Мақолалар

Сохта салафийлик халқимизга ёт оқим
“Инсонларнинг хайрлиси менинг даврим аҳли, кейин уларга яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқин бўлганлар. Сўнгра шундай қавмлар келадики, уларнинг гувоҳликлари қасамларидан, қасамлари эса гувоҳликларидан ўзиб кетади », деб  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтадилар.
 Демак, ушбу уч асрдан кейинги авлод вакиллари яшаган ҳар бир даврда, турли фитналар пайдо бўлишига ва шариат аҳкомларга юзаки қараш ҳолатлари ва ўз манфаати йўлида ундан фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб боришига далолат қилади. 
Бугунги кунда Салаф ва салафийлик каби ибораларини кўп  ишлатилиши, унинг асл негизи қаерга бориб тақалишини кўплаб кишилар том маънода билмаслиги сир эмас. 
 Мазкур истилоҳий маънонинг қўлланишинг (асосий) масдари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу орқали икки шайх ривоят қилган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида айтилган сўзларидир. 
“Салаф” луғатда  “илгари яшаган одамлар”, “аждодлар” каби маъноларни ифодалайди. Истилоҳда исломий асрларнинг энг афзали, иқтидо ва эргашишга энг лойиқроқ бўлган (даврга) яшаб ўтганларга нисбатан қўлланилади.
Ислом уламолари юқоридаги ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, ана шу илк ҳижрий уч асрда яшаб ўтган саҳобалар, тобеъинлар ва табаъа тобеъинлардан иборат олиму фозиллар ҳамда мужтаҳидлар “салафлар” деб аталишини таъкидлайдилар. 
Ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб то ҳозирги кунимизга қадар яшаб ўтган бирорта олим, фозил ёки авлиёга нисбатан “салафи солиҳ” деган атамани ишлатиш мумкин эмас. Ҳатто дастлабки уч асрда яшаб ўтган бўлсалар-да, хорижийлар, муътазилалар, қадарийлар, жаҳмиялар ва бошқа фирқалар вакиллари ҳам “салафи солиҳлар”га кирмайдилар. 
Кейинчалик Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳижрий ўн иккинчи асрда ана шу атамани Нажд минтақасида янгидан жонлантирди. Ушбу оқимнинг ҳозирги замондаги энг кўзга кўринган вакиллари Абдулазиз ибн Боз, Муҳаммад Носируддин Албоний, Муҳаммад ибн Солиҳ ибн Усаймин, Яъқуб ал- Боҳисийн ва ҳоказолардир. 
Ҳуқуқий соҳада эса уларнинг энг асосий кўзга ташланадиган жиҳати мазҳабаларни тан олмаслиги. Улар ҳеч бир мужтаҳид ўзларига тақлид қилишларини истамаган деб таъкидалашади. Улар муайян бир кишига эмас, балки умумий ҳолда салафга эргашиш лозим дейишади.
Салафийликнинг ривожланишини Аҳмад ибн Ҳанбалга боғлашади. Умуман олиб қараганда ҳанбалий мазҳабининг фақат насс билан чекланишга урунишига ва ушбу мазҳабга мансуб Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоблар шундай хулосага келган бўлсалар ҳам бу унчалик тўғри эмас. Ҳанбалий мазҳабида араблар менталитетига хос бўлган хусусият акс этганлигидан, унда қаттиқўллик бор. Фақат кейинги даврларда унинг тарафдорлари бу жиҳатга кўп урғу бериб юборишган. Шу билан бирга тасаввуфга мансуб, барча томонидан эътироф этиладиган Абдулқодир Жийлоний каби кишилар ҳам ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлган.
   Ўзбекистон ҳудудида ҳам салафийлик қарашига эга кишилар олдиндан мавжуд бўлган. Уларнинг баъзилари барча замонавий техникаларни рад қилиш ва ҳатто телевизор кўришни ҳаром дейишгача етган ҳаддан ошганлари бўлган бўлсалар ҳам, уларнинг бу камчиликларини қабул қилмаган ҳолда шариат ҳукмларига урғу берувчи кишилар мавжуд.
Бугунги кунда ақида йўналишида; ашъарийя, мотуридийя ва аҳли суннат мазҳаблари мавжуд, деган эътиқоддаги салафийлар ҳам бор, ваҳоланки, ашъарийя ва мотуридийянинг ўзи аҳли суннат эканлигига жумҳур уламолар ижмоъ қилишган.
 Минг йиллар давомида Ислом оламига устозлик қилган уламоларни етиштириб берган ватанимизда албатта уламоларимиз йўли сақланиб қолиши шарт. Ҳар бирларини номларини эшитганда бутун дунё сесканиб тушадиган уламоларимиз оғишмай амал қилиб келган мазҳаб бугунги кунга келиб нима учун тан олинмаслиги керак? Шубҳасиз, мазҳабсизликни даъво килаётганлар мазҳабда амал билан ўтган уламоларимиз ёзган китобларни ўқиб тушуна олмайдилар. Тўрт мазҳаб шаклланганидан кейин кўп асрлар ўтди, лекин дунё ва дин илмларига катта хизматлар қилиб ўтган уламолар, гарчи уларни дунё тан олсада, мазҳаб тузишга журъат қилмадилар. Бу қандай журъатки, ҳозирги вақтда диний илмни тўлиқ эгаллламасдан туриб мужтаҳидлик даъвосини қилмоқдалар. Бундай жоҳилларга гапимиз – илм олинг! Олимларимиз китобларини ўрганиб чиқинг, шунда Китоб ва Суннатга қанчалик амал қилишганини билиб оласиз. Ишончли мазҳаби бўлган халқни чалғитманг!- деймиз.
Хулоса қилиб айтамизки, салафийлик ва бошқа оқимлар халқимизга ёт ва бегонадир. Биз илмий-диний меросимиз бўлган китобларни ўқиб-ўрганиб халқимизга етказиб беришимиз кифоядир.
 
Бухоро шаҳар “Абу Хавси Кабир”
жомеъ масжиди имом хатиби А Абдуллаев.
Read 2537 times

Мақолалар

Top