Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларини берган. Улар ичида инсон вужудининг соғ-саломат бўлиши энг улуғ неъматларидан биридир. Бу вужуд инсонларга берилган омонат
ҳисобланиб, уни ҳайрли ишларда ишлашига ва ёмон ишлардан сақлашга шариатимиз амр қилади.
Тил – инсонларнинг жисман кичик, аммо масьулият ва вазифа жихатидан эьтиборга молик аьзосидир. Шунинг учун хам Қурьони каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб:
“ Ахир Биз унга кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми? ”-дейди. (Балад 8-9)
Бошка оятда эса нутқ инсонга берилган фазл ва мархаматнинг энг сараси эканлиги баён қилинади:
“ Мехрибон (Аллох Мухаммад ва унинг умматларига) Курьонни таьлим берди. У зот инсонни яратиб, унга (дилидаги максадини аён эта олиши) баённи (нутқни) таьлим берди”. (Рохман 1-4)
Шундоқ экан тилни фақат хайрли сўзларда ишлатиш ва ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.
Имом Молик (р.а.) Яхё ибн Саьиддан ривоят қилишича, бир куни Исо (а.с.) йўлда кетаётиб бир тўнғизнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда тўнғизга қараб: “ Манзилинга саломат етиб ол” – дедилар. Буни кўрган хамрохлари: “ Шу гапни тўнғизга айтяпсизми?” – деб сўрашди. Исо (а.с.): “Ха, мен тилимни ёмон сўзларни сўзлашга одатланиб қолишидан қўрқаман” – деб жавоб берган эканлар.
Дарҳақиқат, Расулуллох (с.а.в.) ҳам биз умматларини тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи боўлмаганда сукут сақлашга буюрганлар.
“Ким Аллох таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, факат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”. (Муттафақун алайх)
Ислом дини тилга эьтибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гунох бўладиган сўзларга ишлатишдан қайтаришининг боиси шундаки, тил қалбга яқин ерда жойлашган, шунингдек , тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Қалб эса имон масканидир. Демак, инсоннинг имони қай даражада бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, ширин гаплар чикади. Ўз навбатида тил қанчалик ёмон гапларни кўп гапирса инсоннинг қалби қораяди, натижада имони сусаяди. Бу ҳакида Пайгамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар:
“Банданинг имони тўғри бўлмайди токи қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди токи тили тўғри бўлмагунча”.
Тил (сўз) офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бошқалар тил офатидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир.
Динимизда кўп сўзлашдан қайтарилган, чунки сўз кўпайганда мақсад унитилади.
Ёмон, фахшни билдирувчи сўзларни айтиш эса қаттиқ қораланган. Пайғамбар алайҳиссолом фақат рост сўзни айтардилар ва умматни шунга чақирганлар “Ростгўйликнинг энг паст даражаси зохир билан ботиннинг баробар бўлишдир”, деган Абулқосим Кушайрий.
Тил офатларнинг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувохликка ўтишдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху: “Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган” дедилар ва кейин ”Ёлғон сўз гувохликдан узоқ бўлинглар” оятини тиловат қилдилар (Табароний ривояти) Ёлғондан гувохлик бериш жамиятидаги тинчликни бузишга,одамларга зулм,жафо етгазишга, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таолони яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги хақида шундай мархамат қилади: “Улар (Рахмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган холда) ўтарлар” (Фурқон сураси 72 оят)
Ёлғон барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шу сабабдан динимиз ёлғон гапиришдан қайтаради.
Аллоҳ таоло бундай таълим беради:
“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончидир”(Нахл сураси 105 оят)
Тил офатларидан яна бири сўкиш ва аччиқ-тизиқ гапиришдир. Рост бўлса ҳам аччиқ-тизиқ ва уят сўз гапларни гапириш, сўкиниш ҳам шариатимизда қаттиқ қораланган. Сўкиш қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир. Аччиқ-тизиқ ва кесатиш сўзлари рост бўлса ҳам нуқтдаги фаҳш ва қабиҳликдан бошқа нарса эмас.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоху анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир” деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Улуғ муаллим Абдулла Авлонийнг бундай сўзлари бор: “Иғво ва чақимчилик энг ярамас сифат бўлгани учун бу ёмон сифатни ўзларига маслак қилиб олган кишилар ҳалқ назарида мунофиқ саналади. Икки киши орасида сўз юритиб, бирини иккинчисига душман қилган, икки томонга адоват оловини ёқиб, уларни бир-биридан жудо этган кимсаларнинг дилларида заррача инсонийлик туйғуси бўлмайди, булар виждонсиз, номуссиз кишилардир. Шунинг учун улардан ҳазар қилинг” деганлар.
Хозирги давримиз ахборатлашув ва техналогия давридир. Айниқса ижтимоий тармоқлар кўлами кенгайиб бормоқда. Минг афсуски яхшилик билан бирга ёмонлик фитна-фасод тарғиботлари ҳам кучайиб бормоқда. Ижтимоий тармоқларда бир кишининг жасади, нафси, аҳлоқи, қилган ишлари айтган сўзлари, уйи, оиласи болалари, ота-онаси, насил насаби,обрўси-шаъни ва шу каби унга тегишли бўлган барча нарсаларига айиблаш авж олмоқда. Бу албатта ғийбатга киради. Бир кимса хақида ёлғон тўқиб гапиришига эса бўҳтон дейилади. Ғийбат гуноҳи кабира хисобланади. Имом Қуртубий раҳматуллохи алайҳ: “Ғийбатнинг гуноҳи кабира эканига ихтилоф йўқдир, шунинг учун ғийбат қилган киши Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиш лозим”, деган.
Тилига эрк бериб, Аллоҳ таолонинг дўстлари бўлган уламоларни ғийбат қилишнинг гуноҳи жуда ҳам оғир бўлгани учун баъзи хакимлар: “уламоларнининг гўшти захарлидир”, дейишган. Ғийбат қилиш ўлган биродарининг гўштини ейиш билан баробар бўлгани сабабли шундай дейилган. Инсон заҳарланган гўштни еб ўлгани каби, уламоларни ғийбат қилган киши ҳам дунё ва охиратини барбод қилади. Шундай экан, уламоларга бўҳтон қилаётганлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Инсонларнинг обрўсига тегишнинг гуноҳи ҳақида хадиси шарифда шундай дейилган:
Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллолоҳу алайҳи васаллам: “Энг кўп (зарарли) бўлган судхўрликдан бири мусулмоннинг обрўсига ноҳақдан тил теккизишдир”, дедилар.
Демак “Тил фақат тўғри сўзни айтиш ва Аллоҳни зикр қилиш учун” бўлиши лозимдир
Аллоҳ таоло тилимизга эътибор берадиган, уни беҳуда сўзларни сўзлашдан эҳтиёт қиладиган ва доимо чиройли ва маъноли сўзлайдиган, тил ва сўз қоидаларига риоя қиладиган ўзига маҳбуб бандаларидан қилсин.Омин!
Миробод тумани бош имоми : Одил Холмуродов