги инсонларга етиб бормоқда. Улар ичида жудаям кўп хабарлар асоссиз ва уйдирмалар маҳсули эканлиги фош бўлган пайтда хабар тарқалган, у сабаб қанчадан-қанча кишилар мусибатга ва таъналарга учраган, мўминлар орасига ишончсизлик, ҳурматсизлик ва адоват тушган бўлмоқда. Демак,ушбу ҳодисалардан билинадики, Роббимизнинг ушбу буйруғига амал қилишга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ муҳтожмиз. Чунки, ахборот алмашинувининг тезлашиб кетиши, глобаллашув даврининг ибз санаб саноғига етолмаган кашфиётлари бизни Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунишдан озод қилолмайди.

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Фалончи беайб жазоланибди”, “Фалончини билмасдан дўстлар сафига қўшган экан, боши балога қолибди”, “Фалончининг касрига бегуноҳ одам қолибди”, каби хабарларни кўп кўриб, ўқиб қоляпмиз. Бу воқеалар эса айнан мўмин кишини ҳушёр бўлишга, закий бўлишга чақиради.  Чунки, одатда мунофиқлар, дин душманлари ва ғаламис кишилар мўминларнинг соддалигидан унумли фойдаланадилар. Фитна ва адоватга, ўзаро низога сабаб бўладиган бир гапни бошлаб қўядилар-у, ўзлари бир чеккада жим кузатиб турадилар. Устамонлиги ва маккорлиги сабаб, улар бошлаб берган гап-сўзлар учун кўпинча айнан ўзлари эмас, балки, ушбу гапни урчитиб,эҳтиросларга берилганча хабарга изоҳ ёзаётган содда мусулмонлар айбдор бўлиб қолмоқдалар. Ушбу воқеалар бизга беихтиёр тарихни эслатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳога қилинган бўҳтон воқеасида жазоланганлар ҳам айнан муминлар, саҳобалар эди. Сабаби, карвондан орқада қолиб кетган Оиша онамиз розияллоҳу анҳони олиб келган Сафвон розияллоҳу анҳуни кўрган мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул энг ката фитнага ва бўҳтонга сабаб бўладиган хунук бир сўзни ниҳоятда эҳтиёткорлик ва устамонлик билан айтдики, унинг ушбу: “Соҳибингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаси Сафвон билан биргамиди? Аллоҳга қасамки, улар бир-биридан омонда қолмаган”, деган сўзи мусулмонлар ичида айланиб, “Сафвон ва Оиша розияллоҳу анҳо зино қилди”, деган гапга айланиб кетди. Вақтики, Аллоҳ таоло Оиша онамизнинг покдомон эканликларини билдириб, оятлар нозил қилган пайтда эса ушбу туҳмат учун жазоланганлар мунофиқлар эмас, балки, айнан мусулмонлардан бир нечтаси бўлди. Чунки Убай ибн Салулнинг устамонлиги сабаб айтган қочирим гапи жазога тортиш учун асос бўлмади.

Бугун ҳам худди шу воқеага ўхшаш ҳодисалар тўхтамай такрорланиб турибди. Айниқса, ижтимоий тармоқларга ўрнашиб олган мунофиқлар ва ғаламис кимсалар айнан Убай ибн Салулнинг йўналишидан бориб, ўта эҳтиёткорлик билан сўз ўйини қилмоқдалар. Мусулмонларни фитналанишига ва тафриқасига сабаб бўладиган айрим постлар ва изоҳларни ёзиб қолдириш билан, кишилар оғзидан чиқиб кетадиган қўпол сўзларни, жазога сабаб бўладиган муомала ва изоҳларни пойлаб ўтирибдилар. Вақти келиб, узун ташланган арқонлар тортилганда, ғалвирлар сувдан кўтарилганда эса, жазога тортилганлар айнан содда,  мусулмонлар бўлиб қолиши мумкин.

Тарих бизга ўрнак, бизга сабоқ бўлиши керак. Бир гапни эшитганимизда ёки ҳодисага гувоҳ бўлганимизда, бирор маълумот ўқиганимизда тафсилот ва воқеъликни аниқ билмагунимизча хулоса қилишга ва муносабат билдиришга шошилмаслик керак. Чунки Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни зийраклик ва мўминларга хос фаросат билан сийласин!

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Read 3884 times

Мақолалар

Top