Мақолалар

ЮРТ УЛАМОЛАРИГА ЭРГАШИШНИНГ ФАЗЛИ
Уламолар маънавият осмонида зиё таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар.

Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг халқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм эгаларини дунё ва охиратда баланд даражаларга кўтаришини айтади:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

( سورة المجادلة/11)

“…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам олимларнинг фазли тўғрисида шундай дейдилар:

اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ

(رَوَاهُ الْإِمَامُ اَبُو دَاوُدَ وَالْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”

 (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар”.

Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.

Олимларга бўладиган эҳтиромни кўринг. Нафақат инсонлар, балки, тилсиз жонзотлар ҳам уларни ҳурмат қилар экан. Олимларнинг даражаси қанчалик баландлигига шу ҳадиснинг ўзи кифоя қилади!

Ўтган боболаримиз, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган.

Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади:

“Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила.

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди.

Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, уламоларни, устозларни ҳурмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Афсуски, ҳозирги пайтда масжидларда, ижтимоий тармоқларда аҳли илмлар, юртимиз уламоларни ғийбат қилиш, очиқчасига ҳақорат қилиш, камситиш, менсимаслик каби ишлар авж олмоқда. Уламоларни сўкиш, ҳақорат қилиш у ёқда турсин, уларга нисбатан қалбда адоват, нафрат бўлишининг ўзиёқ кишининг мунофиқлигига далил экан.

Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг Расули улуғлаб турсаю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳурматсизлик қилишдир.

Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Мўмин банда учун қалбининг ўлишидан ҳам каттароқ мусибат борми?!

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.

Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап.

Уламолар – дин хизматчилари, илм хазинаси, ҳаққа чақирувчилардир. Олимларини ҳурматламаган жамият душманлар нишонига айланиши тайин. Ҳозирги таҳликали замонда бу жуда муҳим муаммо. Эътибор қилсак, “Араб баҳори”, Сурия ва Ироқдаги вазиятга ҳам жамиятдаги шахсларнинг ўз олимларига муносабати сабаб бўлди. Ғаразли кучларнинг бирламчи мақсади маҳаллий имомларни обрўсизлантириш, аҳолини улардан чалғитиб, ташқаридаги “чин олимликни” даъво қилаётганларга эргаштиришдир. Телевидение ва интернет орқали “сўз эркинлиги” ўйинини ўйнаб, юртимиз уламолари ва имом-хатибларга танқидий муносабат билдириш билан бу ишни бузғунчилар учун ўзимиз қилиб бермоқдамиз.

Юрт уламоларига эргашмоқлик фазилатдир. Уларга эргашмаслик оқибати хатарлидир. Бунга ёрқин мисол бутун Ислом оламига машҳур уламо Саъийд Рамазон Бутийнинг ҳаётларидир. Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари Суриядаги ИШИД жангариларини ҳаракатлари бошланишида халқни уларга эргашмасликка чақирдилар ва мусулмонларни огоҳлантирдилар.

Шу ўринда, Рамазон Бутийнинг Суриядаги тартибсизликлар ҳақидаги маърузасида айтиб ўтган қуйидаги фикрларини келтириб ўтсак: “Эй инсонлар, эй ёшлар! Ҳозир Сурияда бўлаётган ҳодисалар ташқарида тузилган режа асосида амалга оширилмоқда. Биз бу режа тузаётганларнинг кимлигини ҳам, улар бу режалари билан қандай мақсадларни кўзлаганликларини ҳам билмаймиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса бас у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканлигини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.

Рамазон Бутий ҳазратлари 2013 йил 21 март пайшанба куни кечки пайт Дамашқдаги “Иймон” масжидида дарс айтаётган пайтида содир этилган портлаш натижасида шаҳид бўлдилар. Ҳазратнинг муборак жасади “Ал-жомеъул умавий” масжди яқинидаги машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий қабри ёнига қўйилди.

Сурия халқининг боши тушган воқиалардан ҳаммамизни хабаримиз бор. Бутун мамлакат вайрон бўлди. Минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг қони тукилди.

 Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти)

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон инсон ўз юрти уламоларини ҳурмат қилиши ва ҳар бир чиқарган фатво ва кўрсатмаларига итоат қилиши вожибдир.

Аллоҳ таоло барчамизни олимлар, аҳли илмлар, имом-хатибларга нисбатан ҳурматли ва меҳрли бўлишимизни насиб этсин.

Сергели тумани “Қуддус-Шариф”  жоме масжиди имом- хатиби   Н.Муминов               

 

Read 2893 times

Мақолалар

Top