Мана, қишнинг совуқ ва аёзли ҳавоси ўзига хос таровати ила кириб келди. Яратганнинг бирлиги ва борлигига далолат қилувчи фаслларнинг алмашинувида қанчадан-қанча сир-синоатлар мужассам. Баҳор, ёз, куз ва қиш булар бир йилни ташкил этувчи фасл номларидир. Бу фаслларнинг бири ўрнига иккинчиси тартибли ўрин олиши ва ундаги ўзига хос фароғати бизга Аллоҳга бўлган ишонч арқонини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Зеро, борлиқдаги бу ўзгаришлар қишни ёзга, кечани кундузга, сукунатни шамол ва бўронлар шовқун-суронига ҳамда қуруқликни ёмғир ва қорга ўзгаришида борлиқни Яратган Буюк Аллоҳнинг санъати ва мукаммал бошқариб турганини яна бир бор ёдимизга солади.
Қуръни каримда:
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآَيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ * الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! (Оли Имрон сураси, 190-192 оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу ва бошқа бир неча оятларда ўзининг борлиги ва бирлигини фақат нақлий далиллар билан эмас, балки ақлий далиллар билан ҳам исботлашга даъват этади. Исломий фанлар орасидан калом илмининг ўрин олишига сабаб бўлган омиллардан бири ҳам шу илоҳий кўрсатмалардир.
Имом Насафий тафсирида куйидаги ҳадиси шарифни келтиради: “Аллоҳнинг яратган махлуқот ва мавжудотлари тўғрисида тафаккур қилишга тенг келадиган бирор ибодат йўқдир”.
Қиш мўмин кишининг баҳоридир. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш фасли мўминнинг баҳоридир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Байҳақий ва бошқа муҳаддислар:“Кечалари узун қоим бўлади, кундузлари қисқа соим бўлади”, лафзини зиёда қилишган.
Дарвоқеъ, ҳар бир киши учун йилнинг ҳар фаслида ўзига хос мавсумий вазифалари бўлганидек, қиш фасли мўмин кишининг баҳоридир. Зеро, унда тоатлар бўстонига сайр қилмоқ, ибодатлар майдонида жавлон урмоқ имкониятлари қулай фурсатлар ила пайдо бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Сизларга жуда ажоиб фурсат ҳақида хабар берайми?”-деганларида, атрофларида жамланган кишилар: “Эй, Расулуллоҳнинг саҳобаси айтинг”, дейишди. Шунда Абу Ҳурайра :”Қиш ойида Рўза тутмоқ”, дедилар. Яъни, бу ҳақиқий маънода ғанимат билинадиган улуғ фурсатдир. Чунки, ҳеч қандай қийинчиликсиз, машаққатсиз бунга эга бўлинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Қиш кунларидаги рўза ажоиб ғаниматдир”, деган эдилар (Термизий ривояти).
Дарҳақиқат, унда фурсатни ғанимат билиб Аллоҳга яқинлашиш имкони кўпроқ топилганидадир. Зотан, тоат-ибодат қилиш учун қулай фурсат бўлиш билан биргаликда, амалларни енгил адо этиб қалблар покланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг суннат бўлган дуо ва зикрларига қиш фаслида кўпроқ эхтиёжлар тушишлигини кўрамиз. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли шамол эсган пайтда:”Шамол Аллоҳнинг меҳрибончилигидандир. У раҳмат ёки азоб бўлиб келади. Агар сизлар уни кўрсанглар харгиз сукманглар! Балки Аллоҳдан уни яхшилигини сўраб, ёмонлигидан паноҳ тиланглар!”дейилган (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Ёки бўлмаса, момақалдироқни эшитган пайт: ”Аллоҳ барча нуқсондан покдир. Момақалдироқ Унга ҳамд билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (тасбеҳ айтурлар)” , деб дуо қилиш суннатдир.
Ёки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон чақмоқ ва момақалдироқ овозини эшитсалар: ”Аллоҳим! Бизни ғазабинг ила ўлдирмагин ва азобинг ила ҳалок қилмагин. Ундан олдин бизга офият бергин”, деб сўрар эдилар (Термизий ривояти).
Оиша онамиз айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғса куйдаги дуони ўқир эдилар: ”Аллоҳим! Уни фойдали ва нафли қилгин”
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки ўринда қилинган дуо рад этилмайди. Азондан кейинги ва ёмғир ёғаётган пайт”, деганлар (Байҳақий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Хуш келдинг эй, қиш фасли! Қоим бўлиш учун кечалари узун, соим бўлиш учун кундузлари қисқа, баракалар ёғилади”, дер эдилар.
Ҳасан ал-Басрий роҳматуллоҳи алайҳи: ”Қиш мўмин банда учун ажоиб замондир. Кечаларда узун қоим бўлади, кундузлари қисқа рўза тутади”, деган эди.
Убай ибн Умайр роҳматуллоҳи алайҳ қиш фасли кириб келса: ”Эй, Қуръон аҳллари! Кечаларингиз узоқдир-Қуръон ўқишларингиз учун, кундузлари қисқадир - рўзадор бўлишларингизга”, дер эканлар.
Яҳё ибн Маоз розияллоҳу анҳу насиҳат қилиб: ”Эй мусулмон! Кечалар узун уни уйқу билан қисқартирма! Ислом покдир. Уни гуноҳинг билан булғама!”
Умар розияллоҳу анҳу вафот этаётган пайтда ўғилларига васият қилдилар: ”Эй, ўғилчам! Ўзинга имон хислатларини лозим тут! Улар нима деб сўради ўғли. Умар: “Совуқ кунларда таҳоратни мукаммал қилмоқ, мусибатга сабрли бўлмоқ ва ёзнинг иссиқ кунларида рўза тутмоқ”, деган эканлар (Ибн Саъд ривояти).
Хулоса ўринида шуни айтиш лозимки, ҳар бир сония, дақиқа, соат, ой ва йиллар Аллоҳникидир. Яратганнинг ўзи уни ғанимат билиб, кўпроқ савобли ва эзгу амалларни бажариш ила дунё ва охиратимизни обод қилишга насиб этсин!
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири.